Барқарор ва арзон электр энергияси – аҳолини рози қилишнинг муҳим шарти
Юртимиздаги ҳар бир хонадондаги чироқ шунчаки ёритувчи манба эмас, балки оилавий хотиржамлик, илиқлик ва турмуш фаровонлигининг асосий омилидир.
БатафсилГабон табиатни асраш ва биохилмахиллик бўйича Африкада етакчи давлатдир.
Габондаги сиёсий тизим гарчи кўппартиявийликнинг идеал шакли бўлмаса-да, бугунги сиёсий тизимда экологик масалалар асосий ўринни эгаллаган. Бу ҳукумат фаолиятининг асосий вазифалардан бирига айланган.
Маълумот ўрнида
Габон табиатни асраш ва биохилмахиллик бўйича Африкада етакчи давлатдир.
Бу юртда истиқомат қилаётган 3 миллион аҳолиинг 75 фоизи мамлакатнинг денгиз қирғоғида яшайди ва денгиз сатҳининг кўтарилиши, тупроқ эрозияси ва бўронларнинг кучайиши туфайли унинг сув остида қолиш хавфи тобора кучайишини яхши тушунишади.
Мамлакат Париж битимида белгиланган исиш даражасини 1,5 градус атрофида ушлаб туриш йўлида жуда катта қадамлар қўйди. Шу сабабли бепоён ўрмонлар аҳолининг ҳақиқий табиий қўриқчиларига айланмоқда.
Габон давлатининг 85 фоиз ҳудуди тропик ўрмонлардан иборат.
Мамлакатда экологик партияларнинг таъсири қандай?
Габон экологлари фронти партиясига 1989 йилда асос солинган ва ушбу давлатда илк ташкил этилган қадимий «яшиллар» партиясидир.
Миллий экологик партия – Яшил Габон ҳаракатига 2025 йилда асос солинган ва ўтган йили ҳокимиятга келган ҳукуматнинг экологик қарашларини ўзида яққол ифодалайди.
Яна бир ҳаракат – Габон экологик партияси эса экологик стандартларга қатъий риоя қилишнинг фаол тарафдори бўлиб келмоқда.
Уларнинг барчаси минтақавий Марказий Африкадаги яшил партиялар федерацияси таркибига киради.
Фуқаролик жамиятининг фаол қисми бўлган ушбу партияларнинг барчаси аҳоли орасида экологик ташаббусларни кенг ёймоқда, барқарор тараққиёт мақсадларини илгари сурмоқда.
Габоннинг эътиборли томони шундаки, гарчи экологик партияларнинг парламентдаги ўрни ва таъсири кучли бўлмаса-да, уларнинг сайловлардаги имкониятлари анча чекланган. Чунки партиялар аъзолари минимал сонига қўйилаётган қонунчилик талаби йил сайин ўзгариб бормоқда. Ушбу учта сиёсий кучнинг 12 минг нафар аъзоси борлиги айтилади.
Ҳокимиятга қайси партия келишидан қатъи назар ҳукумат экология масаласига бирламчи эътибор қаратишга мажбур. Чунки Габоннинг бой наботот ва ҳайвонот олами бу катта даромад манбаи – мамлакатга ташриф буюраётган 250 минг сайёҳнинг қизиқиш объекти ҳисобланади.
Эълон қилинган «Яшил Габон» концепцияси эса мамлакатни бутун сайёрамиздаги энг асосий экологик донорга айлантиришни назарда тутади. Ушбу мамлакат Африкада «яшил олтин» номини олган бўлиб, 22 миллион гектар ўрмонга эга. 1960 йилда қабул қилинган мамлакат байроғида асосий ўринни эгаллаган яшил ранг ҳам айнан бепоён тропик бойликнинг ўзига хос рамзий ифодаси ҳисобланади.
2014 йил июлда қабул қилинган Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун нефть-газ, чиқиндилар ва ҳаво сифатини назорат қилишга, табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, экологик таълим, маълумот ва мониторингни кучайтиришга қаратилган.
Габон Африкадаги энг йирик нефть, марганец рудаси ишлаб чиқарувчи давлатлардан бири бўлиб, «қора олтин» теварак атрофни зарарлантирувчи асосий унсур бўлиб қолмоқда. Йўлдош газлар машъала шаклида ёқиб юборилади ва атмосферага катта зиён етказади.
Мамлакат Париж битими, Монреал протоколига Кигали тузатишини ратификация қилган. БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенциясига миллий даражада муносиб улуш қўшмоқда. Олиб борилган узоқ муддатли дастурлар натижасида расмийлар 2025 йил якунига келиб, атмосферага ис гази чиқариш улуши 50 фоизга қисқартиришга эришди.
Ҳукумат 2023-2027 йилларда БМТ мамлакатлари Барқарор тараққиёт янги режасида ўз ифодасини топган асосий стратегик вазифаларига сидқидилдан бажармоқда.
Ҳозирда Габон ҳудудининг 11 фоизида жойлашган 13 та миллий парк ишламоқда ва барчаси давлатнинг қатъий муҳофазасига олинди. Айнан ана шу миллий парклар ёввойи табиатни асрашнинг ўзига хос эталони ҳисобланади.
Понгара, Лоанго ва Лопе каби қиёси йўқ паркларда ноёб ҳайвонлар, эндемик ўсимликлар ва мангр ўрмонлари яшнаб ўсади. Бу қаттиқ қўриқланадиган ҳудудларда филлар, бегемотлар, катта панголиналар, гориллалар браконьерлардан ишончли ҳимоя қилинади. Ана шундай табиат бойлиги сайёҳлик ишқибозларини ўзига оҳанрабодек жалб этиб келмоқда.
Амазониядан кейин жаҳондаги энг йирик тропик ўрмонлар айнан Конго дарёси ҳавзасида жойлашган. Бу «яшил ўпка» сайёрамизда иқлимни ва биохилма-хилликни сақлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳавзада 6 та мамлакат бўлиб, улар орасида Габон ҳам бор ва у кўп жиҳатдан пешқадамга айланган.
Ҳар йили бу «яшил ўпка» 140 миллион тонна карбонад ангидридни ютади, натижада углерод баланси ижобий бўлиб, тоза ҳавони бутун минтақа бўйлаб катта миқдорда етказмоқда.
Ўрмонларни самарали ҳимоя қилаётгани учун Габон халқаро тўловлар оладиган Африкадаги биринчи мамлакатга айланди. БМТ қўллаб-қувватлаган Марказий Африка ўрмон ташаббуслари (CAFI) лойиҳаси кўра, Норвегия 150 миллион доллар ўтказиб берди.
Габон ўрмонлар, океанлар, атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришлари вазирлиги дунё аҳамиятига молик экотизимни барқарор бошқариш дастурларини молиялаштиришга катта эътибор қаратмоқда. Масалан, бундан 10 йил муқаддам Габонда қайта ишланмаган ёғочни экспорт қилишни тақиқлаш бўйича қонун кучга кирган эди. Чунки маъмурлар бу қарорни ёғочдан қўшимча қийматга эга кўплаб маҳсулот олиш мумкинлиги билан изоҳлашди. Ҳозир учдан бир қисм ёғочлар Нкок алоҳида иқтисодий зонаси орқали ўтмоқда. Бу ердаги замонавий заводда эса аввал чиқиндига ташланган ёғоч парчаларидан ҳам қимматли маҳсулотлар тайёрланмоқда.
Мамлакатда ҳозир ҳар йили 100 минг тонна саноат ва маиший чиқиндилар ишлаб чиқарилмоқда. Шу сабабли вазирлик мунипицал чиқиндиларни утилизация қилиш инфратузилмаси модернизациясига диққатни кучайтирди, уларни камайтириш ва қайта ишлаш бўйича махсус дастурларни ҳаётга татбиқ этмоқда.
Охирги йилларда браконьерлар учун мўмай даромад манбаи бўлган фил суягидан ясалган буюмларни ҳукумат Габондан олиб чиқиб кетишни тақиқлаб қўйди. Бу орқали ҳайвонларни ноқонуний ўлдирувчи гуруҳлар фойда олиши чекланмоқда. Мамлакатда табиатнинг ҳақиқий мўъжизаси ҳисобланган 400 дан ортиқ ноёб дарахтлар турларини бус-бутун сақлаб қолиш учун уларни ҳам четга олиб чиқиб кетиш қонун йўли билан чеклаб қўйилган.
Мунира МУХТОР қизи
Юртимиздаги ҳар бир хонадондаги чироқ шунчаки ёритувчи манба эмас, балки оилавий хотиржамлик, илиқлик ва турмуш фаровонлигининг асосий омилидир.
БатафсилТошкентда БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ҳамда Япония Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм вазирлиги (MLIT) томонидан юқори даражадаги мулоқот бўлиб ўтди.
БатафсилЁшларнинг экологик тафаккурини ривожлантириш бугунги куннинг асосий вазифаларидан саналади. Шунинг учун ҳам партия томонидан ташкил этиб келинаётган «Сиз экологик қонунларни биласизми?» кўрик-танлови мактаб ҳамда техникумлар ўртасида тобора оммалашмоқда.
Батафсил