Инсон ўзинг      Бош саҳифа

Дарахтлар – менинг дўстларим

...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.

Дарахтлар – менинг  дўстларим

Аммам бир умр мактабда ишлади, бошланғич синфларга дарс берди, қанчадан-қанча болаларнинг саводини чиқарди. Эслайман, мактабда доим ботинкамнинг боғи ечилиб, тили осилиб, югуриб юрардим. Аммамнинг кўзи тушса, дарров ёнига чақириб, ёқа-енгимни тузатиб, пойабзалим боғичини тортиб, маҳкам боғлаб қўярди...

Ҳовлидаги сўрида икки нуроний онахоннинг бурунги суҳбатлари қизигандан қизиди, ҳар замон савол ташлаб турдим. Бутун шажарамизу, асли қаерлик эканимиз, Хиёбон қишлоғига қандай келиб қолганимиз, ким тоғдан, нимада олиб тушгани – бари-бариси кино тасмасидай кўз ўнгимда гавдаланиб турди. Шу аснода, аммамнинг бир гапи эътиборимни тортди:

– Нови айтиб юради (Наби ака – амакиваччам), «чиллабулоқ» орқасида отамнинг тути бор эмиш, ҳали ҳам ўғинликлар Ҳайит буванинг тути деб атаркан...

Мен Ҳайит бобомни кўрмаганман, катта опаларим эс-эс юз-кўзи, ҳаракатларини ёдга олади. Бобомнинг шу тут кўринишида ҳамон тирик яшаётгани кўз олдимда гавдаланди, қувониб кетдим... Аср ёшига бўйлашаётган бу дарахтнинг марварид меваларидан қанча одамлар татиб, қанчаси соясидан баҳраманд бўлгандир.

Боболарим яшаган Ўғин қишлоғининг довруғини «Чинор ота» зиёратгоҳи оламга таратиб туради. Атроф-жавонибдан тинмай одамлар зиёратга келиб туради. Бу муқаддас масканнинг «Чинор ота» деб номланишига ҳам маҳаллий аҳоли турлича изоҳ беради.

Аслида юртимизнинг кетмон дастани суқса дарахт бўлиб кўкариб кетадиган серунум тупроғи билан боғлиқ афсонаю ривоятлар жуда кўп. Дарахт номи билан боғлиқ жой номлари, алломалар номи билан бирга асрлар давомида яшаб келаётган «кекса» дарахтлар жуда кўп. Азалдан бобо-момоларимиз ибратли ҳикоятлар орқали кўчат қадаш, дарахт экишнинг эзгу амал эканини тарғиб қилиб келади.

...Эсимни танибманки, ҳовлимиз этагида етти туп ўрик дарахти қатор солланиб, ғужғон мева берарди. Отам раҳматли қизғиш ва оқ тусли ўрик кўчатларини эшакка мингашиб, тоғу тошлар оралаб, Ҳазрати Султон ота зиёратгоҳидан хуржунга солиб олиб келган, етти фарзандга атаб ўтқазган экан.

Бу ўрикларнинг ҳосили йил давомида қушу қумурс­қадан тортиб, бизларга дармон бериб турарди. Кўклам келиши билан этак-этак довуччаси, пишса, сархил меваси, қиши билан ғўлини, данагу мураббосидан баҳраманд бўлардик. Унинг данагидан унган ниҳоллар ҳам қанчадан-қанча хонадонларга насиба улашиб кириб борди.

Отамнинг атрофида гирдикапалак бўлиб, ақлимиз ожизлик қилиб, нега бундай қилганини сўрайверардик. Отам бўлса, «эккан дарахтларим қанча кўп мева берса, уйимизга шунча кўп яхшилик келади», дер эдилар. Шу гапданми, ўрикнинг шохларини синдириб қўймасликка ҳаракат қилардик. Улғайганда билсам, шу мазмунда ҳадис келтириб ўтилган экан: «Қайси киши бирор кўчат экса, унга ўша кўчатдан чиққан мева миқдорича яхшилик ато этилади».

Ҳар йили баҳор келиши билан отам ўғилларини ёнига олиб, ҳовлининг тўридан жўяк тортиб, терак новдаларидан олинган қаламчаларни ерга суқтириб чиқарди. Баъзан ўйинқароқлик қилиб, тескари қадаб кетардик. Илдиз отган қаламчалар йиллар ўтиб азим-­азим теракларга айланди, қанча уйларга том бўлди. Бугун бу анъаналар оилаларда йўқолиб кетаётгандек туюлаверади менинг назаримда.

...Ёз чилласида сўрида ётган кезларим, хушбичим теракларнинг майин шивирлаши, тебраниши, оймомога эркаланаётгандай туюларди, завқланардим.

Болалигимизнинг бир қисми энамнинг ота уйида кечган. Файзи бобомнинг томорқасини кўз ўнгимга келтирсам, ҳали ҳам жаннатнинг иси димоғимга урилгандек туюлади. Тошкосадай шафтолилар, ертокдан боли томиб турган оқу қора кишмишлар, ҳусайнилар... бола қалбимга ўзгача қувонч бахш этарди.

Бобом ҳам, момом ҳам томорқасини «ҳаят» деб атарди. Баъзан биз болаларга челак тутиб ул-бул териб кел, деб айтарди. Деворни айланиб ўтишга эриниб, айвондаги пастқам деразадан том орқасига шодон ошиб тушардик.

Ахир, уйни ҳам кексаларимиз Ватан деб ифода этадилар-ку! Бобом катта рўзғорнинг тирикчилигини таъминлаб тургани учун томорқани «ҳаёт» деб атаган бўлса не ажаб. Аслида ҳам дарахтлар, ўсимликлар, бутун яшил табиат оламга ҳаёт бахш этиб туради.

Бобомнинг қўлидан кетмон тушмасди, шунча меҳнатга қандай куч, қандай ғайрат топган эканлар, деб ўйлаб қоламан. Бобом оламдан ўтиб кетган, момом ҳам мункиллаб, кексайиб қолган кезлари баъзан айтиб қолар эди: «Одамнинг баракаси ўзи билан кетаркан, томорқадан дарахтлар тортилиб қолди...»

Кейинроқ ўзим ҳам буни англагандек бўлдим, отам вафотидан сўнг ўтқазган дарахтлари ҳам бир-бир ташлаб кетди, шафтоли-ю зардолилар ҳосили камайди. Бу ҳақиқатни англаб етган акаларим йиллар ўтиб, ҳовлида ўзларининг боғини яратди. Аслида, ҳар бир авлоднинг кейинги авлод билан эстафедада қўлига тутқазадиган «таёқчаси» бўлади.

Дунёга иқлим ўзгариши тобора катта хавф солмоқда. Қанчадан-қанча ўрмонлар бой бериляпти, ўрнида тош шаҳарлар қад ростламоқда. Инсоният тараққиётга юз тутгани сари, табиат бемисл йўқотишларни бошдан кечиряпти. Камига урушлар, қирғинбарот қуроллар чаман-чаман боғлар, пурвиқор ўрмонларни яксон этмоқда.

Ниҳоят дунё глобал исиш, сув танқислиги ва чанг бўронлари каби жиддий экологик муаммолар билан юзма-юз келиб турибди. Бундай вазиятда табиатни асрашнинг энг самарали, арзон ва олижаноб йўли дарахт экиш эмасми?!.

Глобаллашув даврида кўплаб қадриятларимизни бой бермоқдамиз, хусусан, дарахт экиш, уни парваришлаш, ҳосилидан, соясидан инсонлар наф кўриши, бу эзгуликнинг том маънодаги кўриниши эканини тафаккуримиздан суриб чиқаришга «эришдик», афсус.

...Қишлоғимизнинг тепаси лалми ерлар бўлиб, Яски Яккабоғ қўрғонидан Шаҳрисабзга олиб борадиган йўл кесиб ўтган эди. Ҳозир у ерлар ҳам ўзлаштирилиб, уйлар қурилган. Бола кезларимиз жазирамада ўша йўлга чиқиб бориш оловни опичлаб туриш билан баробар эди. Бекатга амаллаб чиқиб борганингда танинг бир дам енгил ором оларди. Чунки улкан бўлмаса-да, қулочини кенг ёйиб турган қайрағоч дарахти остида ҳовуринг босиларди.

Дарахтнинг тагида сув туриши учун ҳовуз қазилган, оқ тупроқ остидан чайир илдизлари бўртиб турарди. Автобус келгунга қадар томирлар устидан сакраб, вақтни ўтказардик.

Тап-тақир лалмида бу дарахт кўчатини Сафар бобо савоб олиш мақсадида ўтқазиб, нафақа пулидан сув ташувчи машина ёллаб, вақти-вақти билан оби ҳаёт етказиб турган экан. Баъзан қишнинг чилласида фарзандлари ва набираларини ишга қўшиб, нам илдизга чуқур кириб бориши учун қайрағочнинг остига қорни қалин қилиб бостириб келарди.

Сафар бобо оламдан ўтиб кетгандан сўнг бир куни қайрағочга ўт туташиб, бехос ёниб кетди. Йўлга қадами етган борки, ҳамманинг дилини афсус ва тунд қилди. Баъзан бир одам оламдан ўтса, қишлоқ аҳли бундай қайғуга ботмайди. Бировга ибрат бўладиган кор қилмаган, эл учун жонини тирнамаган, қойиллатиб бир туп дарахт экмаган кимсанинг йўқолиши аҳамиятсиздек туюлади.

Аммо, Сафар бобонинг эзгу ишини набиралари давом қилиб, ёнган қайроғоч ўрнига янги ниҳол қадади, дамба-дам сув қуйиб, бобосига фотиҳа айтиб турди, бугун ўша қайрағоч улкан дарахтга айланди.

Маҳаллага янги кўчиб келган қўшним, уйни таъмир қиламан деб, собиқ уй эгаси ўтқазган етти-саккиз йиллик серҳосил ўрик дарахтини кесиб ташлади. Қўшнилар эътироз билдирса, ундан зўрини экаман, дермиш. Ахир бир дарахт вояга етиши, ҳосилга кириши, соя бериши учун йиллар керак бўлишини наҳотки, англамаган бўлса...

Ҳамманинг ўз қараши, одамийликни ўлчайдиган ўз тарозиси бўлади. Мен одамларнинг табиатга, ўсимликлар оламига муносабатига қараб, одамгарчилигини тарози палласига қўяман. Умри бино бўлиб, бир кўчат ўтқазмаган одамнинг ҳаётидан маъно қидириб юришдан наф борми?!

Халқимизнинг улуғ шоири Эркин Воҳидовнинг гўзал чорлов билан битилган ойдин сатрлари бот-бот ёдда айланаверади:

 

Юртдошим, боғингга бир ниҳол қада,

Бу ниҳол номини Яхшилик ата,

Ниҳолинг ёнига бир гул экиб қўй,

У гулнинг исмини Гўзаллик деб қўй.

 

Гулу ниҳолингга бахш этиб ҳаёт,

Сув бер ва бу сувга Меҳр деб қўй от.

Сендан фарзандингга боғ қолсин, эй дўст,

Боғинг Ватан деган ном олсин, эй дўст.

 

Бизнинг қадриятларимизда кўчат экиш улуғ савоб амаллардан саналади. Дарахт экишнинг нақадар муҳим ва бардавом эзгулик эканига энг гўзал далил сифатида юрт раҳбарининг ўзи бош бўлиб турган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини кўрсатиш мумкин. Бу эзгу ташаббус доирасида юртимизда миллионлаб кўчатлар экилмоқда.

Биз эса экилаётган кўчатлар парваришига масъулият билан ёндашишимиз талаб этилади. Катта йўл бўйларида экилган, сувсизликдан қовжираб ётган ниҳолларга гоҳи кўзинг тушиб, дилинг хира бўлади. Бу борада мутасаддиларнинг назорати жуда муҳимдир. Дарахтлар инсондан кўп нарса талаб қилмайди, уларга ўз вақтида сув бериб туриш кифоя, холос.

Буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур яратган боғлар ҳақидаги манбаларга кўп бора рўпара келамиз, бундан чексиз фахрланиб, бобомиз мана шундай эзгу ишларга қўл урган, деб кўксимизни кериб юрамиз. Ўзимиз бўлса, баъзан бир чўпни ерга қадашнинг уқувига бормаймиз. Инсон яхшилигини амалида ифода этиб юрса, ҳамиша эл орасида иззат-икромга лойиқ кўрилади. Қолаверса, дарахтлар одамга икки дунё саодатини тилаб туради, мен худди шундай тушунаман. Ахир дарахтлар менинг энг қимматли дўстларим!

Фахриддин ҲАЙИТ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир




Ўхшаш мақолалар

Дарахтлар – менинг  дўстларим

Дарахтлар – менинг дўстларим

🕔16:47, 30.04.2026 ✔5

...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.

Батафсил
Миздаҳкан –  ўн икки минг  қўрғонли қалъа  ҳамон қад ростлаб турибди

Миздаҳкан – ўн икки минг қўрғонли қалъа ҳамон қад ростлаб турибди

🕔15:32, 26.03.2026 ✔98

Бугунги кунда давлатимиз томонидан сайёҳликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилиб, бу борада муҳим шарт-шароитлар яратилмоқда. Мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда элдошларимиз юрт кезиб, дунёни томоша қилишга ошиқмоқдалар.

Батафсил
Инсонийлик –  одам ва олам  мувозанатининг олий мезони

Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони

🕔16:15, 19.02.2026 ✔216

Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Дарахтлар – менинг  дўстларим

    Дарахтлар – менинг дўстларим

    ...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.

    ✔ 5    🕔 16:47, 30.04.2026
  • Миздаҳкан –  ўн икки минг  қўрғонли қалъа  ҳамон қад ростлаб турибди

    Миздаҳкан – ўн икки минг қўрғонли қалъа ҳамон қад ростлаб турибди

    Бугунги кунда давлатимиз томонидан сайёҳликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилиб, бу борада муҳим шарт-шароитлар яратилмоқда. Мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда элдошларимиз юрт кезиб, дунёни томоша қилишга ошиқмоқдалар.

    ✔ 98    🕔 15:32, 26.03.2026
  • Инсонийлик –  одам ва олам  мувозанатининг олий мезони

    Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони

    Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.

    ✔ 216    🕔 16:15, 19.02.2026
  • Миянгизни  етти ойга  «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

    Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?

    Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?

    ✔ 187    🕔 16:04, 19.02.2026
  • Бир байт  ва икки тақдир

    Бир байт ва икки тақдир

    Алишер Навоий ва Александр Иванович. Бир-биридан асрлар, эътиқод, муҳит ва мақсад билан ажралган икки шахс.

    ✔ 172    🕔 14:57, 12.02.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар