Навоий бунёд этган боғлар ҳозир қаерда?
Бу дунё бир гулзорга қиёс қилинади. Ҳар бир инсон шу гулзорнинг кичик бир хизматчиси сифатида уни гуллаб-яшнашига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб ўтмоғи керак.
Ҳарзат амир Алишер Навоий бобомиз: «Бу гулшан ичра йўқдур бақо гулига сабот, Ажаб саодат эрур чиқса яхшилик била от» деб ёзганларида эҳтимол айни шу маънони назарда тутган бўлсалар ажаб эмас. Навоий бу ҳикматни нафақат бошқаларга англатиш, балки ўзлари ҳам бутун умрини шу эзгу ишларга сафарбар этишни назарда тутган.
Фахрий Ҳиротий Навоий қурдирган иншоотларнинг умумий сони 380 дан ортиқ экани ҳақида маълумот берган. Улар сафидан 20 та масжид, 5 та мадраса, 12 та хонақоҳ, 58 та работ, 14 та кўприк, 9 та ҳаммом, 2 та шифохона каби жамоат фойдаланиши учун хизмат қилувчи бинолар ўрин олган. Шунингдек, сув тизимидаги халқ манфаатини кўзлаб 2 та тўғон барпо эттирган. Ичимлик сув муаммоси борасидаги эҳтиёжлар юзасидан мамлакатнинг турли ҳудудларида бир неча сардобалар қурдирган. Сардобалар ичимлик сувни ерга сингиб кетиши ва турли чанг-тўзондан муҳофазаланиши учун бунёд этилган сақловчи иншоотлар бўлиб, табиий муҳофаза вазифасини бажарган. Яна турли эҳтиёжлар учун 19 та очиқ сув ҳавзаси – ҳовузлар қаздирган. Таъкидлаш зарурки, буларнинг барчаси Навоийнинг шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилган.
Шу ўринда бу қадар катта бунёдкорлик ишлари учун маблағ сарфлаган кишининг даромади қандай бўлган, деган ўринли савол туғилади. Академик Абдулла Аъзам Фахрий Ҳиротий маълумотларига таянган ҳолда шундай дейди: «Ҳар куни 75 минг динор амир (Алишер Навоий) хазинасига тушар эди ва 15 минг чиқим бўлар эди. Бир динорнинг оғирлиги бир мисқол – 2,5 граммдан 5,5 граммгача олтин, кўпинча кумуш танга. Агар бир грамм олий пробали кумуш ҳозирги биржада 0,88 доллар эканини ҳисобга олиб, XIV асрдаги бир динордаги кумуш миқдорини 4 грамм десак, Навоийнинг бир кунлик даромади 140 минг доллардан ошади. Агар Фахрий Ҳиротий олтин динорни назарда тутган бўлса, рақам 10 миллионни ташкил этади».
«Умидим будур...»
«Вақфия» асарида Алишер Навоийнинг ўзи эътироф этишича, 1475 йилда султон унга Ҳиротдаги Марға кўшкининг ёнидан ҳовли қуриш учун ер инъом этган. Серҳосил ва унумдор қора тупроқли, тошлари ҳам манфаатли мазкур ерга ҳазрат фақат ҳовли бино қилиш билан чекланмайди. Олдин ҳеч кимга иморат қуриб яшаш насиб этмаган ушбу хушҳаво ердаги бино атрофига Навоий бир қанча дарахтлар экиб, боғ барпо этган. Турли гул-чечаклар кўкартирганки, бу ўттиз жериб (тақрибан бир таноб миқдоридаги ер ўлчови) ер кўрган кишининг баҳри дилини яйратадиган бир масканга айланган. Боққа ҳатто султон Ҳусайн ҳам бир неча бор истироҳат учун келиб турган.
Бу ишларни баён қилар экан, ҳукмдордан тортиқ олиш иморат ва боғ барпо этишдан асл мақсадни Навоий шундай ёзади: «Умидим будурким, ҳамиша ул ер бу давлатқа сазовор ва мудом бу хоксор ҳам бу иноятка бархўрдор бўлғаймен. Иншаоллоҳу таоло...» Кўринадики, Навоийнинг ғарази боғ яратиб, давлатга, халққа, эл-юртга савоб умидида хизмат қилиш учундир.
Шаҳар ташқарисидаги ҳудудлардан Олинжон булуки Фаррошон мавзесида беш (72,5 жериб), Боғи Мурғонда бир (4 жериб), Сабада Равон кентида 3 (16 жериб), Сифлий маҳалласида бир нечта (олтмиш 323 жериб) узумзор ва бошқа мевали боғлари борлигини келтириб ўтган. Булардан ташқари Бодғиз вилоятидаги Тудаги коризи, Гумбуроқ булукидаги Парагач коризи ҳамда Ҳиротруд вилоятидаги Гул кенти барча боғ ва дарахтзорлари, фойдаланиш майдони билан бирга тўлиғича Навоийнинг шахсий мулки ҳисобланган. Мазкур мулклар ҳудудида жамоат фойдаланиши учун бир қанча бино ва иншоотлар ҳам барпо этилган. Мулкларнинг доимий ободлиги учун ходимлар тайин қилинган. Улардан тушадиган маблағлар эса, ходимларнинг маоши, илм аҳлига кўмак, эҳтиёжмандларга ёрдам сифатида тақсимланган. Шунча мол-мулк эгаси ҳисобланган Алишер Навоий бир сидра кийим ҳамда оддий эл қатори емак билан кифояланган ҳолда умр кўрган.
Навоий учун боғ яратиш даромад ва сармоя топиш илинжи эмас, Ҳақ йўлида халққа холис хизмат қилиш воситаси саналганки, мулк ўз-ўзидан кўпайиб, баракаланиб борган.
Овда нафс сиртмоғи
«Маҳбубул қулуб» асарида Навоий қушчи ва овчилар иши ҳақида мулоҳаза юритади. Унда овчилар баъзи жонзотларни зулм билан ушлаб, минг машаққатларга солиб уларнинг ўз табиатларига буткул зид бўлган кўйларга солиши тилга олинади. Инсоннинг зуғуми туфайли қуш овга ўргатилиб, ўзи каби бир жонзотнинг кушандасига айлантирилади. Бу ишларнинг ҳаммасини инсон бирон табиий эҳтиёж ёки зарурат юзасидан эмас, балки шунчаки баднафсининг қутқуси туфайли қилишини баён этади.
Бундай тажовузкорона муносабатнинг охири нима бўлишини Навоий «Сабъаи сайёр» достонида аниқ баён қилади. Унга кўра, шоҳ Баҳром бутун умрини қулон овига сарф этади. Халқнинг фаровонлиги, илм-фан ривожи, мамлакат сарҳадларини мудофааси каби муҳим вазифалар шоҳнинг хаёлига келмайди. Иши фақат базму жамшид, кайф-сафо ҳамда овга чиқишдан иборат бўлган Баҳромнинг ҳаёти ўта фожиали якун топади.
Сарой аъёнлари билан овга чиққан Баҳром ўрмондаги ҳайвонларни бир ялангликка ҳайдаб бориб, қуршовга олади. Қуршов шу даражада тиғиз бўладики, ҳар бирида минглаб аскарлар бўлган ўн беш сафдан иборат катта қўшин ов талвасасига гирифтор бўлади. Ҳайвонлар бу каби катта қирғинбарот олдида чорасиз қолишади. Овчилар қўшини ҳайвонларни ўртада чалгалга олиб, шафқатсиз ўқ ёғдиришади. Ер қонга бўялади. Ҳайвонлар қирон топади. Биронта тирик мавжудотга раҳм-шафқат қилинмайди.
Бу ишларнинг барчаси оч оломоннинг қорнини тўйдириш ёки жисмоний маҳорат қозониш учун эмас, мамлакатнинг барча мулозимлари иштирокида шунчаки кўнгилхушлик учун қилинаётгани ажабланарлидир...
Шу пайтда издиҳом йиғилган жой ботқоқ экани маълум бўлади. Овчилар отлари билан балчиққа бота бошлайди. Олдин отлар, кейин овчилар тўпиққача, ҳатто тиззаларигача балчиққа бота бошлашади. Аммо ов важидан ўзларини қандай тузоққа солиб қўйганларини идрок этишмайди. Издиҳом белигача балчиққа ботиб бўлганидан кейин бу фожиа домидан чиқмоққа уринишади. Бу пайтда осмон ҳам тундлашиб, чақмоқ чақиб, ёмғир ёға бошлайди. Овчилар пастдан ҳам, тепадан ҳам сув орасида қолиб, тобора балчиққа ғарқ бўла бошлашади. Шунчаки нафс қутқуси билан бошланган кўнгилхушлик ўрмон жонзотларига катта талафот етказиши билан бирга овчиларнинг ўзларини ҳам қутулиб бўлмас тузоққа илинтирган эди. Бу тузоқ овга муккасидан кетган оломонни бир лаҳзада ер қаърига тортиб кетади. Улар худди бу дунёда яшамагандай йўқликка равона бўлишди...
Овчи шоҳ Баҳром ва унинг барча аъёнларини ажал тузоғи ўз домига олган эди...
Инсон табиати
бузилса...
Ҳазрат Навоийнинг фикрича, инсоннинг табиати – кўнгли бузилса, бу бузуқ кўнгил дунёни, бутун борлиқни издан чиқаришга уринади. Нафс тузоғига тушиб қолган инсон ўз ишларини ўйлаб кўрмасдан, ақл ва инсоф билан иш кўрмасдан, ғайришуурий тарзда иш қила бошлайди. Ўз оёғига ўзи болта ураётганини англаб етмайди. Бошқаларга етказилаётган зарар муқаррар тарзда ўзига зиён етказишини тафаккур қилолмайди. Шундай бўлгач, ҳамма нарсага зарар етказишдан ўзини тийиб туролмайди. Борлиқ низомига путур етказишга уринган инсон охир-оқибатда хонавайрон бўлиб йўқликка юз тутади.
Табиат – поёнсиз сарҳад. Инсон ҳам унинг бир аъзоси. Инсонга табиатни пайҳон қилиш эмас, уни обод этиш вазифаси юклатилган. Инсон шуни ҳис қилиб яшаса, табиат ва инсон орасидаги мувозанат ҳеч қачон бузилмайди.