Бу ҳаммамизнинг ҳаётимизга дахлдор масала
«Ўзимдаги барча яхши фазилатлар учун китобдан миннатдорман», деган эди мутафаккир ёзувчилардан бири. Агар шу иборани формула деб олиб, уни ўзимга қўллаганда қандай хулосаларга эга бўламан?
Дастлаб мен уни хушламаганман. Ҳамма тинчгина мол боқиб, қишлоғида мазза қилиб яшайверса бўлмасмикан-а, дердим энсам қотиб. Бу «мутафаккирона» фикрга тўртинчи синфларда ўқиб юрган пайтларда келган бўлсам керак. Мен мактабга чиққунча ҳам ва ундан кейин ҳам — олтинчи синфни битиргунча қўй боққанман. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида рўзғоримиздаги эллик-олтмиштача қўйни боқиш мен ва укамнинг зиммамизда эди. Одамлар ҳам қизиқ-да, деган фикрни овоз чиқариб айтганларим эсимда, нима қилади ҳаётини қийинлаштириб, дер эдим, китобни назарда тутиб. Бунинг устига, эринмаганларнинг алгебра, физика, кимё ва грамматика каби фанларни ўйлаб топгани-чи...
Муаллимлар аъло ўқийдиган болаларни мақтар, гапга кирмаган, қулоғи қашшанг қўчқорчаларни хивичда солиб қолишарди. Шу... китоб ўқиш кераклиги учун анча-мунча таёқ еганим кечагидек эсимда.
Мен китоб ўқимасдан туриб ҳам, худди саҳнани эгаллаб юрганларга ўхшаб, сўз устаси, эстрада юлдузи бўлиш ниятида эдим. Яхшиямки, отам раҳматли қаттиққўл одам эди. Ўқитувчилар хивчини отамнинг тарсакилари олдида уқалаб қўйишдек гап эди. Оиламизда меҳнат тарбияси жуда қатъий йўлга қўйилганди. Катта ҳовлимиздаги ишларни биз ака-укалар эплаганимиз камдек, отам чўл томондан ер очиб олган эди. Қовун, тарвуз, ем-хашак учун макка ва беда ҳам экар эдик. Назаримда, ўша пайтларда ҳаётнинг қадрига етмайдиган одам менинг отам эди. Совуқни совуқ демай, иссиқни иссиқ демай ишлаганимиз-ишлаган эди. Отам ҳаётдаги ҳар қандай муаммони фақат тинимсиз меҳнат билан ҳал қилиш мумкин деб ўйлар, мактаб илмий ишлар мудири бўлса-да, колхозда ҳосилот бўлса-да ёхуд кейинчалик бригада бошлиғи бўлса-да, давлатнинг ва одамларнинг ҳақига хиёнат қилмасдан ҳам бойиб кетиш мумкин, деб хаёл қилар эди. Фақат уч кунлик ёмғирли кунларда одам боласи китоб ўқиш йўли билангина қишлоқгарчиликнинг барча азобларидан қутулиб кетиши мумкинлигини айтиб қолар эди. Шу гапни мен илиб олдим: демак, ёз бўйи лой қормаслик учун, жазирама ва қаҳратонда қўй боқмаслик учун ўқиш керак экан-да. Демак, ҳаммасидан қутулиб кетишнинг йўли битта — китоб ўқиш...
Менда биринчи ҳавас ва биринчи мақсад шу кўйи бошланди. Уйимиз равоғида чанг босиб ётган китобни олдим. Бу Парда Турсуннинг «Ўқитувчи» романи эди...
Мактабда аниқ фанларга, уйда ва чўлда қўй боқа туриб бадиий китобларга «ҳужум» бошладим. Қўлимга тушган барча халқ эртаклари, қиссалар, романлар, ҳикоялар... Одил Ёқубов, Ўлмас Умарбеков, Саид Аҳмад, Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов... Кечаси ўғринча пахта ситиб турган пайтимизда ҳам сандалнинг девор томон кодагига ўтиб олиб, пишиллаб, онамга достонларни ўқиб берар эдим. Бир йилча телбаларча китоб ўқишдан сўнг, энди менда бошқа қусурлар пайдо бўла бошлади... Яширин ниятлар мақсадга айлана бошлади. Мен бирор бир вазир ёки бошқа раҳбар бўлиш ҳам бунақада ҳеч нима эмас экан-ку, агар ҳамма нарса китоб ўқиш йўли билан қўлга киритиладиган бўлса, деган хатарли хаёлларга ҳам келган пайтларимни кулимсираб эслайман... Отанинг бағрида егани олдида, емагани кетида бўлган боланинг миясида не-не хаёллар бўлмайди, дейсиз.
