Чиқинди полигонлари ҳудуд учун хавфсизми?
Чиқиндиларни тўғри бошқариш ва аҳоли учун қулай экологик шароит яратиш бугун жамият олдида турган муҳим вазифалардан биридир.
БатафсилЧиқиндиларни тўғри бошқариш ва аҳоли учун қулай экологик шароит яратиш бугун жамият олдида турган муҳим вазифалардан биридир.
Айниқса, чиқиндиларни белгиланган тартибда йиғиш, ташиш, жойлаштириш ва полигонларда хавфсиз сақлаш масалалари доимий эътибор ҳамда жамоатчилик назоратини талаб этади. Ўзбекистон Экологик партияси Навоий вилоят кенгаши томонидан ҳудудлардаги чиқинди полигонларида олиб борилаётган ишлар жамоатчилик назорати тартибида доимий ўрганилмоқда.
Аввало чиқинди полигонларининг бугунги ҳолати, уларда яратилган шароитлар, санитария-ободонлаштириш ишлари, экологик хавфсизликни таъминлаш чоралари атрофлича кўриб чиқиляпти. «Яшил белбоғ»ларни барпо этиш борасидаги ишлар ҳам эътибордан четда қолгани йўқ.
«Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси» ДМ Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси тасарруфида жами 16 та чиқинди полигони мавжуд. Шундан 14 таси қаттиқ маиший чиқиндилар, биттаси қурилиш чиқиндилари ҳамда биттаси заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддаларни жойлаштиришга мўлжалланган. Мазкур полигонларнинг умумий майдони 138,35 гектарни ташкил этади.
Ўрганишлар давомида полигонларни ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатдан тартибга келтириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилгани аниқланди. Жумладан, 12 та маиший чиқинди полигони ҳамда заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддалар полигони ҳудудий бошқарма тасарруфига ўтказилиб, уларнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган.
Полигонларда чиқиндиларни қабул қилиш жараёни ҳам шартнома асосида йўлга қўйилган. Туманларда қоровуллик хизмати смена асосида ташкил этилган, олиб кирилаётган чиқиндиларни қайд этиш учун махсус дафтарлар юритилмоқда. Бу эса чиқиндиларнинг қаердан, қанча миқдорда ва қандай тартибда полигонга олиб кирилаётганини назорат қилиш имконини беради.
Жамоатчилик назорати давомида чиқинди полигонларини рекультивация қилиш масаласи ҳам алоҳида эътиборда. Ҳукумат қарорига мувофиқ, Навбаҳор тумани «Юқори Бешработ» МФЙ ҳудудидаги 3 гектарлик ҳамда Нуpота тумани «Истиқбол» МФЙ ҳудудидаги 1 гектарлик марказий қаттиқ маиший чиқинди полигонлари рекультивацияга киритилган. Бугунги кунда ҳар икки ҳудудда рекультивация ишлари якунланган.
Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича давлат сиёсати доирасида вилоятда фаолият юритган айрим хусусий чиқинди полигонларини ҳам ягона тизимга интеграция қилиш ишлари амалга оширилган. Жумладан, «STIMUL NAVOIY» МЧЖнинг Кармана тумани «Янги ариқ» МФЙ ҳудудидаги 9,1 гектарли қаттиқ маиший чиқинди полигони ҳамда шу ҳудуддаги 5,6 гектарли полигон, шунингдек, Навоий шаҳрида жойлашган «BARNO» корхонасининг 22,9 гектарли қурилиш чиқиндилари полигони тегишли далолатномалар асосида ҳудудий бошқарма балансига ўтказилган. Мазкур ишлар чиқиндиларни бошқаришда ягона талаб ва назорат механизмларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Бугунги чиқинди полигони фақат чиқинди олиб бориб ташланадиган ҳудуд эмас. Бу ерда ҳисоб-китоб, хавфсизлик, санитария, экологик мониторинг ва назорат тизими ўзаро боғлиқ ҳолда ташкил этилиши лозим. Шу мақсадда вилоятнинг Хатирчи тумани «Учқора» МФЙ, Қизилтепа тумани «Оқсоч» МФЙ ҳамда Томди тумани «Шарқ» ОФЙ ҳудудларидаги полигонларда кузатув камералари, қуёш панеллари ва автотарози ўрнатилиб, фойдаланишга топширилган.
Бундан ташқари, Томди тумани «Томдибулоқ» ОФЙ полигонидан ташқари, вилоятдаги қаттиқ маиший чиқинди полигонлари ҳамда Навоий шаҳридаги қурилиш чиқиндилари полигонларида ҳам кузатув камералари ўрнатилган. Бу, аввало, чиқиндиларни қабул қилиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, полигон ҳудудига ноқонуний чиқинди ташланишининг олдини олиш ва масъул ходимларнинг жавобгарлигини оширишга хизмат қилади.
Чиқиндиларни бошқариш инфратузилмасини кенгайтириш бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 февралдаги ПҚ-58-сон қарори билан белгиланган вазифалар ижроси доирасида қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган жами 200 минг квадрат метр, яъни 20 гектар ер участкаси чиқинди полигони ташкил этиш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилган. Мазкур ер майдонини белгиланган тартибда расмийлаштириш мақсадида Давлат хизматлари маркази орқали тегишли ариза берилган ва бугунги кунда кадастр ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилган. Айни пайтда ҳудуддан амалий фойдаланиш ишлари давом эттирилмоқда.
Жамоатчилик назорати жараёнида полигонларнинг нафақат чиқинди қабул қилиш, балки санитария ва ободонлаштириш ҳолати ҳам муҳим мезон экани қайд этилди. Ҳудудларни тартибга келтириш, чиқиндиларнинг шамол таъсирида атрофга тарқалишининг олдини олиш ҳамда санитария ҳолатини яхшилаш мақсадида айрим полигонларда бетон деворлар барпо этилмоқда. Хусусан, полигонлардан бирининг 270 метр қисми бетон девор билан ўраб чиқилган, қолган қисмида эса санитария-муҳофаза зонаси ташкил этилиб, қум тепаликлари ёрдамида ҳимоя ҳудуди яратилган. Кириш йўллари шағаллаштирилган, чиқиндиларни тўкиш жойлари учун махсус котлованлар қазилган. Полигон ҳудудига махсус контейнер ўрнатилиб, унинг атрофи ободонлаштирилган ва кўкаламзорлаштирилган. Ҳудудга 150 туп манзарали дарахт экилган.
Чиқиндиларни полигонга олиб кириш жараёни махсус рўйхат дафтарида қайд этиб борилмоқда. Дренаж қудуқларини ташкил этиш бўйича ҳам шартномалар тузилиб, тегишли ишлар давом эттирилмоқда.
Чиқинди полигонлари атрофида яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳам экологик хавфсизликни таъминлашнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. «Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси» ДМ Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2026 йил баҳор мавсумида полигонлар атрофида экологик ҳолатни яхшилаш, чанг-тўзон ва бошқа салбий таъсирларни камайтириш мақсадида «Яшил белбоғ» ва иҳота дарахтзорларини барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди. Тасдиқланган режага кўра, жами 31 минг туп дарахт кўчати экиш белгиланган бўлса-да, амалда бу кўрсаткич ортиғи билан бажарилди. Баҳорги мавсумда жами 35,5 минг туп дарахт кўчати экилиб, тегишли электрон платформа орқали рўйхатдан ўтказилди.
Энг муҳими, иш дарахт экиш билан чекланиб қолмаган. Экилган кўчатларнинг яшовчанлигини таъминлаш учун уларни суғориш, парваришлаш ва бошқа агротехник тадбирлар мунтазам амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси Навоий вилоят кенгашининг ушбу жамоатчилик назорати тадбирлари давомида вилоятдаги чиқинди полигонларида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд шароит ва экологик хавфсизликни таъминлаш чоралари ўрганилмоқда.
Гулрух ЗОҲИДОВА,
ЎЭП Навоий вилоят кенгаши раиси ўринбосари
Чиқиндиларни тўғри бошқариш ва аҳоли учун қулай экологик шароит яратиш бугун жамият олдида турган муҳим вазифалардан биридир.
БатафсилОддийгина сэндвич егингиз келса нима қиласиз. Қўлингиздаги телефон орқали буюртма қилиш кифоя. Аммо унга кетадиган ҳамма масаллиқларни ўзингиз «нол»дан етиштирсангизчи?..
БатафсилДилдора Амирқулова – халқ депутатлари Қарши туман Кенгашининг 17-«Кожор» сайлов округидан Ўзбекистон Экологик партияси вакили сифатида сайланган депутат.
Батафсил