Уйни таъмирлаганда гулқоғоз (обой) танлашга алоҳида эътибор берамиз. Чунки у хонадонга ўзгача жозиба беради. Бугун бозорларда гулқоғознинг тури жуда кўп. Кўрганда кўз қувнайди. Яқиндан бошлаб эса тадбиркорларимиз яна бир антиқа хилини ишлаб чиқара бошлади. Бу қурилиш маҳсулоти ҳақида «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида ўтказилган Х республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида батафсил маълумот берилди.
— Бу маҳсулотнинг ўрама гулқоғозлардан фарқи шундаки, у қадоқланган ва қуритилган шаклда, — дейди тадбиркор Ҳамид ХАЛИЛОВ. — Қадоқлар 1 килограммдан 1,8 килограммгача. Битта қадоқ тахминан 4-5 квадрат юзани қоплайди. Иқтисодий томондан ҳам жуда қулай. Бир қадоқ нархи 50-60 минг сўм атрофида. Девордаги ёриқларни тўла-тўкис ёпади.
Тадбиркорнинг айтишича, гулқоғознинг таркибига махсус целлюлозадан тайёрланган елим қўшилган. Шу боис маҳсулот узоқ йиллар асллигини сақлайди. Тайёрланиши эса қадоқдаги йўриқномада кўрсатилган. Аввал муайян миқдордаги сув билан қориб, андава билан суртилади. Шу билан тамом: қуригач, девор ўзгача чирой ҳосил қилади. У ҳар хил тусда товланар экан.
Гулқоғоз экологик тоза маҳсулотлардан тайёрлангани боис, ҳаво ҳароратини бир хилда сақлайди. Таркибига турли қўшимчалар қўшилгани учун деворда замбуруғ ҳосил қилмайди. Иссиқликни «ушлаб туради», девор «терламайди» ва ҳавони ўтказади. Айниқса, иситиш имконияти йўқ хоналарга ёпиштирилса, айни муддао экан.
— Бундан ташқари, ушбу гулғоқоз ўзидан ёриқ ҳосил қилмайди ва туси ўзгармайди, — дея гапида давом этади тадбиркор. — Бирор бир жойи кўчса ёки ёш бола чизиб ташласа ҳам, хавотирланишга ўрин йўқ. Негаки, бу гулқоғозни қайта тиклаш жуда осон: чизилган ёки кўчган жойни сув билан намлаб қайтадан суртилса, шунинг ўзи кифоя. Асл ҳолатига қайтади.
Мана, маҳсулот бир неча йил синовдан ўтиб, бугун ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Энди бу гулқоғоз ҳар қандай замонавий, четдан келтирилганларига муносиб рақобатчи. Хонадонларимиз эса ўзимизнинг маҳаллий, ҳамёнбоп, сифатли ва жозибали гулқоғозлар билан безатилса, ажаб эмас.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«Оила даврасида» мухбири
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔102
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔185
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔366
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил