Экология      Бош саҳифа

«СУЮНЧИ ПУЛИ» БЕРМАСА, ОНА ПАЛАТАГА ЎТКАЗИЛМАЙДИ…МИ?

Туғуруқхоналардаги ўзбошимчаликлар қачон барҳам топади?

«Кўзим ёриган куни турмуш ўртоғим хизмат сафарида эди. Бола дунёга келгач, шифокорлар «Қани, суюнчи пули бермайсизларми?», деб қайнонамга пешвоз чиқди.

«СУЮНЧИ ПУЛИ» БЕРМАСА, ОНА ПАЛАТАГА ЎТКАЗИЛМАЙДИ…МИ?

Шунда қайнонам акушер-гинеколог олдига бориб, пул тутқазди. Лекин бошқа дўхтирлар хонада турган ҳар бир киши — ёрдамчи шифокор, болалар шифокори, уч ҳамшира ва фаррошга ҳам алоҳида-алоҳида пул беришни, устига-устак, акушер-гинекологга берилган ҳақ кам эканини очиқ айтишди. Ноқулай аҳволга тушиб: «Ёнимда сал камроқ эди, эрта-индин ойлигимни олсам, ҳаммангизни рози қиламан...», деса ҳам унашмади. Пулни бермагунича, мени туғуруқ залидан палатага ўтказишмади...»

Яқинда фарзандли бўлган дугонам айтиб берган бу воқеани эшитиб, очиғи, ҳайрон қолганим йўқ. Чунки бунга ўхшаш ҳолатларни аввал ҳам бир неча марта эшитганман, гувоҳи бўлганман. Чақалоқнинг дунёга келиши қанчалар қувонарли бўлса, шунчалар масъулиятли ва нозик иш ҳамдир. Она боласини бағрига босиб олгунича, унинг яқинлари хавотирланганидан игна устида тургандек жонсарак бўлишади. Эсон-омон дунёга келгач, суюниб, шифокорлар қўлига «суюнчи пули» тутқазишади. Бу мутлақо беғараз ва ихтиёрий ҳолат, албатта.

Лекин бундай мукофотланишга ўрганиб қолган баъзи шифокорлар борки, имкони йўқ одамдан ҳам пул талаб қилиб туришдан тап тортмайди. Улар учун ўша инсонларнинг моддий аҳволи аҳамиятсиз. Бериш керак, тамом. Ахир, улар шундоғам меҳнати учун маош олишади-ку!

Туғуруқхоналардаги бундай ҳолатлар юзасидан изоҳ олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилдик. Саволларимизга вазирликнинг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Марат СОДИҚОВ жавоб берди:

— Агар шифокор ҳомиладор аёлнинг фарзандини дунёга келтиргач, пул талаб қилса, она қаерга мурожаат қилиши керак?

— Аёлнинг фарзанди дунёга келиши учун барча тиббий ёрдамни бериш — шифокорнинг вазифаси. Пул талаб қилиш эса нотўғри ва ноқонуний. Бундай ҳолат кузатилса, биринчи навбатда, ўша муассаса раҳбарига мурожаат қилиш зарур. Раҳбар бундай ўзбошимчаликни тўхтатмаса, назорат органлари — Соғлиқни сақлаш вазирлиги, прокуратурага мурожаат этиш лозим.

— Фарзанд дунёга келгандан кейин унинг отасидан донорлик тарзида қон топшириш ёки унинг пулини тўлаш талаб этилади. Шу тўғрими? Бундан кўзланган мақсад нима?

— Туғуруқ жараёнида аёлдан қон кетиш хавфи юқори бўлади. Қон кетиш меъёри беш юз миллилитрдан ортса, беморга қон препаратларини қуйиш зарурати туғилади. Қон захираси ҳамма туғуруқ муассасасида ҳам йўқ. Шунинг учун баъзи туғуруқ муассасалари зарур пайтда қон препаратларини Қон қуйиш станцияларидан олиш учун донорларни ўша ерга юборишади. Чунки Қон қуйиш станциялари ҳам захира ўрнини тўлдириш учун донорларга муҳтож. Тиббий муассасаларда донор ўрнига пул олиш ноқонуний.

— Болани жарроҳлик йўли билан туғдиришга тўғри келса, унинг харажати давлат ҳисобидан қопланадими ёки бемор тўлайдими? Нима учун унинг нархи туғуруқхоналарда турлича белгиланган?

— Аёл табиий йўл ёки жарроҳлик йўли билан туғдирилса ҳам, харажатлар давлат ҳисобидан қопланади. Фақат Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказида хизматлар пулли. Туғуруқ жараёнида муассаса рўйхатида бўлмаган дори зарур бўлиб қолса, уларни шифокор берган рецептга кўра, дорихонадан олиб келиш керак.

— Туғуруқхоналар муддатидан олдин туғилган ва махсус «ваакум»да сақланадиган бола учун зарур бўладиган барча тиббий анжомлар (масалан, кислород найчаси) билан тўлиқ таъминланганми? Булар учун туғилган боланинг яқинларидан пул талаб қилинадими?

— Ажратилган бюджет маблағлари етарли эмаслиги сабаб, туғуруқхоналар зарур барча анжомлар билан тўлиқ таъминланмаган. Шу боис бундай ҳолат ҳамма туғуруқ муассасаларида кузатилади. Фақат дезинфектантлар, лаборатор реактивлар, оғриқсизлантирувчи дори воситалари, шприц ҳамда системалар давлат ҳисобидан берилади.

— Туғуруқхона ходимлари таъмагирликка йўл қўймаслиги учун уларнинг амалдаги маошини ошириш кўзда тутилганми?

— Бу масала Соғлиқни сақлаш вазирлигига боғлиқ эмас. Лекин вазирлик шифокорлар ва тиббиёт ходимларининг маошини ошириш бўйича таклифлар тайёрлаб, Молия вазирлигига киритиши кўзда тутилган.

— Агар болани туғдириш жараёнида унга бирон зиён етса, бунга ким жавобгар бўлади?

— Ҳар бир асоратланган туғуруқ ихтисослашган соҳада ўзаро таҳлил қилинади. Туғуруқ жараёнининг тўғри олиб борилгани, белгиланган қоидаларга қай даражада амал қилингани, муолажаларнинг ўз вақтида тўғри олиб борилгани текшириб, ўрганилади. Агар туғдириш жараёнида болага ёки онага бирон зиён етса ва ушбу ҳолатга тиббий ходим сабабчи бўлса, албатта, унга нисбатан интизомий жазо кўрилади.

— Агар ҳомиладор аёл бирор навбатчи шифокор хизматидан кўнгли тўлмаса, бошқасининг хизматидан фойдаланишни талаб қилишга ҳаққи борми?

— Ҳа, ҳаққи бор. Фақат бундай вазиятда туғуруқхона раҳбари хабардор қилиниши керак. Чунки шифокорларнинг иш жадвали раҳбар томонидан ҳар ойда тасдиқланади. 

— Дейлик, ҳомиладор аёл ўз яшаш жойидан узоқда (масалан, бошқа туманда) бўлган пайтда аҳволи оғирлашса, у ўша атрофдаги туғуруқхонага бориш ва бепул тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эгами?

— Албатта, бундай пайтда у ўша ҳудуд яқинидаги исталган туғуруқхонага бориш ва бепул тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

— Ҳомиладор аёл ёки туғилажак боланинг ҳаёти хавф остида қолганда, аёлнинг яқинларидан шифокорларни жавобгарликдан халос этувчи тилхат талаб қилиниши мумкинми? Умуман, бундай позиция қандай ҳолларда қўлланилади?

— Бундай тилхат шифокорни жавобгарликдан халос этувчи ҳужжат ҳисобланмайди. Шифокор беморнинг аҳволи ва унга қилиниши зарур бўлган даво чоралари ҳақида унинг яқинларига батафсил ва аниқ қилиб тушунтириши керак. Улар кўрсатилиши лозим бўлган тиббий муолажага розилик хати ёзиб беришади. Масалан, жарроҳликка розилик, найларни боғлашга розилик, қон қуйилиши ёки қон алмаштирилишига розилик, ОИВ текшируви учун қон таҳлилига розилик ва ҳоказо. Бундай розилик хати касаллик ва туғуруқ тарихига тикилади ва сақланади.

Зилола ХУДОЙБЕРДИЕВА,

тайёрлади




Ўхшаш мақолалар

Хоразмда  ўсимликлар  дунёсини  муҳофаза қилиш қониқарлими?

Хоразмда ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш қониқарлими?

🕔09:21, 23.10.2025 ✔5

Маҳаллий кенгаш депутатлари масъулларни тинглади

Батафсил
Саксовулни  кесганлар  ўн суткага қамалди

Саксовулни кесганлар ўн суткага қамалди

🕔09:09, 23.10.2025 ✔4

Бухоро вилоят Экология, атроф-муҳит муҳофазаси ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги назорат-рейд давомида Шофиркон туманининг чўл ҳудудидан саксовул ўсимлигини ноқонуний равишда кесиб, олиб кетаётган «Форд» русумли автомашина тўхтатилди.

Батафсил
Ёшлар бирдамлиги –  яшил  келажак  пойдевори

Ёшлар бирдамлиги – яшил келажак пойдевори

🕔15:31, 16.10.2025 ✔27

Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши ва экологик муаммолар глобал кун тартибининг ажралмас қисмига айланмоқда. Ўзбекистон ҳам бу жараёндан четда эмас.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Хоразмда  ўсимликлар  дунёсини  муҳофаза қилиш қониқарлими?

    Хоразмда ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш қониқарлими?

    Маҳаллий кенгаш депутатлари масъулларни тинглади

    ✔ 5    🕔 09:21, 23.10.2025
  • Саксовулни  кесганлар  ўн суткага қамалди

    Саксовулни кесганлар ўн суткага қамалди

    Бухоро вилоят Экология, атроф-муҳит муҳофазаси ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги назорат-рейд давомида Шофиркон туманининг чўл ҳудудидан саксовул ўсимлигини ноқонуний равишда кесиб, олиб кетаётган «Форд» русумли автомашина тўхтатилди.

    ✔ 4    🕔 09:09, 23.10.2025
  • Ёшлар бирдамлиги –  яшил  келажак  пойдевори

    Ёшлар бирдамлиги – яшил келажак пойдевори

    Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши ва экологик муаммолар глобал кун тартибининг ажралмас қисмига айланмоқда. Ўзбекистон ҳам бу жараёндан четда эмас.

    ✔ 27    🕔 15:31, 16.10.2025
  • Гужумларни  «мўйловдор»дан қутқара оламизми?

    Гужумларни «мўйловдор»дан қутқара оламизми?

    Ўтган асрнинг 70-йилларида мамлакатимизга Россия, Украина ва Беларусь ҳудудларидан кўплаб ёғоч материаллари олиб келинарди. Ўша вақтларда ёғоч-тахта пўстлоғида минтақамиз табиатига ёт бўлган номаълум ҳашарот ҳам кириб келди.

    ✔ 26    🕔 15:28, 16.10.2025
  • Чўлга  айланаётган кўл

    Чўлга айланаётган кўл

    Башариятни огоҳликка чорламоқда, лекин биз, инсонлар негадир бефарқмиз

    ✔ 46    🕔 14:52, 09.10.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар