Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 80 йил тўлди. Бу анча узоқ муддат. Бир инсоннинг умридай, эҳтимол ундан ҳам ортиқ. Лекин ўша машъум урушнинг мудҳиш асоратлари ҳали-ҳамон ўчгани йўқ.
Урушда иштирок этган минглаб ватандошларимиз жанг майдонларида қурбон бўлишди. Омон қайтганлари эса, бутун умрга татигулик жароҳатлар орттирди. Аскарларнинг баданларидаги жароҳатлар вақт ўтиши билан ўнгланиб кетиши мумкин экан. Аммо урушнинг тафаккуримизга солган жароҳатли изи унутилмади...
Бухоро вилоятидан Файзулло Ҳожиев 1941 йилда, 20 ёшида фронтга сафарбар қилинган эди. Фронтда мардлик, жасорат кўрсатиб, ёвга юзма-юз келган. Ёшлигининг энг масъуд дамларини жанг майдонларида ўтказишга мажбур бўлган. Воронеж, Тула, Петропавловский, Харков ва бошқа уруш чегараларигача борган. Харковда оёғидан жароҳатланган...
Бугун отахон 104 ёшни қаршиламоқда. Соғ-саломат, оиласи даврасида бахтиёр ҳаёт кечирмоқда. Бизни отахоннинг ташқи кўринишидан юз ёшдан ўтганларга ўхшамаслиги ҳайратга солди: тетик ва бақувват.
– 12 нафар фарзандим, 140 нафар невара, эвара, чевараларим бор. Ҳаммасини ўқитганман, ҳаммаси ишли, – дейди отахон фарзандлари камолидан кўнгли тўлиб. Сўнг маҳзун бир алфозда давом этади. – Уруш бўлмасин, тинчлик бўлсин. Уруш майдони ҳам бир синов экан, болам. Кўпимизни тоблади. Ўлимга тик боқсак ҳам ёв қаршисида юрагимизда ҳадик бўлмаган. Танклар ҳужумида окопларда – тупроқлар остида қолганмиз. Кўз олдимизда неча-неча сафдошларимиз бири қўлидан, бири оёғидан, кимдир кўзидан, кимдир бошидан жудо бўлган. Сен билан ҳозиргина елкама-елка турган қуролдошинг шундоқ қўлингда жон таслим қилади. Бирови «мени бедарак йўқолган, у ўлмаган, деб етказ», дея ҳалок бўлган бўлса, бири севган ёрига ёзган мактубини қўлларимизга тутқазади, – деб эслайди отахон.
Кўкси медаллар шодасига тўлган отахон уруш қийинчиликларини ёдга олар экан, ўша мудҳиш кунлар ортда қолганига шукрлар айтади...
Ҳа, бундан саксон йил олдин юз берган уруш даҳшатлари бугунги кунда тинчлик неъмати инсоният учун қанчалик қадрли эканини эслатиб туради. Хотира ва қадрлаш куни арафасида уруш қатнашчилари, ёши улуғ инсонлар, нуронийлар, меҳнат фахрийларини ёд этиш, уларнинг тинчлигимизни муҳофаза қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини улуғлаш, муносиб эътибор ва эҳтиром намунасидир.
Дунёнинг турли минтақаларида ҳозир ҳам қуролли ҳаракатлар учраб турибди. Бу ўринда бир пайтлар калтабинлик билан бошланган иккинчи жаҳон урушининг даҳшатлари ҳалигача қанча халқ, миллионлаб инсонлар ҳаётига ларза солиб турганини унутмаслик ниҳоятда муҳимдир. Сабаби, тинчлик ва осойишталикнинг қадри ҳеч нарсага қиёслаб бўлмас даражада юксак эканини уруш жабрини тотган, уни ўз кўзи билан кўрган, бошидан ўтказганлар кўпроқ билиши табиий.
Бирон бир моддий-маънавий манфаатпарастлик йўлида инсон қонини тўкиш, умрига зомин бўлиш – унинг қадр-қимматини ошкора топташдир. Биз ҳамиша тинчлик тарафдори бўлиб келаётганимиз ҳам шундан.
Инсон қадри ва камолини юксак тутувчи тинчлик ҳамиша барқарор бўлсин.
Абдукарим АВАЗБЕКОВ
Она мушук ва меҳр мўъжизаси
🕔15:48, 26.06.2025
✔33
Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.
Батафсил
Тинчлик қадри «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»
🕔15:27, 08.05.2025
✔115
Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 80 йил тўлди. Бу анча узоқ муддат. Бир инсоннинг умридай, эҳтимол ундан ҳам ортиқ. Лекин ўша машъум урушнинг мудҳиш асоратлари ҳали-ҳамон ўчгани йўқ.
Батафсил
Оилани камбағалликдан эркак қутқаради
🕔16:16, 17.04.2025
✔127
• Азим Тошкентнинг Олмазор тумани «Юқори Себзор» маҳалласида 83 ёшли, Ўзбекистон халқ устаси Маҳмуджон Мамажонов яшайди. Табаррук ёшда ҳам меҳнат қилишдан бир лаҳза тўхтамаган ҳунармад уста меҳнатга муҳаббати йўқ одамни бой яшашга рағбати йўқ одам, деб ҳисоблайди.
Батафсил