Саккизинчида ўқиётган пайтимда бир дўстим Азиз Несиннинг эндигина чоп этилган, рангли муқовадаги «Ҳуштак Афандим» деган китобини олиб келди. Ўқиб севиниб кетдим. Демак, одамларни кулдириш учун саҳнага чиқишим ва отамни норози қилишим шарт эмаскан-ку, деган фикр миямга келиб, суюниб кетдим. Бу ёғи бошланиб кетди!..
Азиз Несиннинг бирор китобини топиб олиш ҳаракатлари, Николай Гоголь, Бранислав Нушич, Илья Ильф, Евгений Петров, Мартти Ларни ва ҳоказолар... Бир ёғи талабаликка уланиб кетди. Бошимга оғир кунлар туша бошлади. Отам мен абитуриент бўлган пайтданоқ касал бўлди ва бу касаллик отам олтмиш уч ёшга етиб, оламдан кўз юмгунича давом этди. Мен ўша пайтларда университетнинг физика факультетига отамни хурсанд қилиш учун кириб қўйган эдим. Ёзувчиликни эса, физика баробарида қилмоқчи бўлдим. Менга ирода керак бўла бошлади. Ўқишни ташламаслигим, илмда камида академик бўлишим керак эди. Бунинг баробарида ёзувчилик илмини олишим, оиламни ўзим эплашим керак эди. Иккинчи курсни битиришим билан барча ўғилларни уйлантиришга улгуриш мақсадида мени уйлантириб бўлишган эди. Тез орада аёлим икки йилдан оралатиб икки ўғил, бир қизни ҳадя этди. Ҳаёт борган сари қийинлашиб борарди. Ҳам тунги қоровуллик, дам олиш кунларидаги мардикорлик. Йигит киши ҳаммасини ҳал қилиши кераклиги ва нолимаслиги шартлиги менга аллақачон аён бўлган эди. Хотиним билан тиним билмай ишлар ва ижара уйдан-ижара уйга кўчар, узоқ қиш тунларида Айтматов, Достоевский, Тургенев, Шолохов, Лев Толстой каби жаҳон классикларининг таржима асарларини ўқир ва бирга орзулар қилар эдик. Ҳозир менга оғир кўринган кунлар муаммоларини ўша пайтда назаримизга илмас эдик.
Шундай кунларда бизга Александр Дюманинг «Граф Монте Кристо»си, Жек Лондоннинг «Мартин Иден»и, Войничнинг «Сўна»си, Ўктам Усмоновнинг «Гирдоб»и катта мадад берган эди десам, мени тушунарсиз. Китоб одамга куч беради, буюк мақсадлар сари бошлайди, иродани мустаҳкамлайди, одамни ақлли, мушоҳадали қилади, сабр қилишга ўргатади. Энди мен ва аёлимни уйимизнинг йўқлиги, яшашга маблағнинг ниҳоятда камлиги, оилавий мададкоримиз — отамнинг оғир аҳволи, бошқа барча камчилик ва қийинчиликлар чўчита олмасди.
Мана, аёлим билан қирқ йил яшаб қўйибмиз. Шу йиллар мобайнида у бирор марта уйига кетиб қолмади ва... менга ишонди. У ишондики, бунчалар кўп китоб ўқиган одам бир кун келиб, албатта, ғалаба қозонади. Ҳеч қачон камбағаллигимни юзимга солмади. «Барча ёзувчилар, Қодирий ҳам, Саид Аҳмад ҳам ва барча-барчаси осон яшашмаган. Биргина Ойбекнинг ҳаётини олайлик, осон бўлганмиди?» дерди.
Энди ўзингиз инсоф билан айтинг, агар мен оилам билан китобдан куч олмаганимда турмушимиз шунчалар мураккаб бўлса-да, бунчалар ширин бўлармиди?! Мен китоб ўқимаганимда оиланинг қадрини, ҳаётнинг моҳиятини тушунган бўлармидим? Хотиним китоб ўқимаганида мени оғир кунларда қўллай олармиди? Оиламизни китоблар асраб қолмадими?!
Биз ўзимиздаги барча яхши фазилатлар учунгина китобдан миннатдор бўлишимиз кам. У бизни ҳаётнинг барча бўҳронларидан соғ-саломат ва бахтиёрликда олиб чиқа олгани учун ҳам уни севишимиз керак.
Маҳмуд БЎРОН