Янги ҳуқуқий меъёр Ёввойи Ўсимликлар эътибордан четда эмас
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилЖаҳонда тобора кескинлашиб бораётган экологик вазият инсоният олдига жиддий саволларни қўймоқда. Улар ҳақида ўринли мулоҳаза юритиш бугун ҳар биримизнинг зиммамизга турли масъулиятлар юклайди.
Сайёрамизда озон қатламининг емирилиши, кутилмаган иқлим ўзгаришларининг салбий таъсири, атмосфера ҳавосининг меъёрдан ортиқ ифлосланиши, унумдор тупроқлар деградацияси, фауна ва флора турларининг кескин қисқариши оқибатида биохилма-хилликнинг камайиб кетиши айни пайтда жаҳон ҳамжамиятининг атроф-муҳитга ниҳоятда ҳушёрлик билан огоҳ муносабатда бўлишини тақозо этмоқда. Шунингдек, тоза ичимлик сув танқислиги масаласи ҳам ўткир муаммолардан бирига айланиб улгурди. Вазият шу зайлда давом этадиган бўлса, келажакда дунёни катта экологик хатарлар кутаётгани прогноз қилинмоқда.
Ҳозирда барча нуфузли халқаро ташкилотларлар дастурларида, мамлакатлараро дипломатик муносабатларда экологик хавфсизлик ҳамда яшил тараққиёт ғояси юқори ўринга чиқди, десак, муболаға бўлмайди. Бизнинг мамлакатимиз ҳам ана шу муҳим жараённинг бир аъзоси сифатида экологик хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги бир қанча халқаро битимларга қўшилгани соҳадаги ҳамкорликнинг ўзига хос такомили учун асос бўлмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституцияси, бир қатор қонунлар ва қонуности ҳужжатларида экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилувчи зарурий ҳуқуқий нормалар белгилаб олингани ҳам алоҳида эътиборга лойиқдир.
Бугун дунё ҳамжамияти юзлашаётган экологик муаммолардан ҳеч бир мамлакат холи эмас. Бу масала аллақачон глобал тус олган ва ҳеч бир мамлакатни четлаб ўтмаяпти, чегара билмаяпти. Бу муаммоларнинг барча-барчаси юзага келиши моҳиятига қарасак, битта нарса ётади: инсон омили, инсоннинг табиатга бўлган аёвсиз ва чек-чегарасиз муносабати!
XXI асрга келиб инсон фаолиятининг, башарият эҳтиёжларининг ҳаддан зиёд ортиб кетиши табиат мувозанатини издан чиқара бошлади.
Оддийгина кундалик турмушимиздан ҳосил бўладиган чиқинди билан боғлиқ муаммолар занжир бўлиб, сув, тупроқ, атмосфера каби асосий тириклик унсурларига улкан зарар етказувчи хавф манбаига айланди. Табиат бағридан тортиб олаётганимиз сувни эса аллақачон беқадр неъматлар сафига қўшиб қўйганмиз. Тежаш, оқилона фойдаланиш, ифлослантирмаслик каби тушунчалар деярли фитратимиздан ҳам ўчиб кетаётгандек. Аслида сувсиз қанча вақт яшай олишимизни тасаввур қила оламизми?..
Чегара билмас экологик муаммолар келиб чиқишига инсониятнинг ўзи сабабчи экан, бу хатони тузатиш ҳам, шубҳасиз одамзоднинг ўз қўлида. Бунинг учун ақл-тафаккурни, салоҳиятни ишга солишимиз керак. Экологик муаммоларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, уларга қарши саноқли кишилар, саноқли ҳудудлар, ҳаттоки саноқли мамлакатлар курашиб, бирор натижага эришиб бўлмайди. Уларга қарши курашишни аввало ҳар бир инсон ўзидан бошлаши, атрофидагилардан ҳам шуни талаб қилиши, жамиятда табиатга қарши ҳар қандай салбий ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабат шаклланиши зарур. Мана шу экологик маданият бўлади!
Экологик маданият ҳақида, унинг қанчалик зарурлиги тўғрисида тинмай гапириляпти, тадбирлар ўтказиляпти, бу борадаги катта-катта лойиҳаларга маблағлар ажратиляпти, аммо натижа кутилганидек бўлаётгани йўқ.
Ҳамма саъй-ҳаракатлар тарқоқ, масъул давлат ташкилотлари ҳам, жамоат ташкилотлари ҳам бу борада ўз имконияти даражасида ҳаракат қиляпти холос. Оқибатда айни ушбу йўналишда амалга ошираётган аксарият ишларимиз, мақсадли лойиҳаларимиз қизиб турган қумга бир-икки томчи тушган сувдек изсиз кетмоқда.
Аслида юқорида айтганимиздек, жамиятда экологик маданият шаклланиши учун экологик муаммоларга қарши курашиш, ҳар бир экологик ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасиз муносабат, ён-атрофдаги ҳолатларга дахлдорлик ҳисси катта бир тўлқин мисол ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиши керак. Биз якка тарзда, ҳар бир киши ўз ҳолича қанчалик табиатсевар бўлмасин, атроф-муҳит муҳофазаси учун нечоғли жон куйдирмасин, табиатга етказилаётган зарарлар давом этаверади.
Ўтган йили умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизда фуқароларнинг атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ва мулкдорнинг мол-мулкдан фойдаланишда атроф-муҳитга зарар етказмаслиги билан боғлиқ бурчлари қатъий белгилаб қўйилди. Буни самарали амалга оширишимиз, ҳар бир юртдошимиз ўзининг ана шу бурчига қатъий амал қилишига эришишимиз учун бугун бизга қатъий механизмларга эҳтиёж пайдо бўляпти. Бунга эса аҳоли, фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштироки ва жамиятда экологик маданиятни юксалтириш орқалигина эришиш мумкин.
Экологик таълим, экологик саводхонлик борасида сўнгги йилларда юзлаб, балки минглаб тадбирлар ўтказилди. Аммо тан олишимиз керак, халқимизнинг экологик онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда фуқароларнинг экологик саводхонлиги даражасини ошириш борасида кўплаб муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда. Оддийгина мисол, экологик таълим ҳақида сўз борганда баъзан «бунинг учун етарли кадрлар йўқ, аввало мутахассислар тайёрлашимиз керак...» деган гапларни эшитиб қоламиз. Наҳотки, ота-боболаримиз, кайвони момоларимиз минг йиллар давомида «сувга қараб супирма», «остонангни озода тут», «ҳовлингдаги чиқиндини кўчага ташлама...» каби оддий тутумлар билан бутун бошли қишлоқларда тозалик-озодалик, хайр-баракани сақлаб келгани ҳолда, бугун бизга шуларни ўргатиш учун мутахассислар керак бўлса?!.
Атроф-муҳит мувозанатини сақлаш, инсон ва жамиятнинг табиат билан ўзаро муносабатларини барқарор ривожлантириш бўйича стратегик вазифаларни амалга ошириш бутун жамиятнинг экологик маданияти даражасига ва ҳар бир фуқаронинг экологик маданиятига ажралмас даражада боғлиқдир.
Шунинг учун ҳам бугун биз атроф-муҳит муҳофазаси учун, экологик муаммоларга қарши курашиш йўлида қанчалик улкан мақсадларни олдимизга қўймайлик, аввало, бутун жамиятнинг экологик маданияти даражасини юксалтирмасдан туриб уларга эриша олмаймиз.
Жамиятимизнинг экологик маданияти даражасини оширишга тўсқинлик қилиб турган бир қатор муаммолар мавжуд. Хусусан, аҳолининг экологик маданиятини тизимли ва узвий юксалтиришни ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари ва узоқ муддатга мўлжалланган давлат дастурлари йўқлиги, таълим муассасаларида атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган ўқув жараёнининг узлуксиз ва изчил эмаслигини алоҳида таъкидлаш зарур.
Юқорида айтганимиздек, халқимиз ўртасида экологик маданиятни ошириш борасидаги ишлар бир зум ҳам тўхтагани йўқ. Аммо уларда тизимлилик ва изчиллик етишмагани боис ҳам самараси етарлича бўлмаяпти. Балки аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш учун масъул бўлган мувофиқлаштирувчи давлат органи бўлиши зарур, эҳтимол.
Экологик маданиятни бутун мамлакат миқёсида, кенг қамровда шакллантириш учун давлат ва нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтларидан тортиб, жамиятнинг энг кичик бўғини бўлмиш оилаларгача – барча бирдек фаол киришиши талаб этилади. Биргина экологияга масъул ташкилот ёки сиёсий партиянинг саъй-ҳаракати билан экологик маданиятни жамиятда катта кучга, умуммиллий ҳаракатга айлантириб бўлмайди.
Биринчи навбатда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси ишлаб чиқилиши ва уни амалга оширишда оила, маҳалла, мактабгача ва мактаб таълими, олий таълим тизими бутунлай қамраб олиниши керак. Бунда ҳар бир давлат ва нодавлат ташкилотларининг аниқ вазифаси, масъулияти қатъий қарор топиши зурур.
Бир сўз билан айтганда, экологик маданият мамлакатимизнинг экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўлидаги барча саъй-ҳаракатларининг ўзига хос барометрига айланишига эришсакгина, бугунги ва келажак авлод учун соф ва мусаффо табиат қолдира оламиз.
Абдушукур ҲАМЗАЕВ,
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий
Кенгаши раиси
Эндиликда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомникларнинг давлат ҳисобини юритиш янада такомиллаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинди.
БатафсилБоғот туманида сўнгги йилларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни тўғри бошқариш борасида ижобий силжишлар кузатилмоқда.
БатафсилБаъзан кўча-кўйда ғурурсиз, бебурд эркакларни ҳам учратиб қоламиз. Улар оиласи, рафиқаси, опа-сингил ва қизларини хавф-хатар ёки бошқа омиллардан ҳимоя қилиш ўрнига «муаммога тоқатим йўқ» дегандай қўл силтаб, лоқайдликка бериладилар.
Батафсил