Экологик маданият юксалиши учун тафаккур ўзгариши керак
Чиқиндилар билан боғлиқ соҳа фаолиятини бошқариш бугунги кунда мамлакат истиқболига дахлдор стратегик масалага айланиб улгурди.
БатафсилЧиқиндилар билан боғлиқ соҳа фаолиятини бошқариш бугунги кунда мамлакат истиқболига дахлдор стратегик масалага айланиб улгурди.
Эндиликда мамлакатнинг иқтисодий юксалиши, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, оғир ва енгил саноат ривожи, туризм, таълим-тарбия, атроф-муҳит муҳофазаси каби соҳаларнинг барчаси бевосита чиқиндилар билан боғлиқ фаолиятнинг самарали ва оқилона йўлга қўйилиши билан алоқадор тарзда амалга оширилиши шубҳасиз.
Табиий ресурсларнинг чеклангани саноатда сунъий маҳсулот ривожини янада кучайтириб, маиший чиқиндилар миқдори йилдан-йилга кўпайиб бориши табиий жараёнга айланмоқда. Бу зайлда муносиб йўл тутилмаса, чиқиндилар миқдори кескин ошиб кетиши кутилади. Галдаги масала эса, бундай жараённи қай тарзда бошқариш ва зарарни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш ҳамда бу борадаги самарали механизмни ҳаётга татбиқ этишдан иборат бўлади.
Ўтган йиллар давомида чиқиндиларни бошқариш борасидаги қонун ва қонуности ҳужжатлари бир қадар такомиллаштирилди. Соҳани мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратиш борасидаги изланишлар ҳалигача давом этяпти. Жорий қилинган ҳуқуқий меъёрлар орқали фаолият тартибга солина бошлади. Айниқса, жойларга кузатув камералари ўрнатилиб, белгиланмаган жойларга чиқинди ташланиш ҳолатлари, автотранспорт воситалардан чиқинди улоқтирганлик учун жавобарликнинг кучайтирилиши фуқароларда бир қадар сергаклик уйғота олди. Шунингдек, аҳолининг маиший чиқиндиларни олиб кетилиши учун хизмат ҳақларини тўлаш механизми ҳам олдингидан кўра бирмунча самарали тартибга солинди. Чиқинди полигонлари бўйича ҳудудларда ўрганиш ва таҳлиллар олиб борилиб, бир қанча чиқиндихоналарни ободонлаштиришга эришилгани ҳам муҳим қадам бўлди.
Кунига икки минг тонна
Кундалик ҳаёти давомида ҳар бир инсондан ўртача бир-бир ярим килограмм маиший чиқинди ҳосил бўлар экан. Буни Ўзбекистоннинг қарийб 38 миллион аҳолиси сонига кўпайтирсак, қанча бўлади?
Бир кунда Тошкент шаҳрининг ўзидан 2000 тоннагача чиқинди олиб чиқилиши қайд этилган. Қолган ҳудудлардан ҳам тақрибан шунча, борингки, шунинг ярмича чиқинди чиқарилишини мулоҳаза қилсак, республика миқёсидаги кунлик миқдор ҳақида тахминий бўлса-да тасаввурга эга бўлиш мумкин. Ижтимоий фаолият давомида маиший чиқиндилар пайдо бўлиши бу – табиий жараён. Аммо юзага келган бу қадар катта миқдор қаерга кетади?
Статистик маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда ҳар йили қаттиқ маиший чиқиндилар миқдори 7 миллион тоннага ошмоқда. Бу миқдорнинг дунё бўйича ўртача кўрсатгичдан икки баравар ортиқ экани афсусланарлидир. Чиқиндиларнинг барчаси ҳудудлардаги 184 та полигонга чиқарилади. Маиший чиқиндиларни аҳоли белгиланган жойларга тўплаган тақдирда ҳам жуда катта миқдордаги чиқиндилар полигонларда тўпланиб, йиллар давомида ўша ерда қолиб кетади. Энди уни бошқа жойга олиб келишнинг деярли имкони йўқ. Катта ҳажмдаги полигонлардан пайдо бўладиган хавф-хатарлар оқибатида атмосферага заҳарли газлар ажралиши юзага келади. Бу ўша ҳудудда жойлашган ўсимлик ва ҳайвонот олами, яқин атрофдаги аҳоли учун ноқулай экологик вазиятни юзага келтиради.
Рекультивация тўла ечим бўла оладими?
Мамлакатимиз йиллик иқлимининг аксарият қисмини, аниқроғи уч юз кундан ортиғини қуёшли кунлар ташкил қилади. Айниқса, баҳор, ёз ва куз ойларида полигонлардан ажраётган заҳарли газлар янада кучаяди. У ерда зарарли ҳашаротларнинг кўпайиши атрофдаги ҳудудларга ҳам тарқалишига сабаб бўлади. Учувчи ҳашаротлар ва қушлар воситасида полигондаги микроб ва инфекциялар бошқа ҳудудларга ҳам ёйилиши кузатилади. Вақт ўтиши билан полигонни рекультивация қилиш орқали тупроқ эрозияси кучайиб, деградация ҳолати йилдан-йилга ортиб боради. Энг ачинарлиси, охир-оқибатда бундай тупроқ қатлами умуман яроқсиз ҳолатга келиб қолиши мумкин. Республикадаги полигонларнинг умумий майдони бир неча юз гектарни ташкил қилишини инобатга олсак, ҳар йили юзлаб гектар майдонлар чиқиндилар туфайли деградацияга тушиб қолади. Ўзбекистонда токсик ва нотоксик чиқиндилар ҳосил қиладиган ташкилотларда жами чиқиндилар миқдори йилига ўртача 100 миллион тоннадан ошиши қайд этилган. Булар ҳам охир-оқибатда полигонлардан жой олади.
Йиллар давомида қават-қават чиқиндилар ташланиши, баъзан уларнинг ёндирилиши, ўта хавли токсинларнинг нотўғри утилизацияси оқибатида ер ости сувларининг зарарланиши кузатилади. Республика аҳолиси марказлашган тоза ичимлик сув таъминоти билан тўла қамраб олинмагани, аҳоли ҳалигача ер ости сувларидан ичимлик сифатида фойдаланаётгани муаммонинг нақадар хатарли эканини кўрсатади.
Охирги йилларда полигонларни тартибга солиш, имкон қадар қисқартириш, улар атрофини ободонлаштириш ишларига катта аҳамият қаратиляпти. Улар атрофини «яшил белбоғ» билан иҳоталаш ишлари йўлга қўйилмоқда. Аммо бу муаммо оқибатларини бир қадар юмшатса-да, узил-кесил ечим бўла олмаслиги кундек равшан. Ўта ифлосланган ҳудуддаги кўчатлар экологик ноқулай шароитда яшаб кета олиши ҳам анча мураккаб ҳолат. Агар яшаб кетганида ҳам «ўткир» ҳашаротлар таъсиридан омон қолиши – катта муаммо. Қолаверса, аҳоли яшаш жойларидан узоқдаги полигонлар атрофидаги кўчатларни мунтазам равишда сув билан таъминлаш ҳам осон эмас.
Демак, полигонларнинг атроф-муҳит ва инсон саломатлигига зарарли таъсирини полигон жойлашган ҳудуднинг ўзида бартараф этишга уриниш анча чигал ва мураккаб, баъзида эса, имконсиздир.
Лекин муаммони шундайлигича қолдириш ҳам тўғри бўлмайди. Қайси шаклда бўлса ҳам унинг ечимини топиш, самарали чоралар қўллаш кечиктириб бўлмайдиган вазифа эканини бугунги экологик вазиятимиз тақозо қилиб турибди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг билдиришича, ҳозирда жами 184 та маиший чиқинди полигонидан 39 таси тартибга келтирилиб, ўртача 70-80 сантиметр тупроқ қатлами билан ёпилган. Шу билан аҳоли саломатлиги, атроф-муҳит ва экологияга салбий таъсирига чек қўйилган. Ерлар табиатга қайтарилган. Аммо бундай ерлар деҳқончилик қилиш, турар жой барпо этиш каби мақсадларда фойдаланиш учун ярамайди. Улардан келажакда яна полигон сифатида ёки шу каби ишлар учун фойдаланиш мумкин, холос.
Чиқиндилар таъсирида зарарланган тупроқ, эҳтимол, ҳеч қачон ўзининг олдинги соф ва тоза ҳолатига қайтмаслиги мумкин. Сабаби токсин моддалар, батареялар ҳамда айрим пластик чиқиндиларнинг тупроқ таркибидан тўлиқ йўқ бўлиб кетиши – имконсиз. Бу дегани заҳарланган ва кучли зарарланган ўлик тупроқ ҳеч қачон ўз аслига қайтмайди.
Муаммонинг туб илдизи
2025 йилнинг дастлабки тўрт ойида республикада кузатув камералари орқали чиқинди ташлаш билан боғлиқ 3 743 та ҳуқуқбузарлик аниқланган. Кузатув камералари билан таъминланиш барча ҳудудларни тўла қамраб олмагани инобатга олинса, белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш ҳолатлари анча кўплиги аён бўлади. Шундай бўлса-да, ҳар куни турли ҳудудларда ўнлаб ҳуқуқбузарликлар қайд этилади.
Бу чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ҳақидаги статистика. Агар аҳоли барча чиқиндиларни ўрнатилган тартиб асосида белгиланган жойларга ташлаган тақдирда ҳам юз гектарлаб ёйилиб ётган полигонлар муаммосини ҳал қилишга эриша олмайди. Бунинг учун ишни, назаримизда, муаммонинг туб илдизидан бошлаш ўринлидир.
2025 йил 15 май куни «2023 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» мамлакат раҳбарининг қарори қабул қилинди. Унда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бу фаолиятнинг мунтазам ва узлуксизлигини таъминлаш мақсадида мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб экологик маданият, экологик таълим-тарбия ишлари ташкил қилиниши белгилаб қўйилган. Бу албатта бугунги ҳаётий заруратдан келиб чиқиб қабул қилинган қарор. Бу орқали ҳар бир фуқарода атроф-муҳитга, табиат ресурсларига тўғри ва оқилона муносабатни шакллантириш, уни қадрият даражасига олиб чиқиш кўзда тутилади. Шу йўл билан бугун олдимизда турган долзарб муаммоларнинг яқин келажакда олдини олишга эришиш имкони яратилади.
Хусусан, чиқиндилар масаласида бугун анча чигал вазият юзага келиб қолганини юқорида қисман кўриб ўтдик. Энди ҳозирги ҳолатни тўла ислоҳ қилиш ва бартараф этиш имкони мавжуд эмас. Аммо аҳолида экологик маданиятни юксалтириш орқали келажакда ана шундай аянчли ҳолатларга йўл қўймасликка албатта эришиш имкони мавжуд. Қарордан кўзланган энг асосий мақсад ҳам шу аслида. Фақат бунинг тўғри механизмини яратиб, ҳаётга изчил тадбиқ эта олсак бас.
Аниқроқ айтганда, чиқиндилар билан фаолиятга бугунги муносабатимиз батамом ўзгариши керак. Бугун ҳар бир фуқаро ўз турар жойида, ишхонасида ҳосил бўладиган маиший ёки саноат чиқиндисини тезда давлат ёки нодавлат ташкилотлари хизмати билан полигонларга бериб юборишни ўйлайди. Гўёки шу билан барча муаммо ҳал бўладигандай. Аслида эса, ҳамма муаммо шундан кейин бошланишини, негадир, чуқур мулоҳаза қилиб кўрмаётганга ўхшаймиз.
Жаҳонда чиқинди полигонларини имкон қадар камайтириш, чиқиндиларга иккиламчи хомашё сифатида қараш, уларни қайта ишлашга тўла жалб қилиш, шу орқали ноль чиқинди даражасига етиш тамойили сари ҳаракат қилиняпти. Боиси, чиқиндилардан хавфсиз муҳофазаланишнинг бундан бошқа чораси мавжуд эмас. Бундай ҳаракат бизда ҳам бошланган ва 2028 йилга бориб, чиқиндиларнинг 60 фоизи қайта ишланишига эришиш режа қилинган. Ўйлаб қаралса, 2028 йилга ҳам кўп қолмади. Биз бу мақсадга эришишимиз учун бугун чиқиндиларнинг қарийб 30-40 фоизини қайта ишлашга жалб қилган бўлишимиз керак. Аммо, тан олиб айтадиган бўлсак, бу рақамларнинг ҳали ярмига ҳам етганимиз йўқ. Бунинг туб сабаби сифатида бир қанча омилларни санаб ўтиш мумкин.
Аввало, давлат бош ислоҳотчи сифатида чиқиндини қайта ишлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, преференциялар ажратиш, имтиёзларни кучайтириш, давлат ва нодавлат ташкилотларининг мазкур фаолият билан шуғулланишларини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларни йўлга қўйиши кутилган самарани беради. Керак бўлса, ҳар бир маҳаллада иккиламчи маҳсулотларни қабул қилиш шохобчалари, ҳар бир туманда чиқиндини қайта ишлаш корхонаси ташкил қилиниши зарурати бор. Бунинг учун хусусий сектор ҳамда хорижий сармоядорлар кучидан фойдаланиш мумкин.
Чиқиндиларни ташиш, хомашёни йиғиш ва тўплаш билан боғлиқ фаолият тўлиқ шаклда моддий ва маънавий қўллаб-қувватланса, эртанги фаровон ислоҳотларга муносиб пойдевор қўйган бўламиз. Давлатнинг қатъий иродасисиз бундай кенг кўламдаги ишларни амалга ошириш ҳозирги шароитда анча мураккабдир.
Иккинчи томондан аҳоли ва ишлаб чиқарувчилар чиқиндиларни тўла саралаш босқичига ўтиши зарур. Эҳтимол буни босқичма-босқич амалга ошириш мумкиндир. Нима бўлганда ҳам ҳар бир чиқинди сараланиб, турларга ажратиб, керакли жойларга алоҳида-алоҳида тақдим этилмас экан, полигонлардаги катта муаммоларга ечим топиб бўлмайди. Айрим ҳолатларда жисмоний шахсларнинг шахсий ташаббуслари, табиатсевар ва экофаоллар, маҳаллалардаги кўпни кўрган кайвони инсонларнинг фидойилиги билан ҳам анчагина муаммоларга ижобий жавоб топиш имкони бор. Масалан, ҳозирда кўпгина қишлоқ ва маҳаллаларда анъана сифатида йўлга қўйилган органик чиқинди ҳисобланган озиқ-овқат қолдиқларини маҳалла-кўйдаги чорва моллари учун ажратиш амалиёти ҳам чиқиндиларга тўғри муносабат кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга. Фараз қилинг, бир кунда минглаб одамлар учун хизмат қиладиган овқатланиш шохобчаларида шундай қатъий тартиб йўлга қўйилса, қанчалик манфаатли бўлади?.. Чорвачилик фермер хўжаликларига бу қанчалик ижобий самара келтиради?.. Агар шу каби биологик чиқиндилар ҳатто чорва ҳайвони озуқаси учун ҳам яроқсиз ҳолга келганида уни компостлаб, хавфсиз ва фойдали минерал ўғит ҳолатига келтириш мумкин-ку. Бунинг учун чиқиндини чиқитга ташлашдан олдин биринчи бўғинда уни албатта саралаш керак бўлади.
Эски кийим-кечак, пахта, матолар, мўйна, тери маҳсулотлари кабиларда ҳам саралаш орқали қулай қайта ишлаш ёки қайта ишлашга топшириш имконини яратиш мумкин. Тахта, қоғоз, шиша, темир ва бошқа металл буюмлар чиқиндиси борасида ҳам худди шундай йўл тутиш мумкин.
Буларнинг барчаси чиқиндиларнинг муаммога айланиши эмас, даромад келтиришига сабаб бўлади. Фақат бизнинг тафаккуримизда мавжуд ресурслар чекланган экани ва уларда келажак авлоднинг ҳам ҳиссаси борлигини ҳис қилишдек дахлдорлик, онгли ёндашув мустаҳкам қарор топиши зарур. Юксак экологик маданиятнинг ҳаётимиздаги амалий ифодаси ана шундагина чинакам маънода акс этади.
Абдукарим АВАЗБЕКОВ,
«Oila va TABIAT» мухбири
Чиқиндилар билан боғлиқ соҳа фаолиятини бошқариш бугунги кунда мамлакат истиқболига дахлдор стратегик масалага айланиб улгурди.
БатафсилКўчиб юрувчи ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш, улар учун қулай шароитлар яратиб бериш жаҳон ҳамжамияти учун муштарак масалалардан бири саналади.
БатафсилЮртимизнинг бир неча қишлоқларига «Туризм қишлоғи» мақоми берилаётгани ҳудудларимизга маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимининг ошиб бораётганидан далолатдир. Куни кеча Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг қарорига биноан Китоб туманидаги «Қайнар» ва «Бешир» қишлоқларига ана шундай мақом берилгани катта хурсандчилик бўлди.
Батафсил