Инсон ўзинг      Бош саҳифа

Беш асрки аримаган навоийнинг ташвиши

Миллатнинг хотираси ҳам, тафаккури ҳам, орзу-армонлари, дунёқараши ва руҳияти ҳам аввало тилда яшайди.

Беш асрки аримаган  навоийнинг  ташвиши

Шу маънода, Алишер Навоийнинг туркий тил олдидаги хизматини фақат буюк шоирнинг адабиётга қўшган ҳиссаси билан ўлчаб бўлмайди. У ўз она тилининг қадри учун курашди, унинг имкониятларини назарий жиҳатдан асослади, шеъриятда амалда исботлади, давлат ва сарой муҳитидаги нуфузини оширишга хизмат қилди. Энг муҳими, ўз тилини кам кўрадиган, бошқа тилда сўзлаш ёки ижод қилишни маданиятлилик белгиси деб биладиган замондошларига сўз билан эмас, улкан ижодий мероси билан жавоб берди.

Навоий туркий тилни бошқа тилларга қарши қўймади. У форсийни ҳам мукаммал билар, Фоний тахаллуси билан бу тилда юксак асарлар яратар, Жомий, Ҳофиз, Саъдий, Низомий, Хусрав Деҳлавий каби буюк сўз санъаткорларига юксак эҳтиром билан қарар эди. Шунинг учун Ҳазратнинг тил ҳақидаги курашини бошқа тилни инкор этиш деб тушуниш мутлақо хатодир.

Навоийнинг даъвоси бошқа эди: нега ўз она тили шунчалик бой ва гўзал бўла туриб, унинг фарзандлари ундан уялиши керак? Нега истеъдодли туркийлар ўз тилида эмас, фақат ўзга тилда қалам тебратишни шараф деб билиши керак?

 

Она тилимизга қўйилган ҳайкал

Навоий умрининг охирги йилларида – 1499 йилда «Муҳокамат ул-луғатайн» асарини яратди. Бу китобни оддий тил ҳақидаги рисола деб қараш камлик қилади. У – бир миллатнинг ўз тилига нисбатан ишончини тиклашга қаратилган маънавий дастур. Асарда туркий ва форсий тилларнинг луғавий бойлиги, маъно нозикликларини ифодалаш қуввати, сўз ясаш имкониятлари ва бадиий ифода воситалари қиёсий таҳлил қилинади.

Навоийни айниқса бир ҳолат изтиробга солади: туркий халқ орасидан чиққан истеъдод эгалари ўз она тили тургани ҳолда, истеъдодини ўзга тилда намоён этишга ошиқадилар. У алам билан шундай дейди: «...ўз тиллари турғоч, ўзга тил била зоҳир қилмаса эрди...» Агар ижодкор икки тилда ҳам ёза олса, Навоийнинг истаги оддий ва табиий эди: «Ўз тиллари била кўпрак айтсалар эрди...»

Яъни Навоий ҳеч кимга «бошқа тилни ўрганма», «бошқа тилда ёзма» демаяпти. Аксинча, икки тилни билиш – фазилат. Аммо инсоннинг ўз она тилини четга суриб, бошқа тилни нуфузлироқ деб билиши уни ташвишга солмоқда. Унинг назарида кўп тил билиш – бойлик, ўз тилини камситиш эса маънавий йўқотишдир.

Беш аср аввал айтилган бу фикр бугун ҳам ҳайратланарли даражада замонавий эшитилади. Чунки тилнинг йўқолиши ҳар доим уни тақиқлашдан бошланмайди. Баъзан у одамнинг ўз тилини «оддий», «қўпол», «камбағал» деб ҳисоблай бошлашидан бошланади. Она тилида гапиришдан ор қилиш, ўзга тилда сўзлашни устунлик белгиси деб қабул қилиш Навоий даврида ҳам мавжуд бўлган. «Муҳокамат ул-луғатайн» ана шу руҳий тобеликка қарши ёзилган асардир.

 

Бир тушунча – етти хил ҳолат

Навоий туркий тил бойлигини қуруқ мақтов билан эмас, аниқ далиллар билан кўрсатади. Асар қўлёзмаларида фарқ бўлишига қараб 99 ёки 100 тага яқин туркий феъл келтирилади ва уларнинг форсийда айнан муқобили ҳар доим ҳам топилмаслиги кўрсатилади.

Энг машҳур мисоллардан бири – йиғлаш ҳолатининг ифодаси. Навоий «йиғламоқ» атрофида йиғламсинмоқ, инграмоқ, синграмоқ, сиқтамоқ, ўкирмоқ, иничкирмоқ каби ҳар бири алоҳида руҳий ҳолатни англатувчи сўзларни келтиради. Бир жойда:

Зоҳид ишқин десаки, қилғай фош,

Йиғламсинуру кўзига келмас ёш, – дейди.

«Йиғламсинмоқ» – чиндан йиғлаш эмас, йиғлаётгандек бўлиш. «Инграмоқ» ва «синграмоқ» эса дардни ичга ютиб, паст овозда нола қилишнинг турли тусларини англатади. Навоий учун мана шу маъно сояларининг ўзи тил қудратининг далили эди.

Демак, тилнинг бойлиги фақат луғатда қанча сўз борлиги билан ўлчанмайди. Бир туйғунинг неча хил рангини ажрата олиши билан ҳам ўлчанади. Навоий шу жиҳатдан туркий тилнинг қалб кечинмаларини ғоят нозик ифодалай олишини кўрсатди.

Аммо Навоий она тилини фақат «Муҳокамат ул-луғатайн»да ҳимоя қилиб қолмади. Унинг энг катта далили – ўз ижоди эди. Навоий «туркий тилда оддий шеър ёзиш мумкиндир, аммо Низомий ва Хусрав Деҳлавий сингари буюк достончилик мактабини яратиб бўлмайди», деган даъволарга туркий тилдаги «Хамса» билан жавоб берди.

1483-1485 йилларда у «Ҳайрат ул-аброр», «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Сабъаи сайёр» ва «Садди Искандарий» достонларидан иборат улкан «Хамса»сини туркий тилда яратди. Манбалар ҳар бир достоннинг ана шу икки-уч йиллик ғоят жадал ижодий даврда майдонга келганини кўрсатади.

 

Туркий тилдаги

мўъжизалар

Навоий туркий тилда фалсафа ҳам, ишқ ҳам, ахлоқ ҳам, сиёсат ҳам, тарих ҳам, инсон руҳиятининг энг мураккаб ҳолатлари ҳам юксак бадиий даражада ифода этилиши мумкин, деган ҳақиқатни амалда исботлади. Шу маънода, Навоий кейинчалик ўз ижодий зафарини ғоят ифтихор билан:

«Турк назмида чу мен тортиб алам,

Айладим ул мамлакатни якқалам»,

деб ифодалайди. Бу ердаги «алам» – байроқ. Яъни шоир туркий шеърият байроғини кўтарганини айтади.

Навоий ижоди ҳақида сўз кетганда, айримлар арабий ва форсий сўзларнинг ҳаддан ташқари кўп ишлатилганини иддао қиладилар. Шарқ, хусусан, мусулмон халқларининг тилларида бундай ҳол, айниқса Навоий яшаган даврда табиий саналган. Ҳатто, форсий адабиёт дурдоналарининг ҳам аксариятида арабий сўз ва ибораларнинг бениҳоя кўп­лиги яққол кўзга ташланади. Ҳазрат Навоийнинг айрим байтлари соф туркий сўзлардан таркиб топгани, шу билан бирга  шакл ва мазмун жиҳатидан мукаммаллиги кишини ҳайратга солади. Масалан:

Найладим, нетдимки, кун кундин узиб мендин кўнгул,

Энди эрмастурсиз андоқким, бурун бор эрдингиз...

Ёки форсий ва арабий сўзлар мутлақо ишлатилмаган мана бу рубоийга эътибор беринг:

Кўз бирла қошинг яхши, қабоғинг яхши,

Юз бирла сўзинг яхши, дудоғинг яхши.

Энг бирла менгинг яхши, сақоғинг яхши,

Бир-бир не дейин, бошдин аёғинг яхши.

Бу мисралар ҳар қандай ёт сўзлар иштирокисиз ҳам бетакрор шеърлар битиш мумкинлигини яққол кўрсатади. Туркий тилнинг малоҳати, фасоҳати, тенгсиз гўзаллигини ифодаловчи бундай мисолларни Навоий ижодидан кўплаб келтириш мумкин.

 

Бир сўз – бир олам

Навоийнинг туркий тил имкониятлари ҳақидаги энг гўзал исботини эса унинг ғазалларидан топамиз.

Талабалик чоғимизда, бир дарсда марҳум устозимиз Омонулла Мадаев Ҳазрат Навоийнинг:

Мени мен истаган ўз суҳбатига аржуманд этмас,

Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас...

мисралари билан бошланувчи шеърини ўқий туриб, беихтиёр йиғлаб юборган, кўзда ёш билан «Навоий инсон эмас, айтинглар, ахир, инсон боласи шундай шеър ёза оладими, а» деганлари ҳамон эсимда.

Ёки мана бу мисрларнинг мағзини чақишга уриниб ўрайлик:

Ситам эрмас эдиким, айладинг кўнглумни юз парканд,

Ситам будурки тикмак бирла истарсен анга пайванд.

Ҳам ип кул бўлғаю ҳам игна су бўлғай тикар бўлсанг

Нединким, бор алардин ахгари сўзанда ҳар парканд.

Яъни, ошиқ ўз маъшуқасига «сен қалбимни парча-парча қилдинг. Аммо мени энг кўп қийнаётган нарса бу ҳам эмас. Энди уни қайта бир-бирига уламоқчи бўлишинг янада оғир. Чунки қалбимнинг ҳар бир парчаси ишқ оловида шунчалик ёниб, чўғ бўлиб турибдики, уни тикишга ип дош бермай куйиб кетади, игна эса ҳароратидан эриб кетади» демоқда.

Ошиқнинг абгор ҳолатини бундан-да чиройлироқ тарзда яна қандай ифодалаш мумкин?

«Муҳокамат ул-луғатайн»да Навоий форсий адабиётнинг буюк намояндаларини яхши билган ҳолда айрим маъно, сўз ўйини ва туйғу нозикликларини туркийда таъсирчанроқ ифодалаш мумкинлигини мисоллар билан кўрсатади. Хусусан, тажнис ва ийҳом учун туркийдаги кўп маъноли сўзларнинг имконияти кенглигини таъкидлайди.

Эшитдим зулфини юздин кечибдур,

Дедимки кеча кундуздин кечибдур.

Агар юз ёшлиға раҳминг келурса,

Менинг ёшим ики юздин кечибдур.

Зулф билан юз одатда тун ва кунга қиёсланади. Юздан пастга тушган зулфни шоир «кечанинг кундуздан ўзиши» ёки кечанинг кундузга нисбатан узайишига қиёслайди. Кейинги байтни эса икки хил маънода тушуниш мумкин. Биринчи маъноси: агар юзи ёшдан ивиган одамга раҳминг келса, қара, менинг ёшларим икки юзимни ювмоқда. Иккинчи маъноси: Агар юз ёшли одамга кекса экан деб, раҳм қилсанг, мен бу раҳмга икки бор сазоворман. Менинг ёшим икки юздан ошган... Хуллас, изоҳга ҳожат йўқ. Фақат савол бор: бундай гўзал ўхшатиш, сўз ўйинларини бошқа яна қайси тилда ярата олиш мумкин?

 

Ҳусайн Бойқаро ва

тилнинг нуфузи

Навоийнинг саъй-ҳаракатлари фақат ижодхона билан чегараланмади. У давлат арбоби сифатида ҳам туркий тил мавқеининг юксалишида катта роль ўйнади.

Бу борада унинг яқин дўсти ва ҳукмдори Султон Ҳусайн Бойқаронинг қўллаб-қувватлаши айниқса муҳим эди. Ҳусайн Бойқаронинг ўзи ҳам туркийда ғазаллар ёзган ва туркий ижодни рағбатлантирган. Илмий манбаларда унинг шоирларни она тилида ижод қилишга даъват этгани, ҳатто бу борада махсус ҳукм ва фармонлар бергани қайд этилади. Навоий «Муҳокамат ул-луғатайн»да буни: «...назм қилурға ҳукмлар ҳам жорий бўлди...» деган мазмунда ифодалайди.

Албатта, XV аср воқелигига бугунги конституциявий маънодаги «давлат тили» тушунчасини айнан кўчириш тарихий жиҳатдан эҳтиёткорликни талаб этади. Аммо бир нарса аниқ: Навоий ва Ҳусайн Бойқаро даврида туркий тил Ҳирот саройи, адабий муҳит ва давлат маданий ҳаётида мислсиз нуфузга эришди.

Бу жараёнда Навоий ижодкор, мутафаккир, ташкилотчи ва давлат арбоби сифатида бир вақтнинг ўзида ҳаракат қилди.

Она тилида буюк адабиёт яратди.

Она тилида мактублар битди.

Она тилида достонлар яратди.

Она тилида илмий рисола ёзди.

Она тилида ижод қиладиган муҳит шаклланишига хизмат қилди.

Ва ниҳоят, давлат ҳукмдори эътиборини ҳам шу тилга жалб эта олди.

У унинг учун тортишди, далил келтирди, рисола ёзди. Аммо энг муҳими – туркий тилда шундай асарлар яратдики, шундан кейин бу тилнинг имкониятини инкор этишнинг ўзи имконсиз бўлиб қолди.

 

Рустам ЖАББОРОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори




Ўхшаш мақолалар

Беш асрки аримаган  навоийнинг  ташвиши

Беш асрки аримаган навоийнинг ташвиши

🕔13:22, 15.10.2026 ✔93

Миллатнинг хотираси ҳам, тафаккури ҳам, орзу-армонлари, дунёқараши ва руҳияти ҳам аввало тилда яшайди.

Батафсил
Кечиккан  меҳмонларим

Кечиккан меҳмонларим

🕔16:31, 06.08.2026 ✔283

«Жажжи меҳмонларим, омонмисизлар?» деб салом бераман. Дилимда эса пичирлайман: «Шу маконни энди ҳеч қачон тарк этманг...»

Батафсил
Сурхондарёда федин   Яратган 101  гектарли ўрмон тақдири нима бўлади?

Сурхондарёда федин  Яратган 101 гектарли ўрмон тақдири нима бўлади?

🕔15:03, 11.06.2026 ✔367

Ёзувчи ва журналист Фозил Фарҳод томонидан кўтарилган воқеа неча кундирки ижтимоий тармоқларни, халқимизнинг жонкуяр вакилларини ларзага солмоқда. Инсон ва табиат ўртасидаги муносабатлар азалдан чуқур фалсафий ва ҳаётий асосга эга.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Беш асрки аримаган  навоийнинг  ташвиши

    Беш асрки аримаган навоийнинг ташвиши

    Миллатнинг хотираси ҳам, тафаккури ҳам, орзу-армонлари, дунёқараши ва руҳияти ҳам аввало тилда яшайди.

    ✔ 93    🕔 13:22, 15.10.2026
  • Кечиккан  меҳмонларим

    Кечиккан меҳмонларим

    «Жажжи меҳмонларим, омонмисизлар?» деб салом бераман. Дилимда эса пичирлайман: «Шу маконни энди ҳеч қачон тарк этманг...»

    ✔ 283    🕔 16:31, 06.08.2026
  • Сурхондарёда федин   Яратган 101  гектарли ўрмон тақдири нима бўлади?

    Сурхондарёда федин  Яратган 101 гектарли ўрмон тақдири нима бўлади?

    Ёзувчи ва журналист Фозил Фарҳод томонидан кўтарилган воқеа неча кундирки ижтимоий тармоқларни, халқимизнинг жонкуяр вакилларини ларзага солмоқда. Инсон ва табиат ўртасидаги муносабатлар азалдан чуқур фалсафий ва ҳаётий асосга эга.

    ✔ 367    🕔 15:03, 11.06.2026
  • Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли

    Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли

    МУҚАДДИМА

    Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунё­нинг ­қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.

    ✔ 428    🕔 15:43, 15.05.2026
  • Унутилмас  умр  ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон

    Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон

    ...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...

    ✔ 407    🕔 09:06, 08.05.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар