«Яшил» иқтисодиётга ўтиш ишлари қониқарлими?
Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири парламент сўровига жавоб берди
БатафсилХабарингиз бор, ҳаракатланиш хавфсизлиги йўналишидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Тошкент шаҳридаги 115 та чорраҳага видео кузатув мосламалари ўрнатилган эди. 2017 йил 15 мартдан эътиборан онлайн тизимида ишлаётган ушбу видеокамералар қайд этган қоидабузарликлар учун ҳайдовчиларни жаримага тортиш механизми синов тариқасида ишга туширилди.
Ана шу янгилик тўғрисида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙІХББ бошлиғи, полковник Холматжон САЙДАЛИЕВга бир нечта савол билан мурожаат этдик.
— Синов тариқасидаги мазкур тизимни жорий этишдан кўзланган асосий мақсад ва унинг самарадорлиги тўғрисида гапириб берсангиз?
— Бу янгилик бизда илк бор қўлланиляпти. 15 март кунидан қоидабузарликлар учун жарима солиш тўғрисидаги қарор транспорт воситасининг мулкдорига жўнатилаверади. Айнан шу жараёнда тизимдаги техникаларнинг ишлашини назорат қилиб оламиз. Юзага келадиган муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрамиз. Шу сабабли ҳам синов тариқасида, деб айтиляпти. Янгиликдан мақсад эса, пойтахтимиз кўчаларида йўл ҳаракати хавфсизлигини замонавий технологиялар ёрдамида таъминлашдан иборатдир. Шунингдек, йўл ҳаракати қатнашчиларининг йўл-транспорт ҳодисаларидан ҳимояланганлик даражасини ошириш, пойтахт кўчаларининг юқори ҳаракат жадаллиги шароитида йўл ҳаракатини назорат қилиш, қоидабузарликларни автоматик тарзда аниқлаш ишларини такомиллаштиришга қаратилган. Бунинг учун назорат қилинадиган ҳар бир объект — чорраҳалар ҳаракатни назорат қилувчи, қоидабузарликларни автоматик тарзда аниқловчи замонавий техник воситалар, интеллектуал детекторлар, контроллерлар, видеокамералар билан жиҳозланди. Чорраҳалардан олинган барча маълумотлар Марказий диспетчерлик хизматига узатилади ва бу ердаги электрон табло ҳамда видеомониторларга чиқарилади.
Тизимга киритилган чорраҳалардаги светофорлар ҳам детекторлардан ҳаракат оқими тўғрисида олинган маълумотларни қайта ишлаш орқали автоматик тарзда бошқарилади. Светофорлар иш фаолиятини оптималлаштириш натижасида йўлларнинг ўтказувчанлик қобилияти оширилади. Натижада транспорт воситаларининг чорраҳалар олдида тўхтаб туришини 20-25 фоизга, двигателлардан чиқаётган заҳарли газларнинг 5-10 фоизга, ёнилғи сарфини 5-15 фоизга камайиши ҳисобига шаҳардаги экологик ҳолат анча яхшиланади.
Яна чорраҳалардаги вазиятни масофадан узлуксиз кузатиб бориш учун видеокамералар ҳамда фуқаролар учун махсус хизматларни, жумладан, ички ишлар, тез тиббий ёрдам, ёнғин хавфсизлиги хизматларини чақириш учун махсус воситалар ўрнатилди.
— 2015 йил 10 август куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қандай қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди?
— Ушбу қонунга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 2 та янги модда билан тўлдирилди ҳамда 13 та моддага қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Кодекс 171-модда билан тўлдирилди. Ушбу модда махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги ҳақида. Демак, унга кўра, махсус техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлик ҳолати қайд этилганда, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори тортилиши белгиланган. Шунингдек, юридик шахсга тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка юридик шахснинг транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахси тортилиши белгилаб берилди.
Кодексга киритилган иккинчи 3091-модда фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликларига нисбатан жарима солиш тартибини белгилайди. Унга кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарлиги бўйича жарима солиш тўғрисидаги қарор маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг иштирокисиз чиқарилади. Жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг кўчирма нусхаси фото ва видео қайд этиш техника воситалардан олинган материалларни илова қилган ҳолда қарор чиқарилган кундан эътиборан уч кун ичида буюртма почта жўнатмаси орқали ҳуқуқбузарга юборилади.
— Агар ўша қоидабузарлик содир этилган вақтда транспорт воситасининг эгаси уни ҳайдамаган бўлса-чи? Ахир, уловни ишончнома билан бошқа бир одам ҳам бошқарган бўлиши мумкин-ку?
— Тўғри. Қонунда масаланинг бу томони ҳам инобатга олинган. Агар маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор устидан берилган шикоятни кўриб чиқиш жараёнида тегишли транспорт воситасига ҳуқуқбузарлик қайд этилган пайтда эгалик қилган шахс аниқланса ёхуд мазкур транспорт воситаси бошқа шахсларнинг ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлари натижасида транспорт воситаси мулкдорининг эгалигидан чиқиб кетгани аниқланса, машинанинг эгаси ўзига тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун маъмурий жавобгарликдан озод этилади. Бу қоидабузарликларнинг олдини олишда жуда ҳам муҳим. Сабаби, эндиликда мулкдор ҳам ҳайдовчини қоидабузарлик қилмасликка чақириб, қоидаларга амал қилиш зарурлигини эслатиб туради. Айниқса, бир неча транспорт воситаларини ижара шартномаси асосида ёки ишонч қоғози билан бошқаришга берган мулкдорларнинг масъулияти ошади. Уларнинг ўзлари ҳам қоидабузарликларга қарши кураша бошлайди.
— Кодексга киритилган ўзгартиришлар нималардан иборат? Уларнинг энг асосийлари тўғрисида ҳам тўхталсангиз?
— Кодекснинг 127-моддаси иккинчи қисмининг диспозициясига киритилган ўзгартиришларга кўра, давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш ҳам маъмурий жавобгарликка тортишга асос бўлиши белгилаб қўйилди. Бундай ҳолатлар аниқланганида кодекснинг 291-моддасига асосан транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдонига қўйилади. Ишни кўриб чиқиш жараёнида бундай қурилмалар мусодара қилиниб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорида, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан беш бараваригача миқдорида жарима солинади.
— Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситаларидан олинган маълумотлар далил сифатида ўтадими?
— Ҳа, албатта. Кодекснинг 276-моддасига киритилган ўзгартиришга мувофиқ, автоматлаштирилган тизим орқали олинган маълумотлар маъмурий иш бўйича далил сифатида қабул қилиниши белгилаб қўйилди. Шунингдек, ҳужжатлар электрон шаклда расмийлаштирилиши сабабли махсус қайд этиш техника воситалари орқали «тутилган» ҳуқуқбузарлик учун маъмурий баённома тузилмаслиги ҳақида ҳам кодекснинг 283-моддаси тўртинчи қисм билан тўлдирилди.
— Маъмурий жазо қўллаш муддатлари қандай бўлади?
— Маъмурий жазо қўллаш муддатлари икки ойдан бир йилга узайтирилди. Бундан ташқари, кодекснинг 332-моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилиб, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун солинган жаримани ҳуқуқбузар жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб 60 кундан кечиктирмай, бундай қарор хусусида шикоят берилган ёки протест билдирилган тақдирда эса, шикоят ёки протест қаноатлантирилмагани тўғрисида хабар берилган кундан бошлаб ўттиз кундан кечиктирмай тўлаши лозимлиги ҳақидаги норма белгилаб берилди.
— Агар қоидабузар кўрсатилган ушбу муддатларда ҳам жаримани тўламаса, унга нисбатан қандай чора кўрилади?
— У ҳолда жарима солиш тўғрисида қарор чиқарган ваколатли орган раҳбари жарима солиш ҳақидаги қарор чиқарилган кундан эътиборан олтмиш кун ўтгач, жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг ижроси юзасидан иш юритиш тугагунига қадар транспорт воситасини вақтинчалик жарима майдонида ушлаб туриш тўғрисида ёзма кўрсатма бериши ҳақидаги қоида белгиланган.
— Агар муайян сабабларга кўра, қарор бекор қилинса-чи, унда қандай йўл тутилади?
— Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган йўл ҳаракати қоидалари бузилгани бўйича иш янгидан кўриб чиқиш учун юборилиб, қарор бекор қилинган тақдирда, мазкур иш маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга нисбатан у илгари содир этган ҳуқуқбузарликларнинг такрорийлигини инобатга олган ҳолда, умумий асосларда кўриб чиқилади.
— Ҳозиргача жарималар қоидабузарликларнинг такрорийлигига қараб белгиланар эди. Янги тизимда ҳам шу тарзда чора кўриладими?
— Тўғри. Қонун қабул қилингунга қадар транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ошириб юборишлари аниқланган тақдирда маъмурий иш ваколат доирасида кўриб чиқиш учун суд идораларига юборилиши лозим эди. Эндиликда бу турдаги ҳуқуқбузарлик алоҳида 1283-модданинг 3-қисми қилиб ажратилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг етти баравари миқдорида жарима солиниши белгиланди ва чора кўриш ваколати ДЙҲХХ мансабдор шахсларига берилди.
Энди қоидабузарликлар юзасидан тўғридан-тўғри жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилади. Бунда қоидабузарликнинг такрорийлиги инобатга олинмайди. Агарда чиқарилган қарор юзасидан шикоятни кўриб чиқиш жараёнида ушбу ҳуқуқбузарлик бошқа шахс томонидан содир этилгани аниқланса, қарор бекор қилинади ва машинани бошқариб, қоидабузарликни содир этган шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилади. Бунда қоидабузарликнинг такрорийлиги инобатга олинади. Қисқаси, жарима солиш тўғрисидаги қарорга эътироз билдирилмаса, қоидабузарликнинг такрорийлиги инобатга олинмайди.
Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири парламент сўровига жавоб берди
БатафсилСўнгги кунларда қабул қилинган муҳим қонунчилик ҳужжатлари давлатимиз экологик сиёсатини юқори босқичга олиб чиқади ва пировардида глобал иқлим ўзгаришларини юмшатиш, экологик вазият кескинлашишининг олдини олиш, самарали давлат бошқаруви назоратини йўлга қўйиш ҳамда фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқининг конституциявий механизмларини ривожлантиришга хизмат қилади.
БатафсилМамлакатимизда коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамасдан жамият ҳаётида рўй бераётган коррупцион ҳолатлар бу иллатга қарши курашда бир зум ҳам тўхтамасликни талаб этади.
Батафсил