Табиат      Бош саҳифа

Фарзандларни ТАБИАТдан, ОНАдан узоқлаштирмайлик

«Японияда озода ҳаёт тарзига тез кўникасан» – ижтимоий тармоқда бу фикрни ўқиб, хаёлимда болалик, ўсмирлик йилларим билан боғлиқ хотиралар жонланди: эрта баҳордан то кеч кузгача тонг ғира-ширасида Марғилоннинг деярли барча маҳаллаларидаги дарвозалар очилиб, кўчаларга сув сепилиб, деворларнинг тагигача қиртишлаб супуриларди.

Фарзандларни ТАБИАТдан, ОНАдан узоқлаштирмайлик

Ақлини таний бошлаган қизлар онгига бу манзаралар ибрат, ўзи давом эттириши керак бўлган анъана сифатида сингиган. Ҳали мактабга бормасимиздан бизга супургича олиб келишларини талаб қилганмиз, катталарга қўшилиб ҳовли супурганмиз.

Аҳоли истиқомат қиладиган аксарият маҳаллаларда бу анаъана давом этмоқда. Аммо йиллар давомида шаҳар кенгайиб, марказларни эгаллаган янги-янги савдо тармоқлари, идоралар, емакхоналар, дўконларнинг ичию атроф саҳни тозалигига масъул хизматчилар бўлса-да, ана шу жойлардан файз – саришталик, озодалик йўқола бошлади, қаерлардадир йўқолиб кетди. Агар кимдир: «Нотўғри гапиряпсиз. Бизнинг туман (шаҳар) доим озода», деб қатъият билан айта олса, узр сўрашга тайёрман.

«Поклик имондандир» – мана шу мухтасар ибора халқимиз учун зоҳирий ва ботиний тозалик, озодалик, саришталикда яшаш эътиқод даражасида бўлиб келганидан далолат. Тоза, озода турмуш тарзи бевосита экологияни асраш билан чамбарчас боғлиқ. Тозалик нафақат кўзларни қувонтириб, роҳату осойишталик бағишлайди, балки саломатлик гарови, моддий бойликларнинг баракасидир. Оила ва жамоат жойлари, ишхоналарда мўътадил муҳит барқарор бўлиши ҳам бевосита тозаликка боғлиқ.

Ҳозир кўпчилик ота-оналар боласи жуда ёшлигидан хорижий тилларни ўрганиши, санъат, адабиёт, спорт билан шуғилланиши, билим ва ҳунарли бўлиши учун ҳаракату харажат қилади. Шулар қаторида фарзандни атроф-муҳитга, табиатга, ҳайвонот ва наботот оламига эътиборлилик, муҳаббат, ғамхўрлик, шафқатлилик руҳида тарбиялаш ҳам зарурлиги эсимизга ҳам келмайди. Зеро, биринчи йўналишдаги мақсадларнинг рўёбга чиқиши экологик маданияти ноқис кишида тўлиқ ва жамиятга биз кутганимиздек манфаатли бўлиши қийин.

Инсоннинг экологик тарбияси у дунёга келган лаҳзалардан бошланади. Янги чақалоқ покиза муҳитда бўлиши, тоза ҳаводан нафас олиши, тирик-оқар сувларга ўргатилиши боланинг соғлом дунё билан дастлабки муносабатидир. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак... ҳали чилласи чиқиб-чиқмаган кунлардан бошлаб ёзнинг энг иссиқ кунларида ҳам «памперс»га боғлаб ташланган жаннат гулларига раҳминг келади. Соғлом болага, ишонч билан айтиш мумкинки, сунъий тўқималардан бўлган таглик ёқмайди, лекин у айтолмайди. Одам бир қават енгил кийимда бетоқат бўладиган саратонда нозик баданни ҳавою нам ўтказмайдиган, оналарда дангасалигу фарзандига эътиборсизликни тарбиялайдиган ва энг ачинарлиси, руҳияти гулдек нафис гўдакни ўзининг пешоби ва ахлатини баъзида соатлаб кўтариб юришига кўниктириш мурғак вужуднинг бебаҳо неъмат – мусаффо ҳавога нисбатан сезгисини, туйғуларини ўтмаслаштириб қўймайдими? Шундай вазиятда катта бўлган болалар келажакда ҳавонинг ифлосланишига, теварак-атрофларида ахлату чиқиндилар ётганига эътиборсиз бўлса, айбни қаердан излашимиз керак?

Бугун шу сунъий таглик кириб бормаган оилалар бормикан? Ёш оналарнинг «халоскори»га айланган бу матоҳ рўзғорлар харажати рўйхатидан муқим ўрин олиб бўлди. Биламан, айни фикрларимни маъқуллайдиган ёши улуғлар топилади, аммо ёш оналар... ҳай-ҳай... «Болам ҳар соатда иштонини ҳўллайди», «Уйнинг бошқа ишларини қилайми ё иштонча ювайми?», «Мен ҳам чарчайман, дам олишим, ухлашим керак», Вой-вуй, «пампирс» бўлмаса, биласизми, кунига нечта иштонча ювиб қуритиш керак?..» ва ҳоказо. Бу эътирозларни билдирган минг-минглаб оналарнинг минг-минглаб қўллаб-қувватловчилари бор. Сунъий тагликлар бозори қизиб борверади. Наҳотки, боланинг ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб улғайиши учун жон куйдиришдан кўра уйқу, гап-гаштак, ҳар хил салонларда вақт ўтказиш афзал бўлса?! Таъкидлагим келаверади:

Дилбандингизнинг жисман, ақлан, руҳан яна ҳам соғлом, ҳушёр, зийрак, нозик табиатли, дунёсевар бўлишини истасангиз, унга имкон қадар табиий матодан тикилган кийимчалар кийдиринг, ҳеч бўлмаса, иссиқ кунларда «пампирс» балосидан озод қилинг! Ахир, момоларимиз, оналаримиз қишин-ёзин кичкинтойларининг тагликлари, иштончаларини яхшилаб ювиб, тоза ҳавода қуритиб ҳеч нолишмаган-ку! Ҳолбуки, улар яшаган даврлар шароити билан бугуннинг шароитлари ижобий томонга ер билан осмонча фарқ қилади. Бу борада ёш оналар момоларнинг чаққонлиги, тадбиркорлигидан ҳам олдин дилбандига муҳаббатию масъулиятидан ибрат олсалар арзийди.

Баъзан кийимларию юз пардозига анча-мунча вақт сарфлаши кўриниб турган сингилларимизнинг аллақачон тили чиқиб, кап-катта бўлиб қолган боласигаям дўмпайтириб «пампирс» тақиб қўйганини кўрганда, бошқаларни билмадим, аммо менинг хўрлигим келади...

Бу ҳам етмагандек, баъзан кўп қаватли уйлар орасидаги йўлакчаларга, ахлатхоналарнинг ён-верига шундоқ ташлаб кетилган ифлос тагликларни кўриб қоламиз. Бу – яшаётган уйимиз, фарзандимизнинг вужудию нафас оладиган ҳавосига қўшиб кўчаларимиз ва ҳавонинг ифлосланишига ҳам «ҳисса қўшиш», албатта.

Менимча, боланинг юриш, сўзлаш малакалари бошланган пайтлардан унга атрофидаги ҳар бир нарсанинг вазифасини тушунтириш, уларнинг ҳаётимиздаги аҳамияти, табиий ўрнида бўлишини англатиш экологик тарбиянинг изчил давомидир. Эҳ-ҳ, кичкина набирасини кўтариб, елкасига ўтқазиб, чопонининг барига ўраб ҳовлисида, атрофидаги далаю тузларда айлантириб юрадиган, «қандак ўригининг мағизи»га майсаю ялпизлардан тортиб мевали дарахтларгача номларини, уларнинг фазилатини, аҳамиятини ўргатиш баробарида беғубор мурғак қалбда табиатга муҳаббату мушфиқлик уйғотган боболар, момоларни соғинасан! Бугун анча ёшариб кетган аксарият бобою бувиларнинг (айниқса, марказий шаҳарларда) кун тартибларида набиранинг тарбиясига ажратиладиган вақт йўқ. Бўлсаям, бундай фурсатлар кўпроқ емакхоналарда, ўйинхоналарда, чойхоналарда ўтказилади. Аммо қишлоқларда бобоси, бувисининг етагида сувлар бўйида юрган, мол-ҳолга қараган, товуқларга дон сепган, мушукларни силаган, гулларни ҳидлаган чин бахтиёр набиралар ҳам бор. Ана шу дунёсевар, табиатсеварлардан ҳақиқий шоиру ёзувчилар, табиатшунос олимлар, оламни асровчи инсонлар кўпроқ чиқса, ажабмас!

Руҳиятшуносларнинг бир кузатувдан хулосалари ибратли: иккита ёш боланинг биттасига бирмунча муддат пойабзалнинг ўнгини терсга, терсини ўнгга; иккинчисига эса ўнгини ўнг оёғига, чапини чап оёғига кийдирадилар. Маълум вақт ўтгандан кейин доим пойабзали тўғри кийдирилган боланинг ўнг оёғига чапни кийдирилганда, у ўша заҳоти ноқулайликни ҳис қилади, пойабзални ечиб ташлайди. Нариги бола эса ўнгни чап, чапни ўнгга кийганидан ҳеч ноқулайлик сезмайди, чунки у шунга кўникиб бўлган.

Кўчаларда кузатганмисиз: айрим болалар қўлларидаги чиқиндини ташлаш керак бўлса у ён-бу ёнга қарайдилар, чиқинди ташланадиган идишни излайдилар; айрим болалар эса музқаймоқми, ширинликми, маккажўхорими ейдилар-да, қоғози ёки пўчоғини йўл-йўлакай тўғри келган жойга отиб кетаверадилар. Иккинчи манзара кўзимизга хунук кўринади, болани айблаймиз. Аслида, ундан хафа бўлишга ҳақимиз йўқ. Чунки уйидаги катта одамлар бу болага турган, юрган ҳолатда овқатланмаслик кераклигини; таомни қўлни яхшилаб ювиб, таомланадиган жойда еб бўлгандан кейин чиқиндиларини йиғиштириб, вақтида чиқинди челакка ташлашни қатъий одат қилиб ўргатишмаган. Хонадонлардаги бундай тартибсизлик (тўғрироғи, маданиятсизлик) тоғу тошларимизгача, саҳроларимизгача чиқиб борди. Дам олиш учун кўкаламзор, баҳаво, тоғли жойларга борсанг, гўзал табиат қўйнида сочилиб ётган елим идишлар, қоғозлар, меваю сабзавот, овқатларнинг қолдиқлари ҳар қадамда учрайди; сув ҳавзаларига елим идишу пўкаклар, сувқоғозларни ташлашга инсонни қандай эҳтиёж мажбур қилиши мумкинлигини ўйлаб ўйингга етолмайсан; сайлгоҳ боғларга қўйилган ўриндиқлар ёнида кўрпадек сочилиб ётган писта пўчоқлар... чўл зоналаридан ўтадиган йўллар бўйлаб ташлаб кетилган елим идишу қоғозлар таъбимизнинг нечоғли ўтмаслашиб, она табиатга ҳурмату муҳаббатимиз юпқариб бораётганидан далил эмасми? Бу манзараларнинг ҳаммаси болалар, ўсмирларга акс тарбия беради. Аслида, одам ўзи тановул қилган овқатлари, ишлатган нарсалари чиқиндиларини битта халтачага солиб олиб кетиши учун озгина ҳафсала ва эътибор керак холос. Зеро, шу арзимаган ҳаракати, ғамхўрлиги билан ўзининг, дунёнинг маданиятини юксалтиради.

Ҳаттоки, болалар шундоққина кўчага ташлаб кетилган чиқиндилар орасидан фойдаланилган шприц­лар топиб олиб ўйнаб юрганини кўрганмиз. Аммо афсуски, турли концерт дастурлару шоулардан иборат телеканалларда юқорида айтилган аянчли, мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатларни таҳлил этадиган, уларнинг аччиқ асоратларидан огоҳлантирадиган дастурлар умуман йўқ.

...Японияга биринчи марта борганларни мамлакатнинг озодалиги ҳайрон қолдиради. Кўчаларда чиқинди ташлайдиган мосламалар, кўча тозаловчиларнинг умуман йўқлиги баттар ҳайратга солади. Чунки бу мамлакатда болаларни ёшлигидан тозаликни сақлашга, ўзини атроф-муҳитнинг ажралмас қисми деб ҳис этишга ўргатилади. Мамлакатда ўқувчилар етти соатлик (ҳар бири 50 дақиқадан) дарсдан кейин ўқув хоналаридан тезроқ чиқиб, уйларига чопишга тайёр бўлсалар-да, лекин ўқитувчининг эртанги кунга топшириқларини диққат билан эшитадилар. Шундан кейин анъанавий эълон айтилади: «Бугунги тартиб шундай: биринчи ва иккинчи қатор синфни, учинчи ва тўртинчи қатор йўлаклар ва зиналарни, бешинчи қатор ҳожатхонани тозалайди». Бешинчи қаторда ўтирганларнинг енгил уҳ тортганлари эшитилади. Аммо ҳамма бирдек ўрнидан туриб шкафдан ким пол латтани, ким челакни, ким швабрани олиб иш бошлайди. Бу ҳолат Япониянинг ҳамма мактабларида ҳар куни бирдек такрорланади. Ва бу тартибга ўқувчиларнинг ота-оналари заррача эътироз билдирмайдилар. Аксинча, мактаб жамоасини қўллаб қувватлайдилар.

«Биз учун ўзимиз ўқийдиган, яшайдиган жойларни, фойдаланадиган нарсаларимизни тоза, тартибли сақлаш жуда муҳим» – япон болалари онгига жуда ёшлигидан шу эътиқод сингдирилади. «Фойдаланиладиган нарсалар» деганда оддий қаламу қоғоздан тортиб боғу дарёларгача тушунилади.

Шундай, бизда ҳам фарзандлар мактабгача тарбия ва мактаб ёшига етгандан сўнг ҳам ота-оналар тарбиячилар, ўқитувчилар билан ҳамжиҳатликда дилбандларимизга тартибли яшашни, атроф-муҳитга эътиборли ва эҳтиёткор, ғамхўр бўлишни ўргатмасак; улар билан биргалашиб сувлар тозалиги, ҳайвонот ва наботот оламининг асллигини сақлашга ҳисса қўшмасак, табиат билан бевосита боғлиқ бўлган ҳаётимиз кемтиклари чуқурлашиб бораверади. Табиат – она, деймиз. Боланинг онадан йироқлашиши, унга номуносиб муносабатда бўлишининг асоратларидан сақласин.

 

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган

маданият ходими




Ўхшаш мақолалар

Янги ҳуқуқий меъёр  Ёввойи  Ўсимликлар эътибордан  четда  эмас

Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас

🕔09:22, 23.10.2025 ✔7

Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.

Батафсил
Боғотда чиқинди муаммоси:  рақамлар тизимли ёндашувни  талаб  қилмоқда

Боғотда чиқинди муаммоси: рақамлар тизимли ёндашувни талаб қилмоқда

🕔09:18, 23.10.2025 ✔8

Боғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.

Батафсил
Ҳайвонлар ва қушларда ҳам  ғурур бор

Ҳайвонлар ва қушларда ҳам ғурур бор

🕔09:09, 23.10.2025 ✔6

Баъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Янги ҳуқуқий меъёр  Ёввойи  Ўсимликлар эътибордан  четда  эмас

    Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас

    Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.

    ✔ 7    🕔 09:22, 23.10.2025
  • Боғотда чиқинди муаммоси:  рақамлар тизимли ёндашувни  талаб  қилмоқда

    Боғотда чиқинди муаммоси: рақамлар тизимли ёндашувни талаб қилмоқда

    Боғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.

    ✔ 8    🕔 09:18, 23.10.2025
  • Ҳайвонлар ва қушларда ҳам  ғурур бор

    Ҳайвонлар ва қушларда ҳам ғурур бор

    Баъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.

    ✔ 6    🕔 09:09, 23.10.2025
  • Тозалик ва озодалик  ойлиги бошланди:  Ҳисса  қўшинг, фаол  иштирок этинг!

    Тозалик ва озодалик ойлиги бошланди: Ҳисса қўшинг, фаол иштирок этинг!

    Ўзбекис­тон Президенти топшириғига кўра, 15 октябрдан эътиборан бутун республикада тозалик ва озодалик ойлиги бошланди.

    ✔ 36    🕔 15:30, 16.10.2025
  • Табиатнинг  олтин  бешиги

    Табиатнинг олтин бешиги

    «Сайгачий» мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси Устюрт текислигининг ноёб биологик хилма-хиллигини ўзида мужассам этган. Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот ва Мўйноқ туманлари ҳудудида жойлашган мазкур қўриқхонанинг асосий мақсади табиий гўзалликни асл ҳолича ишончли муҳофаза қилишдан иборатдир.

    ✔ 28    🕔 15:27, 16.10.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар