Марказий Осиёда экологик муаммолар, айниқса, Орол денгизи билан боғлиқ вазият йиллар давомида минтақанинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб келмоқда.
Бу муаммо фақат табиатга эмас, балки миллионлаб инсонлар ҳаёти, иқтисодиёт ва ижтимоий барқарорликка ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашидаги чиқиши муҳим сиёсий ва амалий аҳамиятга эга бўлди.
Ушбу ёндашувнинг энг муҳим жиҳати муаммоларни аниқ рақамлар ва далиллар асосида баҳолаш ва ечимларни ҳам шу асосда таклиф этишдир. Хусусан, экспертлар ҳисоб-китобларига кўра, 2040 йилга бориб Орол денгизи ҳавзасида сув танқислиги деярли икки баробарга ошиб, йилига 20 миллиард куб метрга етиши мумкин. Бу эса ичимлик сув таъминотидан тортиб қишлоқ хўжалиги ва энергетикагача бўлган барча соҳаларга жиддий босим ўтказади.
Шу билан бирга, ҳозирги кунда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳам етарли эмас. Масалан, қишлоқ хўжалигида 1 доллар қўшилган қиймат яратиш учун ўртача 3 куб метр сув сарфланмоқда, бу эса жаҳон кўрсаткичларидан қарийб икки баробар юқори.
Сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар эса ижобий натижаларни кўрсатмоқда: суғориладиган ерларнинг 60 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий этилди, ирригация тармоқларини бетонлаш даражаси 40 фоизга етказилди, насос станцияларини модернизация қилиш орқали энергия сарфи 30 фоизга қисқартирилди, ҳар йили 10 миллиард куб метрдан ортиқ сув тежалмоқда, 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 15 миллиард куб метрга етказиш режалаштирилган.
Бу рақамлар сув ресурсларини бошқаришда тизимли ёндашув шаклланаётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Масалан, Орол денгизи ҳавзаси бўйича тўртинчи дастур доирасида 34 та минтақавий лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Бироқ уларнинг самарадорлигини баҳолаш бўйича ягона механизм мавжуд эмаслиги бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади.
Шу сабабли жамғарма фаолиятини такомиллаштириш, унинг институционал салоҳиятини кучайтириш ва молиялаштириш механизмларини кенгайтириш муҳим вазифага айланмоқда. Хусусан, халқаро молиявий ресурсларни жалб қилиш, инвестицияларни мақсадли йўналтириш ва назоратни кучайтириш орқали амалий натижадорликка эришиш мумкин.
Яна бир муҳим жиҳат: экологик муаммоларнинг трансчегаравий хусусияти. Сув, ҳаво ва ер ресурслари бир неча давлат ҳудуди билан боғлиқ бўлгани учун уларни бошқариш ҳам умумий ёндашувни талаб этади. Шу боис минтақавий ҳамкорликни кучайтириш, барча давлатларни, жумладан Афғонистонни ҳам жараёнга жалб этиш стратегик аҳамиятга эга.
Бундан ташқари, жамиятда сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш ҳам муҳим вазифадир. Агар аҳоли ва хўжалик субъектлари сувни тежашга масъулият билан ёндашмаса, ҳатто энг замонавий технологиялар ҳам кутилган самарани бермаслиги мумкин.
Бир сўз билан айтганда, илгари сурилган ташаббуслар Марказий Осиёда экологик ва сув ресурсларини бошқариш соҳасида янги босқични бошлаб бермоқда. Энг муҳими, бу жараёнда аниқ рақамлар, реал мақсадлар ва амалий ечимлар устувор аҳамият касб этмоқда.
Агар мазкур чора-тадбирлар изчил амалга оширилса, Орол муаммосини юмшатиш, сув танқислигини камайтириш ва минтақада барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида сезиларли натижаларга эришилади.
Гулчеҳра ТОЖИБОЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси
Кўчат энди тупроқда эмас, замонавий технологик тизимлар орқали етиштирилади
🕔11:37, 20.08.2026
✔49
Мамлакатимизда сўнгги йилларда экологик хавфсизликни таъминлаш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш, чўлланишга қарши курашиш, биохилма-хилликни сақлаш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Батафсил
Агротуризм мўъжизаларини кўрмоқчимисиз, оилангизни олиб йўлга чиқинг!
🕔14:37, 14.08.2026
✔87
Илгари туризм деганда кўз олдимизга беихтиёр Самарқанднинг нақшинкор гумбазлари, Бухоронинг салобатли миноралари ёки Хиванинг кўҳна деворлари келарди. Тўғри, бу тарихий обидалар миллий ғуруримиз, аждодларимизнинг бизга қолдирган бебаҳо мероси саналади.
Батафсил
Марказий Осиёда 26 миллиондан ортиқ киши қурғоқчиликдан азият чекмоқда – БМТ
🕔16:42, 06.08.2026
✔113
Марказий Осиёда 26 миллиондан зиёд аҳоли қурғоқчиликдан жабр кўрмоқда. Минтақадаги 152 миллион гектардан ортиқ ер эса қурғоқчилик таъсирида қолган.
Батафсил