ёхуд ахлоқсиз болалар кимнинг фарзанди?
Бекатга микроавтобус келиб тўхтади. Йўловчилар бир-бирини итариб-туртиб, жой талашишга тушиб кетишди. Беғам ҳайдовчи эса: «Бўла қолинглар»дан нарига ўтмай, пинагини ҳам бузмасди. Машина жойидан базўр қўзғалди. Бу орада ўн икки ёшлардаги ўқувчи-қизга жой етмади. Бунинг устига, туртинганида қўлидан бироз жароҳат олибди.
Орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас, навбатдаги «маршрутка» келиб, атиги икки йўловчини олиб кетди.
Бундай воқеалар деярли ҳар куни содир бўладиган одатий ҳолга айланган. Эътибор берсак, йўловчиларнинг аксарияти башанг кийинган, ўзини зиёли ҳисобловчи кишилар. Одам пўрим кийингани билан тарбияли бўлиб қолмас экан.
Бир ўйлаб кўрайлик, қизини дуо қилиб, мактабга кузатган она унинг жароҳат олиб қайтганини кўргач, аҳволи не кечади? «Менинг болам эмас-ку, менга нима» дейиш қачондан инсонга хос иш бўлиб қолди?
Нима қилаётганини ўзи биладими?
Истироҳат боғи ёнидан ўтиб кетаётсам, қаттиқ шовқин кўтарилди. Бу ўкирик йигирма ёшлардаги тўрт йигитдан чиқаётган экан. Уларнинг иккитаси ўриндиқ ёғочларини кўчириб, синдирар, қолганлари эса, бақириб, уларга гўё куч бағишлаб турарди. Ҳаш-паш дегунча тўртта ўриндиқ шу тарзда «саранжомланди». Йигитларнинг ўриндиқларни синдириб, тоғни ағдаргандай кўкрак керишини-чи! Ғазабимни босолмай, қилаётган иши ўтакетган ахлоқсизлик эканини тушунтирмоқчи бўлдим. «Азаматлар» гапимга парво ҳам қилмай, қўпол сўзлар билан ишларига аралашмаслигимни «уқтиришди». Агар қулоқ солмасам, мени ҳам шу ўриндиқлар каби «саранжомлаб» қўйишдан ҳам тойишмайди. Уларга гапириш бефойда эканини тушунгач, назоратчини чақиришга мажбур бўлдим...
Ҳадемай бу ўспиринлар оила қуриб, катта ҳаётга қадам қўяди. Уларнинг қўлига оила бошқарувини бериб қўйиш хавфли эмасмикан? Бугун нарса-буюмни синдирса, эртага... Келажакда эса, қачонлардир оиласидаги муҳитдан, ён-атрофидаги тартибсиз дўст ва танишлардан ўзлаштирган ахлоқсизлиги фарзандларига ҳам таъсир ўтказмай қолмайди. Оқибатда, бу узлуксиз жараённинг тобора илдиз отишига гувоҳ бўламиз, холос. Бунинг олдини олиш учун нима қилиш керак ва у кимнинг қўлида?
Шахсий намуна
Гулнора ТОЛИПОВА, ўқитувчи:
— Бола хулқидаги ҳар қандай иллатнинг илдизи оиладаги тартибсиз муҳит, ота-онанинг шахсий намуна бўлолмаслиги ва фарзандининг келажагига бўлган эътиборсизлигига бориб тақалади.
«Усти бут, қорни тўқ юрса, бўлди-да», эмас, аввало, болага тартиб-интизомли бўлишни, сўзлашиш одобини ўргатиш зарур. Дарсдан сўнг вақтини бекор ўтказмаслиги учун тўгаракларга қизиқтириш, ёшига мос китоблар олиб бериш керак. Шунда бола фойдали машғулот билан шуғулланишга одатланади.
Бугун ҳамма ота-она ҳам таълим муассасасидаги муҳит, фарзандининг дарсни қандай ўзлаштираётгани ва кимлар билан дўст тутинаётганидан хабардор эмас. Аслида, фарзанд тарбиясидаги энг самарали усул — ота-онанинг шахсий намуна бўла олишидир. Бу боланинг келажакда қандай хулқ эгаси бўлиб улғайишини белгиловчи асосий омил. Агар ота-она фарзандининг ҳар қадами учун ўзининг дахлдорлигини, масъуллигини ҳис қилиб, буни амалда бажара олмаса, у тарбиялаган боладан бирор яхши натижа кутиш қийин.
Эътибор керак
Дилноза РАҲМАТУЛЛАЕВА, уй бекаси:
— Ўғлим боғчадаёқ ўқиш-ёзишни ўрганиб олган. Зеҳни ўткир, илмга чанқоқ эди. Аммо биринчи синфда ўқиётганида хулқида ўзгариш пайдо бўлди. Дастлаб, ҳар хил баҳоналар билан тез-тез пул сўрайдиган одат чиқарди. Ўртоқларидан кам бўлмасин, деб қанча керак деса, қўлига тутқаздик. Лекин у нуқул ёлғон гапириб, кун давомида кўчадан келмайдиган бўлиб қолди. Ҳатто, насиҳат қилишга уринган дадасини сенлашгача борди.
Хўжайиним билан мактабига бориб, дарсини кузатдик. Ўқитувчиси ўқишга умуман қизиқмай қўйганини айтди. Билсак, кўп вақтини катта синфда ўқийдиган, маҳалладош иккита безори бола билан ўтказаётган экан. Ота-оналари билан учрашиб, уларни тартибга чақириб қўйишини сўрадик, аммо, фойдаси бўлмади. «Олдин ўз ўғлингни тарбиялаб ол!» деган таъна ҳам эшитдик.
Ўғлимизни бошқа мактабга кўчиришдан бўлак чорамиз қолмади. Мана, бу йил у иккинчи синфни тамомлади. Ўқиши, хулқи ҳам жойида. Дарсдан кейин спорт тўгарагига қатнаяпти, ўқиганларини келиб, синглисига ҳам ўргатяпти.
Ўрнак бўлинг!
Ҳа, кимгадир ўйлашга арзимайдиган бўлиб кўринган, аммо, охири фожиа билан якун топадиган бундай ҳодисаларнинг биров олдини олади, биров эса, йўқ. Ачинарлиси, ҳар куни жарақ-жарақ пул топадиган, аммо бисотида фарзандига озгина эътибор қаратишга етадиган фаросат топилмайдиган, маънавияти қашшоқ ота-оналарнинг орамизда борлигидир.
— Болага соатлаб маъруза ўқиган билан тарбияли қилиб бўлмайди, — дейди етти фарзанднинг отаси Донабой АҲМЕДОВ. — Халқимизда «Қуш уясида кўрганини қилади», деган мақол бор. Ота ўғилга, она эса, қизга ҳар қайси мавзуда ўрнак бўла олиши керак. Масалан, ота қўлига иш қуролини олиб, ўғлига уй жиҳозларини таъмирлашни ёки кўчат экиб, дарахт пайвандлашни ўргатса, бу бола улғайгач, нафақат ўзининг, балки бировнинг уйига, кўчасидаги дарахтига ҳам зарар етказмайди. Онасидан ҳеч бўлмаганда ҳовли супуришни ўрганган қиз жамоат жойларига чиқинди ташламасликка одатланади. Ота-онасининг ёқимли суҳбатидан баҳраманд бўлиб вояга етган фарзанд бақир-чақирни ўзига эп кўрмай, уриш-жанжалдан узоқ юриши, ҳар қандай муаммога муносиб ечим топиши аниқ.
Йўлбарс боласини ов қилишга, қалдирғоч эса, полапонларини учишга ўргатади. Биз, одамлар фарзандимизга нимани ўргатяпмиз? Улар тарбияли, хушхулқ, илмли, маданиятли бўлиши учун нималар қилишимиз керак? Бу борада намуна бўлишга лойиқмизми?
Булар ҳар бир ота-она ўзига бериб, жавоб топиши керак бўлган саволлар эмасми?
Шаҳноза РАЖАБОВА,
«Оила даврасида» мухбири