Фикрбазм      Бош саҳифа

«…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

«Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Халқаро Бобур мукофоти совриндори Муҳаммадали АБДУҚУНДУЗОВ мухлислар саволларига жавоб берди.

«…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,

журналист:

Эшитишимизча, ижод йўлингиз ҳақида китоб ёзибсиз. Бироқ китобга ҳеч қаерда кўзимиз тушмади. Айтинг-чи, асарингизда бугунги ёш актёрлар учун нималарни ўрнак қилиб кўрсатгансиз?

— Китоб «Ўшал Бобурмен — мен» деб номланади. Тақдимотини яқинда Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонада ўтказишни режалаштирганмиз. Шундан сўнг асар китоб дўконларига чиқади. Китобим асли санъат, актёр ҳақида бўлиб, унинг устида олти йил ишладим. Китоб тор доирадаги мутахассисларга эмас, балки кенг китобхонлар оммаси учун мўлжалланган. Чунки унда эсдаликлар, хотиралардан тортиб, санъатшунос, театршуносларнинг таҳлили, фикрларигача бор. Энди катта йўлга чиқиб, санъатни танламоқчи бўлган ёшларга қўлланма десак ҳам бўлади. Чунки китобни ўқиган «актёр бўламан», деган ёшлар бу ҳақда яна бир қур ўйлаб кўради. Китобда актёрнинг бу йўлда босиб ўтиши керак бўлган қийинчиликлари, бутун умри кураш, тинимсиз меҳнат билан ўтиши тасвирланган.

Тўйчи ДЎСМАТОВ,

«Паркент тонги» газетаси бош муҳаррири ўринбосари, Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси:

— Генерал Собир Раҳимов ролини ўйнашдан олдин Ўзбекистон халқ артисти Зикир Муҳаммаджонов Болтиқбўйи республикаларидаги ҳарбий қисмларда Собир Раҳимов қиёфасида бир неча кун юрган экан. Буни қарангки, генерал-майор ҳарбий мундирида юриб, ўзидан унвони кичик полковник, майор, капитанларга «честь» бериб юбораркан. Улар эса бундан ҳайрон бўларкан. Негаки, Собир Раҳимов ролини ўйнашга ҳозирлик кўраётган Ўзбекистон халқ артисти Зикир Муҳаммаджоновни қаердан ҳам билишсин? Шу маънода, Бобур ҳазратлари ролини ижро этишга тайёргарлик кўрганингизда Зикир ака ҳаётида рўй бергандек воқеалар бўлганми? Бобур ролини маромига етказиб ўйнаганман, деб ҳисоблайсизми?

— Зикир акадан бу ролга тайёргарликларини, съёмка жараёнидаги воқеаларни кўп эшитганмиз. Бу роль устозга катта шуҳрат келтирган. Асли актёрнинг роли устида нималарни ўйлаши, унинг ўзигагина аён бўлади. Актёр қаерда, қандай ҳолатда бўлмасин, яратмоқчи бўлаётган қаҳрамонининг белгиларини, ўзига хос жиҳатларини ҳамма жойдан излайди. Қаҳрамонини ўз қалбига чизиб, жо қилиб олмагунча тинчимайди. Бобур сиймосини яратиш ҳам менга осон кечмаган. Эндигина Миллий академик драма театрига Сурхондарё вилояти театридан ишга келган пайтларим эди. Ҳаммасини бошидан бошлаганман. Орадан икки йил ўтиб, Иззат Султоннинг «Ўткан кунлар» спектаклида Абдулла Қодирий ва Отабек ролини ижро этганман. Спектакль шов-шувга сабаб бўлган пайтлар эди. «Бобур» видеофильми олинадиган бўлиб, Бобур ролига актёр танлаётганида Маҳмуд Юнусов чақириб синаб кўрди. Режиссёрга олдинига унча ёқмаган бўлса ҳам, бироқ юз тузилиши, грим, қад-қомат, нигоҳ тўғри келгани учун мени қабул қилишди. Видеофильм ўн тўрт ой давомида суратга олинган. «Юлдузли тунлар» барчанинг севимли романи бўлгани учун бу ролни ўйнаш осон кечмаган. Чунки халқимизнинг буюк бир ўғлонини гавдалантириш керак эди. Видеофильмдан кейин чақалоқларга ёппасига Бобурмирзо деб исм қўйила бошлагани ҳам унинг қанчалик халқимизга манзур бўлганидан далолат. Бу ролни ижро этганимга 27 йил тўлган бўлса, ҳали ҳам у берган завқ масъулият билан яшайман.

Гулистон ОТАХОНОВА,

Тошкент шаҳри:

— «Иймон» спектаклидаги ролингизни маҳорат билан ижро этгансиз. Бу каби кимсалар жамиятда ўз ўрнини топишга ҳақлими?

— Шундай гап бор: «Ҳар бир Моцартнинг ўз Сальериси бўлиши керак». Спектаклдаги Санжаров образи Комиловга қарши турадиган, у билан рақобатлаша оладиган ягона персонаж. Агар ҳаётда ижобий кучларга қарши тура оладиган салбий кучлар бўлмаса, жамият ривожланмайди. Ривожланиш икки кучнинг бир-бирига қарама-қарши туришидан, рақобатидан келиб чиқади. Аслида бу спектаклда Комиловни ўйнашим керак эди. Санжаров ролини ўйнайдиган актёр Комиловдан кучсизроқ бўлиб қолди. Бундай пайтда спектаклга путур етади, шу сабаб Ёдгор ака бунга рози бўлмади. Мен эса Комиловдан кечишга мажбур бўлиб, Санжаров ролини ижро этдим.

Нафиса ОМОНОВА,

Тошкент вилояти:

— Ҳозир кўпчилик халқ артистлари-ю, катта-катта ижодкорлар ҳам турли рекламаларда чиқяпти. Аммо негадир сизни умуман ролик ёки рекламаларда кўрмаймиз.

— Таклифлар жуда кўп бўлади. Катта ҳақ ҳам ваъда қилишади. Бироқ бу менинг даражамга тўғри келмагани учун рози бўлмайман.

Гулчеҳра УМИРОВА,

Тошкент вилояти, ўқитувчи:

— Театрни тарбия ўчоғи деймиз. Ҳақиқатан ҳам, бир пайтлар театр халқни маънавиятли, маърифатли қилишга ёрдам берган. Бугун унинг болаларимиз тарбиясида қанчалик ўрни бор?

— Бу йил театримизнинг 103-мавсумини очдик. Бир асрдан ошдики, театримиз ўз номини оқлаб келяпти. Беҳбудий айтганидек, «ибратхона» вазифасини ўтаяпти. Чунки театримиз репертуарига ёшларимизга, болаларимизга ибрат бўладиган, улар таълим-тарбиясига ёрдам берадиган спектакллар киритилади. Чўлпон, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ҳақидаги спектаклларимиз бор. Яқинда жаҳон классикаси бўлган «Ревизор» саҳналаштирилди. Буларнинг ҳаммаси болаларнинг таълим-тарбиясига хизмат қилади. Мени ўйлантирадигани ва ҳайрон қолдирадигани, айримлар театр остонасидан ҳатламайди, саҳнада қайси спектакль намойиш қилинаётганидан бехабару бесабаб танқид қилишади. Бугунги театрнинг аҳволидан хабардор бўлиш учун, аввало, спектаклларни кузатиш керак. Айниқса, кейинги пайтларда қўйилаётган спектакллар томошабин учун жуда катта маънавий озиқа бера олади.

Дилноза КАРИМОВА,

Самарқанд вилояти:

— Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов бир суҳбатида «Ричардни ўйнашни истагандим», деган эди. Сиз қайси ролни орзу қилгансиз?

— Гамлетни орзу қилганман. Ёшим тўғри келган пайтда «Гамлет» қўйилмади. Театримизда эса бу мен эллик ёшдан ошганимдан сўнггина саҳналаштирилди. «Актёрнинг қалби ўйналмаган ролларнинг қабристони», дейишади. Шу маънода, Гамлет мен учун армон бўлиб қолган.

Достон РАҲМАТУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти магистранти:

— «Кундузсиз кечалар»да Чўлпон ролини ижро этдингиз. Биламизки, Чўлпон миллатнинг юкини кўтарган, уни маърифат томон йўллаган инсон. Бу қаҳрамонни жонлантиришдан олдин албатта, тайёргарлик кўргансиз. Бироқ актёр асосий эътибор қаратадиган муҳим нуқта бўлади. Сиз бу ролни ўйнашда асосан, нимага эътибор қаратдингиз?

— Чўлпон ҳақида спектакль яратишимиз керак эди. Ким ёза оларкин буни, деб кўп ўйладим. Шунда «шоир қалбини шоир билади», деб, Усмон Азимга бу ҳақда айтганман. Драматург Усмон Азим ва режиссёр Валижон Умаров ҳамкорлигида спектакль дунёга келди. Мана, 20 йилдан буён Чўлпон ролини ижро этаман. Бунда мен асосан ватанга бўлган муҳаббатга эътиборимни қаратдим.

МАХСУС САВОЛ

Бахтиёр ЯКУБОВ,

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ўқитувчиси,

санъатшунос:

— Режиссёрликка қўл ураётган актёрлар кўпайиб боряпти. Бу профессионализм нуқтаи назаридан қанчалик тўғри?

— Петербург шаҳридаги театрда Георгий Товстоногов исмли режиссёр бўлган. У киши билан бўлган бир давра суҳбатида режиссёрга «Актёрларнинг театрда режиссёрлик қилишига қандай қарайсиз?» деб савол беришган. Режиссёр эса ҳеч иккиланмай: «Ўша театрни ёпиш керак!», деб жавоб берган.

Мен ҳам Сурхондарёдаги фаолиятим давомида режиссёр йўқлиги сабаб спектакль саҳналаштирганман. Бироқ актёрларнинг режиссёрлик қилишига мутлақо қаршиман. Режиссёр ўз ишини, актёр эса ўз ишини қилиши керак.

Гўзалой МАТЁҚУБОВА

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

Мактаб  яратган ҳофиз

Мактаб яратган ҳофиз

🕔15:48, 21.01.2022 ✔504

Мусиқа халқ қалбининг ифодасидир. Ўтган асрлар мобайнида аждодларимизнинг тақдири қандай кечди, кўнглида қандай ҳис-туйғулар ҳукмрон бўлди, буларнинг бари мусиқий асарларда ўз аксини топган.

Батафсил
ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ!

ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ!

🕔15:06, 16.02.2018 ✔11104

«Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов мухлислардан келган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Батафсил
«…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

«…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

🕔16:00, 12.10.2017 ✔11502

«Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Халқаро Бобур мукофоти совриндори Муҳаммадали АБДУҚУНДУЗОВ мухлислар саволларига жавоб берди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Мактаб  яратган ҳофиз

    Мактаб яратган ҳофиз

    Мусиқа халқ қалбининг ифодасидир. Ўтган асрлар мобайнида аждодларимизнинг тақдири қандай кечди, кўнглида қандай ҳис-туйғулар ҳукмрон бўлди, буларнинг бари мусиқий асарларда ўз аксини топган.

    ✔ 504    🕔 15:48, 21.01.2022
  • ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ!

    ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ!

    «Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов мухлислардан келган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

    ✔ 11104    🕔 15:06, 16.02.2018
  • «…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

    «…ЎША ТЕАТРНИ ЁПИШ КЕРАК»

    «Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Халқаро Бобур мукофоти совриндори Муҳаммадали АБДУҚУНДУЗОВ мухлислар саволларига жавоб берди.

    ✔ 11502    🕔 16:00, 12.10.2017
  • «МЕНИНГ ТЕАТРДА ҚОЛГАН АРМОНЛАРИМ...»

    «МЕНИНГ ТЕАТРДА ҚОЛГАН АРМОНЛАРИМ...»

    «Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони — Ўзбекистон халқ артисти Мурод РАЖАБОВ муштарийлар саволларига жавоб берди.

     

    ✔ 11752    🕔 11:32, 15.06.2017
  • «ШУКУР БУРҲОН 50 ДА ЎЙНАГАН, МЕН 70 ДАН ЎТДИМ»

    «ШУКУР БУРҲОН 50 ДА ЎЙНАГАН, МЕН 70 ДАН ЎТДИМ»

    «Фикрбазм»нинг бу галги меҳмони Ўзбекистон халқ артисти Эркин КОМИЛОВ.

    ✔ 11571    🕔 10:17, 13.04.2017
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар