Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Эътибордан четда қолаётган «ётоқ туман» муаммоси

Катта шаҳарларимиз, айниқса, пойтахтда ҳаво ифлосланиши энг долзарб муаммога айлангани сир эмас. Атмосфера ифлосланишига 53 фоиз ҳолатда автомобиллардан чиқадиган зарарли тутунлар сабаб бўлмоқда. Кўчаларда юзага келадиган тирбандлик эса транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламалар миқдорини янада оширади.

Эътибордан четда қолаётган  «ётоқ туман»  муаммоси

Кўпчилик ушбу муаммога ечим сифатида жамоат транспорти, велосипедлардан фойдаланишни оммалаштириш каби таклифларни айтмоқда. Бироқ шаҳарда яшаш қулайлигини таъминлаш, аҳоли пунктларини жойлаштиришдаги қулайлик, «ётоқ туман» масалалари ҳақида ҳеч ким гапирмаяпти.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари аҳоли турар жойларини жойлаштиришдаги камчиликлар, уларни оптимал ташкил этиш, хусусан, «ётоқ туман» муаммоси ҳақида қизиқ таҳлилни тақдим этди.

 

«Ётоқ туман» нима дегани?

«Ётоқ туман» тушунчаси асосан йирик шаҳарлар учун хос бўлиб, бундай ҳудудлар одатда шаҳар марказидан узоқда, шаҳарнинг маъмурий чегараси ҳудудларида жойлашган бўлади. Жамоат транспортидаги муаммолар, иш жойига бориш ва қайтиш учун сарфланадиган узоқ вақт бу ҳудудларнинг аксарияти учун умумий жиҳат дейиш мумкин. Мисол учун, Чилонзор тумани ҳозирда ривожланиш кўрсаткичлари бўйича етакчи ҳудудлардан бўлишига қарамай, у Тошкент шаҳри аҳолиси хотирасида «ётоқ туман» сифатида сақланиб қолган.

 

Фақат ухлаш учун бориладиган жойлар

«Ётоқ туман» тушунчаси собиқ иттифоқда ХХ асрнинг ўрталарида мавжуд шаҳарларни фаол ривожлантириш ва янгиларини қуриш бошланганда пайдо бўлди. Дастлабки шаҳарсозлик режаларига мувофиқ, совет архитекторлари йирик корхоналар ва саноат инфратузилмаларини шаҳар марказига яқинроқ, турар-жой ҳудудларини эса чекка ҳудудларда жойлаштиришни режалаштиришган.

Бу тадбир орқали барча ишчиларга дам олиш ва шахсий ривожланиш учун тенг шароитлар яратиш мақсад қилинган бўлса-да, вақт ўтиши билан юзага келган вазият ўйланганидек бўлиб чиқмади. Одамлар фақат ухлаш учун борадиган турар-жойлар «ётоқ туманлар» деб атала бошлади. Йил сайин шаҳарлар янада кенгайиб, атрофга «ёйилиб» борди ва бормоқда. Шунга мутаносиб тарзда аҳоли пунктларида яшовчиларнинг шаҳар марказига боришдаги қийинчиликлари ортиб борди.

«Ётоқ туман»лар дастлабки ташкил этилган даврларда магистрал йўллар ва шовқинли шаҳар марказидан узоқда, яшаш учун қулай ва дам олиш мумкин бўлган сокин жойлар бўлган. Аҳоли метро бекатларига автобус ва поездларда боришган, бу ҳудудларда маданий ва дам олиш инфратузилмаси деярли бўлмаган. Харид қилиш учун шаҳар марказига боришга тўғри келган.

ХХI асрнинг бошидан вазият ўзгарди. Энди шаҳар маркази аҳолиси «ётоқ туман»ларда харид қилишмоқда. У ерларда энг йирик гипермаркетлар тармоқлари қурилиб, озиқ-овқат ва саноат маҳсулотлари марказий жойларга нисбатан арзонроқ. Аҳоли турар жойларида клублар, ресторанлар ва кафелар пайдо бўлди, баъзиларида янги метро линиялари ётқизилди.

Дарҳақиқат, замонавий турар-жой массивлари аввалгидек шаҳар марказидан узоқ масофада жойлашган бўлса-да, дастлабки «ётоқ туман»ларнинг хусусиятларига зид равишда, айни пайтда бу масканларда янги инфратузилмалар пайдо бўла бошлади.

 

«Ётоқ туман» унсурлари Учтепа мисолида

Тошкент шаҳри ҳудудларида ҳам «ётоқ туман» унсурлари сақланиб қолган. Буни шаҳарнинг Учтепа тумани мисолида кўриб чиқамиз.

Расмий статистикага кўра, Учтепа тумани шаҳар ҳудудлари орасида аҳоли сони бўйича 5-ўринда бўлса, аҳоли зичлиги бўйича 4-ўринда туради. Агар туманнинг йирик бозорларга яқинлиги ҳамда ижара нархларининг нисбатан арзонлиги сабабли мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан ишлаш мақсадида келиб яшовчи аҳолининг ушбу туманда истиқомат қилишга рағбати инобатга олинса, бу кўрсаткичлар янада юқорилаши мумкин.

(Маълумот учун, 2022 йил бошида ҳоким ёрдамчилари томонидан ўтказилган хатлов натижаларига кўра, аҳоли энг кўп ижарада турувчи хонадонлар Чилонзор (3133 та хонадон), Мирзо Улуғбек (2568 та) ва Учтепа (1894 та) туманларида жойлашган.)

Туманда рўйхатдан ўтган корхоналар сонига қаралса, унинг кўпроқ маиший хизматларга ихтисослашганини кўриш мумкин. Учтепа тумани давлат корхоналари сони (716 та) бўйича шаҳарда сўнгги ўринларда, нисбатан янги ташкил этилган Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларидан олдин жой олади.

Расмий иш ўринларининг рўйхати асосан давлат ташкилотлари ёки йирик корхоналар ҳисобига шаклланиши ҳисобга олинса, бу аҳоли зич жойлашган ҳудуд учун етарли эмасдек туюлади. Айни ҳолатни оилавий ва кўп тармоқли поликлиникалар, нодавлат жамоат бирлашмалари мисолида ҳам кузатиш мумкин.

Маълумки, яширин иқтисодиёт норасмий муносабатларнинг ортиши ва ижтимоий ҳимоянинг заифлашувига олиб келади. Норасмий муносабатларнинг оммалашуви эса, ўз навбатида, қайсидир жиҳатдан расмий идораларга бўлган талабни сусайтиради. Ҳуқуқий жиҳатдан ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар норасмий йўллар билан ечилади. Яна статистикага қайтадиган бўлсак, мисол учун Учтепа туманида рўйхатдан ўтган адвокатуралар сони 80 тани ташкил этади.

Бу кўрсаткичлар оммабоплик, янада тушунарлироқ айтганда, қайсидир маҳалла фуқароларининг маълум хизмат кўрсатиладиган манзилга қисқа вақт ичида етиб олиши нуқтаи назаридан таҳлил қилинса, вазият тасвири янада ойдинроқ намоён бўлиши мумкин.

 

15 дақиқалик шаҳар

«15 дақиқалик шаҳар» шаҳарларни янада инклюзив ва самарали қилиш учун ишлаб чиқилган концепция ҳисобланади. Ўтган асрда шаҳарларни режалаштиришда жойлашувга эмас, балки мобилликка кўпроқ эътибор қаратилиб, мақсад одамлар А нуқтадан Б нуқтага имкон қадар тезроқ боришга ёрдам бериш эди.

Бу режалаштиришнинг асосий камчилиги шунда эдики, у А ва Б нуқталар абадий ўзгармаслиги ҳақидаги фараз асосига қурилган. Ахир, шаҳарлар ривожланади, одамларнинг турмуш тарзи ўзгариб боради. Мобиллик ошиши билан одамлар узоқроқ жойларда ҳам ишлашга одатланиб, оилаларнинг кундалик юмушлари доираси кенгаяди. Шу тариқа А ва Б нуқталар бир-биридан узоқлашади. Қарабсизки, мобилликни таъминлаш учун янада кўпроқ инвестициялар талаб этилаверади.

Оммабоплик ҳудудда турли хил хизматларни жамлаш орқали таъминланади, шу сабабли керакли жойга бориш учун бутун шаҳар бўйлаб ёки ундан ташқарига чиқиш шарт бўлмайди. Шу жиҳатдан қараганда, оммабоп­лик маълум вақт давомида қанча нарсага эришишингиз мумкинлигини англатади.

 

Тирбандлик ҳар куни 25 дақиқангизни «ўғирлайди»

Шаҳарларни режалаштиришда саёҳат тезлигига эмас, оммабопликка эътибор қаратиш аҳолининг барча эҳтиёжларини ўзлари яшайдиган ҳудудда қондиришини назарда тутади. Натижада қайсидир хизматдан фойдаланиш ёки ишлаш учун узоқроққа боришга тўғри келмайди ва вақт ўтиши билан транспорт соҳасига инвестицияларга талаб камайиб боради. Хизматларнинг яқин атрофда жойлашиши аҳолини пиёда ёки велосипедда ҳаракатланишга рағбатлантиради, пиёдалар ва велосипедчилар учун инфратузилмани таъминлаш эса анча арзонга тушади.

Шаҳарнинг четроқ ҳудудида жойлашган ерларнинг жозибадор бўлиши ҳам маҳаллий бюджет тушумларининг ортишига олиб келади ва ҳокимликнинг молиявий салоҳияти янада кенгаяди.

Бу эса, ўз навбатида, кам таъминланган аҳолига ёрдам кўрсатиш имкониятини оширади.

Маълумот учун, пандемиядан олдинги давр­да (2019 йил) Европа Иттифоқида иш билан банд бўлган аҳоли иш жойига етиб бориш учун ўрта ҳисобда 25 дақиқа сарфлаган. Бу кўрсаткич Латвияда энг юқори қийматни ташкил этиб (33 дақиқа), кейинги ўринлардан Венг­рия, Люксембург (иккаласида ҳам 29 дақиқа) ҳамда Буюк Британия (30 дақиқа) жой олган.

Тошкент шаҳри аҳолиси ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, автомобилъ ҳайдовчилари тирбандлик туфайли кунига ўрта ҳисобда 25 дақиқа ортиқча вақт сарфлашади. Шунингдек, иштирокчиларнинг 74,2 фоизи тирбандликни шаҳарнинг асосий муаммоларидан деб таъкидлашган.

 

Комплекс ёндашув зарур

Шаҳарларда юзага келган муаммолар, айтайлик, тирбандлик муаммоси ақлли светофор ўрнатиш ёки йўлларни кенгайтириш каби хусусий ечимлар билан бартараф бўлиб қолмайди. Муаммога комплекс ёндашув қўллаш, ислоҳотларни узоқ муддатни кўзлаб, режа асосида тизимли амалга ошириш талаб этилади. Натижада нафақат айни вақтдаги вазият яхшиланади, балки келгусида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг ҳам олди олинади. Ҳудудларда аҳоли учун тенг имкониятлар яратиш, иш жойлари ва хизматларни аҳолига яқинлаштириш ҳозирда Тошкент шаҳрида кузатилаётган қатор муаммоларга ечим бўлиши мумкин.

 

МҲТИ таҳлиллари асосида

Шаҳруза Сатторова тайёрлади.




Ўхшаш мақолалар

Эътибордан четда қолаётган  «ётоқ туман»  муаммоси

Эътибордан четда қолаётган «ётоқ туман» муаммоси

🕔16:35, 02.05.2024 ✔42

Катта шаҳарларимиз, айниқса, пойтахтда ҳаво ифлосланиши энг долзарб муаммога айлангани сир эмас. Атмосфера ифлосланишига 53 фоиз ҳолатда автомобиллардан чиқадиган зарарли тутунлар сабаб бўлмоқда. Кўчаларда юзага келадиган тирбандлик эса транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли ташламалар миқдорини янада оширади.

Батафсил
Электр энергияси ва  табиий газ қимматламоқда,  ижтимоий норма халққа  қандай ёрдам бўлади?

Электр энергияси ва табиий газ қимматламоқда, ижтимоий норма халққа қандай ёрдам бўлади?

🕔20:38, 19.04.2024 ✔54

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади, кўп ишлатган кўпроқ тўлайди. Яъни, энергетика соҳасида «ижтимоий норма» жорий этилди. Буни қандай тушуниш керак?

Батафсил
Экологик стикерлар бизни  ҳаво ифлосланишидан қутқара  оладими?

Экологик стикерлар бизни ҳаво ифлосланишидан қутқара оладими?

🕔22:10, 12.04.2024 ✔58

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич жорий этила бошлайди. Бунинг учун шаҳарлар экоҳудудларга бўлинади ва автомобилларга экологик стикерлар берилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар