• Азим Тошкентнинг Олмазор тумани «Юқори Себзор» маҳалласида 83 ёшли, Ўзбекистон халқ устаси Маҳмуджон Мамажонов яшайди. Табаррук ёшда ҳам меҳнат қилишдан бир лаҳза тўхтамаган ҳунармад уста меҳнатга муҳаббати йўқ одамни бой яшашга рағбати йўқ одам, деб ҳисоблайди.
• У дастлаб 24 сўм маош олган.
• У йиллар давомида оиласининг моддий таъминоти учун 4 соат ухлаган, холос.
• Тошкент керамика заводига ишга кирганда ўз хоҳиши билан цехини икки ҳафта давомида чиқиндилардан тозалаб, тартиб ўрнатган.
• У ўзи супуриб-сидирган заводда кун келиб директор лавозимига кўтарилган.
• Унинг ташаббуси ва фидойилиги туфайли Тошкент керамика заводи Тошкент тажриба ижодий-амалий санъат комбинатига айлантирилган.
• У 2006 йили «Ўзбекистон халқ устаси» фахрий унвонига сазовор бўлди. Орадан олти йил ўтиб, 2012 йилда унинг ўғли Воҳиджон Мамажонов ана шундай шарафли унвонни олди.
• У эркаги бор хонадон камбағал яшамаслиги шарт деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон халқ устаси Маҳмуджон Мамажоновнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ўзбек халқ амалий санъатида катта бир мактаб, десак муболаға бўлмайди. 83 ёшли ғоят ширинсухан, сермулоҳаза отахон билан суҳбатлашар эканман, кўз ўнгимда халқ амалий санъатининг машаққатли ўтмиши ва қадр кўриб, эъзоз топаётган бугунги куни намоён бўлди.
1942 йилнинг 5 январида Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги Нурбулоқ маҳалласида таваллуд топган Маҳмуджон Мамажоновнинг отаси Тоживой бува миришкор деҳқон, тегирмон тузатувчи уста бўлган. Тоживой ота турмуш ўртоғи, моҳир каштачи Ҳалимахон ая билан тўрт ўғил ва уч қизни тарбиялаб камолга етказганлар.
Маҳмуджон Мамажонов учинчи синфлигиданоқ «Мен катта бўлсам, меъмор ёки машҳур рассом бўламан», — деб орзу қилган экан. Учинчи синфда ўқиган кезларида расм дарси ўқитувчиси ёш Маҳмуджонга уйга вазифа сифатида кулолчилик буюмларидан чизиб келишни топширади. Ўша кечаси Маҳмуджон уйларидаги кўп буюмларни йиғиб, тонгга қадар уларнинг суратларини чизиб чиқади. Эртаси куни уй вазифаларини текшираётган домла бу истеъдодли болакайга: «Суратларни ўзинг чизмагансан», — дея ишонмайди ва чизилган суратлар остига «3» баҳо қўяди. Уйга жуда хафа бўлиб келганини кўрган отаси Маҳмуджонни етаклаб, мактабга боради.
Мактаб директори Ўрмонжон домла Мамажон отанинг энг қадрдон дўсти бўлган экан. Шунинг учун у юрагидагини тўкиб солади: «Ўрмонжон, сен бу ерда нима қилиб ўтирибсан? Ўқитувчиларинг болаларнинг руҳини синдириб қўяди-ку, бу кетишда. Маҳмуджон туни билан ухламасдан кулолчилик буюмларини чизиб чиқди. Мен ёки онаси бундай расмларни чизолмаймиз... Агар иложи бўлса, синфхонада ижодий иш бериб, ўғлим Маҳмуджоннинг қобилиятини бир синаб кўринглар».
Директор дарҳол синфга ўқитувчиларни йиғиб, хонасидаги ёзув тахтаси ёнига Маҳмуджонни чиқарди ва турли мева-сабзавотлар суратини чизишни буюрди. Болакайнинг иқтидорини кўриб, ҳайратда қолган директор:
— Учинчи синфданоқ шундай чиройли чизаяпти, бу бола келажакда катта рассом бўлади, — дея ишонч билдирди.
Шу тариқа қаҳрамонимизнинг ижодий иштиёқи тобора ортиб борди. 9-синфда ўқиб юрганида, туман марказида киномеханиклар курси очилди. Шу курсда ўқиб чиққан болакай киномеханик ёрдамчиси деган гувоҳномани қўлга киритди. Булоқбоши туман маданият уйида кинофильмлар афишаларини чиройли қилиб чизиб, илк бор 24 сўм маош олганини ҳалигача унутмайди.
Йиллар бир-бирини қувиб ўтди. Ҳарбий хизматдан имтиёз олиб қайтса-да, ўқишга киришнинг имкони бўлмади. Негаки, оилага моддий ёрдам керак эди. Уйни бошқатдан таъмирлаш, акани уйлантириш ва сингилларни узатиш учун отасига ёрдамчи зарур эди. Шу боис жамоа хўжалигига бадиий безакчи рассом бўлиб ишга кирди. Рўзғор ишларида оиланинг асосий таъминотчисига айланди. Ҳовли-жойни чиройли қилиб таъмирлашди. Акасини уйлантиришди, сингилларини узатиб, катта тўйлар қилишди.
Маҳмуджон Мамажоновга шахсий, яъни оилавий ҳаётда ҳам бахт насиб этган экан. У 1969 йилда ота-онасининг розилиги ва дуоси билан маҳалланинг энг лобар, чевар тикувчи қизи — Гулнорахонга уйланди. Ўша йили Булоқбошига, уларнинг жамоа хўжалигига Тошкентдан машҳур рассом — Александр Ефимович Винер келди. Александр Ефимович Маҳмуджон Мамажоновнинг ишлари билан танишиб, унга юқори баҳо берди ва нега шу пайтгача ўқишга кирмаганини сўради. Сабабини билгач, уни Тошентга ўқишга кириши кераклигини тушунтирди. Ўша кундан бошлаб, Александр Ефимович Маҳмуджон Мамажоновнинг устозига айланди. У Тошкентга оиласи билан кўчиб келгач, Александр Ефимовичнинг уйида яшади. Винернинг турмуш ўртоғи — Зоя Зиновьевна ҳам Гулнорахонни ўз қизидек, Маҳмуджонни эса ўғлидек қабул қилди.
У Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг бадиий графика факультетига ўқишга кирди. Институтнинг 2-курсидан сўнг ўқишни кечки бўлимга кўчириб, кундуз куни ишлайдиган бўлди. Тошкентдаги меҳнат фаолиятини керамика заводининг лой суюлтирув цехида бошлади. Бу ерда Маҳмуджоннинг иши — лойни суюлтиришдан иборат эди. Табиатан озодаликни хуш кўрадиган талаба заводга ҳар куни тонгдаёқ келиб, икки ҳафта деганда цехни чиқиндилардан тозалаб, ҳаммаёқни ёғ тушса ялагудай ҳолатга келтирди. Ўша вақтда ишлаб чиқариш корхонаси бошлиғи бўлган Мамажон Аҳмаджонович йигитга қараб: «Мана, энди ҳақиқий иш жойига меҳр қўйган одам келибди. Тоза жойда хайр-барака бўлади. Баракалла, Маҳмуджон!» — деган эди хурсанд бўлиб.
Қаҳрамонимиз тиришқоқлиги, ишга масъулият билан ёндашиши, билим ва истеъдоди сабабли тез орада ишлаб чиқариш бошлиғи этиб тайинланди. Кейинчалик корхонанинг бош муҳандиси лавозимини эгаллади. Институтнинг кечки бўлимида ўқиш, керамика заводида ишлаш билан бирга, у Тошкент шаҳридаги 13-умумтаълим мактабида чизмачиликдан дарс ҳам берди. Маҳмуджон бир кунда 4 соат ухларди, холос.
Институтни битириб, ҳам назарий, ҳам амалий билим-малакага эга бўлган уста-кулолимиз Ўзбекистон халқ рассоми Муҳиддин Раҳимов билан яқиндан танишади. Моҳир рассомнинг назарига тушади ва ундан кулолчилик сирларини ўрганади. Энди Маҳмуджон Мамажонов моҳир кулол сифатида мамлакатимиз ва халқаро миқёсда ўтадиган кўрик-танловларда қатнашиб, ғолибликни қўлга кирита бошлайди.
1986 йилда Ўзбекистон рассомлар уюшмасига аъзоликка қабул қилинади. Ўз навбатида, уста-кулолимиз жамоат ишларида ҳам фаоллик кўрсатади. Жумладан, 1978 — 1988 йилларда Рассомлар уюшмасининг тафтиш комиссияси раиси, 1991 — 2019 йиллар давомида мазкур уюшманинг Халқ амалий санъати шўъбаси раиси сифатида иш олиб боради.
Маҳмуджон Мамажонов 1976 йилда Марказий Осиё мамлакатлари тасвирий ва амалий санъат ижодий ишлари кўргазмасида қатнашади ҳамда унинг кулолчилик асарлари эксперт кенгаши томонидан юқори баҳоланиб, Ўзбекистон бадиий фондига сотиб олинади.
1972 йили пойтахимиз Тошкент шаҳрида метро қурилиши иш бошлайди. Бекатларни безаш эса рассомлар, безакчи усталарга топширилади. Усталарнинг ишлари танловга қўйилади. 20 та устанинг ишлари орасида Мамажоновнинг лойиҳалари танлаб олиниб, «Ойбек» метро бекатини безаш Мамажонов ва унинг раҳбарлигидаги ижодий гуруҳга топширилади.
У ўсимликлар кимёси илмий-текшириш институти билан ҳамкорликда жиддий тадқиқотлар ҳам олиб борди. Қўл остидаги иқтисодчилар билан биргаликда эскирган технологияларни янгилаш усуллари ва уларнинг нархларини замонавий қийматда баҳолаш зарурлигини исботлаб, ўз таклифларини ҳукуматга киритди. Натижада янги таъминот ва нарх белгиланди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида Тошкент керамика заводи Тошкент тажриба ижодий-амалий санъат комбинатига айлантирилади.
Моҳир уста-кулолимиз Ўзбекистон тарихидаги унутилмас давлат арбоби Шароф Рашидов билан учрашувни ифтихор билан ёдга олади. Ўшанда бир гуруҳ усталар Марказқўм биносининг катта мажлислар залини ганчкорлик ишлари билан безаётган эди. Маҳмуджон Мамажонов улардан хабар олиш учун борган бўлиб, ишга ёрдам бериш баҳонасида қўлларига аллақачон ганч лойи илашиб бўлганди. Шу вақт ичкаридан давлат раҳбариятининг чиқиб келаётгани хабар қилинади. Маҳмуджон ака қўлини ювишга ҳам улгурмайди. Бундан хижолатда қолган дамда уларни шахсан Шароф Рашидовнинг ўзлари вазиятдан олиб чиқади:
— Безовта бўлманг, уста ака. Қўлингизни ювманг, ахир сизнинг санъатингиздан бизга ҳам юқсин-да, — дейди ўзига ярашиб турган чиройли табассум билан.
Маҳмуджон ота ўша кунги илиқ суҳбатни кечагидай эсалайди...
Метро қурилишида фидойилик кўрсатган Халқ рассомлари — Чингиз Аҳмаров, Муҳиддин Раҳимов, Малик Набиев, Сафо Муҳаммадиевлар билан яқиндан танишиш ва ижодий ҳамкорлик қилиш Маҳмуджон Мамажоновнинг ижодий фаолиятида янги уфқларнинг очилишида ҳаётбахш омиллардан бўлди дейиш мумкин.
1983 йилда Латвиянинг Рига шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон кулоллари анжуманида кўплаб ижодий лойиҳалар ичидан Мамажоновнинг ишлари танлаб олинади ва анжуманга таклифнома келади. У ўзи билан ишлаган технолог, рассом, иқтисодчи – жами 4 нафар мутахассисдан иборат гуруҳ билан Ригада ўтган жаҳон кулоллари анжуманида қатнашиб, ғолибликни қўлга киритди. Шунга кўра, ғолибларга Чехословакия, Германия, Болгария мамлакатларига саёҳат учун йўлланма топширилди. Бундан ташқари, танлов ғолиблари Бутуниттифоқдаги хоҳлаган шаҳарлардан бирига саёҳатга чиқиш имкониятини берувчи йўлланмага ҳам эга бўлди.
Албатта, бу каби ютуқлар ўзининг муносиб эътирофини топди.
2003 йилда Маҳмуджон Мамажонов Ўзбекистон Бадиий академиясининг кумуш медалига, 2006 йилда эса «Ўзбекистон халқ устаси» фахрий унвонига сазовор бўлди.
Бугун қаҳрамонимизнинг кўплаб шогирдлари дунёнинг турли мамлакатларида улкан муваффақиятларни қўлга киритмоқдалар. Кулолчиликнинг ўлмас анъаналарини давом эттирмоқдалар.
Халқимизда «Интилганга толе ёр» – деган доно гап бор. Ҳунарманду санъаткори қадрланган Мамажоновлар хонадонида ҳам ОТА, ҳам ЎҒИЛ «Халқ устаси» деган унвону мартабага эриша олди.
Уста-кулолимизнинг икки ўғли — Воҳиджон ва Абдулвоситлар беш ёшидан отасининг устахонасида падари бузрукворига елкадош, йўлдош бўлиб, кулолчилик сирларини мукаммал ўрганишга бел боғлаган.
Ҳам устоз, ҳам падари бузруквор сифатида Маҳмуджон ота ўғилларига болаликдан шундай тушунтирар эди:
— Сизлар оддий лаган, коса, пиёла, кўза ёки хумларни ясаш сирларини мукаммал ўрганиб, маҳобатли кулолчилик санъати йўлига равон чиқишга қодир бўлишингиз керак. Бунинг учун энг аввало лой нима, гил нима, ранглар жилоси қандай, улар нималардан иборатлигини пухта билишингиз, ўрганишингиз шарт.
Мана шу ўгит ўғилларнинг қулоғига қўрғошиндай қуйилган ва улар бунга амал қилиб, асло кам бўлмади. Эл орасида моҳир уста-кулол дея ном чиқарди. Ҳатто катта ўғил Воҳиджон Мамажонов 2012 йилда «Ўзбекистон халқ устаси» унвонига сазовор бўлди.
Маҳмуджон отанинг қизлари Гулсора ва Гулчеҳралар ҳам онаси Гулнора аянинг изларидан бориб, моҳир либос дизайнерлари бўлиб етишдилар. Жўшқин ижод, фидойи меҳнат, албатта, муваффақият олиб келади. Катта қиз — Гулсорахон «Шуҳрат» медалига сазовор бўлди.
Бугун нуронийлик гаштини сураётган уста-кулол Маҳмуджон ота Мамажонов 2024 йилда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг олтин медали билан тақдирланди.
Умрини она халқи билан ҳамдаму ҳамнафас ҳолда ўтказаётган Ўзбекистон халқ устаси Маҳмуджон ота Мамажоновга мустаҳкам соғлик, қалбининг тимсоли бўлган ижодий ишларига боқийлик тилаймиз.
Бармоқларингиз яратаётган мўъжизалар мангулик қўшиғи бўлиб, қалбларга гўзаллик ва завқ бағишлайверсин!
Зулфия МЎМИНОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими