Фикрбазм      Бош саҳифа

«ШУКУР БУРҲОН 50 ДА ЎЙНАГАН, МЕН 70 ДАН ЎТДИМ»

«Фикрбазм»нинг бу галги меҳмони Ўзбекистон халқ артисти Эркин КОМИЛОВ.

«ШУКУР БУРҲОН 50 ДА ЎЙНАГАН, МЕН 70 ДАН ЎТДИМ»

Нурмуҳаммад МУҲАММАДИЕВ,

«Маънавият гулшани» газетаси мухбири, Сурхондарё вилояти:

— Сизни биз нафақат таниқли актёр, юксак маҳоратли дубляж устаси сифатида яхши кўрамиз. Овозингизни эшитмай қолсак, соғинамиз. Яқинда ёш бир санъаткор сизнинг овозингизга ўхшатиб томоша кўрсатди. Бу киноями, тақлидми, танқидми ёки катта санъатга кириш орзуси? Ўзингиз ҳам бу ёш санъаткорнинг чиқишларини кўрган бўлсангиз керак. Бу ижрочининг овозингизга ўхшатма қилаётганига қандай баҳо берасиз?

— Бундай чиқишларга фикрим ижобий. Йигитлар чиқишидан олдин ёнимга келиб, рухсат сўрашган, ҳозир ҳам маслаҳатлар олиб туришади. Уларнинг гапиришимга тақлидларини телевизорда эшитганман. Кўзимни юмиб эшитсам, овозлари худди меникидай. Кузатсам, ўхшатишни уддалашяпти. Уларга қуюшқондан чиқмасдан, халқнинг шаънига тегмасдан, беандиша гапларни айтмасдан, менга тақлид қилишсагина овозимга ўхшатма қилишларига рухсат берганман. Йигитлар бу тақлидлар сабаб анча танилиб ҳам қолишди. Аммо тақлидни кўп ҳам ўзлаштирмаган маъқул, назаримда. Чунки тақлид қилавериш натижасида ўша санъаткорга ўхшаб қолиш хавфи кучаяди. Йигитлар шу хавфдан қўрқишмаяптими, омадларини берсин.

Исоқтой ЖУМАНОВ,

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти доценти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси:

— Кинода ҳам, театрда ҳам кетма-кет роллар ижро этасиз. Бу ролларнинг ўзига яраша ижтимоий-фалсафий, руҳий залворли юки бор. Айтинг-чи, актёр бу залворли юкни кўтаришда ўзига кучни қаердан олади?

— Бу табиатни бизга берган инъоми, деб ўйлайман. «Сув ёқалаб» фильми, «Виждон» сериали ва бир қанча фильмларда роль ўйнадим. Театрда ҳам бири-биридан фарқ қиладиган образларни гавдалантирдим. Улуғбекнинг роли уларнинг ичида энг оғири бўлди. Кўпчилик ёшлар театрда роль ўйнаган куним «ҳали бақувватсиз», деб қўйишади. Бунинг сири — олти йилдан бери ҳар куни саҳарда икки соат спорт билан шуғулланаман. Бутун кучни, бутун қувватни спорт орқали қайта йиғиб оламан.

Гулноза ЖУМАНИЁЗОВА,

абитуриент:

— Бугунги кунда санъат соҳаси майдони деярли сохта ижодкорлар билан тўлаётганининг сабаби нимада, деб ўйлайсиз? Нима учун соҳа мутасаддилари бунга бефарқ муносабатда?

— Кейинги пайтларда кино чиндан сохталикларга тўлди. Ҳаммасиям ёмон дея олмайман. Назаримда, режиссурадан дарс олмаган одам на кинода, на театрда фаолият юритиши керак. Режиссура актёрдан фикри теранликда, шуури тиниқликда ўн баробар юқори туриши керак. Бугун режиссёрларнинг айби — битта чеҳрани топиб олса, ҳаммаси шунга ёпишади. Унисиям олади, бунисиям олади. Ўша актёрнинг ролларини кузатсангиз, ҳаммаси бир хил ракурсда, бир хил тонда ўйналган бўлади. Томошабин эса жуда синчков, аммо жуда андишали. Кўради-ю, индамайди, аммо кўнглига тугади. Эртасига кинода кўрса, индамайди-ю, шундай бориб, телевизорни ўчириб қўя қолади. Устозим Шукур Бурҳонов «Ҳадеб телевизорга чиқавермагин. Халқни соғинтириб-соғинтириб ўйнагин. Бир ролинг иккинчисига ўхшамасин. Ички туғёнинг алоҳида кўриниб турсин», дерди. Аввало, актёрнинг дилида виждони бўлсин. Агар актёр ўзини ўзи чекламаса, бошқа биров уни бир хилликдан, бачканаликлардан чеклолмайди...

Минҳожиддин РУСТАМОВ,

нафақахўр, Тошкент шаҳри:

— «Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси» сериалида хотинига сўзини ўтказолмайдиган эркак ролини яратгансиз. Нима деб ўйлайсиз, ҳаётдаги оила бошқарувида аёлнинг роли кучайиб кетиши ва отанинг четга чиқиб қолиши қандай оқибатларга олиб келади?

— «Аёл ўқилиши қийин бир китоб, унинг заррин муқовасини кўриб, мазмунидан воқиф бўлмай, офарин, деймиз. Не чистонлар ётар унинг зарварақларида!»

Болалар кўпайиб, катта бўлавергач, хотиндан қўрққани учунмас, оилада жанжал бўлмасин, ғиди-бидилар кўпаймасин, деб эркаклар унга ён босади. Аслида шу ғиди-бидилар билан тўйларни бузаётган аёллар бўлади. Эркак кишининг уйланиши иккинчи туғилиши бўларкан. Эркак киши иккинчи туғилишида адашмаслиги керак. «Жоннинг роҳатидир яхши бўлса хотининг, Қишнинг фароғатидир қуруқ бўлса ўтининг, Ёмон бўлса хотининг, ҳўл бўлса ўтининг, Куйиб-куйиб ўласан ҳеч чиқмасдан тутунинг», дейди шоир. Аёлда, аввало, фаросат бўлиши керак. Йўқса, нафақат оила, авлодларнинг ҳам ҳолига вой. Оиланинг боши бўлган эркак ҳеч қачон оила тизгинини аёлига бермаслиги керак. Бир ёстиққа бош қўйган кунидан аёлига ўз ўрнини тушунтириши лозим.

Сизга бир латифа айтиб бера қолай: Бир киши «Хотиним ҳеч гапга кирмай, ғиди-биди қилаверади. Сиз хотини­нгизни қандай йўриғингизга солгансиз?» деб сўрабди. Шунда у: «Тўйим куни, никоҳ ўқилгач, шарт турдим-да, товуқхонага бориб, хўрозни олиб, хотинимнинг олдига олиб келиб, шарт бўйнидан узиб ташладим. Буни кўрган хотиним менинг ҳам бошимни узиб қўймасин деб, нима десам шуни қилади», дебди. Буни эшитган киши шартта ўрнидан туриб, уйига борибди-да, пичоқни олиб, хотинига «Айтганимни қилмасанг, новвосни сўйиб ташлайман», деб оғилхонага юрибди. Хотини эса, парвойифалак «Дадаси, энди новвос тугул, қўтос сўйсангиз ҳам жаҳли­нгиз ёмонлигига ишонмайман», деган экан...

Илҳом БОЛТАЕВ,

 дизайнер, Тошкент шаҳри:

— Нуриддин Ҳайдаровнинг машҳур «Дўлана» қўшиғини ҳаммамиз яхши кўриб тинглаймиз. Бироқ бу қўшиқ хонанданинг ўғли ижросида бошқача усулда куйланди. Клипида эса бошқа санъаткорлар сингари сиз ҳам суратга тушгансиз. Бир умр залворли, томошабинни маънавиятга чорлайдиган роллар ижро этган актёрни бу клипда суратга тушишга нима мажбур этди?

— Аввало, мен бу ерда ўғирлик қилмадим, бировнинг ҳақини емадим, ёмон иш қилмадим. Нуриддин Ҳайдаров билан ака-укадек эдик. Доирачи Дилмурод Исломов сим қоқиб илтимос қилгач, Нуриддин укамнинг хотираси ҳаққи, борган эдим. Борсам, ўғил отанинг қўшиғини бузиб айтгани устидан чиқдим. Теша Мўминов билан боргандик, чиқиб кетишга андиша қилдик. Ҳар ҳолда, Нуриддин Ҳайдаровнинг ҳурмати учун мажбур бўлиб клипга тушдик. Кетаётиб, режиссёрдан ўйнаган жойларимни қисқартиришини илтимос қилдим. Бироқ бу клип учун ҳақ олмаганмиз.

Маъмур УМАРОВ,

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти доценти:

— Режиссёр — театр санъатининг етакчи ижодкори экани маълум. Нима деб ўйлайсиз, сиз фаолият юритаётган театрга ташқаридан режиссёр таклиф этишга эҳтиёж борми?

— Бор. Мамлакатимизда яхши театр режиссёрлари ё учта, ё тўртта. Афсуски, бундан кўп эмас. Шулардан бири санъат арбоби Олимжон ­Салимовни зўр режиссёрлардан бири, деб биламан. Бир пайтлари Спивак, Аликсизий, Пётр Павлович Васильев каби режиссёрларни Грузия, Россиядан таклиф этишган. Улар театримизда спектакллар қўйишган. Бугун эса спектаклларимиз анча оқсаб қолгандек. Режиссуранинг йўқлиги истеъдодли ёшларнинг сайқалланган образлар, роллар яратишига тўсқинлик қиляпти. Бу фожиа.

Азизбек РАҲИМОВ,

ўқитувчи, Фарғона вилояти:

— Кейинги пайтларда «Алишер ­Навоий»да Ҳусайн Бойқаро, «Мирзо Улуғбек»да Улуғбек каби тарихий сиймоларнинг ролларини ижро этдингиз. Оддий томошабин сизни «хонтахта» фильмлардаги маиший ролларингиз, шунингдек, реклама роликларида чиқишлари­нгизга ўрганиб қолган бўлса, тарихий шахслар образида қабул қила олармикан?

— Бу санъат. Кимдир қабул қилади, кимдир йўқ. Энди бу унинг ўзига ҳавола. Чунки менинг ҳам оилам, бола-чақам, невараларим бор. Уларни боқишим керак. Бундан ташқари, мен актёрман, ишим шу. Тарихий ролларга келсак, қойилмақом ўйналса, қабул қиладиган томошабин қабул қилаверади. Бу актёрнинг маҳоратига боғлиқ.

Муҳаббат САПАЕВА,

«Хонқа овози» газетаси муҳаррири:

— Қайсидир чиқишингизда «Келинлар қўзғолони» спектаклидаги мухбир ролини энг ёқтирмаган образим, дегандингиз. Менинг назаримда эса, шу ролингиз жуда омадли чиққан. «Ёқтирмайдиган рол»ингизни кейинги пайтларда киноларда яратаётган образларингизнинг ичидан қидирган маъқул эмасми?

— Мен кинода ролни ёқтирмасам, ўйнамайман. Театрда эса мажбурмиз. «Келинлар қўзғолони»даги мухбир ролини ҳалиям ёқтирмайман. Чунки мен саҳнадаги майнавозчиликни ёмон кўраман. Биз халқ кулар экан деб, ҳамма нарсани саҳнага олиб чиқавермаслигимиз, уларга эргашмаслигимиз керак, аксинча, халқни ўзимизнинг изимиздан эргаштиришимиз лозим. Спектаклда саҳнага чиққанимда ҳам, кетаётганимда ҳам қарсак олардим. Аммо жуда ғашим келарди, ҳозир ҳам шу ролимга кўзим тушиб қолса, ғашим келиб, тепа сочим тикка бўлади.

Ҳамида САИДОВА,

уй бекаси:

— Сизнингча, бугун болаларимизни оила даврасида тарбиялашда қаерда хато қиляпмиз?

— Мен узоққа кетмай, ўз соҳамдан келиб жавоб бера қолай. Бола уйдан чиқиб кетаётганда, қаерга бораётганини билиш керак. Бола театрга келаётган бўлса, уни асли қаерга бораётганини уқтириб, «Уйга қайтгач, кўрган спектаклингни айтиб берасан», деб жўнатиш керак. Масалан, мен ҳам оддий инсонман. Менинг ҳам ўзимга яраша камчилигим бор. Буни аёлим билади, аммо андиша қилиб юзимга айтмайди. Болаларим билади, аммо улар падарни ҳурмат қилгани сабаб миқ этишмайди. Бу шахсий ҳаётда. Аммо мен саҳнада гоҳ ижобий, гоҳ салбий рол ўйнасам, бариси болани тарбиялашга, маънавиятли бўлишга, миллий ғурурини уйғотишга туртки беради. Кўзгу тутиб, болани ўз-ўзини тафтиш қилишга ундайди. Ўзини тафтиш этган бола келгусида хатоларга йўл қўймасликка уринади. Бугунги болаларни насиҳат билан тарбиялаб бўлмайди, уларни ўзларига ўзларини кўрсатиш керак. Бугун болаларни ота-оналар китоб ўқишга мажбурлашади. Мажбурланган бола ҳеч қачон ўқимайди. Қайтанга, боланинг кўз олдида ўзи китоб ўқиши, китобни қимматбаҳо нарсани авайлагандек авайлаши лозим. Шунда бола қизиқа бошлайди.

Инъомжон МИРҲАМИДОВ,

қурувчи, Паркент тумани:

— Ўзингизни қанчалик китобхон ҳисоблайсиз? Охирги ўқиган китобингиз ҳақида айта оласизми?

— Бу саволни жуда ёмон кўраман. Чунки биз истаймизми-йўқми, ҳар куни ўқиймиз. Мирзо Улуғбекни ўйнашдан олдин, темурийларга боғлиқ ҳамма китобларни ўқиб, ўрганиб чиқдим. Бизнинг ишимиз бу. Яхши, ўқигим келган, қизиққан китобларим кўп, аммо бунга вақт йўқ. Чунки биз ишимизга тааллуқли китобларни ўқишимиз керак. Гоҳида учрашувларда нутқ сўзлаш керак бўлади. Мавзуга қараб тайёргарлик кўрамиз. Ортиқча нарсани мия қабул қилмай қолади, бу табиий. Чунки дастурхондаги бор нозу неъматни ошқозонга тиқаверсак, ҳолимиз хароб бўлиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун мен ўзимга кераклисини танлайман.

Шуҳрат РИЗАЕВ,

«Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири, адабиётшунос:

— Шукур Бурҳонов устозингиз бўлади. У яратган образларнинг айримларини саҳнада гавдалантирдингиз. Жумладан, Мирзо Улуғбекни. Устозингиз яратган бошқа образларни, шунингдек, Шоҳ Эдипни ҳам саҳнага олиб чиқиш ниятингиз борми?

— Шоҳ Эдипга ёшим ўтди, деб ўйлайман. Шукур ака бу ролни 50 ёшда ўйнаганлар, мен етмишдан ўтдим. Аммо ўзингиз пьесани тузатиб, уруш саҳналарини олиб ташлаб, мавзуни ўзгартириб берсангиз, «Қиёмат қарз»даги Сулаймон ота образини яратиш ниятим бор эди. Бир пайтлари «Ричард»ни ижро этишни истагандим. Аммо ўша пайтда режиссёр топилмади. Энди бунга қувватим етмайди. Чунки унга жуда катта куч керак.

Гўзалой МАТЁҚУБОВА

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

Мактаб  яратган ҳофиз

Мактаб яратган ҳофиз

🕔15:48, 21.01.2022 ✔504

Мусиқа халқ қалбининг ифодасидир. Ўтган асрлар мобайнида аждодларимизнинг тақдири қандай кечди, кўнглида қандай ҳис-туйғулар ҳукмрон бўлди, буларнинг бари мусиқий асарларда ўз аксини топган.

Батафсил
ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ!

ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ!

🕔15:06, 16.02.2018 ✔11104

«Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов мухлислардан келган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Батафсил
«…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

«…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

🕔16:00, 12.10.2017 ✔11501

«Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Халқаро Бобур мукофоти совриндори Муҳаммадали АБДУҚУНДУЗОВ мухлислар саволларига жавоб берди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Мактаб  яратган ҳофиз

    Мактаб яратган ҳофиз

    Мусиқа халқ қалбининг ифодасидир. Ўтган асрлар мобайнида аждодларимизнинг тақдири қандай кечди, кўнглида қандай ҳис-туйғулар ҳукмрон бўлди, буларнинг бари мусиқий асарларда ўз аксини топган.

    ✔ 504    🕔 15:48, 21.01.2022
  • ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ!

    ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ!

    «Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов мухлислардан келган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

    ✔ 11104    🕔 15:06, 16.02.2018
  • «…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

    «…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

    «Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Халқаро Бобур мукофоти совриндори Муҳаммадали АБДУҚУНДУЗОВ мухлислар саволларига жавоб берди.

    ✔ 11501    🕔 16:00, 12.10.2017
  • «МЕНИНГ ТЕАТРДА ҚОЛГАН АРМОНЛАРИМ...»

    «МЕНИНГ ТЕАТРДА ҚОЛГАН АРМОНЛАРИМ...»

    «Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони — Ўзбекистон халқ артисти Мурод РАЖАБОВ муштарийлар саволларига жавоб берди.

     

    ✔ 11752    🕔 11:32, 15.06.2017
  • «ШУКУР БУРҲОН 50 ДА ЎЙНАГАН, МЕН 70 ДАН ЎТДИМ»

    «ШУКУР БУРҲОН 50 ДА ЎЙНАГАН, МЕН 70 ДАН ЎТДИМ»

    «Фикрбазм»нинг бу галги меҳмони Ўзбекистон халқ артисти Эркин КОМИЛОВ.

    ✔ 11571    🕔 10:17, 13.04.2017
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар