Сўрида чой ичиб, телевизор кўриб ўтиргандик, Мойли Буванинг диққати оша бошлади.
— Манави гапираётган болани танийсанми? — деб сўраб қолди бир пайт телевизорда гапираётган пўрим йигитни кўрсатиб.
— Танийман, — дедим гердайиб. — У менинг теледўстим бўлади. Оти Мирбобуршоҳ!
— У-ҳу, — деди Мойли Бува лабини чуччайтириб. — Зўр гапирайканма?
— Ҳа, ҳозир телеюлдуз бўп кетган. Одамларни гап билан савалайди. Бўш вақти бўлса, телевизор орқали қизларга қандай кийим кийишни, тариқдай юзига баркашдай хол қўйишни, йигитларга эса қандай пайпоқ танлашниям ўргатаверади.
— Қирқ ҳунарли жигит экан-да...
— Қирқ бир ҳунарли деяверинг.
— Йўғ-ей? Яна қандай ҳунари бор?
— Энг асосий ҳунарини айтаман-да. Майли, сизга айта қолай?
— Ичимни қизитма, болам?
— Бўлмаса, эшитинг. Тасаввур қилинг: эрталаб ишхонага келсангиз, оёғингиз остида бир жуфт суварак ётибди. Чалқанчасига. Тўрт оёғини кўтариб, мўйловини ерга теккизиб, пишиллаб «ухлаб» ётибди. Жаҳлингиз чиқиб бир тепасиз! «Ухлаб» ётган суварак шартта туради-ю, жуфтини ташлаб қочади...
Мабодо, шу вазиятга мен ё сиз эмас, манави теледўстим Мирбобуршоҳ дуч келиб қолса, қандай кўрсатув тайёрлайди, биласизми? Тахминан бундай:
«Ҳаёт бир марта берилади! Ҳамма фаровон яшашга, барча хайрли орзу-умидларини рўёбга чиқаришга интилиб яшайди. Лекин орамизда ана шундай эзгу мақсадлар билан яшаётганларга атай халал бериш, фириб бериш билан шуғулланадиганлар ҳам, афсуски, оз эмас. Ундайлар сизнинг айни ўйнаб-куладиган хуш дамларингизда, куч-қувватга тўлиб, ғайратингиз жўшиб турган маҳалда қаршингиздан чиқиб, дилингизни хуфтон қилади. Атай кайфиятингизни тушириб, ишчанлик қобилиятингизга путур етказишга, кўнглингизни беҳузур қилиб, қалбингизга маънан жароҳат етказиб, жамиятда тутган ўрнингизни пасайтиришга интилади.
Шу ўринда далилларга мурожаат қиламиз. Фалон йилнинг фалон санасида фуқароларимиздан бири ишхонасига келади. Ўша куни ҳам ҳар кунгидай ўз хайрли ниятларини амалга оширмоқчи, шу юрт, шу жамиятга наф келтирмоқчи эди. Бироқ айрим ғаламисларнинг (шу сўзни чўзи-и-иб ўқийди) пана-панада фириб бериш учун пусиб ётишини у қаёқдан билсин?! Бундай кўрнамаклар каллаи саҳарлаб унинг ишчанлик кайфиятига путур етказишга уринди (шу гапдан сўнг ваҳимали мусиқа янграйди).
Икки НАФАР суварак, ўзбекчалаб айтганда — «таракан» ўзини ўликка солиб ётарди. Қаҳрамонимизнинг жони ҳалқумига келди...
Ахир, ўзингиз айтинг, шундай осойишта даврда бундай текинхўр, тубан зараркунандаларни бошқа нима деб аташ мумкин?!! (режиссёрлар мусиқани тобора ваҳимали қила бошлайди)...»
Хуллас, теледўстим дунёда ягона айбдор махлуқ — суваракни гўрдан олиб, гўрга тиқади. Суваракларнинг келиб чиқиш тарихи, уларнинг ўз жуфтига нисбатан оқибатсизлигию бевафолик хусусиятини ёруғ оламдаги ўтакетган пасткашлик сифатида баҳолаб, фикрини шармандали далиллар билан исботлашга ҳаракат қилади.
Кўрсатув охирида эса туфлилар остида мажақланиб, эзғиланиб ётган суварак ва кун қаҳрамонининг деразадан қараб, майин жилмайганча, хурсандчиликдан ишга шўнғиб кетаётганини кўрсатади. Шу билан кўрсатув тугайди.
— Эҳ-ҳе, зап жигит экан-ку. Ваҳима жанрида ижод қилайканда-а?..
— У қандай жанр экан, бува?
— Ҳали билмайсанми? Энг замонавий, даромадли жанр бу.
Мойли Бува бу гапни айтар экан, кўзлари қисилиб кулиб юборди...
Жасур КЕНГБОЕВ
Сайёр қабул – айёр қабул
🕔13:48, 24.01.2023
✔949
(Ҳажвия)
Маҳалла фуқаролар йиғинида ишлайман. Иш шундай болалаб кетганки асло сўраманг. Бир зум ҳам тиним йўқ. Кечаси соат ўн иккига яқин уйга келиб, овқат ейишни ҳам насия қилиб ухлагани ётгандим, эрталаб тонг саҳарлаб раис телефон қилиб қолди.
Батафсил
«Одамларни ўйлайман!..»
🕔17:02, 16.12.2022
✔886
(фельетон)
– Энди, жўражонлар, электр энергетикаси – бу жудаям жиддий нарса-да, – деди электр энергетикаси учун масъул идора бошлиғи Мазарип Қултўраев улфатлари билан суҳбатда. – Айниқса, ҳозирги аёзли кунларда бунинг долзарблиги ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Мана мен, куну тун одамларни ўйлайман: светсиз ўтирганлар сон мингта, улар қандай кун кечиряпти, дейман.
Батафсил
«Антимайлиз» мажлиси
🕔11:06, 23.10.2022
✔970
(Тил байрамига совсем алоқаси йўқ)
Атимбек Порсаевич кечагина катта мажлис ўтказганига қарамай, бугун шошилинч равишда ходимларини яна йиғилишга тўплади.
Батафсил