Эндигина тўрт ёшни тўлдириб, бешга ўтаётган Аҳмад боғчадан келибоқ диванда телевизор кўраётган дадасининг ёнига шошилибгина келди-да, худди кўпкари ўйинида улоқни ҳеч кимга бермай ҳамма совринни ютиб олган чавандоздай оғзи қулоғида, хурсандчилигини яширолмади. Дадаси ҳам «Тинчликми?», деган савол назари билан ўғлига боқди.
— Дадажон, бугун боғча опам мени роса мақтади, — деди.
Дадаси қизиқиб сўради:
— Нима учун мақтади? Ўргатган шеърини ёдлаб, бехато айтиб берганинг учунми? — деди. Болакай бошини қимирлатиб «йўқ» ишорасини қилди. Дадасининг яна қизиқиши ортди. — Бўлмаса, айтган топишмоқларини тўғри топганинг учун мақтадими?
Ўғли яна тополмадингиз дегандай кулимсиради.
Дадаси ҳайрон бўлди. Ўрнига янада қулайроқ мослашиб олди-да, сўради:
— Унда сени менга ўхшаб кучли, ҳеч кимдан қўрқмаганинг учун мақтаган. Чунки мен ёшлигимда ҳар кун машқ қилаверганимдан мушакларим шишиб кетиб кийимим зўрға сиғарди. Ўртоқларимнинг бари менга ҳавас қиларди. Эллик килограммли тошни бир қўлимда бемалол кўтара олардим. Қишлоқдагилар Ҳамид полвон деб чақиришарди. Исмимни эшитган ҳар қандай боланинг дами ичига тушиб, тилдан қолган соқовдай гапиролмай қоларди, — дея мақтана кетди отаси.
Билагидаги кучини кўрсатмоқчи ҳам бўлди. Кетмоннинг дастасидек ингичка, фақат суяк ва озгина этдан иборат билагига бир боқди-да, индамай қўя қолди. Ота ўзини мақташдан тўхтамади ва охирида «Шундайми?», дея боласига қараганди, «Йўқ», деган жавоб олди.
— Ундай бўлса, нима учун мақтади сени?
Жавобни ҳам кутмади:
— Ҳа, топдим. Сен боғчангда энг аълочи ва одобли бола бўлганинг учун мақтаган. Чунки мен ҳам мактабда энг аълочи бўлганман. Кундалигимда бирортаям ёмон баҳо бўлмаган. Агар мактабда назорат иши бўлиб қолса, ҳамма мендан кўчирарди. Мактабни олтин медаль билан битирганман, буни сенга олдин айтмагандим, ойинг ҳам билмайди. Яхши ўқиганим учун қанча «Фахрий ёрлиқ»лар беришган. Мактабимизга «комиссия» келиб қолса, мени доим биринчи партага ўтқазишарди. Чунки устозларни уялтириб қўймасдим-да! Ҳойнаҳой, боғча опанг ҳам мени билган-да, шунинг учун сени кўкларга кўтариб мақтаган. Барибир менга тортгансан-да, — дея ота оғзини кўпиртириб ўзини мақташда давом этди.
— Йўқ.
— А?! Унда нима учун?
— Боғча опам менга берган иккита тухумни емаганим учун мақтади.
— Нима?!.
Ҳасан ЖЎРАҚУЛОВ
Сайёр қабул – айёр қабул
🕔13:48, 24.01.2023
✔949
(Ҳажвия)
Маҳалла фуқаролар йиғинида ишлайман. Иш шундай болалаб кетганки асло сўраманг. Бир зум ҳам тиним йўқ. Кечаси соат ўн иккига яқин уйга келиб, овқат ейишни ҳам насия қилиб ухлагани ётгандим, эрталаб тонг саҳарлаб раис телефон қилиб қолди.
Батафсил
«Одамларни ўйлайман!..»
🕔17:02, 16.12.2022
✔886
(фельетон)
– Энди, жўражонлар, электр энергетикаси – бу жудаям жиддий нарса-да, – деди электр энергетикаси учун масъул идора бошлиғи Мазарип Қултўраев улфатлари билан суҳбатда. – Айниқса, ҳозирги аёзли кунларда бунинг долзарблиги ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Мана мен, куну тун одамларни ўйлайман: светсиз ўтирганлар сон мингта, улар қандай кун кечиряпти, дейман.
Батафсил
«Антимайлиз» мажлиси
🕔11:06, 23.10.2022
✔970
(Тил байрамига совсем алоқаси йўқ)
Атимбек Порсаевич кечагина катта мажлис ўтказганига қарамай, бугун шошилинч равишда ходимларини яна йиғилишга тўплади.
Батафсил