Бедана боқиш ва кўпайтириш ҳам даромадли соҳа эканини биласизми? Анча маҳсулдор бўлган бедананинг модасидан бир йилда 300-310 тагача тухум олиш мумкин. Очиб чиққан полапонларнинг қарийб 98 фоизи яшаб кетади. Жуда тез ривожланади ва касалликларга бардошли. Гўшти ва тухумининг шифобахш хусусиятлари сабаб уларга талаб доим юқори.
Товуқдан фарқли ўлароқ, бедана одатда кечқурун, сокин пайтда тухум қўяди. Тухум қўйишдан тўхтаган қари модаси вақтида сўйилмаса, ёш нарлар чўқиб ўлдириши мумкин.
Зотлари
«Япон» — кўп тухум бериши, касалликларга чидамлилиги ва жўжаларининг тухумдан чиқиш фоизи юқорилиги (90 фоиз атрофида) билан ажралиб туради.
«Фараон» — юқори сифатли гўшт олишга мўлжалланган ҳақиқий бедана-бройлер.
«Эстония» — кўп, яъни йилига 310 тагача тухум беради, гўшти мазали. 45 кунлигида тирик вазни 280-300 граммни ташкил этади.
«Британия қора» — ўзига хос тусга эга бўлиб, макиёнларининг тирик вазни ўртача 210 граммгача етади.
Бундан ташқари, беданаларнинг «Америка альбинос бройлери», «Англия оқ зоти», «Манчжур тилларанги», «Смокинг», «Мармарранг», «Австралия сариқ-жигарранг» каби зотлари ҳам мавжуд.
«Хитой», «Калифорния», «Жигарранг пахмоқ», «Тангачали» ва «Виржиния» зотли беданалар декоратив мақсадларда боқилади.
Сақлаш
Бедана боқилаётган хона яхши иситилиши ва шамоллатилиши, сунъий ёритиш тизимига эга бўлиши керак. Уни узоқ вақт қуёш нурида, шовқинли жойларда сақлаш тавсия этилмайди. Санитария меъёрларига кўра, бедана боқиладиган жой аҳоли яшаш жойидан камида 300 метр узоқликда бўлгани маъқул.
Намлик
Беданалар боқилаётган хона намлиги 60-70 фоиз бўлиши керак. Агар бедана патларини ҳурпайтириб, ҳансираб, тумшуғини очиб нафас олса, демак, намлик камайиб кетган. Бундай ҳолатларда катак олдига идишда сув қўйиш яхши натижа беради. Хона полини тез-тез ювиб туриш ҳам ҳаво намлигини кўтаради. Аммо беданаларни доимий нам жойда сақлаш ва боқиш тавсия этилмайди.
Ёруғлик
Бедананинг «Япон» зоти учун бир кунда 17-18 соат ёруғлик бериш энг қулай ҳисобланади. 24 соат мобайнида ёруғлик берилганда беданалар кўпроқ тухум беради, лекин маҳсулдорлиги қисқа вақт ичида камайиб кетади. Ёруғлик ва қоронғиликни кетма-кетликда қўллаш самаралироқ. Масалан, 1 соат ёруғлик ва 2 соат қоронғилик беданаларнинг ўсиши, ривожланиши ва маҳсулдорлигига ижобий таъсир кўрсатади. Ёруғликда парранда бир маромда озиқланади ва қоронғиликда уни ҳазм қилади.
Озуқалар
Тухум ва гўшт учун боқиладиган беданаларнинг озуқаси таркиби оқсил, дон, витаминлардан иборат бўлиши зарур. Вояга етган мода бедана хўраги таркибида 21-25 фоиз хом протеин бўлиши шарт. Озуқа таркибида протеин кам бўлганда беданаларнинг тухум бериши камайиб, майдалашиб кетади. Уйда боқиладиган тухум берувчи беданаларнинг протеинга бўлган талаби ёввойисига нисбатан кўпроқ бўлади.
Уй шароитида ҳамма майдаланган донлар яхши озуқа ҳисобланади. Дон аралашмасига буғдой, маккажўхори, сули ва арпалар киради. Сайроқи бедана модасига кунига 5-7 грамм дон аралашмаси кифоя. Дон кепаги, нўхат, соя ва бошқа дуккакли ўсимлик донларини майдалаб ёки димлаб бериш фойдали. Қайнатилган картошка ва пўчоғи, қирғичдан ўтказилган сабзи ҳам яхши хўрак. Кўкатлардан карам барги, сабзи барги, беда, қичитқи ўт, қоқиўт, кўк пиёз ва бошқаларни бериш мумкин.
Кўпайтириш
Наслчиликда 3-8 ойликкача бўлган макиёнлар ва 3-6 ойликкача бўлган нарлари танланади. Турли наслли ва яқин қондошларни ўзаро чатиштириш тавсия қилинмайди.
Инкубация
Инкубация учун ўрта йирикликдаги тухумлар танлаб олинади. Очиб чиқишга қўйишдан олдин тухумлар ҳарорати +10... +12 даража ва намлиги 70-75 фоиз бўлган хонада 3 кун сақланиши лозим. Бедана тухумларининг инкубация вақти ўртача 17 кунни ташкил қилади (сайроқилар — 16 кун, «Калифорния» зоти — 22 кун, «Виржиния» зоти — 23 кун).
Гўштга семиртириш
Беданаларнинг ортиқча хўрозлари ва тухум беришга яроқсиз макиёнлари алоҳида ажратилиб, бир ой мобайнида гўштга боқилади. Бунда нар ва макиёнлар бир-бирларидан алоҳида сақланади. Парранда яхши иситиладиган, паст ёруғликда, хона ҳарорати +20... +24 даража бўлган жойда боқилади. Хона ёруғлиги кам бўлса, беданалар кам ҳаракатланади, кам энергия сарфлайди ва вазни тез ошади. Улар кунига 3-4 марта озиқлантирилади, сувига оз миқдорда туз қўшиб берилади.
Пўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Ҳакимжон НАРМУҲАМЕДОВ,
«Паррандасаноат» уюшмаси мутахассислари
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔102
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔185
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔366
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил