Буни қилаётган ҳам, жабрини тортаётган ҳам ўзимиз эмасми?
Ўсиб келаётган ҳар бир болага таълим-тарбия бериш бутун жамият, айниқса, педагоглар олдига муҳим вазифалар қўяди. Аммо бугун айрим ўқитувчилар зиммасидаги масъулиятни унутиб, ўзларига берилган ишончни суиистеъмол қилиб, ўқувчиларидан шахсий манфаати йўлида фойдаланаётганига гувоҳ бўляпмиз.
Ўқув-тарбия муассасаси ходимларининг янги «вазифа»си пайдо бўлаётгани ҳақида баъзан эшитиб қоляпмиз. Ачинарлиси, бунда айрим ота-оналар ҳам фаоллик ва ташаббускорликни қўлдан беришмаяпти...
«Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга.
Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади.
Мактаб ишлари давлат назоратидадир.»
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси
41-модда
Бобо-буви, ота-оналаримиздан эшитганмиз, илгари ўқитувчи ва ўқувчини фақат илм-фан боғлаб турган. Ҳозир эса ўқувчисидан совға-салом олмаган ўқитувчи — ўқитувчи дейишга нолойиқ, ўқувчилар эса устозига камида фалон минг сўмлик совға беролмаса, ўқувчи деган номга доғ туширган, деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор экан орамизда.
Тамагирлик ва порахўрлик сари дастлабки қадам ҳисобланган бундай ҳаракатлар ўқувчиларнинг таълим-тарбиясига, касб-ҳунар эгаллаши-ю, келажакда хизмат вазифасини виждонан бажаришига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди, албатта. Замонавийлик белгиси, маданиятли одамларга хос иш, деб қабул қилинаётган бу «анъана» маънавияти эндигина шаклланаётган, ҳали тўғри-нотўғрини фарқлаб улгурмаган, келажакда юртга хизмат қиладиган соғлом авлод бўлиши кутилаётган ўқувчиларнинг тўғри тарбия олиши, дунёқарашининг шаклланиши, илм эгаллашига тўсқинлик қилмайдими?
Муаммони ўрганиш чоғида бир қанча ота-оналар билан суҳбатлашдик. Уларнинг кўпчилиги исм-шарифи бирор жойда эълон қилинишини истамади. Бунга сабаб — вазиятга тўғри баҳо бера олмайдиганлар наздида ўзи ва яқинлари, айниқса, мактаб ёки мактабгача таълим муассасасига бораётган фарзандининг иғвогардек кўриниб, маломатга қолишни истамаслиги экан.
«Фарзандим келажагидан хавотирдаман»
Таҳририятимизга Бухоро вилояти Шофиркон туманидан келган хатда шундай ёзилган:
— Синглим «...»-мактабда ўқийди. Ўқитувчисининг туғилган кунига гуруҳи билан пул йиғишиб, гилам совға қилмоқчи эканини айтиб, пул сўради. Пул бермасак, гуруҳдан ажралиб қолиши, устози эшитса, хафа бўлишини айтди. Бу таклиф айрим «ташаббускор» ота-оналардан чиқибди. Онам фарзандини хафа қилишни истамай, сўраган пулини берди. Бу каби ғалати одатлар кун сайин кўпайиб боряпти. Тўғри, устознинг хизматини ҳеч нарса билан баҳолаб бўлмайди. Аммо бу ўқувчининг ҳам, ота-онанинг ҳам вазифасига кирмайдиган иш-ку...
Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги мактаблардан бирида таълим олган қизнинг онаси шундай дейди:
— Қизимнинг синф раҳбари ўғлини уйлантирганда айрим бадавлат ота-оналар: «Фарзандимизнинг биринчи устози тўй қилади-ю, биз қўл қовуштириб турамизми», деб тўёна ҳаракатига тушишди. Нима эмиш, бу бурчимиз, тўёна бермасак, андишасизлик бўлармиш. Биз ҳам шундай «бурчимиз» борлигини билмас эканмиз, деб кўпчиликка қўшилдик. Тўёнага 25 минг сўмдан йиғиб бердик. Бу кетишда невараларимиз мактабга боргунича устозлари учун уй ёки дала-ҳовлининг ҳаракатини қилиб турсак ҳам бўлади, шекилли.
— Учтепа туманидаги Тошкент юридик коллежини тамомлаганман, — дейди тошкентлик бир уй бекаси. — Битирув кечасида гуруҳ раҳбаримизга сўнгги русумдаги телефон совға қилган эдик. Бу таклиф гуруҳ раҳбари билан келишган ҳолда ота-оналар «комитети»дан чиққан. Бундан ташқари, уч йил давомида гуруҳ раҳбаримизни бош-оёқ кийим билан таъминлаганмиз. Айрим ота-оналар бундан норози бўлишган. Аммо бу одат тусига кириб қолган, ўқувчи устозини тез-тез совға-салом билан сийлаб турмаса, кўп йиллик «анъана»ни бузган ҳисобланади.
Ҳадя бермаган бола кўчага ҳайдалади
«Тошкент шаҳри Сергели туманидаги 121-сонли боғчада деярли ҳар ҳафта тарбиячилар иштирокида саҳна кўриниши уюштирилади. Уни томоша қилиш учун 4 минг сўм нарх ҳам белгиланган. Пулини тўлаган бола бир неча соат давомида тадбирни томоша қилади, тўламагани эса ташқаридан қулфланган хонада ёлғиз ўтиришга мажбур...»
«Хоналар, ўйингоҳларни сўнгги русумдаги бирор жиҳоз олиб, директорнинг дидига мос тарзда безатиш ҳам ота-оналар зиммасига мажбурий юкланган. Хонага бирор жиҳоз ҳадя қилмаган бола кўчага ҳайдалади, ўйингоҳ таъмирига ўз ҳиссасини қўшмагани эса, хонага қамалади...»
Булар фарзандини шу боғчага берган оналарнинг гаплари. Улар бу гапларни узоқ вақтдан бери кўпчиликни қийнаётган муаммонинг бартараф бўлишига ёрдам беради, деган умидда айтишди. Айнан шу муаммо фарзандини мактаб, академик лицей, коллежда ўқитаётган бошқа айрим ота-оналарни ҳам қийнаяпти. Таълим-тарбия муассасаси давлат стандартига мос равишда етарли жиҳозлар билан таъминланган бўлса-да, бундан у ерда фаолият юритаётганларнинг кўнгли тўлмаса, бунга ўқувчи ва унинг ота-онасини мажбур қилиш қайси қонунга мос келади? Тўғри, таълим муассасасида фаолият юритадиган Васийлик кенгаши муассаса фонди учун ихтиёрий ҳомийлик йиғимлари ташкил этиши мумкин. Лекин молиявий аҳволи ўзига яраша бўлган ота-онадан турли йиғимларни мажбурий ундиришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Бугун мамлакатимиздаги 9 минг 698 та умумтаълим мактабларида 4,5 миллион нафардан ортиқ ўқувчи таълим оляпти. Зиммасида таълим-тарбия беришдек улкан вазифаси бўлган айрим мураббийлар бу «анъана»нинг янги кўринишларини топиб, кундан-кунга авж олишига ҳисса қўшяпти. Тилида: «Сизлардан менга ҳеч нарса керак эмас...» деб қайта-қайта такрорласа-да, совға билан йўқлаб турмаган ўқувчисига нисбатан ўз-ўзидан эътибори сусайиб қоляпти. Айрим ота-оналар эса, гўё кимўзарга беллашгандай фарзанди таълим олаётган муассаса ходимларини сийламоқда.
Афсуски, бу ишлар ҳеч бир қонуний асосга эга эмас, «андиша»ли ота-оналар-у, асли вазифаси нимадан иборатлигини унутиб қўйган баъзи ўқитувчилар ўйлаб топган йўл эканини яхши англаса-да, бошқа ота-оналар ҳам фарзандига зарар етишини истамай, шу «ташаббус»га қўшилишга мажбур бўлишяпти. Шунингдек, бундай «анъана»лар касбга нисбатан ҳурматсизлик эканини яхши билган мураббийлар ҳам ўз-ўзидан «шуларнинг биттаси» деган номни орттириб оляпти.
Яқинда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу қонун коррупцияни ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларидан тўлиқ бартараф этишга, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда бу иллатнинг ҳар қандай кўринишларига тоқат қилмаслик муҳитини яратишга қаратилган.
Ким бўлишимиздан қатъи назар, бу саъй-ҳаракатларнинг самарасига ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишга ва хизмат вазифамизни бажаришда йўлдан оғишмасликка масъул эканимизни унутмайлик!
«Ҳамма ўз вазифасини бажарсин»
Убайдулла АБДУҚАЮМОВ, меҳнат фахрийси:
— Айрим ота-оналарга бу иши, аввало, фарзандига зарар қилишини тушунтиришга уринганимизда, шундай қилишмаса, ўқитувчи, мураббийлар боласини яхши ўқитмай, бошқалардан ажратиб қўйишини айтишган. Мураббийлар билан суҳбатлашганимизда эса, улар: «Биз ҳеч нарса сўрамаймиз, ота-оналар қўярда-қўймай беришяпти», дейишади. Аммо бу билан муаммо ечилиб қолмайди, аксинча, илдиз отаверади. Энг ёмони, мураббий ва ота-оналар ўртасидаги «олди-берди»лар таъсирида боланинг таълим-тарбия олиши издан чиқади.
Шаҳноза РАЖАБОВА