Байрамлар, муҳим саналарда бирор кишига нафис гулдаста ҳадя этилса, унинг кўзлари бахтдан, мамнунликдан чарақлаб кетади. Буни кўришнинг, ҳис этишнинг эса, гашти ўзгача. Гашт ўз йўлига, албатта, бироқ кўзларни ана шундай чарақлатувчи гулларни етиштириш ҳам машаққатли иш, аслида.
Юртимизда хусусий томорқасида гул етиштириш билан шуғулланаётган тадбиркорларнинг айтишича, бу юмуш уруғни экиш, парваришидан тортиб, то очилгунига қадар катта меҳнат, қолаверса, меҳр ва эътиборни талаб этади. Пискентлик тадбиркор Дониёр Холжигитов гулга меҳри тушган ана шундай инсонлардан. У ўз қизиқишини даромад манбаига айлантира олган одам.
— Гулчилик сирларини отамдан ўрганганман, — дейди тардбиркор Дониёр ХОЛЖИГИТОВ. — У киши шахсий томорқамизда кичик гулхона ташкил этиб, турли гуллар экарди. Мен ҳам ёнида қарашиб юриб, гулчиликни ўргандим. Йиллар ўтиб, тадбиркорликни йўлга қўйдик ва фойда ола бошладик. Ҳозирда жами 12 сотих жойда гул етиштиряпмиз. Шундан 4 сотихига атиргул экилган.
— Четдан қараганда, гул етиштириб, даромад олиш осондай туюлади...
— Биласизми, гулчиликнинг ўзига яраша машаққати бор. Уни экиб, суғорган билан иш битмайди. Гулга аввало, меҳр, кейин яхши ўғит бериш, вақтида ва тўғри суғориш, турли зараркунандалардан сақлаш лозим. Қуёш нурининг тўғри тақсимланиши ҳам гулнинг, айниқса, атиргулнинг очилишида катта аҳамиятга эга. Шу боис ёз ойларида атиргул устидан қора тўр тортиб, қуёш нурини камайтирамиз. Кузда тўрларни олиб ташлаймиз. Шунингдек, гул устидан тўр тортилган вақтлари ҳаво яхши айланишини ҳам назорат қилиб туриш керак.
— Атиргулларни зараркунандалардан қандай ҳимоялайсиз?
— Баҳорда май қўнғизи ғунчага зарар етказади. Тўғри, турли кимёвий воситалардан фойдаланса бўлади, бироқ бу ҳам кўнгилдагидек наф бермаслиги мумкин. Ғунчани сақлашда бошқача йўл тутиш талаб этилади. Масалан, шахсий тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, қоғоздан қалпоқча ясаб, ҳар бир ғунчага кийдириб чиқамиз. Бу унинг соғлом очилишига ёрдам беради.
— Даромадингиз-чи?
— Жорий йилда биргина атиргулнинг ўзидан 40 миллион сўм даромад олдик. Хуллас, ўтган йилга қараганда анча яхши, дейиш мумкин. Албатта, бунда об-ҳавонинг яхши келгани дуруст бўлди.
— Куз-қиш мавсумида қайси гул кўпроқ фойда келтиради?
— Бу фаслда, асосан, картошкагул очилади. Аслида гулнинг бу тури май ойидан бошлаб очилади ва декабрга қадар давом этади. Картошкагул йилига уч мартагача ғунчалайди. Февраль ойида ерга экиладиган бу гулнинг ҳар бир картошкаси ўртасидаги масофа тахминан 20 сантиметрни ташкил этиши керак. Агар ораси яқин қилиб экилса, гули нимжон ва кичик бўлиб қолади.
— Шогирдларингиз ҳам борми?
— Очиғи, оилавий тадбиркорлик қиламиз ва касб сирини сақлаймиз. Шу сабаб шогирд олмаганман. Фақат фарзандларимга ўргатяпман.
Тадбиркорнинг шижоати баланд. Фаолиятини кенгайтириш, янги-янги гул уруғларидан олиб келиб, парваришлаш ниятида. Айниқса, атиргулнинг янги навларини етиштиришга иштиёқи баланд.
«Оила даврасида» мухбири
Ноилахон АҲАДОВА
ёзиб олди.
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔28
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔96
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔302
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил