Курка уй паррандалари ичида гавдаси энг йириги ҳисобланади. Вояга етган хўрозининг тирик вазни 9-16 килограмм (бройлерлари 30-35 килограмм), макиёнлари 4,5-11 килограммгача етади. Макиёнидан ўртача 50-90 дона тухум, 35-60 та жўжа олиш мумкин. Гўшти истеъмолбоп, мазали ва парҳез таом ҳисобланади. Парвариши кўп сарф-харажат ҳам талаб қилмайди.
— Шахсий томорқада курка боқиш яхшигина даромад келтиради, — дейди «Паррандасаноат» уюшмасининг Ишлаб чиқаришни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳакимжон НАРМУҲАМЕДОВ. — Масалан, баҳорда 30 та курка жўжаси олиб боқилса, кузга келиб ўртача 150-180 килограммгача гўшт олиш мумкин. Курка гўшти таркибида В дармондориси анча кўп, холестерин жуда кам.
Зотлари
«Маҳаллий» зотли курка Марказий Осиё иқлимига жуда яхши мослашган. Хўрози 6-7 килограмм, макиёни 3,5-4 килограммгача тош босади, йилига 45-50 дона тухум беради. Сўнгги йилларда турли курка зотлари билан чатиштирилиб, маҳсулдорлиги оширилди: хўрози 10 килограмм, макиёни 6 килограммгача вазнга эга бўлади, йилига 70 донагача тухум беради. Шунингдек, курканинг «Бронза Шимолий Кавказ», «Шимолий Кавказ», «Оқ Шимолий Кавказ», «Қора Тихорец», «Оқ Москва», «Бронза Москва», «Голланд», «Бронзаранг Америка», «Оқ кенг кўкракли», «Қора Испан» зотлари парваришланади. Саноатда, асосан, патлари оқ куркалар, бройлер зотларидан «Биг-6», «Биг-9» ва «Николас-700» зотлари боқилади.
Жойи
Куркалар боқиладиган хонанинг намлиги 60-70 фоиз бўлиши керак. Агар намлик паст бўлса, унинг нафас олиш йўллари қуриб, кўп сув ичади ва кам озуқа истеъмол қилади. Агар намлик 75 фоиздан ошиб кетса, организмдан ортиқча сув ҳазм қилиш (ошқозон-ичак) аъзолари орқали ташқарига чиқа бошлаб, ич кетиш ҳолатлари кузатилади. Бундан ташқари, ортиқча нам ва қуруқ ҳаво зарарли, касаллик қўзғатувчи микроорганизмларнинг ривожланишига ҳам сабаб бўлади.
Жўжаси
Макиёни 12 ойлигидан тухум қўя бошлайди. Маҳсулдорликни ошириш учун хонада қўшимча ёруғлик бўлиши керак. Курк бўлган куркалар мартдан июнь ойигача тухумга ётқизилади. Жўжалар тухумдан 27-28 кун деганда очиб чиқади. Тухумдан чиққан жўжалари нозик, ҳимоясиз, захга ва совуққа чидамсиз бўлади. Парвариш чоғида ана шуларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Озуқаси
Куркалар қиш мавсумида одатда 3 маҳал озиқлантирилади. Улар учун энг яхшиси маккажўхори, арпа ва буғдой дони ҳисобланади. Яна лавлаги, сабзи ҳам майдалаб берилади.
Ўтлов майдонининг мавжудлиги ҳам катта аҳамиятга эга. У ерда курка ўз организмига зарур бўлган витаминга бой турли кўк ўтларни ва ҳар хил зараркунанда чигиртка, қўнғиз ва бошқа қурт-қумурсқаларни териб ейди.
Касалликлари
Куркалар касалликларини шартли равишда 4 гуруҳга бўлиш мумкин:
1. Қўзғатувчиси вирус бўлган касалликлар — ичакларнинг қонталаш яллиғланиши (НЕ), ўлат (ND), юқумли томоқ-бурун шамоллаши (TRT);
2. Қўзғатувчиси бактерия бўлган касалликлар — колибактериоз, псевдомоноз, пастереллёз, микоплазма галлисептикум;
3. Қўзғатувчиси зараркунандалар бўлган касалликлар — кокцидиоз, гистомоз;
4. Технологик касалликлар — очликдан ўлиш, рахит, катта болдир суягидаги муаммолар, оёқ таги шамоллаши, аорта ёрилиши, буйрак олди қон кетиши синдроми.
Чора
2-6 ҳафталик ёш куркаларнинг айримлари ҳеч бир сабабсиз иштаҳаси йўқолиб, нобуд бўла бошлайди. Бунинг олдини олиш учун 5 фоизли кўк йод тиндирмаси олиниб, ярим литр сутга аралаштирилади ва шиша идишдаги 10 литр сувга аралаштириб сувдонларга қуйиб чиқилади. Натижа эртаси куниёқ билинади. Куркалар тетиклашиб, иштаҳаси очилиб озуқага интила бошлайди.
Юқумли касалликларнинг олдини олиш учун эса ҳафтада 1-2 марта 1 литр сувга 1 ошқошиқ картошка крахмали қўшиб қайнатилади ва унга 20 томчи 5 фоизли йод томизиб аралаштирилади. Ҳосил бўлган аралашмани сувдонларга қуйиб ёш куркалар олдига қўйилади.
Нурбек ҒАФФОРОВ
тайёрлади.
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔102
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔185
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔366
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил