Бухорода 2026 йил 8 январь куни Ўзбекистон Экологик партияси Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг қўшма сайёр йиғилиши бўлиб ўтди.
Илк бор шундай янги форматда ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган стратегик йўналишларда Ўзбекистон Экологик партияси олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди. «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» муносабати билан партия ташкилотлари ҳамда депутатлик корпусининг маҳаллагача тушиб ишлаши бўйича дастлабки қадамлар қўйилди.
Маҳаллага тушиб борган депутатлар
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев бошчилигида депутатлар ва партия фаоллари аввало Бухоро вилоятидаги маҳаллаларда бўлиб, хонадонма-хонадон юриб аҳоли билан бевосита мулоқот қилишди. Маҳалла еттилиги фаолияти самарадорлиги ўрганилди, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликдан чиқариш, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш, борасида амалга оширилаётган ишлар билан бевосита жойида танишдилар. Шу билан бирга, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида қилинган ишлар, ҳудудлар ва маҳаллалардаги экологик вазият депутатлар томонидан атрофлича ўрганилди.
Депутатлар ва партия фаоллари Когон туманидаги «Сараён» маҳалла фуқаролар йиғинида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Маҳалла фуқаролар йиғини томонидан тайёрланган тақдимот орқали маҳаллада амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган натижалар, мавжуд муаммолар ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берилди. Ўрганиш жараёнида «маҳалла еттилиги» фаолияти, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
«Сараён» маҳалласида бугунги кунда 3800 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ўтган 2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, 166 нафар ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилди, 44 нафари тадбиркорликка жалб этилди, 28 нафари касб-ҳунарга ўқитилди.
– Ўтган йили аҳоли бандлиги дастури бўйича олдимизга қўйилган режа 126 фоизга, яъни ортиғи билан бажарилди, – дейди «Сараён» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шавкат Ўроқов. – Маҳалламиз биносида халқаро молия ташкилотлари грант маблағлари ҳисобига замонавий компьютер хонаси ташкил этилди, ўндан зиёд тикувчилик ускуналари, шунингдек, спорт жиҳозлари билан таъминланди. Эндиликда маҳалламиз биносида ишсиз хотин-қизлар тикувчиликни ўрганиб, шу ерда даромад манбаига эга бўлишмоқда. Ёшлар компьютер ўрганиб, спорт билан шуғулланиш имкониятига эга.
Фракция раҳбари маҳаллада яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш, хотин-қизлар ва ёшларни кўпроқ жалб этиб, улар учун муносиб шароитлар яратиш бўйича тавсиялар бериб ўтди.
Депутатлар ва партия вакиллари «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида маҳаллада кўчат экди. Мазкур акция давомида ҳудудга 50 га яқин манзарали дарахт кўчатлари экилди. Шунингдек, кўчатларни парваришлаш ва уларнинг барқарор ўсишини таъминлашга қаратилган агротехник қоидалар бўйича тушунтириш ва амалий тавсиялар берилди.
Маҳаллалардаги ўрганишлар аввалгидек умумий, маҳалла биносини айланиш билангина чекланмай, аҳолининг ҳаёти, муаммолари ва таклифларини бевосита хонадонма-хонадон ўрганишга қаратилди. Хусусан, меҳмонлар маҳалладаги Нарзихон ая Маҳмудова ва Меҳрия Файзиева хонадонларида бўлди. Уларнинг яшаш шароитлари, таклиф ва мулоҳазалари билан яқиндан танишди.
Шунингдек, меҳмонлар Бухоро шаҳридаги «Шайх-ул олам» маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Маҳалла еттилиги фаолияти, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва бошқа йўналишларда амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.
«Шайх-ул олам» маҳалласи тажрибали инсон, Олий Мажлис Сенати аъзоси Мойра Тошова раҳбарлигида тобора янги қиёфа касб этиб, аҳоли муаммоларини ҳал этувчи ўзига хос драйверга айланмоқда. Тўрт минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган мазкур маҳаллада бугунги кунда ишсизлик даражаси бор-йўғи 0,7 фоизни ташкил этади, 2 219 нафар аҳоли доимий иш билан банд. Маҳалла раисининг айтишича, яна 18 нафар кишини иш билан таъминлаш ва йил охиригача, ишсизлик даражасини 0,4 фоизгача тушириш режа қилинган. Ўз навбатида камбағал оилалар учун доимий даромад манбаларини яратиш учун Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 16 нафарга 460 млн сўм, Бизнесга биринчи қадам дастури бўйича 29 нафарга 380 млн сўм, Бизнесни ривожлантириш дастури доирасида 500 млн сўм кредит ажратилган.
Экологик партия фракцияси аъзоси бўлган депутатлар «маҳалла еттилиги» билан суҳбатлашар экан, қабул қилинаётган ва муҳокамада турган қонунлар бўйича атрофлича фикр алмашди. Аҳоли билан бевосита ишлаётган «еттилик» вакиллари қонунчилик нормаларининг амалиётда қўлланилиши бўйича ўзларининг фикр-мулоҳазаларини депутатларга етказишди.
Мурожаатномадаги энг муҳим вазифалар
Экологик партия Ижроия қўмитаси ҳамда фракциянинг қўшма сайёр йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотлари кенгаш раислари, партиядан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия ва жамоатчилик фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Шунингдек, мазкур кенгайтирилган мажлисда видеоконференцалоқа режимида туман ва шаҳар партия ташкилотлари раҳбарлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари – умумий тарзда 400 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Ўтган йилда Экологик партия томонидан
3 438 та йирик акциялар ва форумлар ҳамда бошқа тадбирлар ўтказилди, қатор экологик лойиҳалар амалга оширилди. Ушбу тадбирлар орқали 281 621 нафар ёшлар, хотин-қизлар ва турли ижтимоий қатлам вакиллари қамраб олинди.
«Яшил макон», «Эко-боғ», «Депутат боғи» лойиҳалари доирасида 399 та акция ўтказилиб,
92 703 туп манзарали ва мевали кўчатлар экилди. 272 та «Тозалик ҳафталиги», «Эко-шанба» ва «Плоггинг» акциялари ўтказилиб, ҳудудлар 16 минг тоннадан ортиқ чиқиндилардан тозаланди.
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев Президентимизнинг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган янги йўналишлар партия фаолияти учун дастуруламал бўлишини алоҳида таъкидлади.
Мурожаатномада айтилганидек, мамлакатимиз тарихида биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан ошди. Бу ислоҳотларнинг реал натижаси, халқимизнинг меҳнати ва танланган сиёсий йўлнинг тўғрилигини яққол кўрсатади.
Иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, экология, маҳалла институти ва давлат бошқарувида эришилаётган натижалар шундан далолат берадики, мамлакатимиз тараққиёти сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Энг муҳими, ислоҳотлар натижаси рақамларда эмас, балки аҳолининг ҳаёт сифати, маҳаллалар қиёфаси ва фуқароларнинг келажакка бўлган ишончида ўз аксини топмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси ва унинг депутатлар корпуси олдида турган асосий вазифа – давлатимиз раҳбари белгилаб берган стратегик йўналишларни ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этиш, қонунчилик ташаббуслари, парламент назорати ва аҳоли билан очиқ мулоқот орқали ислоҳотларга елкадош бўлишдан иборат.
Биргина ўтган йилнинг ўзида 188 та маҳалладаги 715 минг аҳоли яшайдиган хонадонларга биринчи марта тоза ичимлик сув кириб борди. Яна 2 миллион 300 мингга яқин аҳолининг сув таъминоти яхшиланди. Бундан ташқари, 867 та «оғир» маҳалладаги 470 мингта хонадонга томорқаларни суғориш учун илк бор сув етиб борди.
– Мана шундай ўзгаришларни депутатлар билан маҳаллага тушиб ўз кўзимиз билан кўришимиз ва алабтта бу ишлар изчил давом этиши учун ҳисса қўшишимиз керак. Аҳолини қийнаётган муаммоларга тезкор ечим топиш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитлари яхшиланишига кўмак бериш партиямиз депутатларининг биринчи навбатдаги вазифасига айланиши шарт, – деди Экологик партия раҳбари Абдушукур Ҳамзаев. – Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили давомида давлат сиёсатининг бевосита маҳаллагача тушиб, одамларнинг кундалик турмушига ижобий таъсир кўрсатишига эришишда биз ҳам масъул эканлигимизни унутишга ҳаққимиз йўқ. Зеро, йил номида қабул қилинадиган давлат дастурида юртимиздаги 9 мингдан зиёд маҳаллани, аввало, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш каби долзарб масалалар акс этади.
Экологик мувозанатни таъминлаш, «яшил» энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш Мурожаатномада алоҳида устувор йўналиш сифатида белгиланди. Бу давлат сиёсатида экология масалаларига бўлган ёндашув мутлақо янги босқичга кўтарилганини яна бир бор англатади. Энг муҳими, давлатимиз раҳбари бу йўналишда ҳар бир масала бўйича амалий механизм ва молиявий таъминотни очиқ белгилаб берди.
Жумладан, атроф-муҳитга катта таъсир кўрсатаётган йирик корхоналарда фильтрлар, тозалаш иншоотлари ва ҳавога чиқариладиган зарарли моддаларни мониторинг қилиш станцияларини ўрнатиш учун биринчи босқичда 100 миллион долларлик махсус кредит линияси очилиши белгиланди. Бу қарор саноат ривожи билан экологик хавфсизлик ўртасида мувозанатни таъминлашга қаратилган узоқни кўзлаган стратегик мақсад эканини кўрсатади.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида иссиқхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун имкониятлар ва шарт-шароитлар яратиш бўйича аниқ ечимлар белгилаб берилди. Жумладан, улар учун 200 гектардан иборат агрокластерлар ташкил этилиб, иссиқхоналар учун субсидиялар берилади. Уларни марказлашган қозонхоналар орқали иситиш тизими жорий этилади.
Чанг-тўзонларнинг олдини олиш, иқлимга мослашувни кучайтириш мақсадида Сурхондарёда 10 минг гектар «яшил макон», Сирдарёда 84 километрли «яшил девор» барпо этилиши, Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоий ҳудудларида жами 250 минг гектар, жумладан, Оролнинг қуриган тубида 115 минг гектар ерда дарахт ва буталар экилиши белгиланди.
Бу ишларда Ўзбекистон Экологик партиясининг ҳар бир тузилмаси, ҳар бир депутатининг фаол иштирок этиши бўйича партия Ижроия қўмитасининг «йўл харитаси» белгилаб олинди.
Экологияни ҳар бир қонунда акс эттириш зарурати
Бухорода ўтган сайёр йиғилишда партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари, Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари ўринбосари Ойбек Раҳимов партия ва унинг Қонунчилик палатасидаги фракциясининг 2025 йилги фаолияти ҳақида маълумот берди.
Экологик партия фракцияси 2025 йил давомида қонун ижодкорлиги жараёнларини янада такомиллаштириш, сайловчилар билан мулоқотни кучайтириш, жойларда фуқароларни ўйлантириб келаётган тизимли муаммоларни таҳлил қилиб бориш, партиялараро рақобатни ривожлантириш ҳамда ижро органлари фаолияти устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратди. Ўтган даврда фракция аъзолари депутатлар ташаббуси билан Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритилган 6 та қонун лойиҳасига ҳамташаббускор бўлди.
Фракция томонидан ҳисобот даврида чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга, атроф-муҳит мониторинги самарадорлигини оширишга қаратилган 6 та, шундан 2 таси эса яхлит қонун лойиҳалари устида иш олиб борилди. Шунингдек, фракция аъзолари Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритилган 15 та қонун лойиҳасига масъул бўлди.
Тегишли вазирлик ва идоралар томонидан қонунлар ва қонуности ҳужжатлар ижросини таъминлаш, оқава сувларни чиқариб юборишни модернизация қилиш ва янгиларини қуриш, чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизимини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан таъсирчан парламент ҳамда депутатлик назорати олиб борилди. Бир қатор вазирларнинг бу борадаги ахбороти парламентда кўриб чиқилишига эришилди.
Ҳар ойининг охирги ҳафтасида фракция аъзоларининг ўз сайлов округларидаги ўрганишлари ташкил этилди. Аниқланган муаммо ва камчиликлар юзасидан давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига 35 маротаба депутатлик сўрови юборилди.
Хусусан, Экологик партия фракцияси аъзоларининг ўз сайлов округларида ташкил этилган ўрганишлари давомида 289 та маҳалла фуқаролар йиғини, 441 та хонадонга бориб, 632 та учрашув ўтказилди. Уларда 20 792 нафар фуқаро, шу жумладан, 1 158 нафар тадбиркор билан бевосита мулоқот ташкил этилди. 400 та ижтимоий соҳа объектининг фаолияти билан яқиндан танишилди.
Учрашувлар давомида 1 053 нафар фуқаролар қабул қилиниб, сайловчилар томонидан жами 633 та масалалар кўтарилди. Депутатлар томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида аҳоли томонидан кўтарилган 118 та масала жойида ҳал этилди.
Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасидан келиб чиқиб, партиямиз фракцияси олдида ҳам бир қатор муҳим вазифалар турибди. Хусусан, атроф-муҳит мониторинги соҳасидаги муносабатлар бугунги кунда 30 га яқин қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади. Белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, фракция аъзолари томонидан «Атроф-муҳит мониторинги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Фракциямиз ушбу қонун лойиҳаси муҳокамасида аниқ таклифлар билан иштирок этади.
Шунингдек, партия гуруҳларимиз ва маҳаллий Кенгашдаги депутатларимиз билан бирга, маҳаллий Кенгашларга ечимини кутаётган экологик муаммоларни таклиф сифатида киритиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Ёшларнинг инновацион экологик ғоялари
Йиғилиш иштирокчилари Бухоро давлат техника университетида бўлиб, ташкил этилган кўргазма билан танишди. Кўргазмалар билан танишиш жараёнида Мурожаатномада белгилаб берилган устувор вазифалар, экологик сиёсатни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ислоҳотлар ва уларни амалга оширишда олий таълим муассасалари ҳамда партия ташкилотларининг ўрни ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Шунингдек, экологик хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш борасида ёшлар томонидан таклиф этилаётган инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича депутатлар ёшлар билан дилдан суҳбат қуришди. Бу йўналишда партия ва фракция олдида турган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
– Бугун экология масаласи – бу табиатни асраш, инсон қадрини улуғлаш масаласи, соғлом жамият ва барқарор давлат қуриш масаласи. Бу келажак авлод олдидаги виждон масаласи. Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада таъкидлаганидек, агар биз барчамиз бирлашиб, ягона халқ ва ягона миллат сифатида олға интилсак, ҳар қандай юксак маррани забт этишга қодирмиз. Ана шундай бирдамлик бор экан, ҳеч қандай куч бизни ўз танлаган йўлимиздан қайтаролмайди, – деди партия раҳбари.
Ўзбекистон Экологик партияси ташкил этилганининг 7 йиллиги муносабати билан ҳудудий партия ташкилотлари фаолиятини баҳолаш ва илғор тажрибаларни рағбатлантиришга бағишланган тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.
Унда сўзга чиққанлар партия тизимида самарадорликни оширишда соғлом рақобат муҳитини кучайтириш ва ҳудудий партия ташкилотларининг ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Шундан сўнг 2025 йилда тегишли ҳудудларда намунали фаолият юритган Ўзбекистон Экологик партиясининг туман ва шаҳар партия ташкилотлари раислари муносиб тақдирланди.
Партия тизимининг рақамлаштирилиши, бошқарувда замонавий ахборот технологияларининг жорий этилгани ва рейтинг тизими орқали фаолиятни баҳолаш механизми шаффоф тарзда амалга оширилаётгани қайд этилди.
Бу тизим ҳудудий партия ташкилотлари ишини баҳолаш, самарадорликни ошириш ва илғор тажрибаларни оммалаштиришга хизмат қилмоқда.
Бухородаги «Арк»да Экопартия ҳам бор
Бухоро вилоятидаги Арк қалъасида жойлашган Қушбеги ҳовлисининг «Табиат» бўлимида вилоятнинг тарихий ва бугунги флораси ҳамда фаунасини ёритиб берувчи қимматли экспонатлар сақланади. Вилоятда ўтказилган сайёр йиғилишдан сўнг мазкур бўлимда Ўзбекистон Экологик партиясининг доимий бурчаги ташкил этилди.
Янги ташкил этилган бурчакда Ўзбекистон Экологик партиясининг фаолияти ва мақсадларини акс эттирувчи турли кўргазмали буюмлар, шунингдек, партия томонидан чоп этилган китоб ва нашрлар жой олган.
Мазкур доимий бурчак ташриф буюрувчиларда экологик маданиятни юксалтириш, табиатга масъулиятли муносабатни шакллантириш ҳамда партиянинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўлидаги эзгу ташаббусларини кенг жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Экологик партияси Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг янги форматдаги мазкур йиғилиши партия фаолиятида янги босқични бошловчи қадам бўлди, дейиш мумкин. Партия олдида турган устувор вазифалар янги форматда, маҳаллагача тушиб муҳокама қилинди, муҳим таклиф ва ташаббуслар аҳолининг ўзидан бевосита эшитилди. Айтилган фикрлар, билдирилган таклифлар ва мулоҳазалар Экологик партия фаолиятини янада аниқ, манзилли ва самарали этишга хизмат қилади.
Ўз мухбиримиз