Айтишларича, тандирдан янги узилган нон ва янги туғилган чақалоқнинг иси дунёдаги энг тотли ҳидлардан экан.
Чиндан ҳам, тандирдан ҳозиргина узилган иссиқ ноннинг тоти ва ҳиди жуда ўзгача. Юртимизнинг қай гўшасига бормайлик, албатта, дастурхонга энг аввало, нон қўйилади.
Мазали нонни тотиб кўрар эканмиз, албатта, тандир ясовчининг меҳнати ҳам кўз олдимизга келади. Тандир эса ўзбек халқи миллий ҳунармандчилигининг бир бўлаги ҳисобланади. Ота-боболаримиздан қолган миллий қадрият, ажойиб ихтиро.
— Лой тепишни ёшлигимданоқ ўзлаштирганман, — дейди 26 йиллик тажрибага эга наманганлик тандирсоз-ҳунарманд Элбек АБДУЛЛАЕВ. — Бунга, албатта, отам сабаб. У ясаган тандирларни кўриб, шу ҳунарга меҳрим тушди. Ўзим ҳам бир нечта тандир, ўчоқ ясашга уриниб кўрганман. Биринчи ясаган тандирим сотилгани сира эсимдан чиқмайди. Дадам: «Бу сенинг ҳалол меҳнатинг...», дея қўлимга пул тутқазганди ўшанда. Севинганимдан ўша куниёқ бир ўзим иккита тандирни ясаб қўйганман. Бора-бора бу ҳунарга меҳр қўйдим ва у асосий машғулотимга айланди. Тандир ясашнинг ўзига яраша машаққатлари бор, албатта. Бу сабр-тоқат ва қизиқиш талаб этадиган иш. Гап шундаки, биз ясаган тандир ҳам ўзимизни, ҳам новвойни боқади.
Отамиз саккиз фарзандни шу ҳунари орқасидан катта қилган. Мана, ҳозир тўрт ўғил шу иш билан шуғулланяпмиз.
— Тупроқ қандай танланади ва уни қаердан оласиз?
— Бу ишда сифатли тупроқ танлаш жуда муҳим. Масалан, «ширали» тупроқ. Чунки сифатли тупроқдан ясалган тандир узоқ йиллар хизмат қилади. Табиийки, бундай тупроқ ҳамма жойда учрайвермайди. Уни махсус ерлардан ковлаб оламиз. Бу юмушнинг ҳам ўзига хос тарафлари кўп.
— Ясаш жараёни қандай кечади?
— Аввало, пишиқ чиқиши учун сомон ва қўй жуни қўшилиб, лой қорилади. Лой меъёрига етгач, зувалалар ажратиб олинади. Улар эса тандир ўлчамига қараб икки ёки икки ярим метргача чўзилади. Сўнг махсус қалинликда, оёқ билан ёйиб чиқилади. Ёйилмани тандир ҳолига келтиришдан олдин 7-8 соат тегмай турилади. Тайёр бўлган ёйилманинг аввал таг қисмини ўрнатиб, ғундак ва товончада ишлов берилади. Энг нозик жойи ҳам шунда. Негаки, тандирга қандай ишлов берсангиз, шундайлигича қотади. Товончани — тахтадан, ғундакни эса — мис, кумуш ва сополдан ясаш мумкин. Ишлов берилган таг қисмига ҳам бироз дам бериб, қуригач, иккинчи ёйилмани ўрнатиб, суюқ лой ёрдамида бир-бирига уланади. Юқори, яъни оғиз қисмига томон торайтириб борилади ва керакли шакл берилади. Тандирнинг оғиз қисми эса алоҳида тайёрлаб олинади.
— Битта тандир неча кунда тайёр бўлади?
— Рисоладагидек иссиқда тандир бир кунда тайёр бўлади. Ёмғирли кунларда эса ичига ўтин ёқиб, қуритамиз.
— Оладиган даромадингиз қандай? Умуман, бир кунда нечтагача тандир ясашингиз мумкин?
— Бу мавсумий ҳунар. Баҳор-ёз-куз ойларида иш ва буюртма кўп бўлади. Икки нафар шогирдим билан бир кунда ўн иккитагача тандир ясаймиз. Шундан саккизтаси катта-кичиклигига қараб, 30-50 минг сўмга сотилади. Ўзим ҳам бир қизиқиб, хомчўт қилиб кўрдим: ўтган йили ўртача 40 миллион соф даромад олибмиз. Сотувчи — укам, мен ясаб беравераман, у сотаверади. Оилавий тадбиркорлик, деяверинг. Шу меҳнатимиз орқасидан тўйлар қиляпмиз, дастурхонимиз тўкин-сочин, турмушимиз фаровон.
— Қишда-чи, нима қиласизлар?
— Ясаб қўйилган захира тандирларимизни секин сотаверамиз. Бундан ташқари, иккита соғин сигиримиз бор. Аёлим ҳам тадбиркорликда мендан қолишмайди. Сигирлар сутидан ўзимиздан орттириб, кунига 20-25 минг сўм даромад олади. Бу ҳам рўзғорнинг бир томонига ярайди.
— Фарзандингиз ҳам бу ҳунарга қизиқадими?
— Қизиқади. Ҳар сафар тандир ясаганимда ўғлим ҳам қўшилиб, бир нималар ясашга, шогирдларимга ўхшаб ишлашга ҳаракат қилади. Унга ҳам ҳунар сирларини ўргатяпман, албатта. Ўқишдан бўш вақтларида менга ёрдамчи. Бир йигитга қирқ ҳунар ҳам оз, деб бежиз айтишмаган.
Дилфуза ТИЛЛАЕВА
ёзиб олди.
�тувчиси
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔101
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔185
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔364
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил