Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
Батафсил«Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир».
Таниқли маърифатпарвар олим Абдулла Авлоний эътиборимизни бу муҳим мавзуга қаратганига ҳам қарийб бир аср бўлди. Англашилдики, инсон бор экан, унинг тарбияси ва ахлоқини шакллантириш ҳар бир даврнинг энг долзарб ва аҳамиятини йўқотмайдиган вазифаси бўлиб қолавераркан.
Тарбиясизлик ҳар бир инсоннинг ўзига ва бошқа инсонларга зарар етказиши табиий. Буни шахс фожиаси деб аташ мумкин. Аммо инсоннинг ўзи яшаб турган муҳитга, ундаги табиий ресурсларга етказган салбий таъсири янада улканроқ фожиаларга олиб келиши шубҳасиз. Одамларга етказилган зарар инсон қалбини жароҳатлаб, мусибатлар келтириши мумкин. Лекин бу бир ёки бир қанча инсон ҳаётигагина дахлдор муаммо сифатида қаралади. Табиатга етказилган зарар оқибатида эса, борлиқдаги умумий тизимга путур етади ва у издан чиқа бошлайди. Бундай тажовузнинг кўникма ва одатга айланиши, арзимаган нарса деб қаралиши, эътиборсиз қолдирилиши инсоният бошига мисли кўрилмаган офатлар ёғдириши ҳеч гап эмас экан. Бугун буни ён-атрофимиздаги воқеликларда аниқ кўриб, шоҳиди бўлиб турибмиз.
Айниқса, экологик маданиятни шакллантириш ва мустаҳкам қарор топтириш борасида қилинадиган ишлар кечиктириб бўлмас даражага етгани яққол кўриняпти. Йирик шаҳарлар атмосферасининг кутилмаган тарзда ифлосланиши, бир неча юзлаб гектарга чўзилган расмий ва норасмий чиқинди полигонларидаги нохуш вазиятлар, тупроқ деградацияси, оқава сувлар утилизацияси, яшилликнинг инкор этиб бўлмас зарурати юзага келгани каби кўплаб жабҳаларда биз айнан инсон омилининг она табиат неъматларидан нооқилона фойдаланиши ва муносабати оқибатларига дуч келамиз. Дунё эколог-мутахассисларининг билдиришича, табиат мувозанатига жиддий салбий таъсир кўрсатаётган омилларнинг энг юқорисида инсон воситасида амалга оширилаётган калтабин фаолият туради. Бу дегани – табиатни асраш учун энг биринчи навбатда инсоннинг табиатга бўлган муносабатини ўзгартириш зарурати мавжуд.
Бу гаплар ҳеч кимга янгилик бўлмаслиги мумкин. Боиси, бир қанча давлат ва нодавлат ташкилотлари инсон ва табиат муносабатлари ҳақида кўпдан-кўп даъватлар қиляпти. Аммо буларнинг ҳар бири ҳар бир инсон онгида, қалбида, ҳар бир хатти-ҳаракатида, ҳаёт тарзида қарор топиши учун бундай фаолиятни изчил, тизимли ҳамда кенг қамровда давом эттириш зарурга ўхшайди.
Биз одатда ўтмиш аждодларимизнинг шонли тарихи, амалга оширган буюк ишлари, қолдириб кетган салмоқли мероси билан фахрланишни хуш кўрамиз. Уларнинг дунёга татигулик фаолиятини айтиб чарчамаймиз. Буюк тарихимиздан ғурур туйиш бу – юксак фазилат албатта. Шу билан бирга, аждодлар ишларини давом эттириш, уларга муносиб ворис бўла олиш, уларнинг буюк мақсадларини бугун ва келажакда амалга ошириш хусусида ҳам кенгроқ мулоҳаза юритсак, фойдадан холи бўлмас эди.
Аждодларимиз инсонга борлиқдаги минг-минглаб яратиқлар занжирининг бир ҳалқаси сифатида қарашган. Шу ҳалқадан лоақал биронтаси заҳа еса, бу умумий тизимга жиддий таъсир кўрсатишини теран мулоҳаза қилишган. Фикрда ва ишда шунга риоя қилишган. Шулардан ҳозиргача сақланиб қолгани сувга тупурмаслик ҳақидаги гап бўлиб, у ҳам фақат ота-боболар тутумини эслаганда тилга олинадиган навбатчи-эсдалик гапга айланиб қолгандай. Сувга эҳтиромда бўлиш борасидаги ўнлаб тутумлар хаёлимиздан ва ҳаётимиздан анча узоқлашиб бораётганга ўхшайди. Мисол учун, сувга нафақат тупуриш, уни ифлослантирмаслик ҳам қадрият сифатида қаралгани, агар сувнинг ранги, ҳиди ё таъми ўзгарса, яроқсиз ҳолга келиб қолиши ҳақидаги қарашлар бугун ўтмиш афсонасига дўниб бораётгандай. Чиқинди сув тепадан пастга тушаётганда унинг бирор зарраси шамолда учиб бориб бошқа бир жойни ифлослантирмаслигига ҳам қаттиқ риоя қилинган. Дарёнинг бўйида ҳам қўл ювиш учун ишлатилаётган сувни исроф қилмаслик қадрият даражасида қаралган. Кундалик озодалик – гигиена учун ўртача ҳисобда саккиз – ўн беш литр атрофида сув ишлатиш ҳар бир инсон учун табиий меъёр деб белгиланган. Бугун эса, сувга бўлган кундалик эҳтиёжимиз камида ўн баравар ошиб кетган. Асрлар давомида одамнинг жуссаси кичрайса-да, тийиқсиз эҳтиёжлари қарийб ўн баробардан кўпроқ ортиб кетгани кузатилади. Бу табиий неъматлар тасарруфига нотўғри ёндашув оқибати эмасми?
Ҳозирда ҳам она табиатга алоҳида эҳтиром кўрсатадиган инсонлар орамизда бор. Аммо уларнинг аксарияти катта ҳаётий тажрибага эга бўлган ёши улуғ инсонлар холос. Улар йиллар давомида табиат ва инсон муштарак эканини ҳаётда кўрган, тушуниб-англаб етган, шунинг учун чумолига ҳам озор бермайдиган, ҳар гиёҳ ҳолини ҳис қила оладиган мўътабар кишилар. Уларнинг табиатга меҳр-оқибатли экани қилаётган иш-амалларида яққол акс этиб туради.
...Туманлардан биридаги гавжум бозорни кузатганимизда ажиб бир ҳолатга гувоҳ бўлдик. Ҳамма озиқ-овқат, кийим-кечак, рўзғор учун керакли нарсалар савдоси билан машғул. Барча ўз хоҳиш-истаклари, эҳтиёжлари учун бозорга тушади. Бозор-ўчор қилаётганларнинг аксарияти ёшлар ва ўрта ёшли харидорлар. Ана шу эҳтиёжлар қайсидир маънода инсоннинг ички дунёсини – инсонийлик қиёфасини ҳам кўрсатиб тураркан. Шу аснода оломон ичида ёши улуғ бир отахон кўринди. Кўринишидан саксондан ошиб тўқсонга юз тутган, аммо чайир ва бардам. Меҳнатда тобланган қишлоқ кишиси экани яққол кўриниб турибди. Ажабланарлиси, у қўлида нон, озиқ-овқат, кийим, ё набираларга бирон шириклик эмас, кўчат кўтариб олган! Ўрик кўчати. Бундай инсонлар учун кўчатнинг қачон гулга кириб, ҳосил бериши, ундан ким баҳраманд бўлиши унчалик муҳим эмас. Улар туғилганидан ҳар бир гиёҳ, ҳар бир ниҳол ўзи каби бир тирик мавжудот эканини ҳис қилиб яшайди. Ҳовлисида кафтдайгина бўш жой бўлса, шу ерга бирон кўчат ёки нимадир экин экади. Иложи бўлса, ҳар мавсумда кўчат экишга интилади. Бу уларга бирон идорадан берилган топшириқ ё бирон лойиҳа иштирокчиси бўлиш илинжи эмас. Қиёмат қойим бўлганда ҳам қўлдаги ниҳолни ерга қадаб қолиш кераклиги ҳақидаги содда, лекин мукаммал қарашлар бундай инсонларнинг ҳаёт тарзидан қатъий ўрин эгаллаган. Олдин оилада ота-онадан илк тарбия ўлароқ эшитиш, кейин оила аҳлининг шундай қилаётганларини кўриб улғайиш натижасида кўникма ҳосил қилиш бу каби инсонларда атроф-муҳитга самимий муносабат шаклланишига, одат сифатида қарор топишига, ниҳоят, ҳаётий қадрият даражасига етишига сабаб бўлган. Биз бугун тарбияда, хусусан, экологик тарбияда нималарга эътибор қаратишимиз зарурлиги мана шунай улуғ ёшдаги инсонлар ҳаётига назар солганда янада аниқроқ намоён бўлади. Бу ишларнинг барчаси, аввало, оилада ота-она воситасида амалга оширилиши, фарзандларга сингдириб борилиши жуда муҳимдир. Сўнгра у таълим тизимида ҳам босқичма-босқич қўллаб-қувватланиши зарур.
Шу ўринда «Ҳозирда ота-оналар фарзандига бундай тарбия беришга тайёрми?» қабилидаги савол юзага келади. Бу анчагина оғриқли савол. Аммо унга жавоб ва ечим излашга мажбурмиз.
Боиси, шиддат билан ўтиб бораётган вақт ҳеч қачон бизни тайёр бўлгунимизгача кутиб турмайди. Назаримизда, муаммога ечим топиш имконсиз эмас. Бунинг учун миллатнинг барча зиёлилари, олиму мутахассислар, катта ҳаёт тажрибасига эга инсонлар жонбозлик кўрсатиб ҳаракат қилиши зарур. Улар ўзларининг фикр-мулоҳаза ва таклифларини оммага етказиб, тушунтириб, инсонларда атроф-табиатга оқилона муносабат барқарорлашиши учун иммунитет пайдо бўлишига ҳисса қўшишлари керак. Бу борада катта кучга эга бўлган давлат ва нодавлат муассасалари бугунги кунда болалар ва ёшлар учун қулай шаклдаги тарғибот воситаларида қисқа ҳажмдаги самимий чиқишларнинг мувофиқ шаклини юзага келтириши муҳим. Кейин уларни ижтимоий тарғибот сифатида фойдаланувчиларнинг мобиль алоқа воситалари, ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситаларида мунтазам тарғиб қилиб бориш орқали кутилган самараларга эришиш мумкин. Юқори доираларда айтилаётган фикрлар, қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ҳар бир инсон қалбида акс-садо беришига эришиш орқали экологик маданият шаклланиши ва барқарор юксалишига қадам қўйилади.
Ҳозир кўпчилик таълим муассасаларида экологик таълимни кучайтириш ҳақида ўринли таклифларни илгари суряпти. Бу албатта зарур масала. Аммо бу ўринда яна икки жиҳатни эътибордан соқит қилмаслик керак. Биринчиси, мактаб таълими ҳар бир фарзанд учун оиладаги таълим-тарбиянинг узвий давомидир. Агар у оилада етти йил давомида табиатга меҳр қўйишга одатланмаган бўлса, кейинги босқичлардаги таълим унинг учун тўла манфаатли бўлишига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Бу эса, ота-она зиммасига янада кўпроқ масъулият юклайди. Иккинчиси, ўн мингдан зиёд таълим муассасаларида сифатли ва самара берувчи экологик таълим-тарбия платформасини яратиш бир пасда амалга ошадиган иш эмаслигини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Бунинг учун бир қанча омиллар тўлиқ ўрганилиб чиқилиши, дарсликлар, ўқув адабиётлари яратилиши, сифатли мутахассислар билан таъминланиши каби кўплаб муаммолар ечилиши масаласи кўндаланг турибди. Ҳозирги вазиятни тўғри баҳолаган ҳолда экологик таълим-тарбия, экологик кўникма ва ахлоқ ҳамда экологик маданият барқарорлиги барибир ҳар бир инсоннинг дунёқараши ва ёндашуви ўзгариши билан боғлиқ экани мулоҳаза қилинади. Зеро, дунёнинг ўзгариши ҳам инсон дунёқарашининг ислоҳ бўлишига боғлиқ.
Муаммони кимдир қачондир ечиб беришини кутиб ўтириш вақтни беҳуда кетказиш бўлиб қолади. Қаҳрамон шоиримиз Эркин Воҳидов таъкидлаганидай, муаммонинг юзага келтирувчи сабаб ҳам, унинг ечими ҳам инсоннинг ўзида ва бош сабаб – инсон. Бошқа сабабларнинг ҳаммаси ана шу бош сабабга боғланади. Шуни ҳис қила олсак, тушуниб етсак ва амалий фаолиятимизга айлантирсак, биз ҳам муаммо ечимига ҳисса қўшаётган бўламиз. Бу биз ҳар куни қиладиган кичик, оддий ва энг арзимас ишдан бошланиши мумкин.
Ғулом БОБОЖОНОВ,
филология фанлари бўйича
фалсафа доктори (PhD)
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилБоғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.
БатафсилБаъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.
Батафсил