(айрим «фаол» ўқитувчилар ўқимасин)
Бугун 2 сентябрь. Мана, коллежнинг учинчи босқичига ҳам ўтдим. Курсдошлар билан 13-аудиторияда битирувчилик нашъасини суриб ўтиргандик, директоримиз Толиб ака кириб келди. У билан изма-из бир пушти нур энди. Табиийки, барчамиз ўша нурга тикилдик. Агар директоримиз гулдураган овози билан нутқини бошламаганда, балки ҳозир ҳам шу пушти нурга термулганча ўтирган бўлармидик...
— Салом, болалар! Сизларни янги ўқув йили ва янги гуруҳ раҳбари билан табриклайман. Икки йил давомида куратордан ёлчимадингиз. Мана, пойтахтдан келган Кароматхон Норбобоева энди сизларнинг раҳбарингиз бўлади. Ёш, иқтидорли педагог. Ўз соҳасининг устаси, — дея пушти нурни бизга таништирди. Хонадан чиқиш арафасида Толиб ака одати бўйича қўшимча қилди:
— Кароматхон, бу болалар туманимиздаги энг илғор ёшлар. Улар билан дўстлашиб, чин юракдан ишлайсиз, деган умиддаман.
Бошдан-оёқ пушти рангда кийинган Каромат Норбобоева шундагина биринчи сўзини айтди:
— Хўп бўлади, устоз.
Ҳаммамиз чин юракдан хурсанд бўлдик: ўтган йиллар давомида не-не гуруҳ раҳбарларини кўрмадик, қанчаси билан талашиб-тортишмадик. Мана, шундай чиройли, шундай нафис шаҳарлик ўқитувчи энди бизнинг куратор! Елкамизга шамол тегадиган кун ҳам бор экан-ку!
— Салом, болалар. Исмим Каромат, Каромат опа деб мурожаат қилишингиз мумкин. Туманингизга яқинда кўчиб келдим. Насиб қилган экан, энди бирга ишлаймиз...
У гапирарди, биз ҳаммамиз адабий тилда сўзларни дона-дона талаффуз қилишига, овозининг майинлигига, юз ифодалари-ю мулойим табассумига мафтун бўлиб, жим тинглардик.
— Болалар, биласизларми, бугун қандай кун?
Эс-ҳушини йиғиб олганлар ҳар хил жавобларни қайтарди:
— Билимлар куни.
— Мустақилликни қўлга киритган кунимиз.
— Янги ўқув йили бошланган кун...
— Жавобларнинг барчаси тўғри, — деди Каромат опа. — Рухсатингиз билан, қўшимча қилсам: лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган кун. Шу муносабат билан «Янги алифбомиз фазилатлари» тадбирини ташкил қилсак? Бу биринчи ишимиз бўлар эди. Нима дейсизлар шу фикрга?
Вой, Кароматхон опа, нимаям дердик? Шундай майин, шундай нафис сўрадингизки, биз «йўқ» дермидик. Ҳамма бир овоздан рози бўлди. Тайёргарлик бошлаб юборилди. Устозимиз кимга қандай топшириқ берса, ҳеч ким рад этмасди. Кароматхон опамиз ёзган сценарий бўйича нақд 13 кун тайёрландик. Охирги кунларда дарслардан ҳам жавоб олиб тайёрландик-эй. Мақсадимиз 15 сентябрда «Янги алифбомиз фазилатлари» тадбирини чиройли ўтказиш эди. Тадбир зўр ўтди. Директоримиз гул-гул яшнаб, бизни олқишлади:
— Бугунги кеча учун Кароматхонга раҳмат. Барчамиз ундан ўрнак олсак, ўргансак арзийди. Яна шундай тадбирлар ташкил этилса, бошқармадан ҳам меҳмон чақирар эдик. Кароматхон, шу темпда давом этинг.
Энди қолдирган дарсларимизу ўтилмаган мавзуларни ўзлаштиришга киришган ҳам эдикки, гуруҳ раҳбаримиз йиғилиш қилиб, 21 октябрь — «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинган кунга бағишлаб, «Она тилим — жону дилим» мавзусида тадбир ўтказишимизни айтдилар. Биз ҳам жон деб рози бўлдик. Директоримизнинг мақтови ҳали димоғимизда турганди-да.
Бу байрам аввалгисидан ҳам зўр бўлди: қарсаклар-олқишлар, табриклар...
Байрам ўтгач, кўнглим са-а-ал хижил бўлди: дарслардан қолиб кетдик... Ҳечқиси йўқ. Ўқишни ҳам шундай темпда олиб борсак, етиб оламиз ҳаммасига.
Бахтга қарши, Каромат опа ҳам «шу темпда» давом этишга аҳд қилган экан. Октябрнинг охирларида тиббиёт ходимлари кунига бағишланган «Саломатлик посбонлари» кечасини зўр ўтказдик. Бошқарма бошлиғи ҳам мақтаб, «Сизлардан бошқа коллежлар намуна олса арзийди», деди.
Байрамлар кетма-кетлиги «шу темпда» давом этаверди: 17 ноябр — «Талабалик яқин», 1 декабрь — «ОИТС — ажал элчиси», 3 декабрь — «Меҳримизни улашамиз», 10 декабрь — «Мадҳияни куйлайлик, ёшлар!», 1 январь — «Янги йилда янги қувончлар билан!», 1 март — «Тонг куйчисини олқишлаймиз», 8 март — «Аёл борки, олам мунаввар», 15 март — «Энг ёш истеъмолчи», 1 апрель — «Келинг, кулишамиз!», 7 апрель — «Соғлиғимиз — бойлигимиз!», 17 апрель — «Трамвай тарихига бир назар», 22 апрель — «Оламни асранг, дўстлар!», 9 май — «Хотира ва қадр моҳияти», 15 май — «Оилам — қўрғоним», 18 май — «Музейлар — жонли тарих», 1 июнь «Келажак болаларники», 14 июнь — «Мен ҳам донор бўламан!» 17 июнь — «Олам гулзорга айлансин», 19 июнь — «Айтгил, дўстим, нима қилдик коллеж учун?!»...
Қисқаси, ҳаётимиз байрамдан байрамгача бўлиб қолди.
Ана-мана дегунча ўқиш ҳам тугаб қолди. «Биз коллежни битирдик» тадбири Каромат опа билан ташкиллаштирган охирги кечамиз бўлди. Илиқ хайрлашдик, Каромат опа барчамизга омад тилади.
1 август — олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари ўтказиладиган сана. Имтиҳон саволларига қарайман — қани бирортасини билсам... 108 саволнинг ҳаммасини ўқиб чиқдим — жавобини тополмадим. Ичимни ит тирнайди: эҳ, Бобурга бағишлаб кеча уюштиргунча, «Бобурнома»ни ўқисак бўлмасмиди?! «Она тилим — жону дилим» дея коллежда жар солгунча, ўзбек тилининг грамматик қоидаларини ўргансак, ҳозир тўлдирувчи билан аниқловчи деган нарсани ажрата олармидим?..
Ёнимда бошини кўтармай, тест ечаётган болани туртаман:
— Ҳей, менга қара, бугун қандай байрамлигини биласанми?
— Бугун байрам эмас, имтиҳон.
— Ие...
Асабийлашганимдан зир қақшар эканман, чинқириб юборганимни сезмай қолдим: бугун 1 август — маҳаллалар куни. «Отанг — маҳалла, онанг — маҳалла» байрамини ташкил этсак бўларди...
Байрамали МУЛОҲАЗАЕВнинг қалб кечинмаларини
ўз мухбиримиз
оққа кўчирди.