Бу ёндашув қанчалик самара бермоқда?
Арзимаган тушунмовчилик сабаб бир оила бузилиб кетди. Ўртадаги фарзанд тирик етим қолди. Оиланинг муқаддаслиги эр учун ҳам, хотин учун ҳам аҳамиятсиз энди...
Аслида бир оғиз сўз оилани ажратиб юбориши ёки икки инсон ҳаётини янгидан бошлашига сабаб бўлиши мумкин. Бу масала эса кўп жиҳатдан хонадонга биринчилардан бўлиб кириб борадиган маҳалла маслаҳатчисининг тажрибаси ва нотиқлигига боғлиқ.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида маҳалла тизими зиммасидаги вазифалар янада ортди. Хўш, бу масъулиятни ҳар бир маслаҳатчи тўла тушуниб етяптими? Улар халқ билан мулоқотга киришганда одамларни қийнаётган масалаларга нечоғли кўмакдош бўляпти? Бир нотинч оилани муросага келтириш, одамларга ёрдам бериб, халқнинг ишончини қозониш маслаҳатчидан жуда катта фидойилик талаб этади.
— Баъзан биз тинч, деб ўйлаган оилада ҳам муаммолар бўлиши мумкин, — дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлими бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Аҳрор ҒУЛОМОВ. — Шунинг учун кўчабошилари билан ҳамкорликда одамлар ҳолидан хабар олиб, ёрдамга муҳтожларга кўмакдош бўлиш биринчи галдаги вазифамиз. «Президент давлат раҳбари бўла туриб ўзи халқ ичида юрганда, нега биз юрмаймиз? Нега ўз маҳалладошимизнинг дардини эшитмаймиз?», деган саволни ўзимизга бериш вақти келди.
Бугун ёшларга оила масъулиятини сингдириш, айниқса, энг долзарб масалалардан бири. Битта оилани сақлаб қолиш билан ўртадаги фарзандни тирик етимликдан асраб қолган бўламиз. Бу — жамият учун ота-она меҳрини кўриб улғайган шахс етишиб чиқади, деган гап.
Бундай катта вазифаларни ўз зиммасига олаётган маҳалла маслаҳатчиси одамларга битта жўяли сўз айтиши учун маънавиятли ва билимли бўлиши, кўпроқ китоб ўқиб, дунёқарашини кенгайтириши зарур.
...Маҳалла идорасига боргандим. Кираверишда маслаҳатчига раҳмат айтиб, хайрлашаётган келин эътиборимни тортди. Қўлида бир ёшлар чамаси боласи ҳам бор. Кейин билсам, келинчакнинг оиласи бузилишига бир баҳя қолганда маҳалла маслаҳатчиси ўртага тушиб, оила аъзоларига бунинг салбий оқибатларини ётиғи билан тушунтирибди. Шундан кейин қайнонанинг ўзи бориб келинини олиб келибди.
— Маслаҳатчи ўта зийрак бўлиши, оилаларга кирганда уларнинг яшаш шароити, оила аъзоларининг хатти-ҳаракати ва муомаласидан ижтимоий ҳимоя ёки маънавий ёрдамга муҳтожлиги ҳақида мустақил хулоса чиқариши зарур, — дейди Учтепа тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мактуба АРИПОВА. — Айрим оилалар маслаҳатчига муаммосини айтишни истамайди. Шунда кўчабоши ва фаол аёллар билан ҳамкорликда шу хонадонга кириб, маслаҳат бериш, тўғри йўл кўрсатиш керак.
Албатта, кўчадан келган одамга ҳамма ҳам дардини дастурхон қилмайди. Айниқса, халқимизга хос андиша устун келса. Кўнгилга йўл топишда эса маслаҳатчи одамларнинг ишончини қозона билиши, ўзига яқин олиб, айтган гапларини сир сақлай олиши керак.
— Тўғри мулоқот билан халқ ҳурматини қозониш мумкин, — дейди психолог Шоира МИРСАИДОВА. — Қачонки, бировни эшитсак, унинг ички дунёсини чуқурроқ тушуниб, муаммоларини ҳал қила оламиз. Маҳалла маслаҳатчиси суҳбатдошига самимий муносабатда бўлиб, қалбан яқинлигини кўрсатиб бера олсагина, унга ёрдами тегади. Ҳар қандай вазиятда ҳам инсонларнинг кўнглини кўтарадиган сўзлар билан руҳлантириш лозим. Бир оилани бошқасига солиштириш ярамайди. Савол беришда ҳам жуда эҳтиёткор бўлиш, саволлар уларга қаттиқ ботмаслигига аҳамият бериш керак.
Касални даволагандан кўра олдини олган маъқул, дейишади. Оилаларда юзага келиши мумкин бўлган муаммоли масалалар ҳам худди шундай. Вақтида кўрилган чора муаммони кўчага чиқмай, шу хонадоннинг ўзида ҳал қилиши мумкин. Бунинг учун эса маҳалла маслаҳатчилари ўз ҳудудидаги ҳар бир фуқаронинг турмуш тарзи, оилавий шароитидан хабардорлиги жуда муҳим.
Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА
«Оила даврасида» мухбири
Жамоатчилик эшитуви Сув таъминоти ва канализация хизматларидан одамлар розими?
🕔08:57, 08.09.2025
✔77
Фарғона вилоятида Осиё тараққиёт банки кўмагида «Иқлим шароитига мос сув таъминоти ва канализация хизматларини кўрсатиш лойиҳаси» доирасида жамоатчилик эшитувлари ўтказилди.
Батафсил
Ногиронлиги бўлган шахслар учун шароитлар қониқарлими?
🕔08:59, 08.08.2025
✔127
Экопартия вакиллари Урганч шаҳри бўйлаб муаммо ва таклифларни ўрганишди
Батафсил
Аёллар Экологик барқарорлик учун бирлашди
🕔15:57, 26.06.2025
✔181
Гуллар шаҳри Наманганда ҳар йили «Гуллар фестивали»ни ўтказиш чиройли анъанага айланган. Бу йилги 64-халқаро «Гуллар фестивали» ҳам табиат ва инсон уйғунлигини ўзида ифода этиши, ранг-баранг гулларга бойлиги билан барчада катта таассурот қолдирмоқда.
Батафсил