Зангиота туманида яшовчи Абдураззоқ ака билан тасодифан танишиб қолдим.
Илгари илмий даргоҳларда ишлаган, боғдорчиликдан талабаларга дарс берган экан. Олий маълумотли агроном фермер хўжалигига асос солиб, кўчат етиштириш билан шуғулланаётган экан.
— Кўчат етиштириш билан шуғулланаётганимга салкам ўттиз йилча бўлди, — дейди кўчат етиштирувчи фермер Абдураззоқ ака РИХСИЕВ. — Тўғрироғи, бу иш билан оилавий шуғулланамиз. Бунда соҳани яхши тушунганим жуда катта ёрдам беряпти.
Фермернинг айтишича, кўчат харид қилаётганда уч-тўрт жиҳатга эътибор қаратиши лозим экан. Яъни, кўчат экишдан мақсад нима? Маълум бир муддат ўтиб, оладиган ҳосилини қаерга йўналтирмоқчи: ички бозоргами ёки ташқи? Шунга аниқлик киритиб олиниши керак. Сўнг кўчат нави танланади.
Экиш учун ҳамиша соғлом ва яхши ривожланган кўчат танланиши лозим. Бундан ташқари, кўчат экишга мўлжалланган ер атрофидаги мевали ёки оддий дарахтларнинг ўсишига эътибор қаратиш керак. Агар улар гуркираб ўсаётган бўлса, демак, сизда ҳам айтарли муаммо бўлмайди.
— Имкон қадар ўзимизнинг шароитга мослашган кўчат танланиши лозим, — дейди агроном-фермер. — Шуниси ишончлироқ. Айрим тадбиркорлар қандайдир йўллар билан турли хорижий кўчатларни келтирмоқда. Аммо ўша кўчатлар билан бирга, бизда илгари умуман учрамаган мевали дарахтлар касалликлари ҳам кириб келяпти-да! Аввало, уларни 1-2 йил карантинда, мутахассислар назоратида кузатиш керак. Кўчатлар яхши ривожланса ва турли касалликлари намоён бўлмаса, ундан сўнг кўпайтиришга ўтиш мумкин.
Баъзилар: «Берган кўчатингиз сиз айтгандай, ҳосилга кирмади, ривожланмади ёки қуриб қолди-ку?!» қабилидаги савол билан мурожаат қилади. Шунда мен ҳам сўрайман: «Хўп, унда бошламасига айтинг-чи, кўчатларга маҳаллий ўғит берганмидингиз?», «Ҳа, 3 йил бўлди, берганимга», дейди. Мана, сизга жавоб!
Боғбон яқинда пастак ва ярим пастак данакли мевали дарахтлар учун гилос, олхўри, шафтоли, ўрикнинг пайвандтагини келтириб экибди. Ундан бунинг аҳамияти ҳақида сўрадик.
— Масалан, биргина гилосни олайлик. Маҳаллий, баланд бўлиб ўсадиган гилослар гектарига ўртача 10 тонна ҳосил берса, биз келтирган турли касалликларга чидамли «ВСЛ-2» пайвандтагига пайвандланган гилос йилига барқарор 35 тоннагача ҳосил бериши мумкин. Яна «СК-4», деб номланадиган ярим пастак олма дарахти учун пайвандтаг ҳам келтирганмиз. Уям касалликларга жуда чидамли.
Тажрибали боғбоннинг айтишича, интенсив боғ қилинганда мевасининг мазаси, катта-кичиклиги, ранги 90 фоиз ўзгаришсиз қоларкан. Фақат айрим турларда ўзгариш бўлиши мумкин экан. Қизиғи, пастак ва ярим пастак дарахтлар меваси оддий навникига қараганда йирикроқ ва мазалироқ ҳам бўларкан. Лекин бунинг баъзи нозик жиҳатлари ҳам мавжуд: тўғри парваришланмаса, маҳаллий ва бошқа ўғитлар берилмаса, дарахтнинг кичик илдиз қисми ердан керакли озуқани ололмайди. Натижада унинг ривожланиши секинлашади, ҳосил бериши камайиб кетади. Баланд ўсувчи дарахтларда эса бундай муаммо бўлмайди. Илдизи бақувват, катта ва чуқур кетгани боис бемалол танасини керакли озуқа билан мустақил таъминлай олади.
Боғбоннинг айтишича, дарахтни буташ, шакл беришда ҳам гап кўп экан. Бунда иложи борича ҳар бир дарахтга алоҳида-алоҳида ёндашилиши керак. Уларни бир хил қилиб кесмаган маъқул. Бу эса боғбондан тузуккина изланишни, ўқиб-ўрганишни талаб этади.
Нурбек ҒАФФОРОВ
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔102
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔185
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔366
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил