Менга негадир муқоваси эскириб, варақлари сарғайиб кетган, ичини очганингизда шундоққина китоб ҳиди димоғингизга уриладиган асарларни ўқиш ёқади.
Билмадим, ҳали-ҳамон бирор бадиий асарга ишқим кетса, унинг янги эмас, аввалроқ нашр этилганини қидириб топишга ҳаракат қиламан...
Бошланғични тугатиб, эндигина юқори синфга ўтган вақтим эди. Аввалбошдан адабиётга қизиқишим баландлигиданми, қишлоғимизнинг кичкинагина кутубхонасига тез-тез қатнаб турардим. Бир кун дарсда устозимиз ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий ва унинг «Ўткан кунлар» асари ҳақида гапириб берди. Асарни шунчалар ўқигим келганидан танаффусни интиқиб кутдим.
Қишлоқ четидаги кутубхонадан энг биринчи бўлиб ўша асарни оламан, деб ошиқдим. Чопганча кутубхонага бориб, қидира кетдим. Лекин топа олсам қани. Охир-оқибат, кутубхоначига юзландим. У бўлса, «Ўткан кунлар»нинг қўлдалиги, кимдир анча аввал олиб, қайтариб бермаганини айтди. Руҳим бирдан чўкди. Уйга етиб келгунча китобни яна қаердан топиш мумкинлиги ҳақида ўйладим. Яхшиси, эртага мактаб кутубхонасидан ахтараман, деган илинж кўнглимга таскин бергандек бўлди-ю, лекин у ерда ҳам қолмагандир, синфдошларим олиб бўлишгандир, деб сўниб қолдим.
Дарсларимни қилиб, уй юмушларига қарашаётганимда ҳам бу кайфият тарк этмади. Шу пайт дадам ишдан келиб қолди. Ўқишимни сўраб, хафалигимнинг сабабини ҳам суриштирди. Ҳали бор гапни айтиб улгурмасимдан қўлимдан тутди-да, кўча томон ошиқдик. Биздан икки уй наридаги қўшнимиз Ботир амакининг эшигини тақиллатдик. Ичкаридан «Ким у, кираверинг, эшик очиқ!» деган овоз келди.
Нима бўлаётганини тушунмай уйга қадам қўйдиму, ҳайратдан тўхтаб қолдим. Уй шифтигача баланд қилиб қурилган китоб жавони турли китоблар билан лиқ тўла эди. Ботир амакининг ўзи эса бурнининг устига кўзойнак қўндирганча китоб мутолаа қиларди. Дадам «Қизим, мана, Ботир амакингдан сўрасанг, «Ўткан кунлар»ни топиб беради», дегани ҳамон улар қўлимга муқоваси эскириб, варақлари сарғайиб кетган китобни тутқазди. Яна орада «Аҳамият берма, қизим, кўпчилик олиб ўқиганидан эскирган, лекин ҳамма бетлари жойида», деб қўшиб қўйди.
Шу воқеа сабаб Ботир амакининг кутубхонасига тез-тез кириб турадиган бўлдим. Бир куни у шундай деди:
— Қизим, бу кутубхона менга отамдан мерос. Шу сабаб кўп китобларим эскирган. Уларнинг ҳар бири камида эллик мартадан ўқилган.
Ҳа, бу кутубхонанинг мендан бошқа ўқувчилари ҳам жуда кўп экан.
Шу-шу ҳалигача кутубхоналардан муқоваси эскирган, варақлари сарғайиб кетган, китоб ҳиди анқиб турадиган асарларни излайман.
Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА
Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ
🕔10:54, 11.09.2025
✔84
«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔238
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил
Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ
🕔12:13, 24.04.2025
✔281
Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди
Батафсил