Сайёрамиздаги 2,1 миллиард инсон сувдан фойдаланиш имкони бўлмаган уйларда яшайди. Дунёдаги мактабларнинг чоракдан бир қисми тоза ичимлик сув манбаига уланмаган ва болалар хавфсиз сувдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум ҳолда таълим олмоқда.
Ҳар куни дунёда 700 га яқин бола хавфсизлиги кафолатланмаган ва санитар шароитлари ёмон сувни истеъмол қилиш туфайли ҳаётдан кўз юммоқда. Бу даҳшатли статистик рақамлар ҳар қандай онгли инсонни чуқур ўйга толдириши зарур, албатта.
Дунёдаги хавфсизлиги кафолатланмаган сувдан фойдаланувчиларнинг 80 фоизи қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилади. Дунёдаги 159 миллион инсон истеъмол ва рўзғорда фойдаланиш учун ичимлик сувни булоқ ва бошқа табиий манбалардан ташиб келтиради. 2030 йилга бориб камида 700 миллион инсон сув танқислиги туфайли бошқа ҳудудларга кўчиб ўтишга мажбур бўлади.
Сайёрамизда аҳоли сони юқори суръатда ўсиб бораётган, глобал иқлим ўзгариши ёғингарчилик миқдорига кескин таъсир кўрсатаётган шароитда сувга талаб тобора ортмоқда. Шу боис, дунё сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, обиҳаётни исроф қилмаслик дунё мамлакатлари барқарор иқтисодий тараққиётида муҳим аҳамиятга эга масалалардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Мазкур ташаббусда фаол иштирок этиш, ҳеч бўлмаса, шу куни ҳар томчиси қадрли бўлган бебаҳо неъматдан оқилона фойдаланиш ёки одамлар эътиборини айни масалага қаратиш ҳар бир онгли фуқаронинг бурчи бўлиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам инсон сув нафақат энг муҳим ресурс, балки ҳаётнинг барча жабҳаларига хос ҳуқуқ эканини англаб яшаши керак.
Фаровонлик – сувга боғлиқ
Заминда барча инсонлар «Тинчлик учун сув» глобал кампаниясининг бир қисми бўлишга чақирилмоқда. Ҳар бир шахс ва оиладан тортиб, компаниялар ва ҳукуматларгача ҳамкорлик қилиши, янада уйғун жамиятга йўл очиш учун имкон қадар бирлашиши, ҳамфикр бўлиши нақадар муҳимлиги айтиляпти. БМТ муттасил равишда инсонларни сув ва тинчлик ўртасидаги боғлиқлик ҳақида кўпроқ маълумот олишга, одамларни обиҳаётдан оқилона фойдаланишга чақирмоқда. Сувдек буюк неъматни қадрлашга ундовчи асосий маълумотлар мунтазам эълон қилиб бориляпти.
Ҳужжатда келтирилишича, фаровонлик ва тинчлик сувга боғлиқ. Иқлим ўзгариши, оммавий миграция ва сиёсий тартибсизлик шароитида давлатлар сув соҳасидаги ҳамкорликни биринчи ўринга қўйиши керак. Маълумотга кўра, 2,2 миллиард киши ҳанузгача хавфсиз бошқариладиган ичимлик сув таъминотидан фойдалана олмаяпти. Дунё аҳолисининг қарийб ярми йилнинг камида бир қисмида жиддий сув танқислигини бошдан кечирмоқда. Охирги 50 йил ичида табиий офатлар рўйхатида сув билан боғлиқ ҳодисалар устунлик қилмоқда ва барча офатлар билан боғлиқ ўлим ҳолатининг 70 фоизини ташкил этгани маълум.
Дарҳақиқат, тоза ичимлик сув – Ер сайёрасида инсоният кун кўриши учун энг муҳим ва зарур манбалардан бири. Сув тикланувчи ресурс бўлса-да, дунё аҳолиси сони ортиб бориши ҳисобига танқислик муаммоси пайдо бўлган ҳудудлар йил сайин кўпаймоқда. Демак, ҳамма тежамкорликка ўрганиши лозим. Уйда сувни тежаш нафақат қимматбаҳо ресурсни, балки истеъмолчи ҳамёнини ҳам тежашга ёрдам беради. Шу сабабли, ҳар бир оилада улғайиб бораётган фарзандлар кичик ёшдан бошлаб маиший турмушда сувни қандай тежаш мумкинлигини билиб олиши ва шунга амал қилиши ўта муҳимдир. Бу эса, ота-оналардан катта масъулият талаб этади.
Оддий мисол: тиш юваётганда сувни доимий очиб қўйиш қанчалик зарар? АҚШ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлигининг хулосасига кўра, биргина тиш ювишда сувни тежаш бир ойда 700 литрдан ортиқ сувни тежаш имконини беради. Ванна-ҳаммом ўрнига иложи борича камроқ душ қабул қилиш тавсия қилинади. Беш дақиқагача вақт давомида душга тушиш жараёнида 30-45 литр сув ишлатилади ва бу рақамни 300 литр сув сарфланадиган «ванна» билан солиштириш қийин эмас.
Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистонда сув танқислиги билан боғлиқ вазият йил сайин жиддийлашмоқда, ҳолатга ҳар биримиз ён-атрофимизда, кундалик турмушимизда гувоҳ бўляпмиз. Бу эса, барчани сувнинг инсоният ҳаётидаги беқиёс ўрни ҳақида мулоҳаза юритиш, ичимлик сув етишмовчилиги билан боғлиқ муаммога эътибор қаратиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, обиҳаётни асраб-авайлаш муҳимлигини англаш, аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш учун тегишли чоралар кўришга ундайди.
Хориж тажрибаси ва янги технологиялар
Дунёда содир бўлаётган глобал исиш ва унинг натижасида кузатилаётган иқлим ўзгаришлари Ўзбекистон ҳаётининг барча жабҳаларига, хусусан, ижтимоий, иқтисодий ва экологик жараёнларга бевосита таъсир қилмоқда. Яқин келажакда ўртача ҳароратнинг кўтарилиши туфайли жиддий салбий экологик оқибатларнинг янада кучайиши эҳтимоли бор.
Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатларида, шу жумладан, Ўзбекистонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уни қадрлаш, асраш ва соҳада кадрлар малакасини ошириш борасида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ) томонидан қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Айниқса, охирги 4 йилда Европа иттифоқи лойиҳаси доирасида меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, сув соҳасига оид ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, сув тежовчи технологиялардан фойдаланишни янада кенгайтириш масалаларида кенг кўламли ишлар бажарилди. ГИЗ томонидан бугунги кунда Ўзбекистонда сув ресурсларини прогнозлаш ва ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш, маълумотлар сифатини яхшилаш ҳамда сув кадастрини ташкил этиш ишлари қўллаб-қувватланмоқда.
Ҳозирги кунда марказ томонидан Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа иттифоқи, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Саудия тараққиёт жамғармаси каби йирик халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ҳамкорликда кредит, грант ҳамда техник кўмак маблағлари мақсадли ўзлаштирилмоқда.
Сувдан самарали фойдаланишда хориж тажрибаси илғор технологиялар (томчилатиб суғориш, қайта ишлаш) ва қатъий бошқарув тизимларига асосланган. Исроил, Туркия ва АҚШ каби давлатлар сувни тежаш, рақамли бошқарув ҳамда сув учун солиқ тизимларини жорий этиш орқали тақчилликни камайтирмоқда. Қишлоқ хўжалигида сув етказиб бериш хизматлари ва халқаро шартномалар муҳим ўрин тутади.
Сув бошқарувида сунъий интеллект
Ўзбекистонда сувни тақсимлаш кўпинча қўл меҳнати ва эскирган усулларга таянилади. Бу эса аниқлик ва самарадорликни пасайтиради. Мисол учун, Нидерландияда сув тўфонлари хавфини автоматик прогноз қилиш тизимлари сунъий интеллект орқали бошқарилади. Сувни бошқариш тизимларининг самарадорлиги 40 фоизга оширилган. Саудия Арабистони ва БАА инфратузилмани бошқаришда ягона геоахборот тизими ҳамда масофадан зондлаш маълумотларини қўллайди, Ўмоннинг қувурлардаги йўқотишларни дрон ва сунъий йўлдош орқали аниқлаш тажрибаси янги технология имкониятларини кўрсатади.
Сунъий интеллект сув ресурсларидан самарали фойдаланишда тобора муҳим ўрин тутмоқда. АҚШ ҳукумати 2026 йил бошигача амалдаги федерал қоидаларнинг деярли ярмини қисқартириш учун сунъий интеллектдан фойдаланишга ўтишни режалаштирмоқда. Жумладан, Калифорнияда фермерлар сувдан фойдаланишни сунъий интеллект ёрдамида «реал-вақт» режимида мониторинг қилиб, ҳар гектар ер учун сув сарфини ўртача 20-25 фоизга камайтиришга эришмоқда.
Умуман олганда, инсониятнинг чучук сув ресурсларидан фойдаланиш аҳволи ҳозирги тарзда давом этадиган бўлса, мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2100 йилларга бориб дунёнинг камида учдан икки қисми сув инқирозига юз тутади. 2230 йилга бориб эса, сайёрамизнинг истеъмолга яроқли чучук сув захиралари батамом тугаши мумкин экан.
Хуллас, сувдан фойдаланишдаги хўжасизлик ва исрофгарчиликларга қарши кескин курашмоқ мавриди аллақачон келган. Акс ҳолда, бор имкониятимиздан ҳам кутилган натижани ола олмаймиз. Сувдан тежаб фойдаланишда замонавий технологияларни тезкорлик билан қўллаш ва илғор замонавий тажрибадан фойдаланиш чораларини кўриш зарур. Токи, ҳар бир деҳқон, ҳар бир фуқаро сув эндиликда текин бўлмаслигини ва ундан самарали фойдаланишни тушуниб етсин.
Жуманазар ХОЛМЎМИНОВ,
Тошкент давлат юридик университети
профессори, юридик фанлар доктори