Самарқандга яқинлашганимизда шундоқ йўл ёқасидаги интенсив боғларга кўзим тушди. Бир текис ўсган мевали дарахтларга ҳайрат билан қараётганимни сезган ҳайдовчи: «Ака, бу пакана дарахтлар жуда серҳосил бўларкан. Шохлари мевасини зўрға кўтаради-я! Томорқамга ҳам 15 тупини экканман, бу йил ҳосилга киради», деб қолди.
Ҳайдовчининг интенсив боғ, пастак мевали дарахтлар тўғрисида тузуккина хабари бор экан. Одамларимиз ҳам жуда тадбирли-да, бир вақтнинг ўзида асосий касби билан баравар томорқани ҳам, боғдорчиликни ҳам ўринлатади.
Шунақа одамларни кўрсам, кайфиятим кўтарилади, уларга ҳавас қиламан. Бозорларимизга сифатли маҳсулот етказиб бериш, турли мевали дарахтлар кўчатларини кўпайтириш, интенсив боғлар барпо этишда ана шундай томорқачиларнинг ҳам ҳиссаси катта. Натижа: бозорларда мевалар мўл-кўл, нархлар арзон... яна рўзғорга яхшигина даромад келади.
Бундай боғларнинг кўпгина афзалликларга эга эканига бугун ҳаммамиз гувоҳ бўляпмиз. Мисол учун, оддий мевали дарахт экилганидан бошлаб дастлабки ҳосилини бергунча одатда, 4-5 йил ўтади. Интенсив боғдорчиликда эса дарахт иккинчи ёки учинчи йилдаёқ ҳосилга киради. Бир сафар Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги сайтида ўқиб қолгандим: 2011 йилда яратилган бундай боғларнинг ҳар гектаридан 2014 йилда ўртача 300 центнердан мева олинибди. Ҳосилдорлик эса йил сайин ошиб боравераркан.
Дастлаб, хориждан интенсив технологиялар асосида парваришланадиган пастак ва ярим пастак олма, нок, олхўри, гилос ва шафтоли кўчатлари олиб келиниб, асосан, Тошкент ҳамда Самарқанд вилоятларининг фермер хўжаликлари ер майдонларига экилганди. Ушбу боғлар мамлакатимизнинг тупроқ-иқлим шароитига тез мослашиб, қисқа муддатда ҳосилга кирган. Бугун барча вилоятларда интенсив боғларга қизиқиш кучаймоқда.
Пастак ва ярим пастак дарахтларга қуёш нури керагича тушади, орасида ҳаво яхши айланади. Ана шунинг ҳисобига ҳам меваси сифатли ва таъми ширин бўлади, яхши сақланади. Боғ қатор орасига ишлов бериш осон ва меваси ҳам нарвон ишлатмасдан терилади.
Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими Аббосхон Абдуллаев ўзи фаолият кўрсатаётган илмий-тадқиқот институтида хориждан келтирилган гилоснинг карлик пайвандтаги устида изланишлар бошлаб юборилгани ҳақида гапирган эди. Тасаввур қилинг-а, худди олмага ўхшаб, нарвон қўймай, қип-қизил бўлиб етилган гилос ҳосилини териб оласиз...
— Юртимиз ҳудудларида гилос учун асосан камхастак (магалебская вишня) ва оддий олча (вишня обыкновенная) пайвандтагларидан фойдаланилади, — дейди олим. — Уларнинг ўзига хос салбий ва ижобий хусусиятлари мавжуд, албатта. Камхастак пайвандтагида ўсувчи дарахтлар йирик бўлиб, ер ости сувлари чуқур бўлган (асосан, тоғ ва тоғолди ҳудудларида) ерларда яхши ўсади.
Бунинг ҳам ўзига яраша нозик жиҳатлари бор. Масалан, бундай боғда қатор орасига кўп ишлов бериш ва суғориш салбий таъсир кўрсатади. Натижада, дарахтлар кўп яшамай, қуриб қолади. Оддий олча пайвандтагида эса кўпгина навларда пайвандуст билан пайвандтаг яхши уйғунликка эга бўлмайди. Шунингдек, тупроқ билан яхши жипслашмайди (ўрнашмайди) ва айни ҳосилга кирган даврда кучли шамолдан ағнаб кетиши мумкин. Лекин бундай кўчатлар ер ости сувлари нисбатан яқин бўлган (2,5-4,0 метр) ерларда яхши ўсади.
— Сўнгги йилларда юртимизга хориждан гилоснинг паст бўйли «Кольт», «Максима-14», «Гизелла-5» каби пайвандтагларда ўсувчи кўчатлари кириб келди, — дейди тадқиқотчи Аббосхон Абдуллаев. — Бундай боғлар ҳам интенсив ҳисобланиб, мўл ҳосил беради. Илдизи жуда яқин бўлган ер ости сувларига етиб бормайди.
Бироқ бу кўчатлар тупроқ унумдорлиги ва ташқи муҳит ҳолатига жуда талабчан экан. Демак, бизнинг шароитда бундай кўчатлар бир қанча муаммоларни келтириб чиқаради. Жумаладан, Бўстонлиқ туманида жойлашган бир фермер хўжалигида 18 гектар ер майдонида хориждан олиб келинган «Максима-14» пайвандтагига уланган гилослардан ташкил қилинган боғ яратилди. Аммо экин икки йилда кучли клястоспориоз (данакли экинларда кенг тарқалган замбуруғли касаллик)га чалинибди. Ҳатто, ана шу пайвандтагни тавсия қилган хорижлик мутахассислар ҳам бу касалликни даволашга ожиз қолди.
— Лекин биз изланиб, буни бартараф эта олдик, — дейди А.Абдуллаев. — Турли касалликларга чидамли, бизнинг тупроқ ва иқлим шароитимизда яхши ўсиб-ривожланадиган «ВСЛ-2» пайвандтаги мавжуд. У ҳам пастак бўйли бўлиб, барча гилос ва олча навлари билан яхши уйғунлашган ҳолда ўсади. Бундай пайвандтагда ўсувчи гилосларни гектарига 1000-1250 тупдан экиш мумкин. Мазкур пайвандтаг Ўзбекистонга икки йил аввал олиб келинган бўлиб, институтимизда уни кўпайтириш ишлари олиб борилмоқда.
Бундай пастак гилос кўчати биз кўриб ўрганиб қолганимиздан фарқ қилади, албатта. Бўйи паст, баландлиги кўпи билан 2,5-3 метргача етади. Ўртача бўйи эса 1,7 метр. Жуда тез ва чиройли ўсади, меваси ғуж-ғуж етилади. Бир тупи мавсумда 10-20 килограмм ҳосил бериши мумкин. Совуққа чидамли, мевасини узоқ масофаларга ташиса ҳам бўлади. Энди бундай боғ яратишни истаганлар буни банкдан кредит олиб ҳам амалга ошириши мумкин.
«...Бундай боғлар келгусида янада кўпаяди. Бу қўшимча иш ўринлари ҳам дегани-да! Ўзимизнинг ширин, витаминларга бой меваларимиз экспортга чиқади ҳали. Жуда харидоргир бўлиши ҳам аниқ. Бу ўз навбатида даромад келтиради, иқтисодий қудратимиз янада ошади», дея сўзига якун ясади йўл давомида тўлиб-тошиб гапирган ҳайдовчи.
Пастак гилоснинг афзалликлари:
кам жой талаб қилади;
бошқа гилосларга қараганда тезроқ ўсади;
оддий навларга қараганда эртароқ ҳосилга киради;
ҳосилини териш осон;
парвариш қилиш осон;
кучли шамоллар эсувчи ҳудудга ҳам тўғри келаверади, шохлари камроқ синувчан;
илдиз қисми катта бўлмагани боис ер ости сувларига етиб бормайди;
оддий навли гилосдан 3-4 баравар (гектарига) кўпроқ ҳосил беради.
Нурпўлат НУРҚУЛОВ