Бутун Ер юзида бўлганидек, экологик вазиятни яхшилаш долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Айниқса, чўлланиш муаммоси юқори даражада бўлиб, у экология, иқтисодиёт ҳамда аҳоли саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Оқибатда қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлиги камайиб бормоқда, чанг-туз бўронлари кўпаймоқда, биохилма-хиллик камайиб, аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бу каби муаммо Ўзбекистонда ҳам мавжуд. Бунинг асосий сабабларидан бири Орол денгизининг қуриши, иқлим ўзгариши ва қурғоқчилик, ерларни ортиқча ишлатишдан иборатдир. Албатта, муаммо ечими йўлида кенг миқёсда ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, қуриган Орол денгизи тубида яшил ҳимоя зоналари (дарахт экиш) яратиш ишлари олиб борилмоқда, сув тежамкор технологиялар жорий этилмоқда, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик (масалан, БМТ доирасида) йўлга қўйилган.
Бу каби муаммони Самарқанд шаҳри мисолида кўрадиган бўлсак, шаҳарда экологик вазият бир қадар ўртача барқарор. Аммо, урбанизация жараёнининг авж олиб бораётгани, шаҳар жойларда кўп қаватли турар жой бинолари ва саноат корхоналари қурилишининг жадаллиги, дарахтлар кесилиши, суғориш сувининг танқислиги оқибатида экилаётган дарахтлар ва барпо этилаётган гулзор ва майсазорларнинг қуриб қолаётгани тизимли экологик муаммоларга қарши курашишни оғирлаштирмоқда.
Биргина «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини олайлик. Бу эзгу ташаббуснинг натижасига салбий таъсир кўрсатаётган энг катта муаммолардан бири – ариқлар кўмилиб кетиши билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Шаҳарда шовқинлар кўпайиб, янги қурилишлар сабаб айрим яшил майдонлар қисқармоқда, дарахт кесиш ҳолатлари учраб турибди, шаҳар аҳолисининг сонига нисбатан яшил ҳудудлар етарли эмас. Сув ресурслари сифати паст.
Назоратсиз ёки зич қурилишлар кўпайиб, баъзи жойларда экологик стандартларга тўлиқ риоя қилинмаяпти, шаҳарни режалаштиришда экологик омиллар етарли ҳисобга олинмасдан қолмоқда. Бунинг устига экологик маданиятнинг йўқлиги, тарғибот ишларининг пастлиги ҳам мавжуд сабаблардан бири, деб айта оламиз.
Ўзбекистон Экологик партиясидан мен сайланган 20-Камолот сайлов округи ҳудудидаги маҳаллалар мисолида кўрадиган бўлсак, яқин ўтмишда ушбу маҳаллаларда Хўжасаҳат, Дамариқ, Йўнғичқариқ, Бекмаҳалла ариғи, Жарариқ каби суғориш ариқлари бўлиб, улар аҳолини ва ундаги катта-кичик экин майдонларини, дарахтлар ва гулларни сув билан таъминланган. Айни кунларда ушбу ариқлар кўмилиб кетган бўлиб, биргина Жарариқдан фақат ёз кунлари аҳён-аҳёнда сув оқиб туришини кўриш мумкин. Таассуф билан айтиш мумкинки, ушбу ариқнинг «Микрорайон»дан оқиб ўтувчи қисми «сув бўлмайди» деган мушоҳада билан қувурлар ташланиб, уларнинг устига асфальт қопламаси ёпилди.
Ҳудуддаги Амир Темур номли, Ўрикзор, Каттақўрғон, Ализода номли, Беклар, Найман, Камолот маҳаллаларида депутатлик сўровлари натижасида ариқларнинг кўмилиб кетган жойларини очиш, дарахтларга шакл бериш, турли идоралар томонидан ковланиб, чала ташлаб кетилган жойларни асфальтлаш ёки шағал тўктириш, артезиан қудуқларни ковлаб сув чиқариш, яшил ҳудудлар яратиш, Жарариқ суви ифлосланишининг олдини олиш каби бир қатор ишлар амалга оширилди.
Қайд этиш жоизки, жойларда ички ариқ ва каналлар тозаланмагани, чиқиндилар билан тўлиб бораётгани, сув кетиш йўлларининг охири йўқлиги боис ҳам муаммо кўлами ортса ортяптики, камаймаяпти. Ҳар бир ҳудудда сув йўлларини очиш, ариқларни тартибга келтириш шарт. Сув манбаи бор бўлса ҳам, ариқлар қазилмагани ва каналлар очилмагани учун сув етиб бормагани боис қанча ерларда ҳосил камаймоқда.
Бу масалада негадир маҳаллий ҳокимларнинг шахсий жавобгарлиги сезилмаяпти. Гарчанд улар зиммасига ариқлар тозалигини таъминлаш, сувни тўғри тақсимлаш энг долзарб вазифа сифатида қўйилган бўлса-да, Самарқанд шаҳридаги ариқлар мисолида бунинг натижаси кўрингани йўқ. Зотан, сувни етказиш учун, энг аввало, ички ариқ ва каналларни тартибга келтириш керак бўлади. Ариқлар очилмаса, ҳеч қандай натижа бўлмайди.
Муаммонинг ечими яшил ҳудудларни кўпайтириш, янги қурилишларда «Бир кесилган дарахт ўрнига бешта дарахт экиш» қоидаси асосида иш юритиш, йўллар бўйлаб ва маҳаллаларда оммавий дарахтлар экиш, «Яшил белбоғ» ташкил қилиш, мактаблар ва маҳаллалар жамоаларини дарахтлар парваришига жалб қилиш, сув тежамкор технологиялар (томчилатиб суғориш), оқова сувларни қайта ишлаш тизимини жорий қилишда, деб биламиз. Экологик таълимга эътиборни қаратиш, «Тоза шаҳар» акцияларини ўтказиш, волонтёрлик ҳаракатларини йўлга қўйиш, ҳар ойда умумшаҳар тозалик кунини ўтказиб бориш, бу ишларда жамоат иштирокини таъминлашни одат тусига киритиш талаб этилади. Ариқлар ўтган маҳаллалар аҳолиси ўртасида экология билан боғлиқ шиорлар, тарғибот рекламалари, буклетлар ва шунга ўхшаш бошқа тарғибот материалларини тарқатиш муҳим тадбирлардан бири деб ҳисоблаймиз.
Ўрни келганда айтиб ўтиш лозимки, Самарқанд шаҳридаги «Чашма» ариғи, Сиёб канали ва Жарариқ каби учта кўзга кўринган ариқлар шаҳар кўрки бўлиб қолмоғи шарт.
Ушбу ишлар амалга оширилса, Самарқандда экологик вазиятни сезиларли даражада яхшилаш мумкин.
Носир БАГИРОВ,
ЎЭПдан халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати