Мустаҳкам оила      Бош саҳифа

ОИЛАНИНГ ПУЛ ЗАВОДИ

Мен ҳар гал ўқувчилардан ўзи ишлатаётган қимматбаҳо телефон кимнинг пулига келганини сўрайман. Табиийки, у албатта, ота-она маблағи ҳисобига олинган бўлади.

ОИЛАНИНГ ПУЛ ЗАВОДИ

 Кейин ота-она уни қайси хизматлар эвазига олиб берганини суриштираман. Афсуски, кўп ҳолларда у матоҳ, шунчаки бир эрмакка ё бошқалардан кам бўлмаслик учун фарзанд қўлига тутқазилган бўлади. Агар ота-она фарзанднинг ҳамма хоҳишини зарур-нозарурга ажратмасдан, бажо келтираверса, кўнгли тусаган нарсасини муҳайё қилаверса, болани боқиманда қилиб қўймайдими?

«Юксак маънавият — ­енгилмас куч» асарида муҳтарам Президентимиз таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмаслигини, бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси эканини алоҳида таъкидлаган. Шунга кўра, ҳозир фарзандларимиз ўрганаётган иқтисодий билимлар уларнинг тарбияси ва ахлоқида қай даражада ўз аксини топяпти?  

Бугун мактаб, коллеж ва лицейларда иқтисодиёт билан боғлиқ ўнга яқин фанлар ўқитиляпти. Уларнинг фарзандларимиз ҳаётида назарий ва амалий жиҳатлари қандай аҳамият касб этяпти? Менинг назаримда, таълимнинг сифати ва самарадорлиги унинг ҳаётдаги муаммоларга қай тарзда жавоб топиб бера олиши, қанчалик нафи тегиши билан белгиланади.   

Ўрта ва ўрта-махсус таълим тизимида ўқитилаётган иқтисодий тушунчалар бу шунчаки илмий-назарий гаплар эмас. Соғлом рақобат, талаб ва таклиф қонуни, даромад ва харажатлар, маркетинг, савдо маданияти каби тушунчалар замирида ҳаётимиздаги энг муҳим вазиятлар ва уларнинг ҳаётий ечими ётади.

Мана шу тушунчаларни фарзандларимиз ҳаётга боғлаб ўрганмас экан, улар оиламизда ҳар куни фойдаланаётган нарсаларнинг орқасида ота-онанинг залворли меҳнати ётганини англаб етиши қийин. Афсуски, баъзи болалар ўзига сарфланаётган пулнинг қаердан келаётганини чуқур ўйлаб кўрмайди. Улар учун гўёки ота-онасининг пул заводи бордай. Агар бирон марта ота-онанинг имкони бўлмасдан фарзанд истагини муҳайё қила олмаса, бола бундан қаттиқ тушкунликка туша бошлайди. Ҳатто, ўзини ортиқчадай ҳис қилади.

Машҳур ёзувчи Абдулла Қодирий ҳаётида бўлган бир воқеани ўқигандим. Кунларнинг бирида ёзувчининг онаси агар имкони бўлса, ўғлингга велосипед олиб бер, деб маслаҳат солади. Шунда адиб бунга ҳозир менинг моддий имкониятим етарли. Лекин менинг фарзандим кўчада велосипед миниб юрса, маҳалламиздаги велосипеди йўқ болалар ота-онасига хархаша қилиб қолмасмикан, деб ўйлаяпман, деган экан.

Бу гаплар, айниқса, бугунги кунимизда бизга ўрнак бўлиши керак. Айрим қўли узун ота-оналар боласининг айтганини бир лаҳзада муҳайё қилиш билан уларни боқиманда қилиб қўймаяптими? Ёки бу иш бошқа қўли калтароқ одамларнинг дилини ўкситмаяптими? 

Ўғил уйлантириб, қиз чиқариш бизда тўлиғича ота-онанинг зиммасида. Ҳатто, тўйнинг узундан-узоқ маросимлари-ю анжом-харажатларига ҳам келин-куёв бир тийин сарфламайди. Шундай бўлгач, оилавий турмушни барпо этиш енгил кечмаганини ёшлар ҳис қила олармикан? Тер тўкиб меҳнат қилмаган киши текин молнинг қадрини билмаслиги табиий-ку! Улар ҳам эрта-бир кун ўзи бир оилани мустақил идора қилишига тўғри келади. Фақат тайёрига ўрганган, боқиманда ва ношуд киши оила бошқариш, уни таъминлашни эплаб кета оладими?

Иқтисодий барқарорлик аслида пул ва мол-давлатнинг кўплигида эмас, мавжуд сармоядан тежаб-тергаб, исроф қилмасдан, ақлни ишлатиб, фойдалана билмоқдир. Бизнинг вазифамиз фарзандимизга берган ўн сўмни уддабуронлик ва ҳалол йўллар билан ўн бир сўмга айлантира олишни ўргатишдир. Фарзандлар ота-она билан елкама-елка туриб, меҳнатга одатланиши келажакда яхши самара беради. Болани меҳнатга жалб қилиш  фақатгина моддий бойлик топиш учун эмас, қанчалик ўзига тўқ бўлса-да, ҳеч бўлмаса бир ҳунарни ўрганиши, келгусида бошқаларга қарам бўлмай, ўз пешона тери орқасидан кун кўриши учун ниҳоятда зарурдир.         

Дилрабо БОБОЖОНОВА,

иқтисодиёт фани ўқитувчиси




Ўхшаш мақолалар

Оила ва никоҳ –  муқаддас қадрият

Оила ва никоҳ – муқаддас қадрият

🕔16:36, 02.05.2024 ✔27

Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида қадрланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор ривожланади. Бу борада халқ депутатлари Кўкдала туман Кенгашига Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутат, тумандаги «Олтин бошоқ» маҳалласи хотин-қизлар фаоли Дилноза Эшмаматованинг олиб бораётган ишлари таҳсинга лойиқ.

Батафсил
Еттинчи синфда  унаштирув

Еттинчи синфда унаштирув

🕔15:57, 08.01.2024 ✔123

ёхуд эски «сценарий» мутасаддиларга нега ҳамон манзур бўлмоқда?

Батафсил
Оилада  мaънaвий-axлoқий  иқлим  мўътaдиллиги

Оилада мaънaвий-axлoқий иқлим мўътaдиллиги

🕔17:36, 23.11.2023 ✔200

Уни барқарорлаштиришда нималарга эътибор қаратиш зарур?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Оила ва никоҳ –  муқаддас қадрият

    Оила ва никоҳ – муқаддас қадрият

    Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида қадрланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор ривожланади. Бу борада халқ депутатлари Кўкдала туман Кенгашига Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутат, тумандаги «Олтин бошоқ» маҳалласи хотин-қизлар фаоли Дилноза Эшмаматованинг олиб бораётган ишлари таҳсинга лойиқ.

    ✔ 27    🕔 16:36, 02.05.2024
  • Еттинчи синфда  унаштирув

    Еттинчи синфда унаштирув

    ёхуд эски «сценарий» мутасаддиларга нега ҳамон манзур бўлмоқда?

    ✔ 123    🕔 15:57, 08.01.2024
  • Оилада  мaънaвий-axлoқий  иқлим  мўътaдиллиги

    Оилада мaънaвий-axлoқий иқлим мўътaдиллиги

    Уни барқарорлаштиришда нималарга эътибор қаратиш зарур?

    ✔ 200    🕔 17:36, 23.11.2023
  • Оилавий ажримлар:  калаванинг учи  кимнинг  қўлида?

    Оилавий ажримлар: калаванинг учи кимнинг қўлида?

    Ўзбек жамияти ҳақида гап кетганда, европа бизнинг оила анъаналаримизга, қадрият, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, ришталарни мустаҳкамловчи тушунчаларимизга ҳавас билан қарайди, деб мағрурланишга ўрганиб қолганмиз.

    ✔ 204    🕔 10:24, 27.10.2023
  • Фикр  От қачон  қозиғини  топади?..

    Фикр От қачон қозиғини топади?..

    Ўзбекнинг мақоли: «От айланиб қозиғини топади», дейди. Лекин бизнинг таълим-тарбия отимиз узлуксиз айланмоқда. Бир италиён Монтессори, ... кейин корейс, энди фин услубиётига бошини уриб кўрмоқда. Ҳозиргина ўқиб қолдим, Саудия Арабистони таълимини андоза қилишар эмиш...

    ✔ 225    🕔 13:18, 06.09.2023
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар