Бир амаллаб китобимни ҳам чиқариб олдим. Дунёда битмайдиган иш йўқ, деган эди домлам. Мутлақо тўғри гапирган экан.
Мана, ёнимизда даста-даста пул, дўкон пештахталарида китобимиз Осмоний деган номимизни кўз-кўз қилиб турибди. Лекин... лекин масаланинг нозик томони бу ёқда экан.
Китобимнинг чиққанига роса ярим йил бўлди ҳамки, у китоб дўкони пештахтасида тахи бузилмай турарди. Индамадим. Азиз Несин айтгандай, кимнинг китоби дўконда кўп ётса, ўша зўр ёзувчи, дея ўзимга тасалли бердим. Аммо орадан бир йил ўтгач ҳам Осмоний номи дўконларни тарк этмади. Мен ҳар куни ишдан қайтаётиб, ишхонамиз қаршисидаги дўконга кирардим-да: «Синглим, Осмоний домланинг китобидан қолдими? Илтимос, битта топиб берсангиз. Диссертацияга керак эди», дея сотувчига мурожаат қилардим. Сотувчи эса: «Нима деяпсиз, битта эмас, юзта олмайсизми! Бунинг чангини артавериш жонимга тегиб кетди. Агар шунақа китоблардан келиб турса, планимиз ўн фоиз ҳам бажарилмайди», деб жавоб берарди. Мен аламимни «қилт» этиб ичимга ютиб, мўлтайиб ётган китобимдан бир дона сотиб олиб, уйга жўнардим. Ҳа, одамлар адабиётни тушунмайдиган бўлиб кетишган. Эсизгина меҳнатларим!..
Охири чидамадим, дўстларимдан бирига кўнглимдагини тўкиб солдим. «Ошна-оғайниларингга китобинг ҳақида тақриз ёздиришинг керак», деб маслаҳат берди дўстим. Бу менга ёқиб тушди. Эртаси куниёқ адабиётчи оғайнилардан китобимга тақриз ёзишларини илтимос қилдим. Аммо улар «ана, мана», деб ишни судраб юраверишди. Шундан сўнг ўзим тақриз ёзишга тушдим ва улфатчилик қилиб ўтирганимизда беш-олтитасига секин қўл қўйдириб олдим.
Қарабсизки, бирин-кетин потирлаб тақризлар чиқиб турибди-да: «Ана, энди ҳам ўқимай кўришсин-чи, дердим қувониб. Ҳали шундай китобни ўқимаганига пушаймон бўлади одамлар». Лекин шундан кейин ҳам китобим ҳақида бирор илиқ гап эшитмадим. Ҳа, одамлар адабиётни тушунмайдиган бўлиб кетишганига энди чиппа-чин ишондим.
Оғир алам билан юрган пайтларим эди. Кунларнинг бирида киоскадан газета сотиб олдим. Газетанинг тўртинчи бетида «Қарғалар учса қарайлик...» деган мақолани кўриб юрагим «жиз» этди. Чунки китобимнинг номи шунақа эди-да. Тўғри сезибман, мақола менинг китобимга бағишланган эди. Аммо унда китобим роса боплаб танқид қилинибди. Ҳаяжондан қалтираганча у ер, бу еридан узиб-юлқиб ўқий бошладим. «Осмонийнинг «Қарғалар учса қарайлик» номли қиссаси бўш, хом-хатала чўпчакдан бошқа нарса эмас. Китоб ўқувчининг қимматли вақтини олади, холос... Қиссада шундай жумлалар учрайдики, ёқангни ушлайсан киши. Масалан, «Эчки эгасини қопмайди» эмиш. Ахир, эчки ҳам эгасини қопадими?!
Уйга бир амаллаб судралиб етиб олдим-да, ўзимни ўринга ташладим. Ўша куни кечаси билан шиша синиғи устида ётгандай тўлғониб чиқдим. «Одамларга яхшилик ёқмайди ўзи, — ўйлардим алам билан. — Улар кулсин, умрига умр қўшилсин, деб кулгили нарсаларни ёзсанг, танқид қилишади. Ит эгасини қопмайди, десам, ким куларди ахир? Бўлди, бас, эртагаёқ чиқиб, қўни-қўшнилардан қарз сўраб бўлса ҳам шаҳар дўконларидаги ҳамма китобларимни ўзим сотиб оламан».
Эрталаб пулни белга тугиб, магазинга йўл олдим. Аммо... аммо не кўз билан кўрайки, дўконда бирорта китобим қолмаган эди. «Э, кеча тушгачаёқ сотилиб кетган. Одамлар талаворишди», деди сотувчи. Мен бошқа дўконларни ҳам қараб кўрдим. Уларда ҳам йўқ эди.
Ана, сизга танқиднинг меваси.
Ориф ФАРМОН
Сайёр қабул – айёр қабул
🕔13:48, 24.01.2023
✔949
(Ҳажвия)
Маҳалла фуқаролар йиғинида ишлайман. Иш шундай болалаб кетганки асло сўраманг. Бир зум ҳам тиним йўқ. Кечаси соат ўн иккига яқин уйга келиб, овқат ейишни ҳам насия қилиб ухлагани ётгандим, эрталаб тонг саҳарлаб раис телефон қилиб қолди.
Батафсил
«Одамларни ўйлайман!..»
🕔17:02, 16.12.2022
✔886
(фельетон)
– Энди, жўражонлар, электр энергетикаси – бу жудаям жиддий нарса-да, – деди электр энергетикаси учун масъул идора бошлиғи Мазарип Қултўраев улфатлари билан суҳбатда. – Айниқса, ҳозирги аёзли кунларда бунинг долзарблиги ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Мана мен, куну тун одамларни ўйлайман: светсиз ўтирганлар сон мингта, улар қандай кун кечиряпти, дейман.
Батафсил
«Антимайлиз» мажлиси
🕔11:06, 23.10.2022
✔970
(Тил байрамига совсем алоқаси йўқ)
Атимбек Порсаевич кечагина катта мажлис ўтказганига қарамай, бугун шошилинч равишда ходимларини яна йиғилишга тўплади.
Батафсил