Октябрь ойида ҳам боғларда иш қизғин бўлади. Айни чоғда қишга тайёргарлик ишлари олиб борилади. Суғориладиган бўз ерларда дарахт атрофидаги тупроқ 15-18 сантиметр, қатор оралари эса 25-30 сантиметр чуқурликда ҳайдалади. Шундай қилинса, юзароқ жойлашган илдизлар шикастланмайди.
— Боғ ҳосилга киргандан сўнг ҳар 2-3 йилда бир марта гектарига 30-40 тонна ҳисобида гўнг солиб туриш мақсадга мувофиқ, — дейди қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Абдулла ОРИФОВ. — Шунингдек, минерал ўғитлардан — 60 килограмм фосфор, 30 килограмм калий соф ҳолда солиниб, 45-50 сантиметр чуқурликда шудгор қилинади. Бундан ташқари, қатор ораларига сидерат экинлар экиш ҳам ер унумдорлигини оширади.
Уруғли боғларда (нок, олма, беҳи) тўкилган баргларда турли зараркунандалар уруғлари ва касалликлар бактериялари бўлади. Шу боис боғ қатор оралари ва дарахтлар атрофи ағдарилиб, юмшатилади. Касалланган, синган шохлари, қуриб қолган дарахтлар кесилади ва боғ ташқарисига чиқариб ташланади.
Октябрнинг учинчи ўн кунлигида боғ ва томорқалардаги барча мевали дарахтлар: шафтоли, олхўри, ўрик, гилос танаси оқланиши мақсадга мувофиқ. Бунда 10 литр сувга 2 килограмм тупроқ, 1,5-2 килограмм оҳак эритилиб, қалин қилиб оқланади.
Маълумки, қиш кунлари ҳаво ҳарорати жуда пасайиб кетади. Шу боис ток тупларини совуқ урмаслиги учун ҳозир тупроқ билан қалинроқ кўмиш тавсия этилади. Агар токзордаги узумлардан мўл ҳосил олинадиган бўлса, уларга ҳар 3-4 йилда гектарига 30-40 тонна органик ўғитлар солиб туриш тавсия этилади. Органик ва минерал ўғитлар аралашмасини эса, ток тупидан 50-60 сантиметр узоқликда чуқур ҳосил қилиб кўмиш яхши самара беради. Токлар сифатсиз ва кеч кўмилса ҳам дастлаб кузги, сўнг қишки совуқдан зарарланади, натижада новдалар баҳорда қуриб қолиши мумкин.
Яна бир нозик масала бор: айримлар токни кўмишда қирқилган новдалардан фойдаланади. Аммо уларда турли касаллик қолдиқлари бўлгани учун токзор янада кўпроқ зарарланиши мумкин.
Кесилган ток тупларини кўмишдан олдин кул, антракноз ва рак касалликларига қарши 3 фоизли «Бордо» суюқлиги, мис купоросининг 1 ёки 3 фоизли эритмаси билан жиққа ҳўл қилиб пуркаш жуда яхши самара беради.
Билиб қўйган яхши
Мевалар етилганда, об-ҳаво қуруқ пайтда банди билан бирга авайлаб узиб олиниши керак.
Мева ва узумлар қишда ертўла, омбор, оддий ўра ёки махсус омборхоналарда сақланади.
Мева-узумни сақлаш учун энг яхши шароит — ҳаво ҳарорати ва намликни доим аниқ белгиланган кўрсаткичда сақлаб туриш ҳисобланади.
Олма ва нокни 5-6 ойча сақлашнинг энг яхши шароити ҳаво ҳарорати 0... + 1 даража ва нисбий намликнинг 85-95 фоиз бўлишидир.
Нурбек ҒАФФОРОВ
ёзиб олди.
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔28
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔96
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔302
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил