Фикрбазм      Бош саҳифа

ТИЛ МЕЪЁРЛАРИ БУЗИЛГАНДА ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИШ ВАҚТИ ЕТДИ

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ билан фикрбазм.

ТИЛ МЕЪЁРЛАРИ БУЗИЛГАНДА ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИШ ВАҚТИ ЕТДИ

Махсус савол

Гулмира ШУКУРОВА,

«Ўзбекистонда хорижий тиллар» электрон журнали бош муҳаррири:

—  Тарихдан маълумки, бир давлат адабиётини дунёга танитишда таржимонлик муҳим аҳамиятга эга. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ўзбек адабиётини дунёга олиб чиқиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Келгуси режалар қандай?

— Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2016 йил 13 майдаги фармонида илмий, бадиий ва бошқа соҳалардаги адабиётларни ўзбек тилидан инглиз ва бошқа хорижий тилларга, шунингдек, жаҳон тилларидан она тилимизга юксак сифат ва маҳорат билан таржима қиладиган таржимонлар тайёрлаш асосий вазифа сифатида белгиланган. Бадиий таржима тил билишдан ташқари, бадиий иқтидорни ҳам талаб қилади. Бироқ замонавий таржимон фан-техника ютуқларидан хабардор, турли соҳавий луғатлар билан қуролланган, янгича қилиб айтганда, «мобил» бўлиши керак. Дунёнинг тараққий этган давлатлари Англия ва АҚШда 90 фоиз адабиёт аслият тили — инглизчадан турли хорижий тилларга бадиий таржима қилинган. Натижада инглиз тилининг мавқеи дунё даражасида мустаҳкамланди. Бугунги кунга келиб, дунёда, тахминан, 430 миллион киши асосий, 505 миллион киши иккинчи тил сифатида инглиз тилида сўзлашади. Инглиз тили тарғиботи даврида Англияда йиллик китоб нашрининг 50 фоизини таржима китоблар нашри ташкил этган.

Ўзбек адабиётини инглиз тилига таржима қилишга давлат даражасида аҳамият қаратилар экан, бадиий асар таржимонларининг иш қуроли, яъни луғатлар масаласига катта эътибор бериш лозим. Ҳар қандай бадиий асарда сюжет ва бу сюжетнинг бадиийлигини, экспрессив таъсирчанлигини таъминловчи табиат тасвири, инсон қиёфаси ва феъл-атвори тасвири, миллий тимсол кабилар мавжуд. Бадиий тасвирнинг таржима тилидаги муқобилларини топиш, таржимоннинг анчагина вақтини олади. Агар хос муқобил топилмаса, таржима аслиятдан анча йироқлашади, бадиийлиги йўқолади. Шу кунгача ўзбек ва инглиз тилларидаги тасвирий ифодаларнинг икки тилли тематик луғатлари яратилмади. Борларида ҳам тасвирий воситалар ва уларнинг бадиий асарлардан олинган мисолларига ўрин берилмаган. Бугунги кунда университетимизда ўзбек тилидан инглиз тилига таржима ишини максимал даражада ривожлантиришни таъминловчи «Ўзбек ва инглиз тилларининг икки тилли тимсоллар луғати», «Ўзбек ва инглиз тилларининг икки тилли табиат тасвири луғати», «Ўзбек ва инглиз тилларининг икки тилли инсон қиёфаси ва феъл-атвори тасвири луғати» каби нашрларни яратиш ишлари бошлаб юборилган.

 

Садаф НУРИДДИНОВА,

ўқитувчи:

— Доимо ёшлар орасидасиз, уларнинг қизиқишларидан бохабарсиз. Айтинг-чи, бугун ёшларимиз орасида адабиётшунослик илмига муносабат қандай?

— Халқимизда «Оққан дарё оқаверади», деган нақл бор. Бизнинг ўтмишимизда улуғ олимлар, дунёга машҳур алломалар етишиб чиққан. Биз улар билан фахрланамиз. Бугунги ёшларга назар ташлаб, уларнинг яратилган имкониятлардан унумли фойдаланаётганини кўриб, тўғриси, ҳавас қиламиз. Ёшларимиз орасида ўзбек адабиётшунослиги зиммасига тушган юкни кўтара оладиганлари борлигига ишончим комил. Улар одатда, бадиий ижодга — шеър ва ҳикоялар ёзишга қизиқади. Аммо тўғридан-тўғри адабиётшунос, адабий танқидчи бўламан, деганлари кам. Улар филологик таҳсил жараёнида ўзидаги бадиий асарларни тушуниш ва тушунтириш иқтидорини ҳис этгач, бирор тадқиқот олиб бориш фикрига келади.

Бу йил талабаликка қабул қилинган ёшлардан «Нега айнан филологияни танладим?» мавзусида ёзма иш олдик. Уларнинг аксарияти келгусида ўқитувчи бўлмоқчилигини ёзган. 24 нафар талабадан уч-тўрт нафарида адабиётшунос, тилшунос олим бўлиш, келгусида шу соҳа тараққиётига илмий тадқиқотлари билан ҳисса қўшиш фикри бор экан. Бу қувонарли. Бизнинг шундай ёшлардан умидимиз катта.

Умида СОБИРОВА,

ўқитувчи:

— Хориж давлатларида шундай бир амалиёт бор: ўз миллати тилини ёйиш учун катта-катта грантлар ажратилади. Грант маблағларига ўша миллат тилини ўргатувчи китоблар, луғатлар чоп этилади, тарқатилади. Ўзбек тилини ҳам дунёга танитиш, адабиётимизни ёйиш мақсадида шу амалиётдан фойлансак бўлмайдими?

— Албатта, бу амалиёт яхши натижа бериши мумкин. Шунингдек, хорижий давлатларда яна бир амалий тажриба бор: ўз тили ва адабиётини тарғиб этиш мақсадида Англия ва Америкада муайян ёзувчининг ижодини илмий тадқиқ этувчи хорижлик олимга илмий иш қилиши учун ўша давлат томонидан грант ажратилади. Тадқиқодчи мазкур грант маблағи асосида Англия, Америкага келиб, кейин ўз юртида илмий тадқиқот олиб боради ва изланишлари натижаларини инглиз тилига таржима қилиб, ўз юртида ҳамда грант ажратган давлатда муҳокамадан ўтказади. Шунингдек, таржимачилик соҳасидаям худди шундай амалиёт мавжуд. Давлатимиз томонидан ўзбек тили ва адабиётини хорижда тарғиб этган миллати ўзбек бўлмаган хорижлик таржимон ва тадқиқодчиларга грантлар ажратилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Акмал ТОШЕВ,

журналист:

— Кўплаб танқидий чиқишларга қарамай, кўчалардаги ёрлиқларда хато ва жуда ғализ жумлаларни хоҳлаганча топиш мумкин. Энг ачинарлиси, идоралар­аро расмий ёзишмаларда ҳам кўплаб хатолар учраб туради. Олий маълумотли раҳбар, мутахассисларнинг давлат тилида равон ёза олмаслигини қандай тушуниш мумкин? Бу ҳолатга жиддий чора кўриш вақти келмадими?

— Ҳақиқатдан ҳам, ёрлиқлар, реклама ва эълонлар матнидаги хатоликлар хусусида кўп гапиряпмиз. Афсуски, буни инкор эта олмаймиз.

Ушбу хатоликлар келиб чиқишининг бир неча сабаблари бор. Ўзбек тилининг қўлланиш доираси анча кенгайди, аммо тилдан фойдаланувчиларда тилнинг мавжуд илмий меъёрларини билиш даражаси сустлигича қолди. Матнлар, асосан, компьютерда терилади, аммо унда яхши ишлаш кўникмасига эга бўлган ҳамма мутахассис ҳам тилнинг илмий меъёрларини пухта ўзлаштирган эмас. Имловий хато билан ёзилган реклама мамлакат, миллат ва маданиятимизга доғ тушириш билан тенглигини ҳамма ҳам англаб етавермайди.

«Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 7-бандида «Давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилади», деб қатъий белгилаб қўйилган. Миллий тилдан фойдаланувчи доираларда тил меъёрлари бузилганда, остига қизил чизиқ тортиб тўхтатадиган, ўрни келганда, жавобгарликка тортадиган бўлимлар ташкил қилиш вақти етди. Зеро, она тилимизнинг бугунги мавқеи ҳам шуни талаб этмоқда.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида «Лингвистик экспертиза, таржима ва таҳрир» маркази ташкил этиляпти. Марказ бевосита шундай муаммоларга барҳам бериш масалалари билан шуғулланади.

Маҳкамтош ҚОДИРОВА,

пенсионер:

— Боланинг китобни севишида адабиёт ўқитувчисининг ўрни катта. Баъзан 3-4 ойлик қайта тайёрлаш курсларини битирган ўқитувчилар ҳам она тили ва адабиёт фанларидан дарс бермоқда. Суриштириб кўрсангиз, на жаҳон адабиёти, на мумтоз адабиётимиздан бирор асарни охиригача ўқиган. Абдулла Қаҳҳор таърифи билан айтсак, «нафис адабиёт муаллим»лари мактабларни эгалламаслиги учун нималар қилишимиз керак?

 — Бола, энг аввало, китобхонлик тарбиясини оиладан олиши зарур. Бунинг учун ота-она ҳар томонлама маънавий шаклланган бўлиши керак. Болага ёшлигидан эртаклар ўқиб бериш унда китобга бўлган муҳаббатни пайдо қилади. Бугунги шиддатли замонда китобга муносабат бироз сусайгандек, назаримда. Инсонни саодатга элтувчи, йўлларини чароғон қилувчи, жаҳолатдан қутқарувчи куч бу — китоб.

Адабиёт ўқитувчисининг асосий вазифасидан бири — ўқувчини китобхонликка ўргатишдир. Ўқитувчи бу масалада аждодларимизнинг ҳаётидан намуналар келтириб, китобнинг қиммати, унинг инсон онгига кўрсатадиган маънавий таъсири ҳақида кўп ва хўп гапириши зарур. Ўқувчиларни бадиий асарлар ўқишга қизиқтириши, уларни таҳлил қилишга ўргатиши керак. Ўқитувчининг ўзи китобхон бўлмаса, бунга эришиш қийин. Китоб ўқимаган ўқитувчи «нафис адабиёт муаллими» бўлиб қолаверади.  

Норпошша АЛЛАМОВА,

она тили ва адабиёт ўқитувчиси:

— Тил ҳақидаги қонунга амал қилинишининг назорати қайси органга юклатилган? Яъни, тилимиздаги муаммолар юзасидан жавобгарлик кимнинг зиммасида?

— «Давлат тили ҳақида»ги қонунга амал қилиниши умумий тарзда вазирликлар ва таълим муассасалари томонидан назорат қилинади. Аммо, афсуски, бирор ташкилот бу борада жавобгарликни ўз зиммасига олади, деб айта олмаймиз.

Нозим ТЎРАЕВ,

филолог:

— Алишер Навоий асарлари олдинги асрларда ҳеч қандай изоҳ ва шарҳларсиз ўқиб-тушунилган. XX асрнинг сўнгги чораги ва XXI асрда Навоий асарларининг насрий баёни ва осонлаштирилган шартлари пайдо бўлди. Бунга сабаб нима? XXI асрга келиб бизнинг онг-тафаккуримиз Навоийни тушунмайдиган даражада қашшоқлашиб кетдими ёки...

— Алишер Навоий асарлари олдинги асрларда ҳеч қандай изоҳ ва шарҳларсиз ўқиб-тушунилган, деб айтиш у қадар тўғри эмас. Чунки Навоий ҳали тириклик пайтидаёқ унинг асарларига луғат ишлангани Навоийни англаш ва тушуниш ўз давридаёқ мураккаб бўлганини англатади. Навоийнинг ўзи ҳам қитъаларидан бирида асарлари кўлами ва фалсафий маъно теранлиги ҳақида, уни халқ ўқиб адо қила олмаслиги ҳақида шундай ёзган эди:

Эй Навоий, сўз ила онча гуҳар сочтингким,

Баҳру кон кирди қаро ерга сенинг килкингдин.

Бирига ё ўнига ё юзига ё мингига

Дегай эл, найлагай ортуқ эса эллик мингдин.

Муҳаббат ХЎЖАЕВА,

она тили ва адабиёт ўқитувчиси:

— Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини мукаммал деб ҳисоблайсизми? Унинг қандай муаммо ва камчиликлари бор?

 — Кишиларнинг ёзма саводхонлиги даражасини оширишда алифбонинг мукаммал бўлиши жуда катта аҳамиятга эга. Назаримда, бугунги кунда мазкур алифбони янада мукаммаллаштириш давр талабига айланди. Бу алифбодаги айрим зиддиятли ҳолатлар билан боғлиқ. Мисол учун:

1. Луғат бойлигимиздан ўрин олган журнал, жирафа каби ўзлашма сўзлардаги ж товушини янги алифбода ифода этишнинг имкони йўқ. Бу товуш j ҳарфи билан ёзилса, талаффуз ва имлода зиддият кузатилади. Бу эса савод чиқараётган ўқувчиларда ноқулайлик туғдирмоқда.

2. Алифбода -нг бурун товуши учун махсус ҳарф берилмаган. Бу ҳолат айни товушни сўз таркибида ёнма-ён келган н ва г товушларидан фарқланмаслигига сабаб бўлмоқда. Шу боис ўқувчилар денгиз, кўнгил каби сўзлардаги -нг ҳарфий бирикмасини икки товуш тарзида тушуниб, бу сўзларни бўғин кўчиришда қўпол хатога (ден-гиз, кўн-гил тарзида) йўл қўймоқда. Ваҳоланки, бир товушни ифода этувчи -нг ҳарфий бирикмаси бўғин кўчиришда бир-биридан ажратиб ёзилмаслиги керак. Умуман, алифбода товушларни ҳарфий бирикма тарзида қайд этиш масаласини жиддий ўйлаб кўриш керак.

Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин. Бир сўз билан айтганда, амалдаги алифбога асосланган имло қоидаларимизни қайта ишлаб чиқиш муҳим ва айни кунда зарурий эҳтиёж ҳисобланади.

Шоҳида ЖЎРАЕВА,

ўқитувчи:

— Янги алифбога 2010 йилнинг 1 сентябрига қадар тўлиқ ўтилади, деб эшитгандим. Лекин ҳали ҳам лотин ёзувига тўлиқ ўтганимиз йўқ. Бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари борми?

— Ҳақиқатан ҳам, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтишнинг муддати 2010 йилнинг ­1 сентябри этиб белгиланган. Ҳозиргача мактабгача таълим, ўрта таълим ва олий таълимда бу алифбога ўтиб бўлинди. Аммо катта ёшдагилар орасида мазкур алифбо ҳам, кирилл алифбоси ҳам қўлланиб келинмоқда. Лекин бунинг жиддий ташвишга сабаб бўладиган жойи йўқ. Илгари, яқин ўтмишимизда кирилл алифбосига ўтиш ўша давр сиёсатига кўра, бирданига амалга оширилган, ҳамманинг бирданига кирилл алифбосига ўтиши мажбурият қилиб қўйилган. Бунда катта ёшдагилар муай­ян қийинчиликларга рўбарў бўлган. Бугун бундай йўл тутиш унчалик ҳам мақсадга мувофиқ эмас, албатта.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, бир алифбодаги ҳарфларнинг қандай товушни ифодалашини билишнинг ўзи ҳали бу ёзувни тўлиқ эгаллаб бўлганини билдирмайди. Одамда янги алифбода ёзилган сўзни ҳарфлаб эмас, балки бутунича, яхлитлигича ўқий олиш кўникмаси шакллангандагина бу алифбо ўрганиб бўлинган ҳисобланади.

Моҳинур НАСИМОВА,

мусаҳҳиҳ:

— Баъзи сўзлар лотин ёзувида бошқача, кирилл ёзувида бошқача ёзилади (хом ашё — xomashyo, мўъжиза — mo‘jiza, темир йўл — temiryo‘l, бюджет — budjet). Бу чалкашликлар хатоликларга сабаб бўлмайдими? Бир хиллаштириш мумкинми?

— Ҳамма сўзларни ҳам лотин ва кирилл алифболарида бир хил ёзилишини талаб қилиш унчалик тўғри эмас. Бу алифболар бир-биридан тамоман фарқли ёзувлардир. Бунинг устига, бора-бора кирилл ёзуви амалиётдан чиқиб кетади, ўрганувчига кирилл «эталон» бўлмай қолади. Шунинг учун ҳам кириллда қандай бўлса, лотинда ҳам шундай ёзишга уриниш мақсадга мувофиқ бўлмайди. Сиз қайд этган хом ашё, темир йўл каби қўшма сўзларни лотинда xomashyo, temiryo‘l тарзида ёзишни қоидалаштириш тил табиатига мувофиқ келади. Мўъжиза сўзини лотин ёзувида балки тутуқ белгисисиз ёзишни қоидалаштиришни ўйлаб кўриш жоиз. Гўёки мазкур қоидада ҳарфдаги қўшимча унсур тутуқ белгисига яқин бўлгани учун ўхшаш белгилар такроридан қочишга ҳаракат қилингандай кўринади. Албатта, бу илмий ёки асосли ечим эмас; budjet сўзининг ёзилишини ҳам ўйлаб кўриш мақсадга мувофиқ. Университетимизда тузилган махсус ишчи гуруҳ шундай таклифларни тайёрлаш борасида иш олиб бормоқда. Бунда сизнинг таклифларингиз ҳам, албатта, инобатга олинади.

Шоира АКБАРОВА,

талаба:

— Кирилл ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ц ҳарфи бор. Ўзбеклар, қорақалпоқлар учун бу товушни айтиш муаммо эмас. Лекин лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бу ҳарф кўзда тутилмаган. Ахир, ц товушига эҳтиёж бор-ку.

— Ушбу савол ўзбек тили имлосидаги долзарб мавзулардан бири ҳисобланади. Дарҳақиқат, ц ундоши билан боғлиқ сўзларнинг зарур ўринларда нотўғри қўлланилаётгани ўқувчиларни чалғитмоқда. Масалан: ц ундоши ўрнига қўлланилаётган лотин имлосидаги ts ҳарф бирикмаси баъзи ўринларда ўзини оқламайди — ssenariy, biotsikl, biotsentr, sirkul ва ҳоказо. Миллий талаффузимиздан келиб чиққан ҳолда имло қоидаларига ц ундоши билан боғлиқ ўзгартириш киритилиши режалаштирилган.

 Дилроз АБРАЕВА

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

Мактаб  яратган ҳофиз

Мактаб яратган ҳофиз

🕔15:48, 21.01.2022 ✔506

Мусиқа халқ қалбининг ифодасидир. Ўтган асрлар мобайнида аждодларимизнинг тақдири қандай кечди, кўнглида қандай ҳис-туйғулар ҳукмрон бўлди, буларнинг бари мусиқий асарларда ўз аксини топган.

Батафсил
ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ!

ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ!

🕔15:06, 16.02.2018 ✔11105

«Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов мухлислардан келган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Батафсил
«…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

«…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

🕔16:00, 12.10.2017 ✔11502

«Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Халқаро Бобур мукофоти совриндори Муҳаммадали АБДУҚУНДУЗОВ мухлислар саволларига жавоб берди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Мактаб  яратган ҳофиз

    Мактаб яратган ҳофиз

    Мусиқа халқ қалбининг ифодасидир. Ўтган асрлар мобайнида аждодларимизнинг тақдири қандай кечди, кўнглида қандай ҳис-туйғулар ҳукмрон бўлди, буларнинг бари мусиқий асарларда ўз аксини топган.

    ✔ 506    🕔 15:48, 21.01.2022
  • ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ!

    ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ!

    «Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов мухлислардан келган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

    ✔ 11105    🕔 15:06, 16.02.2018
  • «…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

    «…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

    «Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Халқаро Бобур мукофоти совриндори Муҳаммадали АБДУҚУНДУЗОВ мухлислар саволларига жавоб берди.

    ✔ 11502    🕔 16:00, 12.10.2017
  • «МЕНИНГ ТЕАТРДА ҚОЛГАН АРМОНЛАРИМ...»

    «МЕНИНГ ТЕАТРДА ҚОЛГАН АРМОНЛАРИМ...»

    «Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони — Ўзбекистон халқ артисти Мурод РАЖАБОВ муштарийлар саволларига жавоб берди.

     

    ✔ 11752    🕔 11:32, 15.06.2017
  • «ШУКУР БУРҲОН 50 ДА ЎЙНАГАН, МЕН 70 ДАН ЎТДИМ»

    «ШУКУР БУРҲОН 50 ДА ЎЙНАГАН, МЕН 70 ДАН ЎТДИМ»

    «Фикрбазм»нинг бу галги меҳмони Ўзбекистон халқ артисти Эркин КОМИЛОВ.

    ✔ 11571    🕔 10:17, 13.04.2017
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар