Экоолам      Бош саҳифа

Чўл экотизимининг «соғломлик» кўрсаткичи

Кўз ўнгингизга Қизилқум чўлининг сарғиш кенгликларини келтиринг: эрталабки сояда енгил, эҳтиёткор қадам ташлаб юрган, узун бўйинли, зийрак кўзли қуш кўзга ташланади.

Чўл экотизимининг  «соғломлик»  кўрсаткичи

Йўрға тувалоқ – Марказий Осиё чўлларининг энг сирли ва айни пайтда энг заиф турларидан бири. Айнан шу ноёб жониворнинг популяция­сини тиклаш ва кўпайтириш, биохилма-хилликни асраш ҳамда чўл экотизимининг табиий мувозанатини сақлаш мақсадида Бирлашган Араб Амирликларининг ихтисослаштирилган питомникида парваришланган 778 бош йўрға тувалоқ яқинда Навоий вилоятининг Нурота ва Навбаҳор туманлари чўл ҳудудларидаги табиий муҳитга қўйиб юборилди.

Тадбирни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Экоҳудуд ва овчиликни ривожлантириш департаменти, вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда «Falcon Hunting Solutions» МЧЖ биргаликда амалга оширди. Қушлар Бирлашган Араб Амирлигининг ихтисослашган питомникларида – замонавий шароитда, тажрибали мутахассислар назорати остида парваришланган. Мутахассисларнинг фикрича, бундай кўламдаги қушлар партиясини табиатга қайтариш нафақат рақамли кўрсаткич, балки йиллар давомида олиб борилган селекция ва мослаштириш ишларининг натижасидир. Қушлар қўйиб юборилишидан олдин чўл шароитига аста-секин ўргатилади – бу уларнинг ёввойи табиатда омон қолиш эҳтимолини сезиларли даражада оширади.

 

Нега бу қуш бунчалик қадрли?

Йўрға тувалоқ – фақат Марказий Осиё ва унга туташ ҳудудларда учрайдиган, дунё бўйича сони кескин камайиб бораётган тур. Халқаро Табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) уни нобуд бўлиш хавфи остидаги турлар қаторига киритган. Бу қушнинг аҳамияти фақат ўзида эмас. Йўрға тувалоқ чўл экотизимининг «соғломлик» кўрсаткичи ҳисобланади: унинг аҳолиси барқарор бўлган ҳудудда тупроқ, ўсимлик қоплами ва ҳашаротлар дунёси ҳам мувозанатда бўлади. Бошқача айтганда, бу қушни асраш – бутун бир чўл ҳаётини асраш дегани.

 

Халқаро ҳамкорлик самараси

Бу лойиҳа Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги экологик ҳамкорликнинг яққол мисоли. БАА мутахассислари томонидан асраб-авайлаб етиштирилган қушларнинг айнан Навоий чўлларига – уларнинг тарихий ареалига – қайтарилиши шуни кўрсатадики, табиатни асраш чегара билмайдиган, умумбашарий вазифа.

Бундай тадбирлар фақат бир марталик воқеа эмас, изчил давом этаётган экологик сиёсатнинг бир бўлаги. Кейинги йилларда қушларнинг табиий муҳитга мослашуви, кўпайиши ва аҳолисининг ўсиши махсус кузатувга олинади. Агар жараён режа бўйича борса, йўрға тувалоқ Қизилқум чўлларида яна ўз ўрнини эгаллаши мумкин бўлади. Бу эса нафақат мутахассислар, балки ҳар биримиз учун қувончли янгиликдир.

Табиат билан муносабатимиз кўпинча катта тушунчалар, иқлим, экология, биохилма-хиллик орқали гапирилади. Аммо унинг заминида оддий бир ҳақиқат ётади. Ҳар бир тур, ҳар бир жонзот умумий уйимизнинг бир бўлагидир. Қизилқумга қайтган 778 қуш шу узвий занжирни авлодларга бус-бутун қолдириш йўлидаги кичик, лекин муҳим қадамдир.

 

Мафтуна БАХТИЁРОВА




Ўхшаш мақолалар

«Яшил  макон» билан  соғлом ҳаёт сари

«Яшил макон» билан  соғлом ҳаёт сари

🕔14:43, 22.10.2026 ✔19

Ургутда экология ва спорт форуми бўлиб ўтди

Батафсил
Пластик чиқиндилар  мустаҳкам йўл  бўлиб қайта  оладими?

Пластик чиқиндилар мустаҳкам йўл бўлиб қайта оладими?

🕔14:36, 22.10.2026 ✔19

Ҳар куни чиқиндихонада қанча миқдорда пластик чиқинди тўпланишини биласизми? Ишлатиб бўлинган елим пакетлар, бутилкалар, турли қадоқлар...

Батафсил
Янги Тошкент –  табиат уйғунлигига асосланган янги маданият

Янги Тошкент – табиат уйғунлигига асосланган янги маданият

🕔13:21, 15.10.2026 ✔103

Янги Тошкент ло­йиҳаси – бу шунчаки қурилиш эмас, балки инсон ва табиат уйғунлигига асосланган тараққиёт маданиятидир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар