Шаҳримизда «Эзидёр» номли тўйхона бор. «Бу иборанинг маъноси нима?» деб сўрадим юз чоғли одамдан. Ҳеч ким билмайди. Бу ерда ҳар куни тўй, минглаб кишилар келиб, тўй ошини маза қилиб паққос туширишади, аммо бирортаси тўйхонанинг номи нимани англатишини билмайди.
«Эзидёр!», «Эзидёр»га марҳамат!, «Эзидёр»га хуш келибсиз!», «Тўйни «Эзидёр»да ўтказмоқчиман!»
Шунақа гапларни ҳар куни эшитамиз.
Ниҳоят, «қидирган Маккани топади», деганларидек, бу номнинг мазмунини топдим. «Эзидёр» — «Оллоҳнинг назари тушган жой» дегани экан! Тўғри, юртимизга Оллоҳнинг назари тушган, унга қадам ранжида қилиб, бир ҳўплам сувини ичганлар яна шу жойга келсам деб ният қилади. Номи билан — жаннатмакон!
Аммо... хорижий номлар кўпайиб кетди. «Арбат» (Москва марказидаги кўчанинг номи), «Версал» (Париждаги тарихий қаср), «Лион» (Франциядаги шаҳар), «Тожмаҳал» (Ҳиндистонда Бобурийлар барпо этган муҳташам обида), «Мюнхен» (Германиядаги шаҳар), «Клондайк» (Канададаги олтин кони), «Рублевка» (Москва яқинидаги қимматхўр шаҳарча) ва ҳоказо.
Яқинда бир оғайнимга:
— Кеча қаерда эдинг, роса қидирдим? — десам, нима дейди, денг?
— Венецияда эдим! — дейди.
— Ана холос, Венецияда бўлдингми? Зўр шаҳар дейишади, кўчалари сув бўлиб оқармиш. Ҳамма қайиқда юрармиш. Уни қара, ўша жойларни ҳам кўриб келдингми? Қойилман! Венецияга бориб-келиш қанчага тушди?
— Унча кўпга тушганим йўқ. Бир оғайним қуда чақириғини «Венеция»да ўтказди. Яхши жой экан, менга ёқди. Шинамгина, дастурхон роса тўкин бўлди. Маза қилдик.
— Оғайнингга қуда чақириқ неча миллионга тушди экан, билмадингми?
— Оғайним бойвачча, коммерсант! «Венеция» унга гап эмас. Кейинги ўтиришни «Версал»да ўтказмоқчи! Қўлини қаёққа узатса, етади. Қараб турасан, туғилган кунини «Рублевка»да ўтказади!
— У ёққа борсанг, Алла Пугачёва, Филипп Киркоровларни кўрар экансан-да. Улар ўша жойда яшашади. Ҳамма казо-казолар ўша жойда турармиш. Учрашиб қолишинг мумкин.
— «Рублевка»дан ҳам «Арбат» тузук.
— Сен қайси «Арбат»ни айтяпсан? «Арбат» — Москванинг энг катта, энг нуфузли ресторани. Унга киришнинг ўзи катта гап!
— Мен ўзимизнинг «Арбат» кафесини айтяпман. Унинг ёнида «Венеция» ресторани бор. Шаҳримиздаги «Рандеву» ёки «Иномоменто» кафеларида бўлмадингизми? «Автосити» қаерда эканини эшитганмисиз? Бизнинг тадбиркорлар ўз корхоналари учун танлаган номларга қулоқ тутинг: «Элдорадо»! «Флорида»! «Майами»!, «Ривъера»!
Жаҳон жуғрофияси!
«Қўқон» ресторани қаерда эканини кўпчилик билади. Қўқонлик пазандалар таомини бир тановул қилсангиз, мазаси умр бўйи тилингизда қолади. «Марғилон» кафеси қаерда? «Андижон» ресторани қаерда? «Сурхон» кафесида бўлганмисиз? «Шаҳрисабз», «Насаф» тўйхоналари қаерда? «Хива», «Варахша», «Далварзин», «Чорминор», «Боғишамол» каби номлар билан аталган даргоҳлар борми?
Айтмоқчи, қаёққа қараманг, «маркет», «супермаркет» ёки «минимаркет»! Оддий раста, дўкон, магазин деган сўзлар йўқолиб кетди. Уларда «маркетинг» эмиш. Бозор қилишинг — шоппинг эмиш. Идораси, қанақа идора, битта стол ва битта стул бўлса бас, номи «Офис» бўлиб қолади. Қиладиган ишлари — «Консалтинг», «Обшор», «Лизинг», «Оптим» эмиш. Яна алламбало сўзлар борки, эшитишинг билан чўнтакдаги бор пулингга нарса сотиб олгинг келади. Ҳарқалай, «шоппинг» қилган бўласан. Жой чет элча аталса, ўзидан ўзи зўр бўлиб қоларкан-да...
Ҳаммаси ўзимизнинг ўзбекча иборалардан ўта берсин!
Ўзлигимиз, ўзбеклигимиз ҳар бир ишимизда кўриниб турсин!
Анвар ТОЖИЕВ
Сайёр қабул – айёр қабул
🕔13:48, 24.01.2023
✔949
(Ҳажвия)
Маҳалла фуқаролар йиғинида ишлайман. Иш шундай болалаб кетганки асло сўраманг. Бир зум ҳам тиним йўқ. Кечаси соат ўн иккига яқин уйга келиб, овқат ейишни ҳам насия қилиб ухлагани ётгандим, эрталаб тонг саҳарлаб раис телефон қилиб қолди.
Батафсил
«Одамларни ўйлайман!..»
🕔17:02, 16.12.2022
✔886
(фельетон)
– Энди, жўражонлар, электр энергетикаси – бу жудаям жиддий нарса-да, – деди электр энергетикаси учун масъул идора бошлиғи Мазарип Қултўраев улфатлари билан суҳбатда. – Айниқса, ҳозирги аёзли кунларда бунинг долзарблиги ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Мана мен, куну тун одамларни ўйлайман: светсиз ўтирганлар сон мингта, улар қандай кун кечиряпти, дейман.
Батафсил
«Антимайлиз» мажлиси
🕔11:06, 23.10.2022
✔970
(Тил байрамига совсем алоқаси йўқ)
Атимбек Порсаевич кечагина катта мажлис ўтказганига қарамай, бугун шошилинч равишда ходимларини яна йиғилишга тўплади.
Батафсил