Миллий ҳунармандчилик маҳсулотларимизга хорижликлар нега катта қизиқиш билан қарашини биласизми? Биринчидан, ҳунармандларимиз яратган маҳсулотлар бежирим ва табиий бўлса, иккинчидан, тўлиқ қўл меҳнати бўлгани боис. Қолаверса, меҳр бериб ишланган буюмлар ҳар қандай кишини ўзига жалб этади.
Бугун хотин-қизлар ўртасида каштачилик, гилам тўқишга эътибор катта. Гилам тўқиш билан оилавий шуғулланиб, даромад олаётганлар ҳам юртимизда кўпчиликни ташкил этади.
Термиз туманида яшовчи Дилафруз Валлаева ҳам миллий ҳунармандчилик орқали элга танилган, рўзғорига кўмакдош бўлаётган тадбиркорлардан бири. Мана, бир неча йилдирки, «Остона гиламчи» оилавий корхонасига раҳбарлик қилиб, бир-биридан чиройли, нақшинкор гиламлар тўқиш билан шуғулланмоқда.
— Бу соҳага қадам қўйишимга 2007 йил Самарқандда ўтказилган «Шарқ тароналари» фестивали сабаб бўлган, — дейди ҳунарманд Дилафруз ВАЛЛАЕВА. — Ўшанда фестиваль баҳона Самарқандга бордим. Қўлимда гиламга ўхшаб тўқилган ҳамён. Сайёҳлардан бири ҳамёнимга қизиқиб қолди. Унинг ноодатий ва ўзига ҳос услубда тўқилганини айтиб мақтади. Бу мақтовлар мени гиламчилик сирларини ўрганишга ундади. Оиламиз гилам тўқиш билан узоқ йиллардан бери шуғулланиб келарди. Бизнинг авлодда оналар қизини шу ҳунарга албатта ўргатиши анъанага айланган. Хуллас, уч йил давомида гиламлар тарихи, ундаги нақш турлари, тўқиш усулларини қунт билан ўргандим. Янги-янги кўринишдаги гиламларни тўқий бошладим.
2010 йилда «Остона ҳунарманд» корхонасини очиб, хусусий тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтдик. Бир неча турдаги маҳсулотимизни сотувга чиқардик. Харидорларга манзур бўлди, талаб ортди. Орадан тўрт йил ўтгач, корхонамиз оилавий тадбиркор сифатида қайта рўйхатдан ўтказилди ва «Остона гиламчи» оилавий корхонасига айланди. Бизда ҳунармандлар уюшмасига аъзо бўлиш имконияти ҳам пайдо бўлди.
— Қандай турдаги гиламлар тайёрлайсиз?
— Гиламнинг турлари кўп. Улар ишлатилаётган ипига, тўқиш усулига қараб фарқланади. Ипак, пахта, қўй жуни, туя жуни ва бошқа хомашёлар қайта ишланади. Ип қилиб йигирилади ва махсус усулда ранг берилади. Кейин тўқилади. Корхонамизда «Пақир гилам», «Ойгилам», «Ғажари», «Чумчуқкўз», «Қолин» каби гилам турлари тўқилади.
— Касбингизнинг мураккаб ва машаққатли томонлари бор бўлса керак?
— Албатта, ҳар касбнинг ўзига хос машаққати бўлади. Аммо меҳр берсангиз, ҳузурини ҳам кўрасиз-да! Миллий ҳунармандчилик кишидан аввало, сабр ва меҳр талаб қилади. Гиламчиликда асосий қийинчилик вақт билан боғлиқ. Тўқиш жараёни узоқ вақтни олади, меҳнати оғир. Биргина 70х80 сантиметр ҳажмдаги «Ойгилам»ни тўқиш учун 4-5 килограмм ип ҳамда 15 кун вақт кетади. Тўғриси, бундай машаққатлар сезилмай кетган. Боз устига, гилам тайёр бўлганда уни кўриб кўзимиз қувнайди, чарчоғимиз бир зумда унут бўлади.
— Баҳоси ҳам шунга яраша бўлса керак?
— Қўл меҳнатининг баҳоси юқори туради. Бизнинг миллий маҳсулотимиз одатда хориж валютасида нархланади. Боиси, асосий харидорлар хорижлик сайёҳлар. Гиламнинг бир квадрат метри 500 дан 1000 АҚШ долларигача қийматда сотилади. Ички бозорни, асосан, портрет усулида тўқилган, ўзида турли манзараларни акс эттирган ҳунармандчилик буюмларимиз тўлдиради. Хуллас, даромад кўнгилдагидек.
— Шогирдларингиз борми?
— Ҳар йили ўнлаб шогирд етиштираман. Гиламчилик ва каштачилик сирларини ўргатаман. Ип йигириб, унга ранг бериш дейсизми, гилам тури-ю, тўқиш усуллари дейсизми, барисини ўргатишга ҳаракат қиламан.
— Келгусида қандай мақсадларни кўзлаяпсиз?
— Яқин келажакда қўй жунидан кигиз босиб, унга кашта гул уришни йўлга қўйиш ниятим бор. Бундай маҳсулотни хорижий мамлакатларга экспорт қилиш мумкин. Хорижда бунга талаб катта.
Иш кўламини анча кенгайтириб, тикувчиликдан ҳам даромад олишни бошлаб юбордик. Ҳозирда болалар боғчаларига буюртма асосида ёстиқ-кўрпа ҳамда юмшоқ ўйинчоқлар тикиб, топширмоқдамиз.
Ноилахон АҲАДОВА
ёзиб олди.
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔28
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔96
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔302
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил