— Бу нима? — деди хўранда ошхона ходимасини чақириб.
— Бу, бу, ие, пашшага ўхшайдими?
— Яшанг, бир эмас, икки пашша-я!
Хўранда дарҳол санэпидстанция идорасига қўнғироқ қилди. Шу пайт бош ошпаз Очкўзбоев келиб ўшқириб деди:
— Бу ерда нималар бўляпти ўзи?
— Нима бўлаётганини санэпидстанция ходимлари келганда биласиз, — деди мижоз идишни Очкўзбоев олдига сураркан.
Очкўзбоев идишга кўз ташлади, икки пашша овқат юзида «чўмилиб» юришибди.
— Ие, шунга шунча жанжалми? Мана... — Очкўзбоев шундай деб идишдаги икки пашшани олди-да, оғзига солиб, ютиб юборди. — Ана, энди еяверинг.
Шу пайт санэпидстанциянинг икки ходими кириб келди-да, нима гаплигини эшитиб руҳланиб кетди:
— Қани пашша? — деди ходимлардан бири хўрандага.
— Овқатда бир эмас, иккита пашша бор эди. Аммо мана бу киши пашшаларни еб юборди.
— Ақлингиз жойидами ўзи? Бизни чақирдингизми, пашшани кўрсатинг? Биз далил бўлмаса, ҳеч нима қила олмаймиз?
Улар ноилож ҳеч нима ундиролмай, қайтиб кетишди.
Тушдан кейин «Иштаҳа» кафесида шошилинч мажлис чақирилди.
— Сизларни йиғишдан мақсад, ошхонамиз обрўсига гард юқтирмаслик, — деди «Иштаҳа» кафеси директори Ўпқонов. — Бугунги воқеадан хабарингиз бор. Яхшиям, бош ошпаз Очкўзбоев хўранданинг идишидаги пашшаларни еб, бизни бир фалокатдан қутқариб қолди. Шунинг учун маъмурият Очкўзбоевни мукофотлашни лозим топди. Сизлар нима дейсиз?
— Мен жуда маъқуллайман, — деди бош ошпаз ёрдамчиси Лагантоев. — Агар хўжайин пашшаларни еб юбормаганида аҳволимиз нима кечарди?
— Кафемиз ёпилиб, ишсиз қолардик, — деди кассир Чаққонбоева.
— Яшанг, — деди Ўпқонов. — Демак, Очкўзбоевни мукофотлашга ҳаммангиз розисиз, шундайми?
Бараварига «маъқуллаймиз!» деган овозлар янгради.
— Ошхонамизнинг обрўси учун фақат Очкўзбоев эмас, ҳамма бирдек курашмоғи керак, — деди Ўпқонов ошхона ходимаси Нозикхонга юзланиб.
— Мен ундай «махлуқ»ларни ея олмайман, — деди Нозикхон. — Кўнглим айнийди.
Хўжайиннинг жаҳли чиқди:
— Ие, нега ея олмайсиз? Очкўзбоев иккита пашшани еганида нега сиз битта ҳам ея олмайсиз? Агар «далил» йўқота олмасангиз, ана катта...
Нозикхон ҳар кунги тушумдан мосуво қолишни истамади, шекилли, рози бўлгандек, жойига ўтирди.
— Яна ким ея олмайди? — деди Ўпқонов.
— Пашша ея олмайман-у, аммо қанча чивин бўлса, ейман, — деди бош ошпаз ёрдамчиси Бақалоқбоев.
Ўпқонов ҳеч нима демади-да, омбор мудири Тўймас Олғирбоевга юзланди:
— Мен умрим бино бўлиб пашша, чивин еб кўрмаганман.
— Емаган бўлсангиз, энди ейсиз! Соҳамизда янги давр бошланди! Боз устига, омборингиз чивин, пашшага тўлиб кетди-ку.
— Бунга мен айбдор эмасман, — деди Олғирбоев. – Электр тез ўчаётганидан музлатгичлар ишламай, маҳсулотлар айнияпти.
— Электр тармоқлари бошлиғи Чароғоновга кучимиз етмайди, — деди Ўпқонов. — У кўнглига тушганда ўчириб, кўнглига тушганда ёқади.
— Унда каттароқ электр генератор сотиб олсак, яхши бўларди. Музлатгичлар узлуксиз ишласа, ҳамма пашша ва чивин ейишдан озод бўларди.
— Ие, ўйлаб гапиряпсизми? — деди Ўпқонов. — Унақа катта харажатни айтгунча, нега пашша ва чивин емоқчимаслигингизни айтинг!
— Шунча пашша ва чивинни қандай қилиб еб битираман, — деди Тўймас ака. — Бўкиб ўламан-у!..
— Ҳой, қанақа одамсиз ўзи, тонналаб гўшт, картошка-пиёзларни ютиб юборган сиздек акахон келиб-келиб бир пашша еб бўкармиди!? — деди Ўпқонов.
Мажлис анча чўзилса ҳам якуни яхши бўлди. Ҳамма бир овоздан хўранда идишидан пашша ва чивин чиқса еб, санэпидстанциядан олгувчилар келгунча ҳеч қандай «далил» қолдирмасликка келишиб олинди.
Барди ЖУМАНИЁЗОВ,
Хива тумани