Глобал исиш уйқуда нафас тўхтаб қолиши ҳолатларини кўпайтирмоқда
Глобал миқёсда ҳарорат кўтарилиши нафақат экологик тизимларга, балки инсон саломатлигига ҳам тобора кучлироқ таъсир кўрсатмоқда.
БатафсилТунда осмонга боққанмисиз? Юлдузлар милтиллаб турган самода сокинлик, сирли гўзаллик ва абадий ҳайрат яширинган. Аммо бугун бу манзара тобора хира тортаётгандек.
Глобал миқёсда аҳоли пунктларининг 80 фоиздан ортиғи тунги табиий қоронғиликдан маҳрум, шаҳар аҳолиси учун эса юлдузларни томоша қилиш тобора қийинлашиб бормоқда.
Дунё бўйича тунги ёруғлик майдони сўнгги ўн йилликда 49 фоизга ошиб, сунъий ёритилган ҳудудлар 1992 йилдан бери уч баравар кўпайган. Натижада қушлар йўлдан адашмоқда, одамлар уйқудан, соғлиғидан айрилмоқда, сайёрамиз табиий ритмини йўқотмоқда. Ёруғлик ифлосланиши – кўпинча кўзга кўринмас, лекин оқибатлари глобал: у иқлим ўзгариши жараёнларига ҳам таъсир кўрсатади, атмосферада иссиқликни ушлаб қолиш жараёнини кучайтирaди.
Хўш, ёруғлик ифлосланиши ўзи нима? У яна қандай таҳдидларни олиб келади? Жаҳон бу муаммога қандай ечим топяпти? Ўзбекистон бу борада нималар қилиши керак?
Сунъий ёруғлик соясидаги экологик хавф
Ёруғлик ифлосланиши бу– инсон томонидан яратилган сунъий ёруғликнинг атроф-муҳитга ҳаддан зиёд ва назоратсиз тарқалиши оқибатида табиий тунги шароитнинг бузилиши ҳисобланади. Қоронғулик – бу фақат зулмат эмас, балки табиат мувозанати, инсон соғлиғи ва ҳаётнинг чуқур цикли учун зарур бўлган омил. Бугун биз унга қарши курашяпмиз – билмаган ҳолда, ўйламай. Кўчалардаги ҳаддан ташқари ёруғлик, тунги реклама, 24 соат ёритилган дўконлар – буларнинг бaри ёруғлик ифлосланишининг занжиридир.
Қоронғиликни йўқотиш — соғлиқни йўқотиш
Ёруғлик ифлосланиши – инсон саломатлигига аста-секин, лекин изчил равишда таъсир этувчи замонавий хавф ҳисобланади. У фақатгина қулайлик учун ўрнатилган кўча чироқлари, рекламалар ва бинолар ташқи ёритқичлари орқали эмас, балки инсониятнинг табиий ритмига бевосита аралашган сунъий муҳит орқали намоён бўлади.
Инсон организмидаги циркад ритмлар кун-туннинг табиий алмашинуви асосида ишлайди. Бу ритмлар миядаги гипоталамус орқали бошқарилади ва улар уйқу-уйғониш, метаболизм, иммун тизими, гормонал балансга жавоб беради. Кечаси қоронғиликда мия эпифиз бези томонидан мелатонин гормони ишлаб чиқарилади. Бу гормон нафақат уйқу, балки ҳужайра тикланиши, антиоксидант ҳимоя ва стрессга чидамлиликда ҳам муҳим роль ўйнайди.
Сунъий ёруғлик таъсирида:
• мелатонин ишлаб чиқарилиши 50-80 фоизгача камаяди.
• уйқу фазалари бузилади: инсон чуқур уйқуга тушолмайди ёки эрта уйғонади.
• ортиқча чарчоқ, диққат сусайиши ва кайфият ўзгариши келиб чиқади.
Бир неча йил давомида ёруғлик ифлосланишига дуч келган инсонларда қуйидаги ҳолатлар хавфи ошади:
Юрак-қон томир хасталиклари: 2017 йилда Harvard Medical School томонидан олиб борилган тадқиқотга кўра, тунги ёруғлик даражаси юқори бўлган шаҳарларда инфаркт ҳолатлари 11 фоиз кўп қайд этилган.
Онкологик касалликлар: мелатониннинг озлиги туфайли кўкрак бези ва простата саратони ривожланиши хавфи ортиши илмий исботланган.
Иммунитет заифлиги: мелатонин иммун ҳужайраларни фаоллаштиради, унинг камлиги инфекцияларга чидамсизликни оширади.
Метаболик синдром ва семизлик: ёруғлик таъсирида метаболик балансга жавоб берадиган инсулин ва лептин каби гормонлар фаолияти издан чиқади.
Олам ойдин, аммо табиатга зулмат
Инсоннинг сунъий ёруғлик билан яратган муҳити турли биологик жараёнларга таъсир кўрсатади. Масалан, кўплаб ҳашаротлар, қушлар ва бошқа тунги жонзотлар ўзининг табиий ритмидан четга чиқади. Улар учун тундаги ёруғлик сунъий ҳимоя ва овқатланиш фаолиятини бузади, натижада экотизимда мувозанат йўқолади. Қушлар миграциясида кечикишлар, ҳашаротлар сонининг камайиши ёки орттирилиши каби ҳолатлар яшаш муҳитининг бузилишига олиб келади.
Аслида экотизимлар мураккаб ўзаро боғлиқ тармоқлар бўлиб, уларнинг мувозанати кўп ҳолларда ёруғлик ва қоронғилик циклига, яъни сиркадиал ритмларга боғлиқ. Сунъий ёруғлик ушбу ритмларни бузиб, биологик, физиологик ва экологик муаммоларни юзага келтиради.
1. Сиркадиал ритмнинг бузилиши
Кўпчилик жонзотлар (шу жумладан одамлар ҳам) 24 соатлик биологик соат асосида яшайди. Бу «соат» тунги қоронғилик ва кундузги ёруғлик фарқига асосланади. Сунъий ёруғлик ушбу фарқни йўққа чиқариб, қуйидагиларга олиб келади:
• ҳаётдаги стрес гормонлар ортиши;
• уйқу, овқатланиш, кўпайиш, миграция каби ҳаёт йўллари издан чиқиши;
• ҳаёт учун хавфли вақтда ҳайвонлар ва қушлар ҳаракат қилиши, яъни уларнинг йиртқичларга нисбатан ҳимоясиз қолдириши.
2. Қушлар ва миграцион турлар
Кўчманчи қушлар юлдузлар ва ой ҳолатига қараб йўл топади. Skyglow (осмон ёритилиши) уларнинг йўналишини йўқотади.
2017 йилги Cornell Lab of Ornithology тадқиқотларига кўра, ёритилган биноларга урилиб ҳалок бўладиган қушлар сони ҳар йили АҚШда 100 миллиондан ошади.
Ўзбекистон орқали ўтадиган миграцион йўллар (масалан, Оролбўйи ҳудудлари) ҳам бундай хавф остида қолиши мумкин.
3. Ҳашаротлар ва чанглатиш тизими
Кечқурун фаол бўладиган ҳашаротлар (капалаклар, чигирткалар, майда парранда) чироқларга урилиши натижасида ҳаддан ортиқ энергия сарфлаб, нобуд бўлади.
Бу жараён чанглатиш занжирини бузади – ўсимликларнинг кўпайиши камаяди, бу эса бутун озиқ-овқат занжирига таъсир қилади.
2021 йилги Nature Ecology & Evolution журналида чоп этилган мақолада, тунги ёритиш ҳашаротлар популяциясини 60 фоизгача камайтиргани келтирилган.
4. Ўсимликлар ҳаёт циклида бузилиш
Баъзи дарахтлар ва ўсимликлар фотопериодизм асосида гуллайди – яъни куннинг узунлигига қараб. Сунъий ёруғлик бу жараённи чалғитади: эрта гуллаш, мевасиз қолиш... Бу айниқса шаҳарларда экиладиган декоратив ёки мевали дарахтлар учун муҳим.
Жаҳон тажрибаси
Ёруғлик ифлосланишига қарши курашишда дунё мамлакатлари турли усуллар ва инновацион ечимлардан фойдаланмоқда. Мисол учун, Францияда 2013 йилда ёритишни тартибга солувчи муҳим қарор қабул қилинди. Унга кўра, дўконлар, офислар ва реклама паннолари тунги соат 01:00 дан кейин чироқларини ўчиришга мажбур қилинди. Ёритиш фақат зарурат бўлгандагина мумкин ва бу жараён махсус «ёритиш текширувчилари» томонидан назорат қилинади. Бу чора-тадбирлар натижасида Парижда электр энергияси истеъмоли 30 фоизга камайди ва тунги осмон сифати сезиларли яхшиланди.
Берлин шаҳрида «Urban Nightscape» лойиҳаси амалга оширилди. Бу лойиҳада LED технологияларга ўтиш билан ёруғлик тарқалишини йўналтирилган тарзда чеклаш мумкин бўлди. Кўча чироқлари юқорига нур сочиши техник жиҳатдан тақиқланди ва ҳаракат сезгичлари орқали чироқлар фақат одам ҳаракати аниқланганда ёқилади. Шунингдек, мамлакатда ёруғлик ифлосланиши экологик қонунчиликда алоҳида хавф сифатида белгиланган.
Сеул шаҳрида «ақлли ёритиш» пилот лойиҳаси жорий этилди. Унда ҳаракат сезгичли лампалар ва об-ҳаво шароитларига мосланувчи ёруғликлар ишлатилади. Маҳаллий аҳоли мобиль иловалар орқали ёритишни бошқариш имконига эга бўлди. Янги қурилаётган бинолар учун «ёритиш самарадорлиги сертификати» жорий қилиниб, барқарорлик ва энергия тежамкорлигига катта эътибор берилмоқда.
Қоронғи осмон ҳудудлари
Ушбу муаммога ечим сифатида кўплаб давлатларда қоронғи осмон ҳудудлари ҳам ташкил этилмоқда. Бу ҳудудлар ёруғлик ифлосланишини камайтириш ва тунги осмоннинг табиий ҳолатини сақлаб қолиш учун муҳим аҳамиятга эга. Инсонлар табиий тунги муҳитда дам олиб, стресс даражасини камайтириш ва соғлиқни яхшилаш имконига эга бўлади.
Ўзбекистонда ҳам қоронғи осмон ҳудудларини яратиш ёруғлик ифлосланишининг салбий оқибатларини камайтиришда муҳим роль ўйнайди. Мамлакатимиздаги тоғли ҳудудлар, Бухоро, Хоразм, Самарқанд каби туристик ҳудудлар табиий ёруғликни сақлаб қолиш учун қулай.
Ёруғлик ифлосланиши: қонунчилик ва тавсиялар
Дунё тажрибаси кўрсатадики, ёруғлик ифлосланишига қарши курашишда ҳуқуқий чекловлар, инновацион технологиялар, ижтимоий онгни ошириш ва экологик туризмни ривожлантириш каби омиллар муҳим роль ўйнайди. Афсуски, мамлакатимизда ёруғлик ифлосланишига кам эътибор берилган, бу соҳада аниқ стандартлар ва мониторинг тизимлари етарли даражада ривожланмаган.
1. Қонунчилик базасини мустаҳкамлаш
Ёруғлик ифлосланишига оид аниқ стандарт ва меъёрлар жорий этилиши зарур. Кўчалар, шаҳарлар ва саноат объектларида ёритишнинг соатлари, қулайликлари ва типларини аниқ белгилаш.
2. Технологияларни жорий этиш
Шаҳарларда энергия тежамкор LED лампаларга кенг миқёсда ўтиш. Ақлли ёритиш тизимларини (масалан, ҳаракат сенсорлари, вақтга боғлиқ ёритиш) жорий қилиш.
Қишлоқ жойларда ҳам табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга йўналтирилган дастурлар ишлаб чиқиш.
3. Ижтимоий онгни ошириш
Ёруғлик ифлосланишининг салбий таъсири ҳақида жамоатчиликка кенг ахборот бериш, мактабларда ва олий ўқув юртларида экология дарслари ташкил қилиш.
4. Қоронғи осмон ҳудудларини сақлаш
Табиий ва тарихий қимматга эга ҳудудларда «қоронғи осмон зоналари»ни белгилаш ва уларни ҳимоя қилиш. Бу ҳудудларда сунъий ёруғликни минималлаштириш учун махсус қоидалар жорий этиш.
Умуман олганда, ёруғлик ифлосланиши – бу нафақат экологик, балки ижтимоий ва иқтисодий муаммо ҳамдир. Табиий қоронғилик эса фақат тунги гўзаллик эмас – у экотизимлар, биологик хилма-хиллик ва барқарор ҳаёт учун зарур элемент ҳисобланади. Уни ҳимоя қилиш – ҳар бир инсон, ҳар бир шаҳар ва ҳар бир давлатнинг экологик вазифаси.
Шахруза САТТОРОВА
Глобал миқёсда ҳарорат кўтарилиши нафақат экологик тизимларга, балки инсон саломатлигига ҳам тобора кучлироқ таъсир кўрсатмоқда.
БатафсилТунда осмонга боққанмисиз? Юлдузлар милтиллаб турган самода сокинлик, сирли гўзаллик ва абадий ҳайрат яширинган. Аммо бугун бу манзара тобора хира тортаётгандек.
БатафсилХалқаро олимлар жамоаси иқлим инқирози – бу шунчаки глобал чиқиндилар оқибати эмас, балки маълум бир шахсларнинг аниқ қарорлари натижаси эканини аниқлади.
Батафсил