Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилМаълумки, сўнгги йилларда дунё ҳамжамиятини қурғоқчилик, сув танқислиги, тупроқ деградацияси ва чўлланиш каби муаммолар ташвишга солмоқда. Евроосиё Тараққиёт банки эълон қилган ҳисоботга кўра, Марказий Осиё яқин беш йил ичида 5-12 куб метрли сурункали сув тақчиллигига дуч келади.
Минтақадаги қишлоқ хўжалиги, саноат ва энергетика соҳалари инқирозли ҳолатга тушиб қолиши мумкин.
Маълумотларга кўра, 2050 йилга бориб, Тянь-Шань ва Помир тоғларидаги жами музликлар 30-50 фоизгача эриб кетиши ҳамда Марказий Осиё мамлакатларида сувга бўлган талаб 50 фоизгача ошиши кутилмоқда. Бунинг оқибатида Ўзбекистонда сув танқислиги ўртача 15-25 фоизга, чўлланиш даражаси эса 123 млн. квадрат метрга етиши мумкин. Бундан ташқари, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши туфайли қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш меъёри 2030 йилда 5 фоизга, 2050 йилда 7-10 фоизга ошиши тахмин қилинмоқда.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда чўлланиш даражаси бир дақиқада 9 квадрат метрни ташкил қилади. Чўлланиш кўлами биринчи навбатда сув етишмовчилиги оқибатида ортиб бораяпти ва бу ҳолат тезкорлик билан тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқишга ундайди.
Сув тежамкор технологиялар
Сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий қилиш орқали ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга бор эътиборни қаратяпмиз. Бироқ бу жараён ҳалигача тўлақонли ишлаб кетганича йўқ. Сабаби, бу борада ҳали ўзини тўла оқлаган сув тежамкор технологиялар деярли йўқ. Уларнинг қайси тури нисбатан самарали экани бўйича чуқур изланишлар олиб бориш зарур. Масалан, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги учун яроқли бўлган ерларнинг катта қисмини суғорилмайдиган чўл-дашт майдонлари ташкил қилади. Бундай ерларда қайси технологияларни қўллаш мумкин? Шу саволга жавоб топиш мақсадида МҲТИ мутахассислари гидрогель технологиясини ўрганиб чиқди.
Кўникмалар етарли эмас
Сўнгги йилларда мамлакатимизда сув танқислигининг олдини олиш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича қишлоқ хўжалиги ерларининг самарадорлиги, жумладан, сувни тежайдиган технологияларни қўллаган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, бир қатор ижобий натижаларга эришилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш борасидаги қарорларига мувофиқ, 1 млн. гектардан ортиқ майдонда ҳар хил турдаги сув тежовчи технологиялар жорий этилди. Ушбу сув тежовчи технологиялар асосан пахта, бошоқли дон экинлари, сабзавотларни етиштиришда жорий этилаяпти, бироқ тоғли, тоғолди, чўл-дашт ва бошқа майдонларда нисбатан кам татбиқ этилмоқда.
Сувни тежайдиган суғориш тизимларини ишлаб чиқариш, етказиб бериш, харид қилиш, жойларда лойиҳалаштириш ва ўрнатишдаги камчиликлар ҳамда айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг бу борадаги кўникмалари етарли эмаслиги мазкур технологияларнинг кенг татбиқ этилишига тўсиқ бўлмоқда.
Ривожланган мамлакатлар тажрибаси
Қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожланган Германия, Япония, Хитой каби давлатларда ўсимликларни парвариш қилишда турли хил ноанъанавий сув тежовчи технологиялар жорий этилмоқда. Мисол учун, Японияда ҳаво ҳароратига қараб шаклини ўзгартирувчи гидрогель яратилган. Яъни ушбу гидрогель эгилувчан бўлиб, сувни ўзига шимиб олганда кенгаяди ва намни ўсимлик томирига беради ва яна олдинги ҳолатига қайтади ва яна намликни йиға бошлайди. Бу ҳолат чўл-дашт зоналаридаги ўсимликларни суғоришда жуда қўл келади.
Бугунги кунда дунёдаги энг яхши гидрогель бу Германияда ишлаб чиқарилган «штокосорб 660» гидрогелидир. Немис кимёгарларининг эътироф этишича, хавфсиз деб топилган ушбу моддадан органик деҳқончиликда фойдаланилмоқда. У Европа Иттифоқи, АҚШ, хусусан Калифорния штатининг экологик стандартларига жавоб беради. Фойдаланиш ва дозалаш бўйича ҳеч қандай чекловлар йўқ.
Хитойда чўл ҳудудидан ўтувчи магистраль йўл бўйида гидрогель ёрдамида иҳоталанган дарахтзор ва яшил қоплам барпо этилган.
Ушбу давлатларда инновацион «Agrogel Green» гидрогелидан кенг фойдаланилмоқда. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, мазкур замонавий технология сув танқислиги шароитида чўл, дашт ерлардан самарали фойдаланишда ҳамда атроф-муҳитни кўкаламзорлаштиришда жуда қўл келади.
Маълумот учун: «Agrogel Green» инновацион маҳсулотнинг таркибидаги суперсорбент, калийли ўғит, микро ва макроэлементлар бир йил давомида ўсимликларни озиқлантириш учун асос бўлиб, сув ресурслари танқис ҳудудларда экинлар ҳосилдорлигини 10-50 фоиз оширади.
Янги турдаги гидрогель
Дунё олимлари томонидан асл ўлчамидан 15 маротабагача катталашадиган, сўнгра асл ҳолига қайтиши мумкин бўлган янги турдаги гидрогель ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. У қуйидаги рақобат устунликларига эга:
– тупроқнинг тузилиши ва ўтказувчанлигини бир неча баробар оширади;
– экин уруғлари тез униб чиқади ва кўчатлар хатосиз тутиб кетади;
– мева куртаклари шаклланиши кучаяди ва вегетатив даври камаяди;
– илдиз тизими яхши ривожланади ва ўсимликларнинг касалликларга чидамлилиги ошади;
– таркибида минерал ўғитлар мавжудлиги туфайли биринчи йилда минерал ўғит сарфланмайди.
Бу маҳсулот сувни юқори даражада шимиб олувчи синтетик (ярим синтетик) полимер бўлиб, тупроқ таркибида кўп миқдордаги намликни узоқ вақт давомида сақлай олади. Қишда ёмғир, қор сувларида намликни ёки ёзда суғоришдаги сувни ўзига шимиб, узоқ сақлайди ҳамда ўсимликлар илдизига нам бериб боради. У ўз оғирлигидан 400-500 марта кўп ёмғир сувини, 200-400 марта кўп тупроқ намлигини юта олади. Қўлланилиш жараёни ҳам алоҳида мураккаб технологияларни талаб қилмайди.
Ҳисоб-китобларга кўра, 10 грамм миқдордаги полимер гель 2-4 литр сувни сақлаб туриши мумкин. Бир гектар майдонга 35-50 кг. сарфланиши ҳисобига эса тахминан 120-140 м3 сув тежашга эришилади. Агар гидрогелдан тўғри фойдаланилса, тувакда ўстириладиган ўсимликлар учун 50-80 фоиз, қишлоқ хўжалиги экинлари учун 20-40 фоиз суғориш сувини тежаш имкониятини яратади.
Гидрогель тупроқ-аралашмали ерлар учун 20-30 см чуқурликда 1 м2га 0,05-0,07 кг, қишлоқ хўжалиги экинларида синаб кўрилганда эса тупроқ таркибига қараб ҳар бир гектар ҳисобига 35-50 кг. сарфланди.
Дарахт ва буталарнинг ҳар бирига 50-200 граммдан кўчат экилаётганда сувга бўктирилган гидрогелни тупроқ билан аралаштириб, илдиз атрофига солиш мақсадга мувофиқ. Агар кўчат экилган бўлса, атрофидаги илдиз устидаги тупроқ билан 30-40 см чуқурликда аралаштириб ишлов берилади.
Бунда албатта, ўсимликнинг илдиз тизими бўйича бир текис тарқалишига эътибор бериш лозим. Дала шароитидаги гидрогель ўз хусусиятини 2-3 йил йўқотмайди. Эскирган гидрогель деструкцияланишидан ҳосил бўлган маҳсулотлар тупроқ таркибини бузмайди ва азотли ўғит сифатида ўсимликлар томонидан ўзлаштириш учун қулай ҳисобланади.
Арзон ва самарадор
Юқорида келтирилган таҳлилларга кўра, гидрогелдан қуйидаги йўналишларда фойдаланиш тавсия этилади:
– республикамизнинг сув танқис ҳудудлари, тоғ ва тоғолди (бодом, писта, ёнғоқ), лалмикор ерларида, Оролбўйи ва чўл ҳудудларида (саксовул, юлғин ва ҳоказо), магистраль йўл бўйларда дарахтзорлар барпо этишда. Бунда тажриба сифатида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Сурхондарё, Бухоро ва Жиззах вилоятларида тажриба участкалари ташкил этиш мақсадга мувофиқ;
– шаҳарсозликни ривожлантириш жараёнида «Яшил макон», «Янги Ўзбекистон» массивларини яратиш мақсадида кўкаламзорлаштиришда (газон, гул, манзарали дарахтлар), ландшафт ва дизайнда, истироҳат боғларида кенг фойдаланиш имконияти мавжуд. Бунда халқаро грантлар ёрдамида Навоий, Сирдарё вилоятларининг шаҳарларида тажриба тариқасида яшил участкалар яратиш тавсия этилади;
– доривор ва зиравор ўсимлик плантацияларини ташкил этиш ва экин майдонларини кенгайтириш;
Хулоса қилиб айтганда, гидрогелдан фойдаланиш бошқа турдаги сув тежовчи технологияларга нисбатан арзонлиги, самарадорлиги, ер рельефи ва ҳажми ҳар хил майдонларда қўллаш мумкинлиги ҳамда жараённинг қисқа муддатда амалга оширилиши ва ортиқча харажат талаб этмаслиги билан фарқ қилади.
Шуни алоҳида такидлаш жоизки, у табиий тоза маҳсулот бўлгани ва энг асосийси фойдаланиш муддати тугаганидан сўнг тупроққа сўрилиб кетиши туфайли тупроқ таркибига, ҳудуд инфратузилмасига, экология ва атроф-муҳитга салбий таъсир қилмайди.
Ушбу гидрогел технологиясини оммавийлаштириш натижасида жуда кўплаб суғорилмайдиган ер ресурсларини иқтисодий фаолиятга киритиш мумкин. Шу билан бирга, чўл ҳудудларида чанг-тўзоннинг олдини олувчи иҳотазорлар барпо қилиш орқали экологик ҳолатни яхшилаш имконияти пайдо бўлади.
Комилжон ҚЎЗИЕВ,
МҲТИ лойиҳа раҳбари,
Ўрозали ШОНАЗАРОВ,
МҲТИ бош мутахассиси
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилБоғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.
БатафсилБаъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.
Батафсил