Халқ билан      Бош саҳифа

ОДАМЛАР РОЗИ БЎЛИШИ УЧУН

ҳар бир мурожаат адолатли ечим топиши зарур

Яқин-яқингача одамлар ҳокимлигу ташкилотлар ҳузурига ўз масаласига ечим топишда кўмак истаб борар, бироқ айрим мутасадди раҳбарларнинг тунд қиёфасига дуч келиб, отангга бор, онангга бор қабилидаги сансалорликка дучор бўларди. Идорама-идора зир югуриб, баъзи раҳбарларнинг қабулига кириш учун ойлаб навбат кутарди.

ОДАМЛАР РОЗИ БЎЛИШИ УЧУН

Майли, айрим муаммолар ечилмаса, ечилмай, ишингиз тўхтаса, тўхтаб турар. Бироқ дейлик, соғлиғингизда жиддий муаммо туғилиб, шифокор қатъий тайинлаган дорини ичмасангиз, ҳаётингиз хавф остида қолиши мумкин бўлса-ю, аксига олиб, ўша дорини на шифохона, на дорихонадагилар берса... Ҳамма муаммо ечимини ўзидан соқит қилса. Камига, сизга «шикоятчи», «ёзғувчи», дегандай истеҳзо билан қараб кузатса... Шунда додингизни кимга айтасиз?

Айни шу муаммога рўбарў келган нафақахўр Муқаддас Ибрагимова тўғри Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ қабулхонасига борди...

Адолат жаранглайди

2017 йил 19 апрель. Қарши шаҳридаги энг кўркам иморатлардан бири — пештоқига Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ қабулхонаси деган ёзув битилган бино эрта тонгданоқ гавжум. Шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган бу манзилгоҳ олдидан ўтган-қайтган борки, тушкун кайфиятда кириб, очиқ чеҳра билан чиқаётганларга кўзи тушади.

Хўш, ростдан ҳам бугун халқ қабулхоналари одамларнинг дардига қулоқ тутиб, оғирини енгил қилишга, муаммоларига ечим топишга, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга тўла ёрдам бера оляптими? Аҳоли уларнинг фаолиятидан, кўрсатаётган ёрдамидан розими? Рости, Қашқадарё вилоят халқ қабулхонасида бир кун бўлиб, ҳаммасини ўз кўзим билан кўрмагунимча, менда шундай саволлар бор эди.

...Ушбу шинам бино ичига қадам ранжида қилган одам ўнг томонда бир жуфт маълумотлар пештахтасига кўзи тушади. Улардан бирида вилоят ва барча туманлардаги халқ қабулхоналари, уларнинг манзили ва алоқа рақамлари ҳақида маълумот, иккинчисида эса «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун ва бошқа тегишли ҳужжатлар матни ўрин олган. Мурожаат қилувчилар учун барча қулайликлар яратилган. Фуқароларни қабул қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва сақлаш замонавий ахборот технологиялари асосида йўлга қўйилган.

Ҳал этиш механизми

Фуқаролар қабул қилинадиган кенг хона. Ҳар бир соҳа бўйича алоҳида бўлинма, уларда тегишли ташкилот ва идоралардан бириктирилган мутасаддилар ўз йўналиши бўйича одамларни қабул қилмоқда. Шу бўлинмалардан бирида гапимиз аввалида исмини тилга олганимиз Муқаддас Ибрагимовага дуч келдик.

67 яшар бу аёлнинг кўзи тўла ёш эди. Халқ қабулхонаси мутасаддиларидан бири — ижтимоий масалалар бўйича гуруҳ аъзоси Фотима Саидова онахонни очиқ чеҳра билан қабул қилиб, дардини тинглаб, оғзаки мурожаатини зудлик билан ҳал этиш мақсадида уни сарсон этганларга қўнғироқ қилиб турган экан. Онахон илгари қандли диабетга чалинган, етти йилдан бери эса хасталикнинг қандсиз формаси азоб берар экан.

— Қарши шаҳридаги 2-сонли оилавий поликлиникада доимий рўйхатда тураман, — дейди онахон кўзёшини рўмоли билан артар экан. — Қарийб 50 минг сўм турадиган «десмопрессин» номли дорини сотиб олишга қийналаман, пенсиям бир ойлик доригаям етмайди. Анчадан бери поликлиниканинг йўлланма қоғози билан дорихонадан текин олар эдим. Бу сафар беришмади. Шаҳар бўйича қидиртириб тополмадим. Уни ичмаса, менинг касалимга чалинганлар тамом бўлди, деяверинг...

Фотима Саидова ўша оилавий поликлиника бош шифокори билан гаплашди. Қарангки, бир дақиқада масала ҳал бўлди. Оғзаки. Бунга ишониб-ишонмай чиқиб кетган онахон бир соат ўтар-ўтмас қўнғироқ қилди: поликлиника унга ҳаёти учун ўта зарур бўлган дорини текин берибди ва бундан кейин ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини айтибди.

...Қарши шаҳрилик Шуҳрат Сувонов — навқирон 27 ёшда. Спортнинг жанг санъати тури бўйича бир неча бор Ўзбекистон, Осиё ва уч карра жаҳон чемпиони бўлган. Бу йигит ғолиблик чоғлари жаҳон ареналарида туриб юртимиз байроғини кўтариб, халқимиз довруғини оламга таратиб келаётганлардан эди. Кутилмаганда забардаст ўғлоннинг бошига мусибат тушди — бир йил муқаддам автоҳалокатга учраб, умуртқа поғонасидан ўта жиддий жароҳатланиб, оёқ-қўли ишламай қолди. Тўрт ой пойтахтимиздаги нуфузли клиникаларда даволанди. Бу азоб бошқа икки фарзандини ерга қўйган, айни пайтда эса оилавий аҳволнинг ночорлиги, устига-устак, паҳлавонкелбат ўғлининг жон талашиб ётганини кўрган ота-онани бирпасда руҳан чўктириб юборди. Оғир жароҳати туфайли жигаргўшасини ҳар куни муолажа қилиш, ниҳоятда қиммат дори-дармонларни сотиб олишнинг ўзи бўлмайди. Қаердан, кимдан нажот сўрашни билмай боши қотган ота-онага яқинлари охири Президентимизнинг Қашқадарё вилоят халқ қабулхонасига мурожаат қилишни маслаҳат беришибди. Халқ қабулхонаси аралашуви билан уларнинг мурожаати вилоят мутасадди ташкилотлари вакиллари иштирокида зудликда ҳал этилди: Шуҳрат Сувонов тиббий кўрикдан ўтказилиб, касаллиги бўйича назоратга олинди. Шифокорлар унинг уйига қатнаб, муолажа қиладиган бўлди. Шунингдек, I гуруҳ ногиронлигига чиқарилиб, нафақа тайинланди.

...Қарши туманидаги қарийб минг хўжалик яшайдиган Файзобод қишлоғида электр кучланиши шу даражада сусайиб кетар эканки, ток кучи хонадонни ёритишга етмас экан. Қишлоқ аҳли электр тармоқлари корхонасига кўп бор мурожаат этиб келган, бироқ масала ҳал қилинмаган. Охири, шу қишлоқда яшовчи пенсионер Шодмон Амонов Президентнинг Қашқадарё вилояти халқ қабулхонасига мурожаат этди. Унинг мурожаати ҳам тезда кўриб чиқилиб, ҳал қилинди. Бугун қишлоқ аҳли электр энергиянинг рисоладагидек берилаётганидан мамнун.

Бандлик — энг ўткир муаммо

— Фуқароларимиз ўзини қийнаётган муаммолар юзасидан мурожаат этар экан, қонуний ҳақ-ҳуқуқини талаб қилади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилояти халқ қабулхонаси мудири Абдухалил ­Холмахматов. — Президентимиз ташаббуси билан инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш мақсадида ташкил этилган халқ қабулхоналари одамларнинг давлатимизга бўлган ишончини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Мен кўп давлатларда бўлганман. Ишонасизми, бизнинг бу халқ қабулхоналаримиз ва фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш механизмимиз жаҳонда қиёси, муқобили йўқ тизим ҳисобланади.

Жорий йилнинг 7 апрель ҳолатига кўра, Қашқадарё вилоят, шаҳар ва туман халқ қабулхоналарига жисмоний ва юридик шахслардан жами 4373 та мурожаат келиб тушган (3900 таси ариза, 420 таси шикоят, 53 таси таклиф). Уларнинг 3540 таси тегишлилиги бўйича ҳудудий ташкилотларга, 127 таси юқори ташкилотларга юборилган бўлиб, 706 та мурожаат бевосита халқ қабулхоналарининг ўзида кўриб чиқилган. Мурожаатларнинг соҳалар бўйича таҳлили шуни кўрсатадики, вилоят аҳлини энг кўп иш билан таъминлаш — бандлик муаммоси (704 та мурожаат) қийнайди. Уй-жой ва ер ажратиш (533 та мурожаат) ҳам ўткир масалалардан саналади.

Танганинг икки томони

Вилоят халқ қабулхонасида ариза ёзаётган фуқаролардан бири эътиборимни тортди. Ўзини Миришкор тумани Гулшанбоғ қишлоғида яшовчи Шариф ­Хўжамов деб таништирган одам уй-жой муаммоси билан келибди.

— Пенсионер, иккинчи гуруҳ ногирониман, — дейди у. — Беш фарзандим бор. Оиламизда 2 нафар кўзи ожиз ва 2 нафар II гуруҳ ногирони бор. Уй-жой қуришга шароит ва имкониятимиз бўлмагани сабабли 2016 йилнинг октябридан буён I гуруҳ ногирони, кўзи ожиз ўғлим Шоҳимардон Бойқобулов номидан вилоят мутасаддиларига Қарши шаҳрида қурилаётган арзонлаштирилган уй-жойлардан олишга рухсат беришни сўраб бир неча маротаба мурожаат этдик. Лекин натижа бўлмади.

Кузатиб турдим, бу фуқарони қабул қилган шахс — вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси мутахассиси Зафар Ярқулов унга аризаси бўйича мулоқот қилиб, мурожаат тегишли тартибда туман ҳокимлигига юборилиши, 15 кун ичида аниқ жавоб олиш мумкинлиги ҳақида атрофлича тушунча берди. Фуқаро эса кўнмади: уй-жой тумандан эмас, айнан Қарши шаҳридан зарурлигини айтди ва буни вилоят марказида кўзи ожиз фарзандининг ўқиши, даволаниши учун таълим муассасалари, шифохоналар яқинлиги, барча қулайликлар мавжудлиги билан изоҳлади. Шундан сўнг мутахассис мурожаат моҳиятини англади. Унинг мурожаати ўрнатилган тартибда вилоят ҳокимлигига юборилди.

Бироқ... Орадан бир неча кун ўтиб мурожаат эгаси — Шариф ака билан боғлансак, фиғони фалакка чиқди: аризаси айланиб-айланиб яна туман ҳокимлигига келибди... Қарши шаҳридан сотиб олишга сўралган уй-жойни туман ҳокимлиги қандай ҳал қилиши мумкин? Нега вилоят ҳокимлиги унинг аризасини Қарши шаҳар ҳокимлигига эмас, Миришкор туманига юборди? Тўғри, арзонлаштирилган уй-жойлар ҳар кимнинг доимий яшаш жойи бўйича берилиши белгилангандир, бироқ у ночор, оиласида беш кишидан тўрттаси ногирон бўлса-чи?  Хўжамовга ўхшаган нажот истаб турган оилаларга истисно тариқасида ёрдам бериш наҳотки мумкин бўлмаса? Ҳокимлик мутасаддилари шундай вақтларда давлатимиз юритаётган инсонпарварлик сиёсатини чуқурроқ англаши керак эмасми?

— Халқ қабулхоналари томонидан мурожаатлар ўз вақтида ва холисона кўриб чиқилиши назоратда ва бу борада қонунчилик талабларини бузган мансабдор шахсларга нисбатан жазо чоралари кўрилиши таъминланмоқда, — дейди Президентнинг Қашқадарё вилояти халқ қабулхонаси мудири Абдухалил ­Холмахматов. — Хусусан, 5 нафар туман ҳокими ўринбосарларига, 2 нафар туман ҳокимликларининг бош мутахассисига интизомий жазо чоралари кўрилди.

Ҳа, бугун мамлакатимизда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш кўникмаси ошмоқда. Катта-кичик бўғиндаги раҳбарлар одамлар дардига кўпроқ қулоқ тутиш зарурлигини англаб етмоқда ёки шунга мажбур бўлмоқда. Бироқ танганинг икки томонини ҳам кўришимиз шарт. Нима бўлган тақдирда ҳам, ҳар бир фуқаро давлатимиз, миллатимизнинг ажралмас бўлаги. Унинг ҳаётдан, давлатимиздан рози бўлиб яшаши бугунимиз, эртамизнинг янада ёрқин, фаровон бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Буни унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Жасур КЕНГБОЕВ,

«Оила даврасида» мухбири

Тошкент — Қарши — Тошкент




Ўхшаш мақолалар

Депутатлар  Жиззахдаги  аҳволни  ўрганишмоқда

Депутатлар Жиззахдаги аҳволни ўрганишмоқда

🕔13:27, 06.09.2023 ✔192

Сиз ўзингиз сайлаган депутатлар аслида қандай фаолиятни амалга оширишларидан қанчалик хабардорсиз? Бошқача айтганда, депутатнинг асосий вазифаси нималардан иборат эканини биласизми?..

Батафсил
Абдушукур ҲАМЗАЕВ:  Андижондаги  экологик муаммоларга  самарали  ечим топамиз

Абдушукур ҲАМЗАЕВ: Андижондаги экологик муаммоларга самарали ечим топамиз

🕔16:21, 06.07.2023 ✔226

Андижон ҳақида сўз кетганида, авваламбор, ўзбек халқининг кўп асрлик маданияти пойдевори бўлган анъналарни асраб келаётган, меҳмондўст, мард ва танти инсонлар умргузаронлик қилаётган табаррук замин кўз олдимизда намоён бўлади. Андижон Ўзбекистоннинг йирик маданият марказларидан биридир.

Батафсил
Ўзбекистонда аёлларга қандай  имтиёзлар бор?

Ўзбекистонда аёлларга қандай имтиёзлар бор?

🕔10:57, 13.03.2023 ✔378

Бугун 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни! Ушбу байрам билан муҳтарама онахонларимиз, қадрли опа-сингилларимиз, гўзал қизларимизни табриклаган ҳолда, мамлакатимиз қонунчилигига асосан аёлларга берилган айрим имтиёзлар билан таништириб ўтишни лозим топдик.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Депутатлар  Жиззахдаги  аҳволни  ўрганишмоқда

    Депутатлар Жиззахдаги аҳволни ўрганишмоқда

    Сиз ўзингиз сайлаган депутатлар аслида қандай фаолиятни амалга оширишларидан қанчалик хабардорсиз? Бошқача айтганда, депутатнинг асосий вазифаси нималардан иборат эканини биласизми?..

    ✔ 192    🕔 13:27, 06.09.2023
  • Абдушукур ҲАМЗАЕВ:  Андижондаги  экологик муаммоларга  самарали  ечим топамиз

    Абдушукур ҲАМЗАЕВ: Андижондаги экологик муаммоларга самарали ечим топамиз

    Андижон ҳақида сўз кетганида, авваламбор, ўзбек халқининг кўп асрлик маданияти пойдевори бўлган анъналарни асраб келаётган, меҳмондўст, мард ва танти инсонлар умргузаронлик қилаётган табаррук замин кўз олдимизда намоён бўлади. Андижон Ўзбекистоннинг йирик маданият марказларидан биридир.

    ✔ 226    🕔 16:21, 06.07.2023
  • Ўзбекистонда аёлларга қандай  имтиёзлар бор?

    Ўзбекистонда аёлларга қандай имтиёзлар бор?

    Бугун 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни! Ушбу байрам билан муҳтарама онахонларимиз, қадрли опа-сингилларимиз, гўзал қизларимизни табриклаган ҳолда, мамлакатимиз қонунчилигига асосан аёлларга берилган айрим имтиёзлар билан таништириб ўтишни лозим топдик.

    ✔ 378    🕔 10:57, 13.03.2023
  • Янгиланган Меҳнат кодекси:  меҳнат қонунчилигида  нималар ўзгаради?

    Янгиланган Меҳнат кодекси: меҳнат қонунчилигида нималар ўзгаради?

    Меҳнат ва меҳнат муносабатларини қонун доирасида амалга ошириш бугунги кундаги энг долзарб муаммолардан бири.

    ✔ 294    🕔 11:31, 13.02.2023
  • Боғчадан  Бошланаётган экомаданият

    Боғчадан Бошланаётган экомаданият

    Она табиатни, жумладан ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-­авайлаш, уларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш кўникмаларини ёш авлодга ёшлигидан сингдириб бориш керак.

    ✔ 473    🕔 23:23, 18.03.2022
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар