Шувоқ ўсимлигини билсангиз керак. Қишлоқ ҳудудларида у кўп учрайди. Аммо чорва моллари ҳам емагани учун аҳоли шувоқни кераксиз ўт, деб ҳисоблайди.
Табиатда ҳеч бир нарса бесабаб яратилмаган. Бугун ана шу бадбўй ўсимлик дунёда энг зарур ва қимматбаҳо дориворга айланди. Айрим мамлакатларда эса гектарлаб шувоқзорлар барпо этиляпти. Сабаби, бу ўсимлик бир қанча оғир дардларга даво экани аниқланди. Хусусан, Бейжинг тиббиёт институти (Хитой) профессори Юю Ту ушбу ўсимлик таркибидан ноёб артемизинин моддасини ажратиб олди. Бу моддани энг хавфли касалликлардан бири — безгакни даволашда синовдан ўтказди ва юқори натижага эришди. Шу орқали хасталикни тез ва осон, энг муҳими, асоратсиз даволади. Бу кашфиёти эвазига Юю Ту 2015 йилда тиббиёт соҳасида халқаро Нобель мукофоти билан тақдирланди.
Ҳозир бутун дунёда ушбу тажрибани ўрганиш ва ўзлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Чунки безгак касаллигидан ҳар йили дунё бўйича беш юз миллионга яқин одам азият чекиб, ўртача уч миллиони ҳаётдан кўз юмаркан. Уларнинг аксарияти болалар ва ҳомиладор аёллардир.
Бу модда безгакдан ташқари бошқа давосиз дардларга шифо бўлиши аниқланмоқда. Артемизинин клиник синовларда иммун тизимини кучайтирувчи, одам цитомегаловируси, герпевирус, гепатит В, С, шистосомоз, лейшмания, Эпштейн Барр ва ОИВ каби юқумли ҳамда энг асосийси, саратон касаллигининг турли формасида натижалар ижобий томонга ўзгаргани маълум бўлди. Шу сабабли дунёда артемизинин моддасига бўлган талаб кескин ортиб бормоқда.
Аммо артемизинин моддаси шувоқ ўсимлиги таркибида ниҳоятда кам (қуруқ модда ҳисобида 0,01-1,1 %) миқдорда мавжуд. Устига-устак, ўсимлик таркибидаги артемизинин миқдори ва сифати шувоқнинг ўсиш шароити, қуёш нури тушиши, тупроқ ва сувнинг таркибига ҳам боғлиқ. Шу боис бу ҳомашёга бўлган эҳтиёжни тўла қондиришнинг имкони бўлмаяпти.
Муаммонинг ечими борасида бутун дунё олимлари қатори ўзбекистонлик мутахассислар ҳам бош қотиришмоқда. Натижада, бир қатор ижобий самарага эришилди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази артемизинин моддасининг генини юртимизда ўстириладиган асосий ўсимлик — ғўзага кўчириб, бу моддани кенг кўламда етиштиришни йўлга қўйиш технологиясини ишлаб чиқди.
— Ғўзада ягона ҳужайрадан соматик эмбриогенез ёрдамида тиббиёт учун қимматли ҳисобланган артемизинин моддасини фаол ишлаб чиқариш технологияси устида тадқиқотлар олиб бормоқдамиз, — дейди Геномика ва биоинформатика марказининг илмий ходими, ушбу ихтиронинг муаллифи, ёш олим Бахтиёр РАҲМАНОВ. — Марказимизда артемизинин моддаси биосинтези бўйича ўсимликларнинг геномикаси, метаболомикаси ва транскриптомикаси ўрганилди. Махсус биоинформатик дастурлар ёрдамида артемизинин синтезига алоқадор генларга генетик вектор конструкциялар тузилиб, агробактериялар ёрдамида ғўза ўсимлиги трансформация қилинди. Яъни, артемизинин моддасини ишлаб чиқарувчи генлар биотехнология усуллари ёрдамида ғўзага киритилди.
Олимнинг айтишича, бундан кўзланган мақсад — ушбу моддани ғўзада ишлаб чиқаришни таъминлашдир. Айнан ғўза объект сифатида танланишига сабаб, юртимизда ушбу ўсимлик йирик майдонларда етиштирилади. Шунингдек, марказда ғўза учун махсус соматик эмбриогенез технологияси юқори даражада йўлга қўйилган. Артемизинин моддасининг дунёда қимматбаҳолиги ва муайян касалликлар тарқалган юртларда ушбу модда ҳам худди пахтамиз сингари «олтин»га қиёсланиши эътиборга олинса, илмий тадқиқот натижасида биргина манбадан икки хил «олтин»ни йиғиб олиш имкони туғилади.
Илмий тадқиқот натижасида далаларда етиштирилаётган ғўза ўсимлиги барглари терилиб, хомашё сифатида фармацевтика саноатига йўналтирилади. Бундан ташқари, ғўза пишиб етилгач, пахта ҳосиллари давлатимиз хирмонига топширилади. Шу тариқа ҳам хирмонимиз тўлади, ҳам илм-фанда мислсиз ютуқ — қимматбаҳо артемизинин моддаси юртимиз фармацевтика саноатидан дунёга йўл олади. Демак, экспорт салоҳиятида катта юксалиш рўй беради.
Зилола ХУДОЙБЕРДИЕВА,
«Оила даврасида» мухбири
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔102
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔185
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔366
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил