Айжамал опага фидойилик аждодоларидан ўтган. Отаси Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ҳамиша ўз фарзандларини халқпарвар, меҳрибон ва жонкуяр қилиб тарбиялашга интилган.
Ижодкор ота нуфузли вазифаларда ишлаш билан бирга депутат сифатида ҳам фаолият юритар эди. Ибройим Юсупов мамлакатимиз мустақиллиги арафасида Ўзбекистон Олий Мажлиси, мустақиллик даврида эса Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси депутатлигига бир неча марта сайланган.
Айниқса Ибройим Юсуповнинг оила даврасида тез-тез такрорлайдиган мана бу сўзлари Айжамал опанинг хаёлидан бир зум ҳам фаромуш бўлмайди: «Болаларим, депутатлик бу мансаб, обрў эмас, балки халқ манфаатлари учун курашиш, Ватан тараққиёти учун ишлаш деганидир».
Бу сўзларни ҳикматли ўгит деб билган шоирнинг қизи Айжамал ҳам юрт равнақи ва фаровонлиги учун самарали меҳнат қилишни умр мазмуни деб белгилади. Бугунги кунда унинг Қорақалпоғистон Жўқорғи кенгеси депутати сифатида олиб бораётган ишлари кўпчиликка намуна бўлмоқда.
Айжамал Юсупова узоқ йиллардан бери Қорақалпоғистон тарих ва маданият давлат музейи директори лавозимида ишлар экан, қатор эзгу мақсадларни амалга оширишга интилди. У, аввало музейни Оролбўйи халқлари ўтмиши, маданияти ва бугунги турмуш тарзини акс эттирувчи кўргазмалар билан бойитишга ҳаракат қилди. Бироқ унинг учун биргина марказий музейнинг ўзида қорақалпоқ халқини қийнаётган Орол фожиаси, экологик ҳалокат оқибатларини акс эттириш осон иш эмас эди. Шу мақсадда у музей бўлимларини очишга жиддий ҳаракат қилди. Таклифларни ўртага ташлаганида мутасаддилар ҳам бундай музей айнан Мўйноқда ташкил қилинса, айни муддао бўлишини теран англаб етишди. Натижада бир пайтлар остонасини Орол денгизи тўлқинлари ювиб турган Мўйноқ шаҳрида очиқ осмон остида экологик ҳалокат ва фожиаларини акс эттирувчи музей ташкил қилинди. Музейнинг муҳташам ёпиқ бинодаги қисмида эса Оролбўйи табиатига хос қушлар, ҳайвонлар ва ўсимликлар ҳақида тасаввур уйғотадиган кўплаб экспонатлар мавжуд.
Бугунги кунда Мўйноққа юзлаб сайёҳлар ташриф буюраркан, албатта ана шу музейни томоша қилишиб, бир олам таассуротлар олиб қайтишади.
Айжамал Юсупова олий ўқув юрти талабалари ва умумтаълим мактаби ўқувчилари билан бўлиб ўтадиган учрашувларда Мўйноққа бориб ана шу музейни томоша қилишни маслаҳат беради. Албатта, бу маслаҳатга амал қилиб Мўйноққа бориб келган ҳар бир ёш дунёқарашида катта ўзгаришлар юз бериб, қалбида табиат ва экологик мувозанатни барқарор сақлаш ҳисси уйғониши табиий.
Қорақалпоқ халқининг жонкуяр бир дилбанди сифатида бундай эзгу ишларни Айжамал опа кенг кўламда олиб боришни ўз олдига мақсад қилиб белгилаган. У фақатгина Нукус шаҳридаги олий ўқув юрти талабалари ўртасида экологик маданиятни шакллантириш, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориш билан чекланиб қолмайди. У Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Хоразм каби қатор вилоятларидаги институт ва университет раҳбарлари билан боғланиб, бир гуруҳ талабаларни музейни томоша қилишга таклиф қилади. Таклифлар инобатга олиниб, олис вилоятлардан Нукусга саёҳатга юборилган юзлаб ёшларни Айжамал Юсупова илиқ қарши оларкан, биринчи галда улар билан давра суҳбати ўтказади. Яқин ўтмишдаги Оролбўйи табиати ва бугунги аҳволи ҳақида маълумотлар беради ва ҳар бир ёшда атроф-муҳит ва экологияни асраш туйғуси Ватанни асраш ҳисси билан баробар эканини таъкидлайди.
Жонкуяр депутатнинг ибратли ишларидан яна бири шуки, у тез-тез маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари, ўзаро мулоқотлар ўтказиб келади. Ана шундай учрашувлар Нукус шаҳридаги «Жеке терек», «Гулзар», «Ўрнек» маҳаллаларида ўтказилганида фуқаролар томонидан билдирилган мурожаат ва шикоятлар атрофлича ўрганилиб, тез суръатларда ижобий ҳал қилинди. Масалан, «Гулзар» маҳалласининг «Танг жулдузи» кўчасидаги уйлар марказий канализация тизимига уланмагани юзасидан қилинган фуқаролар мурожаати, тегишли ташкилотлар билан биргаликда тез кунларда самарали ечим топди. Шунингдек, оқсоқол М.Уразбаев «Гулзар» маҳалла фуқаролар йиғини биноси қурилиши тугалланмай қолганидан хавотирда эканини айтганида депутат Айжамал Юсупова ишни ниҳоясига етказишга бел боғлади. Қурилиш ташкилоти масъуллари билан масалани обдан ўрганиб чиқиб, бинонинг тез суръатларда фойдаланишга топширилишига муваффақ бўлинди.
– Аслида ижодкор фарзанди эмасми, Айжамал опа дала-даштни севади. У ерларда меҳнат қилаётган одамлар билан гурунглашиб, қалбини тинглашни ёқтиради. Унинг бу одати у депутат бўлиб сайлангач, янада қўл келди. Ҳар йили ғалла ва пахта йиғим-терим мавсумида у бир гуруҳ фаолларни олиб меҳнаткашлар ҳузурига отланади. Меҳнаткашларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун концерт дастурлари намойиш қилингач, уларга совға улашилади ва муаммолари тингланади, – дейди Нукусдаги «Шоирлар овули» маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси У.Қалилаев. – Яқинда ҳам ана шундай савоб амаллардан бири шараф билан адо қилинди. Айжамал Юсупова бошчилигида бир гуруҳ фаоллар билан Чимбой, Нукус, Хўжайли туманларида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари ишчилари ва ҳашарчилари ҳузурида бўлиб қайтдик.
Ҳа, депутатлик юксак мақом. Бироқ унинг халқ ва Ватан олдида масъулияти ҳам бор. Бу масъулиятни чуқур ҳис қилиб, ўз зиммасидаги вазифаларни виждонан бажараётган элдошларимиз ҳамиша эътирофга муносиб. Бундайлар орасида Айжамал Юсупованинг ҳам борлиги бизни қувонтиради.
Айдангул АБДУРАҲМОНОВА,
ЎЭП Қорақалпоғистон Республикаси
партия ташкилоти мутахассиси,
Эрпўлат БАХТ,
«Oila va TABIAT» мухбири
Мансаб ёки обрўни эмас, халқ манфаатларини маҳкам тутган депутат
🕔16:35, 11.12.2025
✔8
Айжамал опага фидойилик аждодоларидан ўтган. Отаси Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ҳамиша ўз фарзандларини халқпарвар, меҳрибон ва жонкуяр қилиб тарбиялашга интилган.
Батафсил
Ҳаво ифлосланишида инверсия таъсири, у нима дегани?
🕔16:33, 11.12.2025
✔9
Тошкентда кузатилаётган ҳаво сифатининг ёмонлашиши бир вақтнинг ўзида намоён бўлиб, бир-бирини кучайтирган бир нечта табиий-иқлимий ва антропоген омиллар йиғиндиси билан боғлиқ. Табиий-иқлимий омиллар орасида кучли инверсия ҳодисаси ҳаво сифатининг бузилишига энг катта таъсир кўрсатмоқда.
Батафсил
Автомашинамиздан воз кечолмасак, тоза ҳаво исташда мантиқ борми?
🕔11:00, 04.12.2025
✔49
Тоза ҳаво бугунги кунда нафақат юртимиз, балки бутун дунё мамлакатларининг оғриқли муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар бир давлатда демографик кўрсаткичлар ўсиб боргани сайин тоза ҳаво масаласи ҳам кўндаланг муаммога айланмоқда.
Батафсил