Аксарият аёллар гул ўстиришни хоҳлашади-ю, аммо парваришига келганда бироз иккиланишади. Чунки гуллар жуда нозик, бироз қаровсиз қолса, нобуд бўлиши мумкин.
Тошкентлик Озодахон Иброҳимованинг хонадонига кирганимизда бунинг аксини кўрдик. Уч сотих ерда иссиқхона қуриб, гул парваришлаётган аёлнинг шижоатидан ҳайратланасан киши. Иссиқхонада ёронгулдан тортиб, фикус, драцена, шеффлера, хлорофитум гулларини ҳам учратиш мумкин.
— Ёшлигимдан ерни яхши кўраман, — дейди Озодахон Иброҳимова. — Бундан бир неча йиллар илгари фермерлик ҳам қилганман. Бир куни куёвимиз келиб, «ҳовлингиз кенг, иссиқхона қилмайсизми?» дея уч-тўрт туп олма, лимон кўчати ташлаб кетди. Қизиқиб, иссиқхона қурдирдик. Аста-секин кўчатларни кўпайтирдим ва атрофига беш-олтита хонаки гуллардан ҳам ўтқаздим. Қаерда чиройли гул кўрсам, ўша гулдан кўчат олиб келаман. Ҳозир уларнинг сонида ҳам адашиб кетаман. Гулларга қанча меҳр кўрсатсанг, кундан-кун яшнаб боравераркан. Аввалига оддий қизиқиш бўлиб туюлган бу машғулот эндиликда асосий даромад манбаимга айланди. Мана, олти йилдан бери гулларимни бозорга олиб чиқиб, яхши даромад оляпман.
Гул парвариши оғир меҳнатни талаб қилмайди. Унинг узоқ яшаши қай даражада қуёш нури тушишига боғлиқ. Чунки кўп ҳолларда гул япроқлари сарғайиб, тўкилишининг сабаби ҳам қуёш нурининг етарли эмаслигидандир.
Энг муҳими, гулларни гултувакларга кўчириб ўтқазишда ўша гул ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиш керак. Баъзи гуллар саёз гултувакларда яхши ўсади, тик ўсадиган гулларга эса баланд гултуваклар танлаган маъқул. Бундай баланд гуллар учун озуқа ҳам мўл бўлиши керак.
Гулнинг гуркираб ўсиши учун тупроқда минерал ўғитлар етарли бўлиши лозим. Ўғитли шарбат билан озиқлантириш эса касалликка эрта чалинишидан сақлайди. Бундай озуқавий аралашмани уй шароитида ҳам бемалол тайёрласа бўлади. Бунинг учун керакли сувнинг бир қисми миқдорида гўнг солиниб, аралаштирилади. Сўнг гултувак тўлгунча қуйилади. Шунингдек, «гуми» дорисидан аралашма тайёрлаб, илдизига қуйиб, пуркагич ёрдамида япроқларига сепилса, гул «тетиклашади».
Март-апрель ойлари хонаки гулларни кўчириб ўтқазиш учун жуда қулай вақтдир. Асосан қаламчасидан кўпайтираман. Масалан, каланхоэ, шеффлера гулларининг пишган новдасидан бир қарич ҳажмда кесиб олинади. Илдиз оттирувчи дорига 2 соатга солиб қўйилади. Тупроғини тайёрлаш эса бир челак тупроққа бир челак ўғит, бир килограмм қум, намликни сақлаб туриши учун ёғоч қириндиси солинади ва гултувакка ўтқазилади. Бу гуллар тезда илдиз отиб, ривожланиб кетади. Баъзи гулларни туваксиз ҳам парваришласа бўлади. Масалан, геран, аралия, драценани ерга ҳам ўтқазса бўлади. Ёз охирлаб қолганда эса улар ердан олиниб, узун илдизлари бироз қирқилади ва тувакка ўтқазилади.
Гуллар мавсум танламайди. Ҳатто қишда ҳам бозори чаққон. Унинг нархи турига, ёшига қараб баҳоланаверади. Уч мингдан тортиб, икки юз-уч юз минггача бор. Айниқса, фикус гулининг шохлагани анча баланд юради. Унинг нечта барг очганига қараб баҳолаймиз.
Ҳунаримдан, бировга нафим тегаётганидан фахрланаман. Ёшим олтмишдан ошган бўлса ҳам белимда қувватим бор. Ердан ҳалол насиба олиб фарзандларимга, невараларимга ҳам шуни ўргатаман.
Отам бир гапни кўп такрорларди: «Ер — бу хазина. Ундан фойдаланган инсонгина роҳат-фароғатда яшайди».
Дилфуза ТИЛЛАЕВА
ёзиб олди.
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔102
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔185
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔366
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил