Инсон ўзинг      Бош саҳифа

Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон

...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...

Унутилмас  умр  ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон

Тинчлик – энг улуғ неъмат! Унинг қадрини уруш даҳшатини кўрган, танасида ҳис қилган инсонлар жуда яхши билишади. Тинчлик ҳар бир лаҳзанинг хотиржамлиги, она бағридаги меҳр, болалар кулгусидаги бахт, мусаффо осмон остидаги осойишталикдир. Уруш эса орзуларни чилпарчин қилади, тақдирларни ўзгартиради, қалбларда ўчмас доғ қолдиради.

Иккинчи жаҳон уруши ҳам миллионлаб тақдирларни ўзгартирди. Кимдир фронтда ҳалок бўлди, кимдир ярадор қайтди, кимдир эса юрагидаги оғриқни умр бўйи яшириб яшади. Уруш азоб-уқубатларини бошдан кечирган инсонлар ҳаёти бугунги авлод учун улкан сабоқ ва ибрат. Урушни кўрган инсон тинчликни нафақат қадрлайди, балки уни асрашни ҳаётининг энг улуғ мақсадига, мазмунига айлантиради. Шунинг учун иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ва фашизм устидан қозонилган ғалабага ўз ҳиссасини қўшган юртдошларимиз ҳамиша эъзозланиб келинган. Бугун уларнинг аксарияти орамизда бўлишмаса-да, ёрқин хотиралари қалбимизда яшайди.

Чустликлар орасида Азим халфа номи билан танилган Азимжон Назиров ҳам ана шундай инсонлардан бири эди. 1909 йили Назиржон бобо ва Заёби буви оиласида таваллуд топган қаҳрамонимизни олдинда ҳаётнинг оғир синовлари, тақдирнинг кескин бурилишлари кутиб турганди. Отаси вафот этганида, эндигина етти ёшга тўлган бола эди. Онаси ва укалари билан қолган Азимжоннинг жимитдаккина елкалари гўдакликданоқ рўзғор юкини ҳис этди. Ёш жони билан мардикорлик қилиб, рўзғор тебратди. Машаққатли йиллар уни тоблаб, иродали ва сабрли инсонга айлантирди. Йигит ёшига етгач, маҳалласидаги Хожалби исмли қизга уйланди. Фарзандли бўлди, исмини Холмуҳаммад деб қўйишди. Бир оила бўлиб, қийинчиликларни биргаликда енгишди. Ҳаёт машаққатларга тўла бўлса-да, сабр-тоқат билан яшашда давом этишди.

Осойишта ўтаётган кунларнинг бирида кутилмаганда «уруш бошланибди», деган мудҳиш хабар бир зумда ҳаммаёққа тарқалди. Ҳамманинг қулоғи радиокарнайларда. Шу кундан бошлаб кимдир фронтда жангга киришди, кимдир эса фронт ортида сабр ва матонат билан меҳнат қилди. Азимжон ота ҳам бу ишлардан четда қолмади. У дастлаб фронт ортида меҳнат қилди, захирадаги аскар сифатида ўқ отиш машғулотларида иштирок этди. Ҳар дақиқада қўлига қурол олиб, урушга кетиши мумкинлигини ҳис этар эди.

Шундай ҳам бўлди. Тўзонли кунларнинг бирида кўплаб эр йигитлар қатори уни ҳам 1943 йил 23 апрель куни ҳарбий хизматга чақиришди. Шу кундан бошлаб Азимжон отанинг ҳаёти фронт йўллари, ажаловар жанглар билан боғланди. У ўқчи, шу билан бирга алоқачи сифатида хизмат қилди. Бу эса фронтда энг масъулиятли ва хавфли вазифалардан бири эди. Алоқа узилса, қўмондонлик ва бўлинмалар ўртасидаги боғланиш йўқолар, бу эса бутун жанг тақдирига таъсир кўрсатиши мумкин эди. Шунинг учун ҳаёт-мамот орасида у нафақат қурол билан, балки зийраклиги, букилмас иродаси, масъулият ва жасорат билан душманга қарши курашди. Азимжон ота турли ҳарбий қисмларда хизмат қилди. Хизматни 17-ўқчи захира полкида бошлади. Кейинроқ 129-, 218-ўқчи полклари ва бошқа бир қатор ҳарбий бўлинмалар таркибида фаолият олиб борди. Жангларда қатнашар экан, бир неча бор яраланиб, госпиталларда даволанди. Танасини тешиб ўтган ўқларни баҳона қилиб, уйига қайтиши мумкин эди. Аммо бундай қилмади. Аёсиз уруш унинг иродасини синдира олмади. 1943 йил сентябридан 1945 йил майигача бўлган даврда урушнинг оловли нуқталарида фаол иштирок этди. Айниқса, 1945 йилдаги Кёнигсберг шаҳри (ҳозирги Калининград) учун бўлган жанглардаги иштироки унинг жасоратидан далолат беради.

 

Бу жанглар урушнинг ҳал қилувчи босқичларидан бири бўлиб, унда қатнашиш катта матонат ва жасорат талаб қиларди.

 

 Шундай жанглардан бирида қаттиқ яраланади. Гранаталар портлаши, ўқлар ёмғири остида танасининг турли қисмига снаряд парчалари ва ўқ тегиб, бошини кўтаролмай қолди. Елка ва сон қисмидаги жароҳатлари жуда жиддий ва оғриқли эди. Танасининг ярми тупроққа кўмилганча кучли оғриқ азобида ҳушидан кетади. Қуролдошлари уни ҳалок бўлди, деб ўйлашади. Фронтдаги вазият жуда оғир бўлгани учун уни ташлаб, ортга чекинишади...

Азимжон отадан узоқ вақтгача дарак бўлмагач, уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтади. Ҳамма Азимжон отани ўлганига ишониб, йўқлигига кўникиб ҳам бўлишганди. Одамлар унинг тириклигига умид ҳам қилмай қўйган бир пайтда кутилмаганда остонада Азимжон ота пайдо бўлади. Яқинлари ҳайратдан карахт бўлиб қолишади. Ўлган деб ҳисоблашган инсонни тирик кўриш ҳам ҳайратланарли, ҳам қувончли эди. Бир муддатдан сўнг ўзларига келган яқинлари хурсандликдан унинг қучоғига отилишади. Бу унутилмас воқеа кўпчиликнинг ёдида ўчмас бўлиб, муҳрланиб қолди.

Кейинроқ маълум бўлишича, Азимжон ота ўша бомбардимонлар остида қолганида, маълум вақтга ҳушини йўқотган. Сўнгра у ҳарбий санитарлар томонидан оғир ярадор ҳолда топилиб, дала госпиталига олиб кетилади. Узоқ даволанишлардан сўнг аста-секин соғайиб, оёққа туради. Аммо олган жароҳатлари умрининг сўнгига қадар из қолдириб, уруш даҳшатларини эслатиб турди. Азимжон ота соғайгач ҳам дарҳол уйига қайтмади. Аксинча, уруш оқибатида вайронага айланган Белоруссия ҳудудларини тиклаш ишларида маълум муддат фаол иштирок этиб, ўз ҳиссасини қўшади. Ниҳоят, 1945 йилнинг сўнгги ойида у уйига қайтади ва тириклиги билан ҳаммани ҳайратга солади.

Ҳаётни қайта йўлга қўйиш, тинч кунларни барпо этиш осон эмасди. Азимжон ота Назиров урушдан қайтгач, тинмай меҳнат қилди. Хожалби буви билан биргаликда фарзандлари Холмуҳаммад, Ҳайдаржон, Ёқубжон, Юнусжон, Носиржон ва Манфиратхонни, шулар қаторида етим қолган набиралари Юсубжон ва Маҳбубахонни эл корига ярайдиган қилиб вояга етказишди.

Азимжон ота уруш ҳақида гапиришни, ўзларини қаҳрамон сифатида кўрсатишни, уруш қатнашчиси имтиёзларидан фойдаланишни, орден-медалларини кўз-кўз қилиб юришни истамаган. Шундай қилиб юришни тавсия қилган фарзандлари ва яқинларини жеркиб берган. Бу ҳақда сўраганларга «Уруш – фахр эмас, фожиа. Тирик қолишимизнинг ўзи катта бахт эди. Қанча-қанча дўстларимиз кўз ўнгимизда ҳалок бўлишди. Улар ўлиб, биз энди кўксимизга медал тақиб, кўз-кўз қилиб юришимиз яхши эмас. Оддий одамлар қатори тинч-осуда ҳаёт кечирмоқчиман. Тинчликнинг қадрига етинглар, болаларим. Урушни кўрмаган инсон унинг нақадар даҳшатли эканини англай олмайди», деб жавоб берарди. Бу сўзлар ортида катта ҳаётий ҳақиқат ётарди. У киши урушнинг аччиқ юзини кўрган, унинг аламини юрагида олиб юрган инсон эди. Унинг хотирасида уруш излари, кўрган-кечирганлари бир умрга муҳрланиб қолганди. Уруш майдонида кўрганлари, бошдан кечирганлари шу қадар оғир эдики, уни сўзга айлантиришнинг ўзи азоб эди. Шу боис, умрининг сўнгига қадар сукут сақлаб, қалбидаги оғриқларни ҳалол меҳнати билан енгиб яшади. Турли даврлардаги қийинчиликларни кўриб, ҳаёт заҳматларини чеккан, оғриқларни сабр билан енгиб яшаган Азимжон ота 1988 йили вафот этди. Қишлоқ аҳли ҳанузгача отанинг ҳикматли сўзлари, қилган эзгу амалларини гапириб юришади. У кишининг ёрқин хотираси қалбларимизда сақланиб қолажак.

Бугун биз тинч осмон остида яшар эканмиз, бу Азимжон ота каби минглаб инсонларнинг жасорати ва фидойилиги самараси эканини асло унутмаслигимиз керак. Уларнинг ҳаёти – бугунги авлод учун улкан сабоқ, сабр ва матонат мактаби. У кишининг жасорати ва матонати бугунги ҳар бир авлод учун фахр тимсолидир.

 

Фарруҳ АЗИМОВ




Ўхшаш мақолалар

Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли

Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли

🕔15:43, 15.05.2026 ✔69

МУҚАДДИМА

Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунё­нинг ­қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.

Батафсил
Унутилмас  умр  ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон

Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон

🕔09:06, 08.05.2026 ✔75

...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...

Батафсил
Дарахтлар – менинг  дўстларим

Дарахтлар – менинг дўстларим

🕔16:47, 30.04.2026 ✔101

...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли

    Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли

    МУҚАДДИМА

    Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунё­нинг ­қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.

    ✔ 69    🕔 15:43, 15.05.2026
  • Унутилмас  умр  ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон

    Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон

    ...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...

    ✔ 75    🕔 09:06, 08.05.2026
  • Дарахтлар – менинг  дўстларим

    Дарахтлар – менинг дўстларим

    ...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.

    ✔ 101    🕔 16:47, 30.04.2026
  • Миздаҳкан –  ўн икки минг  қўрғонли қалъа  ҳамон қад ростлаб турибди

    Миздаҳкан – ўн икки минг қўрғонли қалъа ҳамон қад ростлаб турибди

    Бугунги кунда давлатимиз томонидан сайёҳликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилиб, бу борада муҳим шарт-шароитлар яратилмоқда. Мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда элдошларимиз юрт кезиб, дунёни томоша қилишга ошиқмоқдалар.

    ✔ 153    🕔 15:32, 26.03.2026
  • Инсонийлик –  одам ва олам  мувозанатининг олий мезони

    Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони

    Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.

    ✔ 273    🕔 16:15, 19.02.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар